Ҳикоялар
February 14, 2019

Пиримқул Қодиров. «Агра. Юлдузлар гирдоби» (романдан парча)

«Юлдузли тунлар» романидан парча

Лотин ёзувидаги матн мана бу ерда

1

Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, лекин чанқоғи ҳеч босилмас эди.

Бир кун пешин кечроқ Тоҳир хилватхонага уч-тўрт бош оқ кишмиш узум олиб кирди. Ҳозиргина узиб ювилган олтин ранг кишмиш доналари устида сув зарралари йилтираб туради. Кўпдан бери бундай узумни кўрмаган Бобур таажжуб билан:

— Қайдан олдингиз? — деди.

— Ўзимизнинг Ҳашт Биҳишт боғимиздан. Самарқанддан келтирилган кишмиш кўчатини ўз илкингиз билан экканингиз ёдингиздами, ҳазратим?

Бобур қувониб узумдан бир бошини қўлига олди. Бу ерларнинг тарихида биринчи марта етиштирилган оқ кишмиш сал серсувроқ бўлса ҳам, лекин унинг таъми Бобурга Самарқандни эслатди. Узум еган сари чанқоғи босилиб, ўзини бирдан тетик сезди.

— Буни Моҳимга кўрсатмоқ керак! — деб ўрнидан турди.

Бултур кузда Кобулдан Аграга кўчиб келган Моҳим бегим бу боғнинг тўридаги мармар кўшкда эди. Бобур баркашдаги узумни Тоҳирга кўтартириб, гулзор йўлкалардан кўшкка қараб кетди.

Ҳаво дим ва рутубатли. Яна пашкол фасли бошланиб, осмондан булут аримай қолган. Баркашдаги олтинранг кишмиш Бобурга шу булутларни ёриб ўтиб, узоқ Самарқанддан етиб келган ёруғ бир нурдек кўринарди.

Моҳим бегим кўшкнинг айвонида миз устига энгашиб алланарса ёзмоқда эди.

Айвонга Тоҳирни эргаштириб кирган Бобур:

— Узумимиз пишибди, Моҳим! — деди. — Бир татиб кўринг.

Моҳим бегим ўрнидан туриб, Бобурни одатдагидай таъзим билан қарши олди, лекин ўпкаси тўлиб, дуруст гапиролмади.

Сўнгги икки йил ичида ярасидан қолган асоратлар тузалиб, қўллари аввалгидай ишлайдиган бўлиб кетган Тоҳир узумни таъзим билан Моҳим бегимга тутди.

Моҳим бегим баркашни унинг қўлидан олиб, миз устига қўйди. Унинг қовоқлари шишиб, кўзлари йиғидан қизарганини пайқаган Тоҳир секин орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Эр-хотин ёлғиз қолганларида Бобур:

— Сизга не бўлди? — деди. — Йиғлабсизми?

— Нафасим қисилди...

Моҳим бегим қирқ ёшга боргандан бери юзлари тўлишиб, анчагина семириб қолган эди. Кобулнинг енгил ва қуруқ тоғ ҳавосига ўрганган бегим Жамна бўйидаги иссиқ кунларда сернам дим ҳаводан нафас олиш қанчалик қийин бўлишини аввал ҳам эшитган, бир чеккаси шу сабабдан тўрт йилгача Аграга келмай юрган, ахири Бобурнинг юзидан ўтолмай бултур келган эди.

— Пашкол фаслида мен ҳам жуда қийналиб, нафас олурмен, — деди Бобур. — Ташвиш чекманг, ўрганиб кетурсиз. Қани, узумдан олинг!

Моҳим бегимнинг ҳеч нарса егиси келмас эди. Шундай бўлса ҳам кишмишдан икки дона олиб оғзига солдию, Бобурнинг кўнглига бўла:

— Яхши пишибдир, — деди.

— Мактуб ёзмоқчи эдингизми?

— Ҳа, Ҳумоюнга... Менинг нафасимни пашкол эмас, соғинч қисадир!

Тўлиб ўтирган Моҳим бегим бирдан йиғлаб юборди:

— Мен ҳамиша Ҳумоюннинг дийдорига зормен. Сиз мудом ўғлимни мендан узоқларга юборурсиз! Кобулда эканимда Ҳумоюн Жамнаю Ганга бўйларидан бўшамади. Мен Аграга келдим, Ҳумоюн Бадахшонга жўнаб кетди. Бадахшонни тинчитиб қайтди ҳамки, уни яна узоқ Самбхалга юбордингиз. Қаерда бир хатар бўлса, ўшанга Ҳумоюн рўбарў! Қайси узоқ юртда мушкул иш бўлса — яна Ҳумоюн! Мен бу ерда хавотирликда қон ютиб изтироб чекурмен!

— Бунчалик хавотирланишнинг не ҳожати бор, Моҳим!

— Сиз хавотирланмайсиз, ҳазратим, сизнинг фарзандларингиз кўп! Менинг ёлғиз фарзандим қолган! Учтасини тупроққа топшириб, шу биргина Ҳумоюн билан қолганмен!

Бобурнинг бошқа хотинлари ва улардан бўлган бошқа болалари ҳам борлиги Моҳим бегимда қанчалик мураккаб туйғулар қўзғашини Бобур ҳозир яна бир марта сезди. Шу пайт хонага саккиз ёшли Гулбадан чопиб кириб келди. Бўйнидаги жажжи тақинчоқларини шилдиратиб отаси қаршисида эгилиб таъзим қилди. Лекин онасининг йиғлаб, ўртаниб гапираётганини кўрди-ю, хавотирланиб тўхтади.

— Моҳим, — деди паст товуш билан Бобур, — Ҳиндол билан Гулбадан ҳам сизга фарзанд-ку, ахир!

— Комрон мирзо-чи, ҳазратим? У киши сизнинг ўғлингиз эмасмилар? У киши Лахўрда оналари билан тинчгина юрибдилар! Нечун ҳамма балога Ҳумоюн балогардон бўлмоғи керак?

— Чунки Ҳумоюн — тахт вориси! Мен қилмоғим керак бўлган мушкул ишларни Ҳумоюн қилиб ўрганмоғи керак.

— Мен хавотирланиб қон ютсам майли! Сиз бунга парво қилмайсиз, чунки бошқа хотинларингиз бор!

Гулбадан ота-онасини ҳеч қачон бундай мушкул ва ноқулай аҳволда кўрмаган эди. У кўзлари жавдираб, нима гап бўлаётганини тушунолмай лол бўлиб турарди. Ахир ҳазрат онаси подшоҳ отасига ниҳоятда меҳрибон эди-ку. Кобулдан икки ой йўл юриб, кела-келгунча унинг номини тилдан қўймай эъзозлаб гапирар эди-ку! Ҳазрат отаси ҳам уларга Аградан пешвоз чиқиб, Жалоли кўли яқинида кутиб олмаганмиди? Чарчаган отидан тушиб, бошқа от келтиргунларича сабри чидамаган Бобур Моҳим бегимнинг олдига пиёда келган эмасмиди? Сўнг суюкли хотинини эъзозлаб, уни отдан тушишга қўймаган, ўзи эса Моҳим бегимнинг оти ёнида уч чақиримча жойга пиёда борган эди-ку. Буни кўрган одамлар: «Подшоҳнинг ўз хотинини бу даражада юксак иззат-икром билан кутиб олганини умримизда кўрган эмасмиз!» деганларини Гулбадан ўз қулоғи билан эшитган эди-ку. Ҳозир буларга нима бўлди?

Бобур қизчасининг ҳанг-манг бўлиб турганини сезиб, тез ўрнидан турди, баркашдаги узумдан бир бошини қўлига берди:

— Ма, қизим, е!— деб унга мулойим гапириб, эшикдан ташқарига етаклаб чиқди. — Бор, энди боғда ўйна.

У кўз ёшларини ҳамон тўхтатолмаётган Моҳимнинг қаршисига қайтиб келиб ўлтирди ва ҳазин товуш билан деди:

— Моҳим, сиз мендан ҳар қанча ранжисангиз ҳаққингиз бор. Шариат рухсат бергани билан ҳар бир мусулмон уч хотин олиши шарт эмас эди... Мендек сайёҳтабиат одам... умрининг ярмидан кўпини сафарларда, жангларда ўтказишини била туриб, уч хотин олиши... кечирилмайдиган бир хатолик бўлди. Бу хотинларнинг ҳеч бири мен орзу қилгандек бахтиёр бўлолмаганини... бугун сизга қараб кўриб турибмен... Кундошлик аламлари... Бир-бирига ўгай болаларнинг рақобати... Ота-боболаримизни ўртаган бу жаҳаннамлар бизга дахл қилмас деб ўйлаган эдим... Йўқ, мана, ҳатто сиздек суюкли ёрим ҳам... шу жаҳаннам азобидан кўзёш тўкмоқдасиз. Мажруҳ дилим сизни кўриб, баттар хасталанди.

Моҳим бегим Бобурнинг сарғайиб қолган касалманд юзига қаради-ю, кўз ёшини апил-тапил арта бошлади.

— Ҳазратим, мендан озорланманг. Мен бир мунглик аёлмен. Сиз подшоҳсиз. Арзимни сизга айтмасам, кимга айтамен?

— Ҳа, мен подшоҳмен — бутун бало шунда. Неки хатолик, неки гуноҳ қилган бўлсам, ҳаммасининг бирламчи сабаби менинг подшоҳлигимдир. Ёшлигимда подшоҳлик занжиридан қутулиб кетмоқчи бўлдим. Лекин мени бу занжирдан халос қиладиган нажоткор топилмади. Энди умидим борки, менинг нажоткорим Ҳумоюн бўлғусидир.

Моҳим бегим Бобурнинг бу сўзларига ишониб-ишонмагандай унга термилиб қаради.

— Моҳим, мактубингизни давом эттиринг. Менинг номимдан ҳам ёзинг, Ҳумоюн Аграга тезроқ қайтсин. Кўзим тириклигида тожу тахтни эгалласин. Ёзинг, мен имзо чекурмен!

— Ҳазратим, Сиз Ҳумоюнни тожу т��хтга бунчалик интиқ деб ўйламанг! Ҳеч ундай эмас! Мен ��ақат ўғлимиз ёнимизда бўлсин демоқчи эдим, холос!

— Ёзинг, келсин!.. Фақат подшоҳ бўлиш шарти билан келсин. Бу махфий гапни ҳозирча бошқа ҳеч ким билмасин.

Бобурнинг нияти жиддийлигига энди ишонган Моҳим бегим:

— Сиз... Кобулга қайтмоқчимисиз? — деб сўради.

— Мабодо, оламдан кўз юмсам, Кобулда дафн этинглар.

— Нечун бундай дейсиз?

— Сиздан яширадиган сирим йўқ, Моҳим. Сиз Кобулда «фотиҳликнинг қасоси қайтса ёмон бўлур» деган эдингиз. Шу гапингиз рост чиқди. Подшоҳлигу фотиҳлик балолари малика Байда берган заҳар шаклига кириб, менинг умримни кемирди. Агар мен ҳам бор ку-чимни фақат илму ижодга берсам, балки Берунийдек етмишдан ошармидим? Ёки Алишер Навоийдек олтмишга кирармидим? Бироқ мана қирқ етти ёшимда умримнинг охири кўриниб қолди.

— Ниятни яхши қилинг, ҳазратим! Худо хоҳласа, ҳали умрингиз узоқ бўлғусидир!

— Не бўлганда ҳам энди подшоҳлик бас. Қолган умримни ижодга сарфламоқчимен! Менга саройлару қасрларнинг кераги йўқ. Мана шу Зарафшон боғининг бир гўшаси бўлса бас... Ортиқча савдару мулозимлар ҳам даркор эмас. Тоҳир офтобачининг бир ўзи менга етарлик. Ҳумоюнга шу қароримни айтиб, икковимизнинг номимиздан ёзинг!

Моҳим бегим Бобурга жуда оғир тегадиган мавзуларда гап очганидан энди қаттиқ пушаймон бўлди-ю, эрига илтижо қилиб:

— Мени кечиринг! — деди. — Мен ҳеч хаёлимга келтирмаган гап... Бу мумкин эмас! Мен бундай мактубни ёзолмасмен!

Бобур ўрнидан турди.

— Бўлмаса мен ўзим ёзгаймен, — деб кўшкдан чиқди.

У боғ оралаб хилватхонага қараб бораётганда гулзор йўлкада кичкина Гулбаданни учратди. Зийрак қизча отасини қийнаб юрган мушкулотларни тушунмаса ҳам унга ич-ичидан қайишиб, ҳамдардлик билдираётгандек мўлтираб қараб турарди*.

___________________

* Бобурнинг фарзандлари орасида энг узоқ умр кўрган ва саксонга кирган Гулбадан бегим болалигида кўрган билганларини «Ҳумоюннома»да батафсил ёзган. У отасининг охирги пайтда тожу тахтдан астойдил кўнгли қолганига, ҳокимиятни Ҳумоюнга бериб, ўзи Тоҳир офтобачи билан бир гўшада яшамоқчи бўлганига далиллар келтирган.

2

Отасининг махфий мактуби борганда Ҳумоюн Самбхалда оғир касалга чалиниб тўшакда ётган эди. Мактубни ўқигач одамларига:

— Мени тезроқ Аграга етказинглар!— деб буюрди.

Деҳлига келгунча Ҳумоюннинг иситмаси яна ошиб, касали баттар оғирлашди. Уни олиб келаётган Ҳиндубек йўлда бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, дарҳол Аграга хабар юборди-ю, ўзи Деҳлида қолиб Ҳумоюнни энг яхши табибларга даволата бошлади. Лекин дору дармон кор қилмас, қора безгакка ўхшаш бир дард Ҳумоюнни кечаю кундуз куйдириб, гўё жингак қилиб ташламоқда эди.

Аградан икки кечаю кундуз отлиқ йўл юриб, Моҳим бегим етиб келди. Дарё йўли тинчроқ ва салқинроқ дейишиб, Ҳумоюнни Деҳлида кемага солишди-да, оқим бўйлаб Аграга олиб келишди.

Ҳумоюнни тахтиравонга ётқизиб, саккиз йигит Зарафшон боғига кўтариб кирди. Бобур ранги ердай ўнгиб кетган Моҳим бегимни кўргандаёқ, юраги «шув» этиб кетди. Йигитлар кўтариб келаётган тахтиравон унинг кўзига тобутдай совуқ кўринди. Ҳумоюн туни бўйи алаҳлаб беҳуш ётди. Фақат саҳар палла кўзини хиёл очиб, тепасида турган отасини таниди, ўрнидан тургиси келиб қимирлади, лекин бошини кўтаришга ҳам мадори етмади. Отасининг махфий мактубида ёзилган гапга рози бўлолмаслигини айтмоқчи бўлиб:

— Биз... хизматда... сизсиз... — «Мумкин эмас!» дегандай бош чайқади-ю, кейин яна аллаҳлай бошлади. — Ғулга уринг... уринг! Кетди!.. Тўхта!..

Ҳумоюн нафаси қайтгандай талваса қилиб, ўзини у ёқдан-бу ёққа бир-икки отди-ю, яна ҳушидан кетди.

Сарой табиблари бу оғир дардга ҳеч бир даво тополмадилар. Моҳим бегим юм-юм йиғлайди. Бобур суюкли ўғлини ҳадеб ўтга-сувга солиб, шу касалликка ўзи ҳам сабабчи бўлгандай ўртанарди. Оғир пайтларда Бобур суяниб ўрганган одамлар бирон чора топишни ундан кутадилар. Лекин ҳозир у ҳам чорасизликдан ўзини қўядиган жой тополмай қийналди.

Кексайиб мункиллаб қолган шайхулислом Бобурнинг ёнига келди:

— Ҳазрати олийлари, кўп ғам чекманг, парвардигор ғойибдан шифо юборгусидир, — деди. — Табибларданки иш чиқмади, энди худо йўлига дунё молидан тасаддиқ қилмоқ керак.

Бобур шайхулисломнинг ниятига тушунолмай:

— Қайси молдан? — деб сўради.

— Жон омон бўлса жавоҳир топилур. Ўшал... ашхас олмос яхши тасаддиқ бўлғай.

Бобур Жамна устида кемада ўлтирганда Ҳумоюн келтириб кўрсатган олмосни эслади.

— Кўҳинурними?

Шайхулислом тасдиқ маъносида бош ирғади. Бобур ҳушини бир жойга йиғиб:

— Тақсир, кимга тасаддиқ қилайлик?— деб сўради.

Қиймати улкан олтин хазиналарига баробар келадиган бу олмосни ўғрилардан қўриқлаб туриш учун ҳам жуда кўп навкар керак эди. Шуни биладиган шайхулислом «менга» дейишга тили бормади.

— Муртазо Али мозорига, — деди. — Дин йўлига.

Мозор ва Кўҳинур олмоси бир-бирига мутлақо қовушмайдиган нарсалар эди. Диндорларнинг каттаси шайхулислом бўлганлиги учун оламни безайдиган бу гўзал олмос айланиб келиб унинг сандиғига тушиши аниқ. Бобур ҳозир молу дунёни ўйлайдиган аҳволда бўлмаса ҳам Ҳумоюнга тақдим этилган бу ноёб гавҳарга мункайган шайхулислом кўз тиккани уни сергаклантирди.

Руҳонийлар иложини топса подшоҳдан ҳам баланд туришга ва уларнинг бошига оғир кун тушганидан фойдаланиб ўз ҳукмларини ўтказишга интилишлари кўпдан маълум эди.

— Тақсир, назарингизда, ўшал олмос азизми ёки менинг жоним азиз?

Шайхулислом ҳанг-манг бўлиб:

— Нечун ундай дейсиз, ҳазратим! — деди. Ундоқ олмосларнинг юзтасидан сизнинг бир мўйингиз азизроқдир!

— Миннатдормен! Ундоқ бўлса, мен Ҳумоюнга жаҳондаги барча олмослардан ҳам азизроқ бир нарсамни қурбон қилмоқчимен. Фақат бу қурбонни сизу бизга ўхшаган бандалари эмас, зарур бўлса парвардигорнинг ўзи олсин!

Бобур ўзига умид билан қараб турган одамларнинг орасидан ўтиб, Ҳумоюннинг тўшаги ёнига келди.

— Ҳумоюн, жигарбандим! — деди у ҳамма эшитадиган товуш билан. — Сенинг бетоқатлиғингга мен тоқат келтирай. Сенинг шу оғир дардингни худо сендан олиб менга берсин!

Беҳуш ётган Ҳумоюн бу гапларни эшитмас, лекин беморнинг хобгоҳидаги аёллар, мулозимлар, табиблар, руҳонийлар — ҳаммаси Бобурга қулоқларини динг қилиб қараб турардилар.

Бобур умумий жимликда Ҳумоюннинг бошидан уч марта айланди-ю:

— Ё, парвардигор! — деб илтижо қилди. — Менки Бобурмен, агар жон бериш мумкин бўлса, умру жонимни Ҳумоюнга қурбон қилдим! Азройил менинг жонимни олсину худо Ҳумоюнга шифо берсин!

Моҳим бегим йиғидан тўхтаб, Бобурга қўрқув аралаш ҳайрат билан тикилиб турарди. Кекса шайхулислом эса ҳозирнинг ўзидаёқ Ҳумоюнинг соғайиб кетишини ва Бобурнинг ҳолсизланиб йиқилишини кутгандай анча вақт ота-болага бақрайиб қараб турди. Лекин кутилган мўъжиза юз бермади. Беҳуш Ҳумоюн алаҳлаб бир нима деди-да, яна жим бўлди.

Бобурнинг баданидан «лоп» этиб олов чиққандай бўлди, вужуди қизиб кетди. У ҳамон беҳуш ётган Ҳумоюнга қараб:

— Кўтардим дардингни! — деди-да, елкасига оғир юк олган одамдай қадди хиёл эгилиб хобгоҳдан чиқиб кетди...

3

Йигирма уч ёшлик Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у касал кўришга келганларни ўрнидан туриб қабул қилди. Яна икки кундан сўнг отасини бориб кўриш учун хобгоҳидан чиқди.

Бобур ўғлини Оромбоғнинг тўридаги хонайи хосда қабул қилди. Ҳумоюн унинг қаршисида тиз чўкиб, кўзига ёш олиб гапирди:

— Ҳазратим, мен сизнинг илтижонгиз билан шифо топмишмен. Ўзимга келганимдан бери худодан тилайменки, сизнинг умрингиз узоқ бўлсин! Бу улуғ давлатни сиз барпо этдингиз. Ҳаммамизнинг пушти паноҳимиз ўзингизсиз. Парвардигор бизга раҳм қилсин!

Бобур ўғлини елкасидан олиб ўрнидан турғизди:

— Мана, шукр, юрибмен-ку, ўғлим. Сен кўп хавотир бўлма.

— Аммо шайхлар: «Ҳазратим ўғлига келган ажални ўзларига олдилар», деб кўнглимга ғулғула солдилар.

Бобур ўғлига ўнг ёнидан жой кўрсатди.

— Ҳумоюн, ўғлим, мардона бўл, энг оғир юклар энди сенинг елкангга тушадиган кўринадир. Хайрият, тузалиб кетдинг. Агар мутаассиб шайхларнинг гапига кириб, Кўҳинур олмосини тасаддиқ қилсам, улар ғолиб чиқмасмиди? «Ҳумоюнни биз ўшал тасаддиқ эвазига қутқариб қолдик, биз подшоҳдан ҳам зўрмиз!» деб тантана қилмасмиди? Имону эътиқод бундай ғаразлардан баланд турмоғи керак-ку, ахир!

— Илоҳим, сиз ҳаққингиздаги кароматлари ҳам ёлғон чиқсин!

— Ҳар қалай, сен Оллоҳу таолога ғаразли шайхлар орқали эмас, бевосита имону эътиқодинг орқали илтижо қилишга ўргангин. Шайхлар мудом подшоҳнинг тепасига чиқиб, унга ҳукмини ўтказишга интилурлар. Шундан эҳтиёт бўлгин.

— Токи тирикмен, бу ўгитингизга ҳамиша амал қилгаймен!.. Энди... Ҳазратим, Самбхал чегарасида яна қонли тўқнашувлар бўлмоқда эмиш. Ижозат берсангиз, мен бориб чегараларни тинчитсам...

Бобур индамай ўрнидан турди-да, хонайи хоснинг тўридаги сандиқни очди. Ҳумоюн тик турган ҳолда отасига юзланиб қўл қовуштирди.

Бобур сандиқдан оқ ипак матога ўралган қилични олди.

— Ҳумоюн, ўғлим, менинг қанча умрим қолгани худонинг ўзига аёндир. Соҳибқирон бобокалонимизнинг мана шу қиличини энди сен тақмоғинг керак. Бу қиличга «Куч — адолатдадир» деган сўзлар битилган. Доим одил бўлгину мағлуб бўлмагин!

Бобур қилични ўғлига икки қўллаб узатди. Ҳумоюн табаррук қилични тиз чўкиб олди-да, унинг муқаддас ёзув битилган жойини кўзларига суриб ўпди.

— Майли, — деди Бобур. — Самбхал нотинч бўлса, бориб тинчитгину ўрнингга Ҳиндубекни қўйиб қайтгин. Энди давлат ишини зиммангга олмоғинг керак...

* * *

Ёмғир фасли ўтиб, осмон яна булутлардан тозаланди, тунлар салқин бўлиб қолди. Бобуруйқусиз тунларда боққа чиқар ва юлдузларни томоша қилгиси келиб осмонга қарарди. Лекин танида иситманинг баландлигидан осмондаги юлдузлар жойидан кўчиб, гирдобга тушиб айланиб кетаётгандай кўринар, кўнгли беҳузур бўлиб, осмондан дарҳол кўзини оларди.

Кундуз саройда давлат ишларини қилган пайтида гоҳ шайхулисломни, гоҳ нуфузли аъёнларни учратур, улар Бобурга аввалгидан ҳам пастроқ, эгилиб таъзим қилишар, лекин ўлиши муқаррар бўлган беморга қарагандай мусибатли кўзлар билан қарашар, муомалаларидаги алоҳида мулойимлик ҳам шундан далолат берар эди. Уларнинг эътиқодига биноан, Бобур ўз ҳаётини ўғлига қурбон қилган, шунинг учун Ҳумоюн тузалиб кетган, энди кўзга кўринмас ажал қиличи Бобурнинг боши устида осилиб турар эди.

Очиқ айтилмайдиган, ҳаддан ортиқ майин гаплар, таъзиму тавозелар остига яшириладиган бу машъум ишонч Бобурга жуда оғир таъсир қилар, гоҳо атрофида айланиб юрган ўлим шарпасини унинг ўзи ҳам сезгандай бўларди.

Мезон ўтиб, қавс ойи кирганда Бобурнинг касаллиги баттар оғирлашди. Бирор жойида яра ёки шиш йўқ, нуқул ичи куяди, иситмаси кўтарилиб, ухлай олмайди, ранги кун сайин сўлиб боради.

Мавлоно Юсуфий мамлакатнинг энг машҳур табибларидан уч-тўрттасини чақиртириб маслаҳатлашди. Беморнинг томиридан қон олиб кўришди. Қоннинг ранги соғлом одамникидек тиниқ эмас, алланечук ириганга ўхшаб қолган эди.

Табиблар ўзаро кенгашиб, «Малика Байда берган заҳарнинг қонда асорати қолган» деган хулосага келдилар ва қонни тозалайдиган дорилардан, анор сувидан кўпроқ беришни буюрдилар.

Лекин бу нарсаларнинг ҳеч бири кор қилмади. Бобур ҳолсизланиб ётиб қолгач, Ҳумоюнга чопар юборишди.

Ҳумоюн келса, отаси ўз хобгоҳида баланд оқ тўшакда терга ботиб ётибди. Ранги сап-сариқ бўлиб кетган. Бобурнинг бош томонида Хонзода бегим пат елпиғич билан унинг юзини елпияпти. Оёқ томонида Моҳим бегим ғам-ғуссага ботиб, ҳайкалдай беҳаракат ўлтирибди.

Ҳумоюн тиз чўкиб, отасининг тўшагини қучоқлади. Бобурнинг озғин қўлини ўпиб кўришди, сўрашди. Сўнг отасининг бу аҳволига ўзи сабабчи бўлгандай ёниб гапирди:

— Нечун бизга бунчалик жон фидо қилдингиз, ҳазратим?

Бобур мажолсиз товуш билан:

— Сен буни ўзингдан кўрма, — деди. — Иллат қонда эмиш. Билмадим... Ҳар қандай олов ҳам ёниб-ёниб ахийри бир кун... — Бобур «ўчади» демоқчи бўлди-ю, лекин аёлларни аяди: — Алангаси пасаядир. Мен умр бўйи аёвсиз ёндим.

— Биз учун ҳам куйиб-ёнгансиз! Энди бу қарзларни узишга менинг бутун умрим етмагай!

— Қарзингни менга узолмасанг... фарзандларингга узарсен...

Бобур тўхтаб-тўхтаб сўзлаётган бўлса ҳам кўнглидаги гапларини равон айтаётгани Ҳумоюнни умидлантирди. У отасининг сўзини бўлмай, жим қулоқ сола бошлади.

— Темурийларнинг кўпчилиги... фидойиликни унутиб... йўқ бўлиб кетди. Ўғил отани ўлдирди. Оға инига хиёнат қилди... Оқибатда... бари разолатнинг қурбони бўлди... Ундан кўра.. яхшиликнинг фидоси бўлган афзал эмасми?... Мана амманг Хонзода бегим... Самарқандда мени қутқариб ўзини асоратга солди. Бу фидойилик мени ҳамиша... шундай бўлишга ундаб келди... Сен ҳам энди иниларингу... авлодларингни мардликка... фидойиликка ўргатгин.

Бобур тўшакнинг орқа томонидаги ҳарир оқ парданинг ортига бошини буриб қаради. Парда ортида одам борлигини Ҳумоюн энди пайқади.

— Тоҳирбек, жуздонни келтиринг, — деди Бобур.

Шу вақтгача қимир этмай ўтирган Тоҳир энди тез ўрнидан турди-ю, токчадаги катта чарм жуздоннинг ичидаги янги муқоваланган қўлёзмаси билан икки қўллаб кўтариб келди.

— Бадахшонда, «Вақоиъ»ни сўраган эдинг, — деди Бобур Ҳумоюнга. — Мана, ёзиб тугатдим. Ол.

Тоғлар орасида Бобур: «Бу китоб битганда менинг умрим ҳам тугагай!» — дегани Ҳумоюннинг ёдига тушди. У жуздон ичидаги китобни олиб пешонасига суриб ўпар экан, кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Йирик бир ёш томчиси зарҳал муқова устига томиб тушганини Бобур ҳам кўрди.

— Сендан илтимосим, — деб давом этди Бобур. — Буни авлодларинг ҳам ўқисин.. Хатоларимни такрор этманглар. Яхши ишларим... оз бўлса, кўпайтиринглар. Бу китобдан нусхалар кўчиртириб, Самарқандга... Тошкентга... Андижонга... муносиб одамларга юборгин... Мен туғилган юрт билан алоқани узманглар. Шояд мен битган китоблар... икки орадаги алоқанинг ришталари бўлса...

Бобур ўғлига васият қилаётганини сезиб турган Хонзода бегим ўзини ортиқ тутиб туролмади.

— Бобуржон, мен эгачингиз!.. Мен... мен сиздан беш ёш каттамен! Бу дунёдан кетиш навбати аввал меники! Сиз таслим бўлманг! Бобуржон, иним!

Хонзода бегим унинг подшолигини унутиб, «Бобуржон!» деганда Бобур болалигини эслаб, кўнгли бир орзиқди. У беклардан ҳам, савдарлардан ҳам, бегоналардан ҳам, ҳатто суюкли ўғли ва хотинидан ҳам нуқул «ҳазратим» деган мурожаатни эшитар, кўп ишлатилавериб сийқа бўлиб кетган бу сўз унинг меъдасига теккан эди.

Пиқ-пиқ йиғлаётган Моҳим бегим олдинги оғир суҳбатларни эслаб:

— Менинг хархашаларим ҳам сизни хаста қилди, ҳазратим! — деди. — Мени кечиринг!

— Моҳим, сиз мени кечирсангиз бўлди... Мен сиздан розимен... фақат энди мени ҳазратим деманг...

Моҳим Бобурни: «Кўз очиб кўрган танҳо ёримсиз, жисмимдаги жонсиз!» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаб кўрди-ю, лекин атрофидагилардан уялди. Йиғи аралаш:

— Хўп, — дея олди, холос.

Бобур унинг айтилмаган сўзларини овозидан, кўзларидан сезди. Сўнг ўғлига юзланди:

— Ҳумоюн, мен сендан ҳам «ота» деган сўзни ҳали эшитганим йўқ.

«Ота» деган жўнгина сўзга ўрганмаган Ҳумоюн:

— Падари бузруквор! — деб кўрди. Бундан отасининг кўнгли тўлмаганини сезди-ю: — Отажон! — деди. — Сиз салтанатни менга бермоқчи бўлибсиз. Лекин ишонинг, мен бу тожу тахтдан сизнинг бир нафаслик умрингизни афзал кўрурмен!

— Мен сендан розимен... Энди мендан ҳам рози бўлинглар!

Хонзода бегим розилик сўрашга тили бормай ўртаниб йиғлади. Унинг йиғисига Моҳим бегим қўшилди. Бу оғир аҳволнинг устига кириб келган мавлоно Юсуфий Бобурнинг кўзлари бежо бўлаётганини, уни қаттиқ тер босганини кўрди.

— Энди ҳазратим ором олишлари керак! — деб қўлига оқ докани олиб, Бобурнинг юзидан, бўйинларидан терларини арта бошлади. Қийналиб нафас олаётган Бобур бош томонда турган Тоҳирга шивирлаб:

— Елпинг!.. — деди.

Йиғи-сиғи билан Бобурни қийнаб қўйганларини энди сезган бегимлар секин чиқиб кетдилар.

Бобур Ҳумоюнга:

— Энди эшик оға билан... аъёнлар кирсин, — деди.— Кўзим тириклигида... ҳокимиятни сенга топширай.

Ташқарида кутиб турган Муҳаммад Дўлдай ва бошқа нуфузли беклар кирдилар. Бобур уларнинг олдида подшолик тожини ўғли Ҳумоюнга топширди. Рози-ризолик сўраш пайтида беклардан бир-иккитаси кўзига ёш олгандай бўлди. Лекин чиқиб кетаётганларида ҳаммалари энди Ҳумоюннинг атрофида парвонадай айланиб, янги иноятлар умидида кўзлари тама билан ёнганини Бобур кўриб қолди.

Хонада Тоҳир билан икковлари қолгандан сўнг:

— Энди... беку султонларга менинг керагим йўқ, — деди. — Тоҳирбек, кечга... Мавлоно Фазлиддинни чақиртиринг.

Тоҳир Бобурга табиб Юсуфий буюриб кетган суюқ доридан ичиртирди, унинг қийшайиброқ қолган ёстиғини тўғрилаб қўйди. Сўнг савдарлар хонасига ўтиб, тоғасига одам юборди.

Айтилган пайтга етиб келган мавлоно Фазлиддин Бобурнинг ўлим тўшагида ётганини кўрди-ю, туғён ичида:

— Ҳазратим, худо сизга қувват берсин! — деб қўлидан ўпди.

— Мен... подшоҳликни Ҳумоюнга топширдим... Минбаъд ҳазратим, деманг, мавлоно. Муносиб кўрсангиз... мени ҳам мавлоно денг.

— Биз Навоийни улуғ ижодлари учун «ҳазрат Алишер» дер эдик. Сиз туркий адабиётимизнинг Навоийдан кейинги энг улкан сиймосидирсиз. Шу сабабли сизни шоир ва адиб сифатида «Бобур ҳазратлари» дейишга ҳақлимиз».

— Миннатдормен, мавлоно... Сиз Аграда, Секрида, Деҳалпурда ажиб кўшклар, оромгоҳлар барпо этдингиз... Худо умр берса мен... Самарқанддаги Бибихоним мадрасасидек улуғ бир... мадрасанинг тарҳини сизга... чиздирмоқчи эдим... Опа-сингилларимизнинг қадрини бошимизга... кўтарсак арзигай...

Мавлоно Фазлиддин Бобурнинг сўнгги кучларини тўплаб, қийналиб сўзлаётганини сезди-ю, унинг фикрини ўзи давом эттирди:

— Доно сўзларни айтдингиз, ҳазратим! Чиндан ҳам халқимизда бу одат азалдан мавжуд... Самарқандда Бибихоним мадрасасидан ташқари Туркан оғо мақбараси бор. Ҳиндларда ҳам аёл зотига эҳтиром зўр экан, ҳатто сиғинадиган худолари орасида ҳам аёллар бор... Бизнинг Ҳироту Самарқанддаги энг яхши меъморчилик анъаналаримизни Ҳиндистоннинг энг эзгу ажиб анъаналарига пайванд этиб, аёл зотини улуғловчи бир мадраса қуриш менинг ҳам энг эзгу орзуларимдандир!

Бобур мавлоно Фазлиддиннинг Хонзода бегимга бўлган ёшлик меҳри замона зайли билан қандай қурбон бўлганини эслади-ю:

— Мавлоно, — деди, — менинг эгачим Хонзода бегим... инсонийликда тенгсизлар!.. Агар сиз орзу қилган... мадрасани қуриш бизга насиб бўлса... уни «Хонзода бегим мадрасаси...» деб атасак арзир эди...

Мавлоно Фазлиддиннинг кўзларида яшин каби бир олов чақнади:

— Ҳазратим, сиз ҳозир менинг кўзимга муқаддас бир мақсадни кўрсатдингиз! Агар бу мақсадни рўёбга чиқаришга менинг умрим етмаса, уни фарзандларимизнинг дилига жо этиб кетгаймен. Токи улар ҳинд меъморлари билан ҳамкорликда халқларимизнинг аёл зотига бўлган эҳтиромини улуғ бир меъморчилик обидасида ифода этсинлар!

Бобурни тер босди. Унинг ҳарир оқ кўйлаги қорайиб танасига ёпишиб қолганини кўрган Тоҳир безовталаниб ўрнидан турди:

— Мулла тоға, ҳазратимни чарчатиб қўймайлик!.. Табиб «кўп ҳаяжонланмасинлар!» деб тайинлаган эди...

Суҳбатнинг тафти чиндан ҳам баланд бўлаётганини энди сезган мавлоно Фазлиддин ўрнидан кўтарилди:

— Ҳазратим, энди ором олинг! Мен кейин яна келурмен!..

Бобур Мавлоно Фазлиддинга қараб:

— Яна бир ўтинчим бор,— деди.— Оламдан кўз юмсам... Кобулда ўзингиз тарҳини чизган боғ бор... Тоғ тепасида... Абадий оромгоҳим... ўша Гузаргоҳда бўлсин... Ортиқча даб-дабасиз... шоирона бир тарҳ чизинг...

Мавлоно Фазлиддин ўпкаси тўлиб гапиролмади. Тасдиқ маъносида бош ирғади-ю, кўзидан оппоқ соқолига оқиб тушган ёшни артиб эшикдан чиқди.

Тоҳир Бобурнинг тердан ҳўл бўлган ички кийимларини алмаштирди. У ўзини одатдагидай осуда тутиб, кундалик хизматларини қунт билан адо этар эди. Бобур чанқаса сув берадиган ҳам, нафаси қайта бошласа елпийдиган ҳам Тоҳир эди. У шу ерда бўлса, Бобур сокинроқ ётишини мавлоно Юсуфий ҳам билар, шунинг учун Тоҳирни туну кун беморнинг олдидан кеткизмас эди.

Бугун кечаси Бобур ичкарида ҳадеб беҳаловат бўлавергандан кейин Тоҳир савдарларни чақириб, уни тўшаги билан ҳовлидаги усти очиқ мармар супага чиқартирди.

Агранинг кеч кузи худди Андижоннинг баҳор пайт-ларидек салқин ва майин туюлар эди. Қоп-қора осмонда юлдузлар чарақлаб турибди. Иситмаси баланд Бобурга юлдузлар яна гирдобга тушиб айланаётгандай ва бир-бирларига урилиб кетаётгандай кўринди. Бобур кўзини юмди:

— Баданимда... қон уюшиб қолаётгандай... — деди Тоҳирга.

Тоҳир унинг елкаларини, қўлларини, кейин оёқларини секин-секин уқалай бошлади. Бобур бундан сал енгил тортгандай бўлди-ю, кўзини очиб яна осмонга қаради.

Юлдузлар энди жой-жойида тўхтаб, сокин нур соча бошлади. Ана Олтин Қозиқ. Унинг ғарб томонидаги Етти Оғайни юлдузлари уфққа оғиб тушиб кетяпти. Шарқдан эса бир тўп бўлиб Ҳулкар юлдузлар кўтарилиб келяпти.

— Бизнинг Қувада ҳам Ҳулкар худди мана шунақа бўлиб чиқар эди, — деди Тоҳир.

Бобур ҳам болалиги ўтган Андижон осмонини эслади. Мана шу Етти Оғайни юлдузлари ўша ерда ҳам Олтин Қозиқни айланиб ўтиб, ғарбга ботиб кетарди. Ўша ерда ҳам Етти Оғайни уфққа бош қўйган сари Ҳулкар юлдузлари осмоннинг баланд жойларига чиқиб борарди. Бобур ўсмирлигида Ҳулкар юлдузларини олмосдан ясалган варракка ўхшатар эди. Думини қувноқ силкитиб учадиган олмос варрак унинг хаёлини яна мусаффо болалик йилларига олиб кетди. Осмон дунёнинг ҳамма жойида бир экани, умрининг бошланишида Андижонда кўрган юлдузлари умрининг охирида Аграда ҳам чақнаб тургани унга сўнгги бир тасаллидек туюлди. Бобур осмонга қараб ётганда яна ёш, соғлом йигитга айланиб, Андижон чорбоғининг супасида ётгандай бўлди.

Бир лаҳзалик бу ширин ҳис кетидан яна шафқатсиз бир қалтироқ босиб келди-ю, юлдузли осмонни гирдобига олиб, гир-гир айлантира бошлади...

Тун ярмидан ошганда Тоҳирнинг ўкириб йиғлагани қоронғи боғни зир титратди...

* * *

Мавлоно Фазлиддин Кобулда Бобурга анвойи рангли мармарлар билан зийнатланган серфайз бир мақбара қуришга улгурди, лекин Хонзода бегим номига мадраса қуриш унга насиб бўлмади, унинг бу орзусини орадан юз йиллар ўтгандан сўнг Бобурнинг чевараси Шоҳ Жаҳон қурдирган машҳур Тож Маҳалда улуғ ҳинд меъморлари рўёбга чиқарган бўлсалар эҳтимол.

Тоҳир «Бобурнома»дан кўчирилган нусхаларни адибнинг Андижондаги, Тошкент ва Самарқанддаги мухлисларига элтиб топширгач, ўзи Робия билан бирга Қувага қайтди. Улар умрларининг қолган қисмини туғилган юртларида ўтказдилар. Бироқ ўғиллари Сафарбек мавлоно Фазлиддиннинг фарзандлари билан бирга Аграда умрбод қолдилар ва ўша ерда оила қуриб, ҳинд халқига қўшилиб кетдилар.

Бобур тузган улкан давлат ўз қудрати ва маданий ёдгорликлари билан жаҳонга танилиб, уч аср умр кўрди-ю, тарихда қолди. Унинг ўғил авлодлари бугунги кунга етиб келолмадилар — энг охирги бобурийлар ўтган асрларда инглиз мустамлакачилари даврида маҳв этилди.

Фақат Бобур ўз қўли билан ёзган асарлар ҳалигача тирик бир қалбнинг ҳароратига тўлиб, одамларга ҳамон маънавий озиқ ва завқ беряпти. Тўғри, унинг бир умри қоронғи осмонда оловли из қолдириб учган юлдуздек тез сўнди. Лекин ўлмас асарлари саҳифасида салкам беш асрдан бери давом этиб келаётган иккинчи умри— бу юлдузнинг тундан тонгга қараб учганини ва ўз нурини келажакка йўналтирганини айтиб турибди. Бобур қ��лб ўтига йўғириб яратган маданий мерос бугунги сернур авлодларни баҳраманд қилгани сари унинг ана шу иккинчи умри ҳам қоронғи тунлардан кейинги ёруғ кунларда астойдил обод бўляпти.

Xushnudbek.uz каналига уланиш: 👇

https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ