#mahalliy
March 4, 2019

Эр-хотиннинг ўртасига эси кетган тушади

Маҳалла идораси ҳам шифохона сингари дарвозасига қулф урилмайдиган масканлардан бири. Хоҳлаган одам хоҳлаган пайтида арз-дод қилиб кириб келаверади. Муаммоли масалаларда маҳалла фаоллари бирлашиб, масалага ижобий ечим топишга ҳаракат қиладилар. Аксарият ҳолларда эр-хотин ўртасидаги можарони ҳал қилиш, уларни яраштиришга тўғри келади. 

Яраштириш комиссияси аъзолари бу борада имкон доирасида иш олиб боргани билан, афсуски, ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олишмайди. Чунки фақат ўзининг гапини маъқуллаб турадиган, фақат ўзини ҳақ деб биладиган оналар, «тор қорнимга сиққан болам кенг уйимга ҳам сиғади, мен қизимни хўрлатиб қўймайман», деб туриб олади. Қизини, тирик етимга айланиб қолаётган набирасининг келажагини ўйламайди. Яраштириш комиссияси аъзоси сифатида бундай воқеаларга кўп бор дуч келганмиз.

Чиққан қиз чиғириқдан ташқари бўлиши керак

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Баҳор» маҳалла фуқаролар йиғини идорасида юм-юм йиғлаб ўтирган Дилсора бундан уч ой олдин эрини бевафодан олиб бевафога солган, жанжал қилиб ота уйига кетиб қолганди. Бугун эса ранглари синиққан, юпун кийимда, отасидан беркиниб ошхонадан чиқибдию йиғинга келаверибди. Эри билан ярашишни, кечирим сўрашини айтиб, маҳалла раисига мурожаат қилди.

Гап шундаки, Дилсоранинг отаси йиғинга келиб, «мени хотинбоз билан яшатадиган қизим йўқ, уни олиб кетаман», деганди. Отанинг айтишича, куёвини бир неча марта турли аёллар билан кўрганмиш. Унга, «яна бир марта нотаниш аёл билан кўрсам, қизимни бир кун ҳам уйингда қўймайман», дебди. Куёв бола бу аёллар билан бирга ишлашини ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилса ҳам фойдаси бўлмади. «Сендақа куёвнинг баҳридан ўтдим, қизимни тирноғига зор қиламан», — деганча қизини олиб кетган.

Яраштириш комиссияси аъзоларининг қайнота билан гаплашишлари ҳам фойда бермади.

— Набирангизни ўйланг, аввал икки ёш билан гаплашайлик, — деди маҳалла раиси Мўминжон Маҳмудов отани тинчлантиришга уриниб. — Чиндан ҳам шунақа бўлса тартибга чақирамиз. Йўлга соламиз. Ахир, қудангизнинг оиласи энг ибратли оилалардан, сизнинг қизингиздан бошқа яна учта келини бор.

Бирортасининг гапи чиқмаган. Жўрақул ака ҳам маҳалланинг энг обрўли кишиларидан. Балки сиз хато қилаётгандирсиз.

— Тўғри, куёвнинг акалари яхши. Бироқ бизнинг куёв кенжа бўлгани учун эркатой. Бир қўшни бўлиб, бир қуда бўлиб синайсан дейишган-ку. Мен қуда бўлиб синадим. Сизлар қаёқдан биласизлар, — бўш келмади ота.

Келин бир сўз демади, фақат йиғлади. Афтидан, у отасини ранжитишни истамади. Хуллас, у десак у деб, бу десак бу деб қизини кўчириб кетди. Биз куёвнинг онаси билан уч ой ичида икки-уч марта келинникига бордик. Лекин қудалар юмшамади. Қизларини гапиришга ҳам қўйишмади. Аксинча қайнота тушмагур яна куёвининг ишхонасига келиб дағдаға қилибди...

Энди куёв ярашишни истамади. Айтишича, қайнотаси ҳамкасблари олдида унинг иззат-нафсини қаттиқ ерга урганмиш. Бу парокандаликка ким айбдор?

Пашшадан фил ясаган, куёвини ёмонотлиқ қилган қайнотами, отасини кўзи қиймай бахтини бой берган келинми ёки иззат-нафсини ўйлаб ўғлини отасиз қолдираётган куёвми?

«Изқувар» қайнона

Шерзод билан Зуҳра турмуш қуришди. Келин тиббиёт институтида ўқийди. Куёв фотограф бўлиб ишлайди. Куёвнинг онаси маҳалламизнинг энг фаол зиёлиларидан. Келин-куёв бир-бирига мос, ҳамманинг ҳаваси келади. Зуҳрахон оилада ёлғиз фарзанд бўлишига қарамай жуда меҳнаткаш. Пазанда, хушмуомала. Оёғидан ўт чақнайди. Бир сўз билан айтганда, маҳалланинг олди келинларидан. Кетма-кет икки ўғилли бўлишди. Бироқ ана шу оила ҳақида ҳам ҳар хил «миш-мишлар» чиқиб қолди. Гўё Шерзоднинг қайнонаси ортига изқувар қўйибди...

Миш-мишлар болалаб кетмаслиги учун оқсоқол Зуҳрани, қайнонаси Робияхонни идорага чақирди.

— Ўғлимни биласиз, келинни жуда яхши кўради, — дейди Робияхон. — Ишдан келгач, болалари билан яйраб ўйнайди. Лекин кечгача ишхонада қолиб кетиши рост. Иши шунақа, турли тадбирлар, маросим ва тўйларда сураткашлик қилади. Келин буни билади, лекин қудамга бу ёқмаяпти. Куёвим ишини ўзгартирсин, бунақада қизимдан кўнгли совиб қолади, деяпти. Лекин мен ўғлимга ишонаман, у ҳеч қачон оиласига хиёнат қилмайди.

Маҳалла фаоллари Шерзод билан ҳам, унинг ишхонасидагилар билан ҳам гаплашишди. Ҳеч қандай ортиқча гап йўқ. Бироқ орадан кўп ўтмай келиннинг онаси қўлида бир даста суратлар билан келди.

— Мана, — деди у суратларни столга ёйиб. Афтидан, «жиноят»ни исботлаганидан хурсанд эди. — Бу суратларни олгунча биласизми уч ой овора бўлдим.

Чунки куёвим жуда айёр, қўлга тушгиси келмайди. Шукр, ҳақлигимни қизимга ҳам, қудамга ҳам, ҳатто сизларга ҳам исботладим.

— Ажратиш қийин иш эмас. Лекин невараларингизни ўйланг, улар отасиз ўксиб қолишмайдими? Ахир, бола тарбиясида отанинг ўрни катта, — деди раис.

— Ўксимайди, ўкситмайман. Ўзим ҳам қизимни отасиз боққанман.

Орадан бир йил ўтиб, улар ажрашишди. Куни кеча Зуҳранинг кичкина ўғли операция бўлибди. У кўзини очибоқ дадасини сўрабди. Ноилож қолган Зуҳра собиқ эрига телефон қилиб чақирибди...

Қизиқ, бундан нечоғли катта хато қилганини бувиси сездимикин, кеч бўлса ҳам кўзи очилдимикан. Ахир, халқимизда: «Эр-хотиннинг орасига эси кетган тушади» деган мақол бежиз айтилмаган-ку.

Зуҳранинг онаси фалон пулга изқувар ёллаб ўзига ҳам, қизига ҳам ташвиш сотиб олмаганида, бироз оғирлик, босиқлик билан фикр юритиб, куёв ёки унинг онаси билан бировларнинг иштирокисиз очиқчасига гаплашиб олганда бугун набираси иситмада алаҳсираб отасини ахтармаган, унинг қайноқ нафасини, кўзларидаги меҳрни қалбан ҳис қилиб оғриқланмаган, Зуҳра эса калта ўйлаб ўзини, фарзандларини ҳам бахтдан мосуво қилмаган бўлармиди...

Фарзандлар ҳам ота-онадан рози бўлсин

Маҳалламизда Жамила опа деган хушчақчақ аёл бўларди. У эридан ёшгина ажралиб кетгач, қайта турмуш қурмади. Ана шу аёл билан гаплашганимда, «Мени онам бахтсиз қилган, ҳоли жонимга қўймай, эримдан ажратиб олган. Эрим жуда яхши одам эди. Кўп бор кечирим сўраб келди. Онам, «эринг менга ёқмайди, сендай сулувга арзимайди», деб яраштирмади. Эсим йўқ экан-да, бўлмаса сизга ёқмаса ҳам менга ёқади, қолаверса қизимнинг отаси, демасмидим.

Битта қизим билан йигирма уч ёшимда ёлғиз қолганман. Эрим эса яна уйланиб бола-чақали бўлиб кетди», дерди. Ўша аёлнинг онаси жон таслим қилаётганида қизидан кечирим сўрапти. Бироқ Жамила опа у кутган «кечирдим» деган сўзни айтмади, айтолмади, бевақт хазон бўлган ёшлиги, дилидаги алам бунга йўл бермади.

Гулдай оиласидан айрилган Дилсора отасини, болаларини дадасиз бўзлатиб қўйган Зуҳра эса қош қўяман деб кўз чиқарган, билиб-билмай шахсий ҳаётига аралашган «учинчи одам»ни кечира олармикан?

Шуларни ўйлар эканман, бир пайтлар Африка давлатларида ишлаб келган таниқли биолог олим Воҳид Муродовнинг «Африка чакалакзорларида бир ҳайвон яшар экан. Унинг кўпайиши жуда қийин экан. Чунки боласига меҳри зўрлигидан ялайвериб еб қўйганини билмай қолар экан», деган гапларини эслайман.

Ахир, ўғли ёки қизига бўлган муҳаббати ақл кўзини кўр қилиб қўйган, фарзанди бахтини поймол қилган юқоридаги каби «болапарвар» ота-оналарнинг ўша жонивордан нима фарқи бор? Ҳа, айтмоқчи, фарқи бор, у ҳайвон беақллиги туфайли шундай залолатга юз тутган. Шундай экан, ҳурматли ота-оналар, ҳаммамиз ҳам фарзандимиз бахти бекам бўлишини Яратгандан сўрар эканмиз, ақл билан иш юритайлик.

Муҳаббат ҲАМИДОВА,

журналист.