#sport
February 22, 2019

Қаршида Ўзбекистон чемпионлари аниқланади

Кеча Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида кураш бўйича 1999-2001 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳсларига старт берилди.

Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ўтказилаётган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 600 нафар спортчи ғолиблик учун гиламга тушишган. Шундан 200 нафарини қизлар ташкил этади.

Мазкур чемпионат баҳсларини одил ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ҳакамлик масаласига хам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон кураш федерациясининг ташаббуси билан ҳакамлар учун икки кунлик семинар ташкил этилиб, мусобақада ишлайдиган ҳакамларнинг малакаси яна бир бор кўрикдан ўтказилди.

Ҳакамлар ўқув-семинарига ҳар бир вилоятдан икки нафардан рефери жалб этилди. Ушбу ўқув-семинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон чемпионати баҳсларида тўғри қарор қабул қилиш, низоларга йўл қўймаслик ва энг муҳими, томошабинларга манзур бўладиган ҳалол кураш беллашувларини ташкил этиб беришдан иборат.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ушбу мусобақани юқори савияда ташкил этиш учун барча имкониятларини ишга солишган.

Таъкидлаш жоиз, эртага якунига етадиган ушбу мусобақа мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига муносиб номзодларни саралаб олиш имконини беради.