Қулоғидан зиракларини юлиб, олиб кетган шахс қўлга олинди
2019 йил 12 февраль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Н.С. (исмли аёл) ИИБга мурожаат қилиб, унда шу йил 21 январь куни номаълум шахс Турон маҳалласида жойлашган ўрта мактаб олдида, уни қулоғидаги бир жуфт зиракларини юлиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетганлигини маълум қилган.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Яшнобод тумани Боткин кўчасида яшовчи, муқаддам судланган С.Ш. содир этганлиги аниқланиб, ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Отвёртка билан жароҳат етказди
2019 йил 11 февраль куни Бухоро шаҳрида яшовчи Б.К. “Шайхон” МФЙ Дўлама қишлоғи ҳудудида ўзаро жанжал оқибатида “Маданият” МФЙ Кўчкисафед қишлоғида яшовчи Х.Ҳ.га отвёртка билан уриб жароҳат етказган.
Натижада Х.Ҳ. касалхонага ётқизилиб, Б.К. ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзаро жанжалнинг салбий оқибати...
2019 йил 11 февраль куни Андижон шаҳри Х.Хакимзода кўчасида яшовчи И.К. “Мумтоз” савдо мажмуаси олдида ўзаро жанжал туфайли Андижон туманида яшовчи Э.С.га пичоқ билан жароҳат етказган.
Натижада Э.С. касалхонага ётқизилиб, И.К. ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Спорт клубидаги ўғирлик фош бўлди
2019 йил 10 февраль куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи Т.М. Навоий шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, шу куни номаълум шахс Навоий шаҳрида жойлашган “Марварид” номли спорт клубининг кийим алмаштириш хонасидан унга тегишли, ичида шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва пуллари бўлган ҳамёнини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Навбаҳор тумани “Қизилой” МФЙда яшовчи Т.Б. содир этганлиги аниқланиб, ушланди. Тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси