Оғир атлетика спорт тури ҳақида
Оғир атлетика спорти Олимпия ўйинлари дастурига 1896 йилда киритилган. Унинг кўп йиллик тарихида ўзининг спортдаги юқори натижалари билан халқаро майдонда кўпчиликни лол қолдирган буюк спортчиларимиз Олимпия ўйинлари ғолиби Султобой Рахмонов, кумуш медал совриндори Наиль Мухамедяров, Сергей Сырсов, жаҳон рекордчиси Э.Каримов, жаҳон чемпионлари И.Садиков, С.Сырсов, Осиё ўйинлари ғолиби ва совриндорлари И.Халилов, Б.Нуриллаев, А.Уринов, У.Махмудов, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари Х.Маматкулов, А.Манушев, Ф.Ўразимбетов, Б.Усмоновлар Республикамизда ҳамда халқаро майдонларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришда ўзларини катта хиссаларини қўшганлар. Бугунги кунда уларнинг ўрниларига янги иқтидорли оғир атлетикачилар келиб, янги рекордларни ўрнатишга мувоффиқ бўлмоқдалар. Оғир атлетика спорт тури мухлислари орасида уч карра Олимпия ўйинлари ғолиби Наим Сулайман огли, Димас Пирос ҳамда Кихи Какяшивиллиларнинг спорт натижалари кучли қадди қоматидан хайратланмаган инсон топилмаса керак.
Оғирликлар билан бажариладиган машқлар деярли ҳамма спорт турларида кучни ривожлантиришда энг самарали восита ҳисобланилади. Мусобақа фаолияти сифатида оғирликларни кўтариш эса оғир атлетиканинг асосий машғулотига айланган бўлиб унда мусобақалар иккита машқ бўйича ўтказилади – даст ва силтаб кўтариш.
Оғир атлетика спорт тури дунёнинг кўпгина давлатлари, жумладан Эрон, Хитой, Туркия, Корея, Россия, Булоруссия, Полша, Германия, Украина, Қозоғистон ва Болгарияда жуда ҳам кенг ривожланган бўлиб бу жамоалар Олимпия ўйинларида, жаҳон чемпионатларида кучли учликдан жой олиб келмоқдалар.
Оғир атлетика Республикамизда кенг оммалашган спорт тури қаторига киради. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз спортчилари Осиё ўйинлари, чемпионатлар ҳамда биринчиликларида доимий равижда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олиб келмоқдалар. Олимпия ўйинларида эса спортчиларимиз ўз вазн тоифаларида кучли ўнликдан жой олдилар. Оғир атлектика спорт тури сифатида соғлиқни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни меҳнат фаолияти ва мудофаага тайёрлашнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.
Оғирликларни кўтариш машқлари ҳар бир инсон учун табиийдир ва ҳамма соғлом ўсмирларга у рухсат этилади. Катта жисмоний кучга ва гўзал қадди-қоматга эришишни истамайдиган инсонни топиш мушкул. Лекин куч – мушакларнинг ҳар томонлама уйғун ривожланиши – ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. У спорт билан, жумладан, оғир атлетика билан шуғулланиш жараёнида ривожлантирилади.
Оғир атлетика машқлари мушаклар кучи ва мушак массасини ривожлантиради, асаб тизимини мустаҳкамлайди, юрак ва ўпка фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради, организмдаги модда алмашинув жараёнларига ижобий таъсир кўрсатади.
Инсон, оғир атлетика билан шуғулланаётиб, нафақат мушакларини, балки инсон учун зарур бўлган жисмоний сифатлар- куч, тезкорлик, чаққонлик ва чидамлиликни, шунингдек, аҳлоқий-иродавий сифатлар-мардлик ҳамда жасурликни ривожлантиради.
Оғир атлетика – бу шундай спорт турики, бунда спортчилар классик икки кураш – даст кўтариш ва силтаб кўтаришда оғирлик кўтариш бўйича мусобақалашадилар. Оғир атлетикачиларнинг будай мусобақа дастури Халқаро оғир атлетика федерацияси қарорига мувофиқ 1972 йилдан бери амал қилиб келади. Бу давргача эса (1934 йилдан) оғир атлетикачилар учкураш – штангани сиқиб кўтариш, даст кўтариш ва силтаб кўтариш машқлари бўйича беллашганлар. 1934 йилгача эса бешкураш мусобақалари (иккала қўл билан штангани сиқиб кўтариш, бир ва икки қўл билан даст кўтариш ҳамда силтаб кўтариш) ўтказиб келинган. Оғир атлетика спорт тури риволанишининг кўп йиллик тарихида вазн тоифалари ҳам ўзгариб турган. Ҳозирги пайтда халқаро оғир атлетика (ХОА) қоидалари бўйича ҳамма мусобақалар ўсмир йигитлар ва катталар учун (фахрийларни қўшиб) қуйидаги вазн тоифаларида ўтказилади:
55, 61, 67, 73, 81, 89, 96, 102, 109, 109 кг дан юқори,
аёллар учун эса – 45, 49, 55, 59, 64, 71, 76, 81, 87 ва 87 кг дан юқори.
Оғирликлар кўтариш мусобақалари XIX асрнинг 60- йилларида АҚШ да, Европада эса 70- йилларнинг бошларида ўтказила бошланган. Шу йилларда биринчи бўлиб француз Ипколит Триа Брюсселда 1840 йилда, Парижда 1849 йилда оғир атлетика мактабларини очди. 1896 йилдан бошлаб оғир атлетика спорт тури Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Биринчи Европа чемпионати 1896 йилда Роттердамда, биринчи жаҳон чемпионати 1898 йилда Венада ўтказилди. 1905 йилда Бутунаҳон оғир атлетика федерацияси ташкил этилди, халқаро мусобақалар қоидалари тасдиқланди. XX асрнинг биринчи чорагида Франция, Германия, Австрия, Италия, АҚШ оғир атлетикачилари энг кучли спортчилар саналар эди. Оғир атлетика спорт турининг ривожланиш тарихи тўғрисида кейинги бобда батафсилроқ маълумот берилади.
Бошқа куч спорт турлари каби оғир атлетика спорт турининг ўзига хос хусусияти – бу спортчиларни вазн тоифалари бўйича ажратишдир. Бу оғир атлетика билан шуғулланувчи спортчиларга гавда вазнини ҳисобга олган ҳолда муваффақиятга эришиш учун имконият яратади. Оғир атлетиканинг яна бир ижобий қирраларидан бири – спортчига ҳам алоҳида классик машқда, ҳам иккикураш натижаларига кўра ўзини намоён қилиш имконини беради. Оғирликлар билан машқ қилиш инсон мушакларининг ҳамма гуруҳларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бироқ оғир атлетикада бошқа куч спорт турларидан фарқли равишда тезкор – портловчан кучни намоён қилиш зарур бўлади. Демак, бу спорт турида атлет оддий мушак кучини эмас, балки энг кам вақт ичида максимал кучни намоён қилишга имкон берадиган куч қобилиятини ривожлантириши лозим. Шунинг учун ҳам тезкор-куч спорт турларида штангани силтаб кўтариш ва даст кўтаришда бу машқларни юксак техника билан бажариш тақазо этилади. Акс ҳолда, ҳатто энг кучли спортчи ҳам ўзи учун максимал бўлган оғирликни кўтара олмаслиги мумкин. Оғир атлетикани шундай спорт турларига киритиш мумкинки, бу ерда тезкорликни, ҳаракатни ич-ичидан ҳис қилишни намоён қилиш зарур бўлади. Бироқ, агар атлет иродавий сифатларга, қатъийлик ва жасурликка эга бўлмаса, булар ҳам етарли бўлмайди. Оғирликлар билан машқлар иродавий саъй-ҳаракатларни жамлашга бўлган ишончни ҳосил қилади.
Оғир атлетика спорт турида юқори спорт натижаларига эришиши учун асосан ҳар бир спортчи машғулотларига индивидуал ёндашиш (деярли спортдаги биринчи қадамларданоқ) қўлланилади. Бу машқларни бажариш техникасига, юкламаларни режалаштиришга. У ёки бу ҳаракат сифатларини ривожлантиришга, махсус-ёрдамчи машқларни танлашга, мусобақаларда иштироқ этишга таълуқли. Шу нарса аниқланганки, юқори малакали спортчилар фақат уларга хос бўлган ҳаракат, иродавий ва техник қобилиятларни намоён қилганлар. Даст кўтариш ва силтаб кўтариш машқларида шьангани мутлақо бир хил усулларда кўтарадиган бирон бир атлет жаҳон ва Европа чемпиони йўқ. Ҳар бир спортчи ҳамма нарсада ўзининг индивидуал хусусиятларини намоён қилади, бу уларга юқори натижаларга эришишга имкон яратади. Мана шундай индивидуалликни ҳар бир кишидан унинг спортдаги биринчи қадамлариданоқ излаб топиш зарур.
Оғир атлетика билан кўп йиллар давомида шуғулланиш атлетнинг ташқи қиёфаси ва ҳулқ-атворига маълум бир таъсир кўрсатади. Оғир атлетикачи машғулотларда тонна юк кўтаради, металл билан курашишда белгиланган мақсадга эришиш учун ҳар доим шай туриши лозим бўлади. Машғулотлардаги қийинчиликларни енгиб ўтиш спортчининг ўз кучига бўлган ишончида, ўз қадрини билишда ҳамда инсонларга меҳрли бўлишида намоён бўлади. Қисқа вақт ичида кучни намоён қилиш зарур бўлган пайтларда ўз ҳаракатларини бошқара олиш зарурияти оғир атлетикачига спорт яккакураши ҳамда эмоционал қўзғалувчанлик шароитларида ақлий теранликни сақлаб қолишга ўрганишга ёрдам беради. Чунки машқ бажаришга ажратилган бир неча сониялар давомида кўп йиллик машғулотларни амалга оширади.
Оғир атлетика бошқа кўп спорт турлари каби, шундай спорт турлари қаторига кирадики, унда ҳаёт тартибидаги ҳар қандай бузилишлар, машғулотларни ўтказиб юборишлар дарҳол ўз таъсирини кўрсатади, натижалар пасайиб кетади, иш қобилияти ва кайфият ёмонлашади. Шу сабабли оғирликлар билан машқ қилиш силлиқ, мунтазам ишлашга ўргатади, овқатланиш гигиенасида саводхон бўлишга ундайди.
Оғир атлетика бўйича мусобақалар даст кўтариш ва силтаб кўтаришда ўтказилади.
Даст кўтариш – бу шундай машқки, унда спортчи бир-бутун яхлит ҳаракат билан қўлларининг тўлиқ узунлигида штангани супачадан узиб боши устида кўтаради. Штанга кўтаришни паст чўккалаш, ярим чўккалаш ҳолатида қайд қилиш мумкин, кейин спортчи оёқларини бирга қўяди (бунга у эркин вақт сарфлайди) ва ҳакамнинг уринишни ҳисобга олганлигини кутади.
Силтаб кўтариш – бу шундай машқки, у иккита бўлинган ҳаракатдан иборат бўлади. Спортчи штангани кўкракка олиш пайтида уни супачадан узади, тахминан сон ўртасидан ирғитади ва паст чўккалаган ҳолда ёки ярим чўккалашдан туради. Штангани кўкракда ушлаб туриб спортчи штангани юқорига итариб чиқаришга тайёрланади, бунда эркин вақт сарфлаши мумкин, кейин эса силтаниб, қўлларини юқорига текис қилиб кўтаради. Кўкракдан юқорига силтаб кўтариш “қайчи” усулида бажарилиши мумкин. Бунда оёқлар олдинга – орқага йўналишда ташланади. Штангани “швунг” усулида ҳам кўтариши мумкин. Бунда оёқлар ўз жойида қолади (ёки бирмунча ён томонларга ташланади), атлет штанга тагига ярим чўккалаган ёки тўлиқ чўккалаган ҳолатга ўтади. “Қайчи” дан ва “Швунгдан” кўтарилиб, спортчи оёқларни бирга қўяди ва ҳакамлар сигналини кутади.
Штанга. Эркаклар мусобақаларида штанга грифи 20 кг ни узунасига у 2 метр 20 сантиметрни ташкил этади. Аёллар учун штанга вазни 15 кг ни узунаси 2 метр 10 сантиметрларни ташкил этади.
Штангадаги ҳар бир вазн ёки диск ранглли кодланишига кўра бир-биридан фарқ қилади. Қизил – 25 кг, кўк – 20 кг, сариқ – 15 кг, яшил – 10 кг, оқ – 5 кг, қора – 2,5 кг, металин – 2, 1,5 1, 0,5 кг. Дискларни маҳкамлаш учун ҳар бири 2,5 кг оғирликдаги қулфлар қўлланилади.
Очколарни ҳисоблаш. Оғир атлетика мусобақаларида ҳар бир спортчи даст кўтариш ва силтаб кўтаришда учтадан уринишга эга бўлади. Ҳар бир машқда кўтарилган штанганинг энг оғир вазни умумий ҳисобда бир-бирига қўшилади. Масалан, агар спортчи даст кўтаришда 100 кг вазнни, силтаб кўтаришда эса 130 кг вазнни забт этса, умумий йиғиндиси 230 кг ни ташкил қилади. Агар спортчининг ҳам даст кўтаришда ҳамма уринишлари зое кетган бўлса, у Осиё ва Олимпия ўйинлари мусобақаларидан ташқари, силтаб кўтариш машқида мусобақани давом эттириши мумкин, лекин иккита машқ йиғиндиси бўйича қандайдир ўрин эгаллай олмайди. Агар иккита спортчининг якуний натижалари бир хил бўлса, юқори ўрин шахсий вазни камроқ бўлган спортчига берилади. Агар спортчиларнинг вазни ҳам бир хил бўлса, унда биринчи бўлиб ғолиблик вазнини кўтарган спортчига устунлик берилади.
Биринчи уринишдаги штанга оғирлиги спортчиларнинг уриниши навбатларини белгилаб беради. Ким энг кичик вазнлардан бошласа, улар биринчи бўлиб уринишларни бажарадилар, уларнинг кетидан катта вазнни кўтарувчилар уринишларини бошлайдилар. Агар иккита спортчи бир хил оғирликдан уринишни бошламоқчи бўлсалар, унда қуръа натижаларидаги кичик рақамдаги спортчи биринчи мақшни бажаради. Ҳар бир уринишдан кейин штанга оғирлиги камида 1 кг га ортиб бориши лозим. Минимал фарқ, жаҳон рекордини ўрнатиш учун уриниш, оғирликни ошириб бориш камида 1 кг ни ташкил этиши зарур.
Спортчилар супага чиқишларидан олдин бадан қиздириш залида штанга кўтариш бўйича бадан қиздиришни амалга оширадилар.супага чиққандан кейин спортчига штанга кўтаришга тайёргарлик кўриш учун бир дақиқа берилади. Бу пайтда у штанга грифидан маҳкам ушлаб олиш мақсадида қўлларига магнезия суртади.
Агар спортчи кетма-кет уриниш бажарса, у шу уринишлар ўртасида 2 дақиқа вақт олиш ҳуқуқига эга.
Оғир атлетика мусобақаларида натижани хисоблашда учта ҳакам иштирок этади. Уларнинг қарорлари кўпчилик тамойили асосида расмий қарор бўлиб ҳисобланади. Бош ҳакам супачадан 6 м нарида жойлашади, унинг ҳар бир ён томонида биттадан ён ҳакам ўтиради. Ҳар бир ҳакам қизил ёки оқ чироқни ёқиши мумкин. Қизил чироқ уриниш ҳисобга олинмаганлигини оқ чироқ – ҳисобга олинганлигини англатади. Агар иккита ҳакам бир хил чироқни ёқсалар, товушли сигнал чалинади (штангани тушириш). Бу сигнал штангачига уринишни тўхтатиш ёки штангани супачага қайтариш кераклигини англатади.
Шунингдек, ҳар бир уринишларни жюри аъзолари кузатиб борадилар, улар реферилар қарорини рад этишлари мумкин. Жюри аъзолари беш кишидан иборат бўлади. Жюри аъзоларидан бири президент этиб тайинланади.
Тоштурдиев Хуррам Ашурович
Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Оғир атлетика бўйича мураббий