March 13, 2020

“Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳудудида фойдаланилмасдан келаётган дўконлар эгалари диққатига!

“Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳудудида турли йилларда қуриб битказилган ва ўн-ўн икки, ҳатто йигирма йилдан буён фойдаланилмасдан, бозор ҳудудини эгаллаб келаётган дўконлар эгалари диққатига!

Ҳурматли тадбиркорлар!

Ер кодексининг 36-моддасига ҳамда бошқа тегишли меъёрий ҳужжатлар талабларига кўра, мулкдорнинг ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслиги унга бўлган мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига сабаб бўлади. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг тегишли қарорида ҳам мазкур дўкон эгалари икки йил ичида қурилишни тугатиб, дўконни ишга туширмаса ҳамда бозор билан ижара шартномаси асосида ишламаса, қарор ўз кучини йўқотиши кўрсатилган.

Шундай бўлса-да, сиз томонингиздан дўкон қаровсиз қолдирилиб, йиллар давомида ёпиқ турганлиги, атрофида чиқиндилар тўпланиб қолгани бозор хусусида салбий фикрлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Оғзаки ва ёзма равишда бир неча бор огоҳлантиришимизга қарамай дўкондан фойдаланмай келаяпсиз.

Шуларни ҳисобга олиб, бозор билан ижара шартномасини тузмасдан келаётганингиз учун (ваҳоланки бозор ҳудудида турганингиз учун шартнома асосида ишлашингиз шарт) Сиздан 10 кун ичида дўконга оид ҳужжатларни олиб келиб, бозор маъмуриятига учрашишингизни сўраймиз.

Белгиланган муддат ичида талаб бажарилмаса, дўконингизга эгалик ҳуқуқини берувчи қарорлар бекор қилиниб, мулкингиз аукцион орқали савдога қўйилиши ҳақида огоҳлантирамиз.

"Ерқўрғон" деҳқон (озиқ-овқат) бозори акциядорлик жамияти.