#mahalliy
February 22, 2019

Парламент Facebook устидан назоратни кучайтирмоқчи

Ижтимоий тармоқлар, биринчи навбатда, Facebook ёлғон маълумотларнинг кенг тарқалишини тўхтатиб қола олмайди ва шунинг учун, уни қаттиқ назорат қилиш лозим. Буюк Британия парламенти ана шундай хулосага келган. Бу ҳақда Би-би-си хабар берди.

Парламентнинг маданият, медиа, спорт ва рақамли технологиялар бўйича қўмитаси 18 февраль куни ёлғон хабарлар тарқалиши юзасидан бир йилдан ошиқ вақт давом этган текширув хулосаларини эълон қилди.

Омма эътиборига ҳавола этилган ҳужжатда асосий эътибор шахсан Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукербергга қаратилган. Британ парламенти депутатлари келган хулосага кўра, жаноб Цукерберг ёлғон хабарларнинг тарқалиши масаласида “етакчилик ва шахсий масъулият” кўрсата олмаган, Facebook компанияси эса “шахсий маълумотлар дахлсизлиги бўйича қонунлар ва монополияга қарши қонунчиликни онгли равишда бузиб келган”.

Бундан ташқари текширувни ўтказган парламент қўмитаси компанияни “тўлиқ бўлмаган ва иккиланишга сабаб бўлувчи жавоблар” орқали депутатларни чалғитишга уринганини ҳам иддао қилган.

Демократияга таҳдид

Ҳисоботда Facebook қуйидаги тўрт банд бўйича айбланган:

Facebook мавжуд қонунларни “қасддан ва онгли равишда” бузиб келган. Ҳисоботда Facebook икки қонунни бузгани айтилади - шахсий маълумотлар тўғрисидаги ва эркин рақобат тўғрисидаги. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Facebook мақсадли реклама берувчилар учун фойдаланувчилар розилигисиз уларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш имконини яратиб берган.

Facebook виждонан фаолият юритмаган. Британ депутатлари ўзларининг компаниянинг демократияга кўрсатаётган таъсири бўйича ташвишига муносабатан Facebook йўллаган жавобни “иккиюзламачилик мақсадидаги, Facebookʼнинг виждонан ишламаётганига яна бир яққол далил“ сифатида баҳолаганлар.

Facebook шахсий маълумотлар дахлсизлигидан кўра молиявий даромадни кўпроқ маъқул кўради. Ҳисоботга кўра, “бепул хизматлар кўрсатиш орқали Facebook фақат танганинг бир томонини кўз-кўз қилмоқда.”

Facebook ва бошқа фирмалар худди “рақамли гангстерлар“дек ҳаракат қилмоқда. Ҳисобот муаллифлари рақамли технологиялар саноатини тартибга солиб турувчи, хавфли ва ёлғон хабарлар тарқалишига эътибор бермаган компаниялар устидан судга шикоят этиб, улардан “йирик миқдордаги жарималар” ундириш ваколатига эга бўлган регулятор ташкил қилишга чақирганлар.

“Facebook шахсий маълумотлар орқали пул ишлаш эвазига маълумотлар хавфсизлигидан кўра моддий манфаатларни устун билмоқда,“ дея таъкидланади ҳисоботда.

“Facebook каби компанияларнинг онлайн дунёсида “рақамли гангстерлар“дек фаолият юритишига йўл қўймаслик лозим,“ дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда интернет-гигантлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимоясига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлишда айбланади.

Ҳисоботда эътироф этилишича, ўзининг рақамли бозордаги эгаллаб олган ўрнидан фойдаланган ҳолда улар кичик компанияларнинг эркин фаолият юритишига тўсқинлик кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, ҳисобот муаллифлари, айниқса, Facebookʼнинг сиёсий мақсадларда фойдаланувчилар шахсий маълумотларини яширинча йиғиб келганига диққат қаратган.

Марк Цукерберг америкалик конгрессменлар саволларига жавоб берган, аммо Вестминстерга келишдан бош тортган

Қўмита келтирган иддаоларга жавобан Facebook компанияси ёлғон хабарлар тарқалишини назорат остига олишга тайёр экани ва аллақачон ижтимоий тармоқда ёйилувчи сиёсий рекламалар учун тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиққанини маълум қилган.

Таклифлар

Ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олиш учун қўмита қуйидагиларни таклиф қилган:

Талаблари бажарилишга мажбурий бўлган “аҳлоқ кодекси” ва ижтимоий тармоқларни назорат қилувчи мустақил регулятор ташкил этиш

Мазкур регуляторга кодекс талабларини бузган компанияларга нисбатан суд ишлари очиш ваколатини бериш

Ижтимоийлар тармоқларни нафақат хавфли контент, балки унинг манбалари ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатиш билан маълум манбаларни ўчириб ташлашга мажбурлаш Буюк Британияда фаолият юритаётган технология компанияларини солиққа тортиш ва ундан тушган тушумларни маълумотлар бўйича Комиссар ва ташкил этилган ижтимоий тармоқлар регулятори фаолиятини молиялашга йўналтириш

Ҳисоботда ёлғон маълумотларга тааллуқли аниқ мисоллар келтирилмаган.