#huquqiy_axborot
January 23, 2019

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШУВИ

January 23, 2019

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов Корея Республикаси Адлия вазири Пак Санг Ги бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув давомида меҳмонларга прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Корея Республикаси Адлия вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик профессионал алоқаларни йўлга қўйиш ва шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш орқали изчиллик билан ривожланаётганлиги таъкидланди.

Суҳбатдошлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни мухокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Корея Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини янги босқичга кўтаради.

Корея делегациясининг ташрифи шаклланган сермаҳсул алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам эканлиги қайд этилди.

Учрашув якунида жаноб Пак Ўзбекистон Бош прокурори О.Муродовга самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, ўзаро манфаатли идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.