February 7, 2025

Саҳнадаги Навоий: фазилатлар ва камчиликлар

Ўзбек драматургиясида Алишер Навоий образининг илк бадиий талқини яратилганига 85 йил бўлди. Шу оралиқда Навоий образининг ўндан зиёд талқинлари пайдо бўлди: Восит Саъдулланинг “Хуросон юлдузи”, Бобораҳим Омоннинг “Навоий бирла Ҳусайний”, Иноят Махсумовнинг “Навоий Астрободда”, Шуҳрат Ризаевнинг “Искандар”, Муҳаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро”, Абдулла Аъзамнинг “Дугоҳи Ҳусайний”, Омон Мухторнинг “Амир Алишернинг дарди”, Комил Авазнинг “Шоҳ бўлди ишқ ичинда”, Наим Каримовнинг “Гули ва Навоий”, Иқбол Мирзонинг“Самарқанд сайқали” ва “Алишербек ва Ҳусайн” ёш томошабинлар учун мўлжалланган тарихий драмалари шулар жумласидан. Афсуски, саналганлар ичида бирор саҳна асарини Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмасига тенглаша олади, деб айтиш мушкул. Бунинг сабабларини қуйида изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Шўро даврида яратилган Навоий ҳақидаги тарихий драмаларда Навоийга хос гуманизм хусусиятларига кенгроқ урғу берилган. Мазкур давр драмаларида тарихий ҳақиқатнинг ёритилишида икки хил муаммо мавжуд бўлган. Биринчидан, муаллифлар тарихий ҳақиқатга ҳам даврнинг мафкуравий призмасидан қарашга мажбур бўлишган. Иккинчидан, тарихий қўлёзмалар, манбаларнинг ҳали тўла тадқиқ этилмагани, материаллар камлиги, тарихий шахслар фаолияти бўйича илмий тадқиқотларнинг камлиги қийинчилик туғдирган. Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб “Алишер Навоий” драмаси Алишер Навоийнинг шоирлик, ошиқлик, саховатпешалик, меценатлик, амалдорлик ва гуманистик қирраларини намоён этади. Драмада феодал ҳукмдор ва гуманист шоирнинг конфликти асосий планга олиб чиқилиб, Бойқаро ва Навоийнинг муносабатлари асарда бироз кескинроқ ва бўрттириб тасвирланган. Навоий образи ишонарли, ҳаётий мантиқдан узилмаган образ ўлароқ гавдалантирилган, характерга хос хусусиятлар конфликтлар орқали яққол намоён бўлган, донишманд шоир табиатидаги ҳалимлик ва раҳмдиллик хислатлари билан бирга давлат арбобига хос кескирлик, қаттиққўллик ва жаҳлдорлик характери ҳам ишонарли тарзда кўрсатилган. Совет мафкурасига кўра, ўрта асрларда прогрессив ва реакцион кучлар кураши жадал кечган. “Алишер Навоий” драмасида Навоий ва унинг сафдошлари – прогрессив, Бойқаро, Маждиддин каби образлар – реакцион кучлар сифатида тақдим этилган. Навоийнинг вазир бўла туриб, прогрессив кучга айланиши, Бойқаронинг мураккаб характерининг кўрсатилиши қайсидир маънода бульгар соцреализм методига қарши қатъий зарба эди. Совет даврида яратилган яна бир асар – Восит Саъдулланинг “Хуросон юлдузи” драматик достонида лирик кайфият устунлик қилади, қаҳрамонларнинг лирик кечинмалари ва туйғулари яхши акс эттирилган, бироқ драматик зиддиятлар маромига етмаган, натижада на Навоий образининг, на бошқа персонажларнинг характерлари очилган. Бобораҳим Омоннинг “Навоий бирла Ҳусайний” драмасида муаллиф янги тарихий материаллардан фойдаланган. Навоий ҳаёти давомида сезиларли рол ўйнаган Бобо Афзал, Соний каби образларга бадиий бўёқ беришга ҳаракат қилган, Навоий – шунчаки вазият қурбони. Бировларнинг гапига кўра, у – улуғ. Лекин асарда бирор улуғвор ишни қойиллатмайди.

Драмаларда Навоий ҳаётининг турли – болалик (“Алишербек ва Ҳусайн”), ёшлик, талабалик (“Хуросон юлдузи”, “Самарқанд сайқали”, “Дугоҳи Ҳусайний”), вазирлик (“Алишер Навоий”, “Амир Алишернинг дарди”, “Навоий ва Бойқаро”, “Навоий бирла Ҳусайний”), ошиқлик (“Гули ва Навоий”, “Амир Алишернинг дарди”, “Хуросон юлдузи”, “Дугоҳи Ҳусайний”), қарилик (“Алишер Навоий”, “Амир Алишернинг дарди”, “Навоий ва Бойқаро”) даврлари акс эттирилган. Мустақиллик даврида яратилган ўзбек драмаларида Ҳусайн Бойқаро образи ижобий образ сифатида кўрсатилгани, муаллифларнинг Навоий ҳаёти ва ижодига оид кўплаб манбалардан хабардорлиги, янгича ёндашувга уриниши диққатга сазовор. Хусусан, “Амир Алишернинг дарди” драмаси ўзига хос “экспериментал драма” эканлиги, кўпроқ Навоийнинг руҳонияти, ички олами кўрсатилгани, “Навоий ва Бойқаро” драмаси Навоий образининг ҳам шеъриятда, ҳам давлат бошқарувидаги ўрни, тарихий давр шароитидаги шахс позициясининг намоён бўлиши турли эпизодлар ва вазиятлар орқали драмада етарлича асослангани, “Самарқанд сайқали” драмаси Навоий ҳаётининг ўзбек драматургиясида ёритилмаган даври – Самарқанддаги ҳаёти илк бор тасвирлангани ва бошдан охир шеърий йўлда ёзилгани билан аҳамиятли. Шунингдек, истиқлол даври драмаларида Навоийнинг улуғворлигига ортиқча таъкидлар, мадҳиягўйлик кайфияти етакчилик қилади. Навоий ўқувчидан ниҳоятда узоқ, “Ердан Осмонга кўтарилган илоҳий инсон” ўлароқ кўрсатилади. Драмаларда умумий камчиликлар: образларда характер тўлалигича очилмаган, персонажларнинг бир-биридан ажралиб турувчи жиҳатлари кўринмаган (“Амир Алишернинг дарди”), пафос ҳаддан ортиқ кўп, персонажлар тилидан Навоийнинг улуғворлиги меъёрдан кўп таъкидланган, драмадаги тарихий шахсларнинг ўйлари, фикрлари, нутқлари бир хил, яққол характер сифатида кўзга ташланмаган (“Навоий ва Бойқаро”), ёшлик йиллари тасвирланганда ҳам Навоий образи ёшига нисбатан кексароқ мўйсафидни эслатади, навқирон Алишерда ёшлик шижоати кўринмайди (“Самарқанд сайқали”), образларнинг ўзаро муносабати тадрижга эга эмаслиги кузатилади, Абу Саид билан Навоий конфликти тасвирланганда интрига заифлиги кўзга ташланади (“Дугоҳи Ҳусайний”), баъзи ўринларда муаллифларда ҳақиқий драматургга хос бадиий маҳорат етишмайди.

Кўпгина талқинлар бироз кўргазмалилик, сунъийлик ва қолиплашган бир образ даражасида қолиб кетгандай тасаввур уйғотади. Аксар ҳолларда драматургия мезонлари четда қолиб, Навоий сиймосини улуғлаштириш, ҳар бир детални ушбу мақсадга бўйсундириш ҳолатлари учрайдики, бу ҳолат асарнинг бадиий савиясини туширади. Бадиий асарни кўтариб турадиган бирламчи жиҳатлардан бири – бу табиийлик, яъни ясамаликдан холилик эканини унутмаслик лозим. Ўзбек драмаларида Навоий образи камчилик ва нуқсондан холи сиймо ўлароқ тақдим қилинади. Муаллиф асарда ўз қаҳрамонини тўлалигича ҳимояга олиб, қаҳрамонига хато қилишга имкон бермайди. Суперқаҳрамон – Навоий барча тўсиқларни енгиб ўтади, юксак заковат ва чуқур мушоҳада эгаси экани қайта-қайта таъкидланади, атрофдаги персонажлар бош қаҳрамоннинг нуфузини ўқувчига эслатиб туриш учун қурбон қилинади. Баъзи ўринларда, муаллифлар нозик нуктадонлик ва сўзларни саралаб ишлатиш маҳорати эвазига ўқувчини ушбу иштибоҳдан чалғитиб туради. Навоий шахсини ортиқча пафос орқали сунъий тарзда улуғлаш эмас, унинг ички оламини ўқувчига кўпроқ танитиш асосий мақсад бўлмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Айни шу ҳолат ҳам келгусида Алишер Навоийнинг янгича бадиий талқинларига зарурат борлигини кўрсатади.

Хуршид Абдурашид