Генки Кавамура: “Mушуклар дунёдан ғойиб бўлса”
Сюжети оддий, аммо ғаройиб. Бир қараса, мантиққа мос келади, бир қараса, мистикага ўхшайди. Бош қаҳрамон ўзининг тузалмас дардга чалинганини билиб қолади ва ҳаммаси тугагандек туюлган бир пайтда Иблис пайдо бўлади. У бошқа асарларда ҳам кўчиб юрадиган “иблис билан битим”ни таклиф қилади. Қаҳрамон дунёдан бирор нарсани абадий йўқ қилишга рози бўлса, эвазига унга яшаш учун қўшимча бир кун берилади.
Қаҳрамон ўйлаганидек, “дунё, аслида, турли хил кераксиз нарсаларга тўлиб-тошган, омлетга қўйиладиган петрушка ёки ҳар бир темир йўл бекатида тарқатиладиган салфетка қутилари каби кичик, бемаъни, фойдасиз нарсалар. Янги музлаткич ёки кир ювиш машинасига қўшиб бериладиган узун-узун қўлланмалар. Ёки тарвуз уруғлари. Бу ҳақда ўйлай бошлаганингда, дарров турли хил кераксиз нарсалар хаёлингга келади”.
Аслида, бу жуда осондек туюлади, аммо вазият мураккаблашиб боради. Бошида смартфонлар, кинолар ёки соатлар каби нарсаларни дунёдан йўқ қилиш шунчаки арзимас ҳолдек туюлади. Албатта, тирик қолиш ноқулай бўлса-да, булардан воз кечиш қийин эмас. Бироқ, бу нарсаларнинг шунчаки борлиги ҳам у ўйлаганидан кўпроқ ҳаётга мазмун бағишлаб турганини тушунади.
У соатлаб суҳбатлашган собиқ севгилиси. Бутун ҳаёти кинолар атрофида айланган, аутизмга чалинган дўсти. Онаси вафот этгандан бери умуман гаплашмай қўйган отаси, ваҳоланки, отаси соатсоз эди. Буларнинг барчаси “йўотилажак буюмлар” атрофида бирлашади. Улар қаҳрамонга ҳаёт ва ўлим ҳақидаги ҳақиқатларни англашга ёрдам беради.
Спойлер бўлиб қолмасин, энг яхшиси, ушбу асарни ўқиб кўриш керак. Ўқиганда ҳам, иложи бўлса, бир ўтиришда ўқиб чиққан маъқул.