July 24, 2025

​​“ҚЎРҚМА” МУЖДАСИ

"Ё Худойим, то қиёмат Ватан бизга омонатдир, омонатдир, унга хиёнат - қиёматдир, қиёматдир, қиёматдир!" ("Қўрқма" романидан)

Кимдир кирди, кимдир кирмади юзга.
Тилдан ҳақ сўз кўчди, сўзлашга қўрқдик.
Осмонни мусаффо кўрсатиб кўзга,
Осмондан нарини кўзлашга қўрқдик.

Бизга бақирсалар, биз мўлтирадик,
“Жон болам, гапирма, жим... ўлдиради”,
Пусиб жим ишладик, бўш ўлтирмадик,
Бу ҳисни қўрқув деб аташга қўрқдик.

Бу миллат улуғ деб ёздик китоблар,
Баланд минбарларда қилдик хитоблар,
Зиёлиси ёлғон айтмоқни боплаб,
Зулмда золимни қарғашга қўрқдик.

Жадид боболарим бир-бир маҳв бўлди,
Қўрбоши боболар сўнг шаҳид бўлди,
Қўрқоқлар яшади... вақт шоҳид бўлди,
“От изин той босар”. Босишга қўрқдик.

Бир пайтлар етмиш қуш учганди кўкка,
Миллат орзулари сўнг чиқди йўққа,
Кимдир кўкрагини тутганда ўққа,
Қалқон бўлиб мардни сақлашга қўрқдик.

Ҳуррият орзуси бўлганди тамом,
Бу буюк орзуга тутмадик мотам,
Қип-қизариб кетди адабиёт ҳам,
Ёлғоннинг юзини очишга қўрқдик.

Даврон ўзгардию, ўзгармади эл,
Битта нон учун деб ишдан чиқди бел.
Кейин ҳур ҳам бўлди, ҳурлик нимадир?
Ҳурликни ҳис этиб яшашга қўрқдик.

Кимлар “бу – халқ эмас, пода”, дедилар,
Оммавий қўрқмоғлиқ мода, дедилар,
Бир зотни қудратли дода, дедилар
Биз бола бўлдигу, ўйнашга қўрқдик.

Сукут оғир дарддир. Сукутли тунлар,
Аллоҳнинг уйи ҳам берк бўлган кунлар,
Ичга ютиларкан ҳасратли унлар,
Аллоҳдан ҳам кўмак сўрашга қўрқдик.

Инсон ўзи тутқун бўларкан токи
Озод бўлолмагай хаёл, идроки.
Ҳаёт шундай эди ростданам ёки
Хаёлни ҳам озод қилишга қўрқдик.

Қўрқма деб шивирла, битта қулоққа,
Кўзида ўт билан сенга у боқса,
Келажак машъалин ўша кўз ёққай!
Шу битта сўзни ҳам айтишга қўрқдик.

Бугун замон ўзга, ҳаво ўзгадир,
Лекин халқ ўшадир, халқ ўзгармади.
Уни сен уйғотгин! У билсин токи,
Чўлпоннинг юз йиллар берида айтган
сўзлари абадий шиор эканин!

Қўрқма. Қўрқув билан яшама ортиқ,
Елкангни тутиб бер миллатга ахир.
Унинг дардларини, оғриқларини
Сен ҳам кўтармасанг, ким кўтаради?

2021