Аҳмад Аъзам. Одамнинг исми
(“Ўзим билан ўзим” новелласидан фрагмент)
Лотин ёзувидаги матн пастда берилган
Нега фақат битта исмга қарамман: Аҳмад, деб чақирсалар, лаббай, деб чопиб бораман.
Мен шу Аҳмад деган исмга боғлиқман, сен ўзи кимсан, деб сўрасалар, Аҳмадман, дейман.
Қаерда неки иш қилсам, яхшиси ҳам, ёмони ҳам исмимга ўтади: Аҳмад ундоқ қилибди, Аҳмад бундоқ қилибди. Баъзи пайтлари эса одамлар менинг кимлигимни эмас, фақат Аҳмад деган исмнигина биладигандек, уларга ўзим эмас, фақат исмим керакдек, исмим менга тегишли ҳамма яхшию ёмон томонларни эгаллаб, ўзимга ҳеч нарса қолмаётгандек туюлади. Менинг эса дўстларим каби Солиҳ, Олим, Хуршид, Мурод бўлгим келади, кимсан, деб сўрашса, Солиҳман, Олимман, Хуршидман, Муродман — Дўстман деб айтишни истайман.
Наҳотки, умрим битта исмга боғланиб ўтиб кетади, деб эзиламан. Доим мен исмимга қарамман, аммо исмим биргина менга нисбат эмас, у мендан бошқа одамларни ҳам ўзига қаратган. Бу исм мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам бўлаверади, одамлар менинг бор-йўқлигимга қарамай, болаларига Аҳмад деб исм қўяверадилар.
Бир куни дўппимни мундоқ бошдан олиб қўйиб, ўйлай бошладим: волидаи муҳтарама заминда яна қанча Аҳмад бор? Ўзбеклар билан бирга тожик, қозоқ, туркман, озарбайжон, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур, татар, бошқирд, авар, дарғин, қалмиқ каби мамлакатимиздаги бошқа миллатларда ҳам Аҳмад деган қардошлар бисёр экан. Ахир, Ақмат, Ахмет, Амет, Амит, Амаджон деганларнинг бари битта — Аҳмад-да!
Хаёлан мамлакатлар сарҳадларидан ошиб, ўйлай бошласам, ер юзининг ҳамма мавзеларига Аҳмад деганлар сочилиб кетган экан.
Дунёда шунча кўп Аҳмад борлигидан кўнглим анча таскин топди.
Бирданига уларни кўргим келиб қолди. Йўқ, мамлакатма-мамлакат кезиб саёҳатга чиқмадим. Шу турган жойимдан Асқартоғнинг тепасига чиқиб, жумла-жаҳоннинг ҳамма мавзеларига товушимни етказиб: “Ҳой, Аҳмад!”— деб бир наъра қилган эдим, Аҳмад деганнинг бари, лаббай, деб чопиб келди.
Ўҳ-ҳў, шунча кўп аҳмадлар йиғилдики, Асқартоғнинг теграсига одам сиғмай кетди: қўлимни пешанамга қўйиб, ҳарчанд тикиламан, аҳмадларнинг адоғи кўринмайди! Оқ танли, сариқ танли, қора танли, қизил танли, бир хилларининг узоқ йўлда чопиб келганидан, афт-ангорини чанг босиб, қанақа танли эканини ҳам билиб бўлмайди.
Одам исмининг оҳанрабоси шунчалар зўр эканми, озодлик деб ҳибсга тушган нечов-нечов аҳмадлар чақириғимни эшитгач, кишанларни синдириб, турмаларни йиқиб, йўлдаги мамлакатларнинг чегараларини бузиб етиб келибдилар; ошини ошаб, ёшини яшаб, оёқдан мадори кетган кўп қарриқурри аҳмадлари узрларини етказишни навқирон аҳмадларга қайта-қайта тайинлаб қолибдилар; мишиғини эплолмайдиган жужуқ, чурвақа аҳмадчалар ўз миллати тилида: “Манам бойаман” (масалан, форсчаси: “Манам ме-йавам”), деб йиғлаб эргашган экан, уларни катта аҳмадлар: “У ёқдан сенларга шунақа ҳуштак олиб келамизки, пуфласанглар, отларинг чалинади”, деб аврабдилар; Эрону Ироқда аҳмадлар бир-бири билан урушиб ётган экан, чақириғим етиб боргач, қуролларини ташлаб, бирга, униси йиқилса — буниси турғизиб, буниси йиқилса — униси турғизиб чопаверибдилар.
Мен Суринам деган мамлакатни Африкада деб юрсам, у Америкада бўлиб, ўша тупканинг тагида ҳам аҳмадлардан бор экан. Уругвай, Парагвай деган мамлакатлардан ҳам талай аҳмадлар келди. Аҳмадлар у ёқларда нима қилиб юрибди, деб ҳайрон бўлсам, уларнинг ота-боболари аввал Африкадан Андалузияга, у ердан Лотин Америкасига улоқиб бориб, ўша ерларда муқим туриб қолган экан. Кўп аҳмадлар тирикчилик ғамида Европада ҳам тентиб юрган эканлар, шулар ҳам сармоядорларнинг ишдан бўшатиб юборишларидан қўрқмай (у ёқларда мусофирларга бундан оғирроқ жазоларни ҳам тап тортмай қўллайверишади), ҳамма нарсани шу ҳолича ташлаб келаверибдилар.
Ҳа-я, Европа, Америка, Африкада Амадео, Амадей, Амаду деганлар ҳам йўлга отланишган экан, аҳмадлар фақат “Аҳмад” исмли одамларни чақирди, деб йўлдан қайтаришибди. “Бекор қилибсизлар, исми анча уйқаш экан, келишса бўларди”, деб афсусландим.
Лекин кунчиқар мамлакати — Япониядан бир Ямато деган одам, қулоғи сал чатоқроқ эшитар эканми, “Амат-о!”, деб чақиряпти” деб ўйлаб, келаверибди, бунга қувондим.
Бизнинг ~азирада ҳам Аҳмад деган подачи бир қўшнимиз бор эди, қарасам, шу ҳам юрибди. “Ҳў, Аҳ-мад ака, қишлоқнинг подасини беэга қолдирдингизми?”, деб ташвишлансам, у: “Шу пайтда пода кўзга кўринадими!”— дейди…
Хуллас, жумла-жаҳоннинг минг туман, миллион-миллион аҳмадлари бир жойга жам бўлди.
Кел-э, бу дунёда мендан ҳам бир хайрли иш қолсин, деб ўйладим-да, адашларимга қараб: “Бир-бирларинг билан танишиб олинглар”, дедим. Бу гапимни ўзимизнинг мамлакат аҳмадлари ҳамма хорижий аҳмадларга таржима қилиб бердилар — ялпи таълимнинг кучи шунда билинди.
Танишиш маросими, яширмаслик керак, бир оз кулгига ҳам сабаб бўлди, чунки қайси адашим кимга: “Менинг исмим — Аҳмад”, деса униси: “Мен ҳам Аҳмадман”, дейди, сўраган Аҳмад: “Ҳазиллашманг”, деб кулиб юборади.
Турфа миллат, турфа тилли, турфа шамойилли аҳмадлар дунёда шунча кўп Аҳмад борлигини бунгача ўйлаб хам кўришмаган экан, аввалига ишонмадилар, кейин эса роса қувондилар. “Шунча вақтдан бери бир-биримиздан бехабар юраверган эканмиз-да”, деб ўкинганлари ҳам бўлди.
Кейин Аҳмадлар бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашга тушдилар; миллатинг нима, ҳукуматларинг қанақа, маошинг қанча, қарамоғингда нечта жон бор, ишлаб топганинг рўзғорга етадими, етмаса — ёрдам берайлик, ахир бегона эмас, ўзимизнинг Аҳмадсан, топганингда қайтарарсан…
Бу ёғи энди ўз-ўзидан аён: душманингдан бунақа ҳол-аҳвол сўрамайсан, ахир.
Ҳамма аҳмадлар дўстлашиб кетишди.
Шундоқ аҳил адашларимга қараб туриб, исмим Аҳмад эканидан, аҳмадларнинг кўплигидан, роса кўнглим кўтарилиб, бошим осмонга етди. Бундан буён Аҳмад исмимга минбаъд доғ туширмайман, ёмонотлига чиқсам, одамлар болаларига менинг исмимни қўйишни бас қилиб, тағин аҳмадлар камайиб кетмасин, деган ниятни ҳам кўнглимга маҳкам тугдим.
Кейин аҳмадлар ичида бўлай, дедим-да, Асқартоғдан тушиб, адашларимга аралашиб, ораларида адашиб кетдим.
Биз аҳмадлар бошқа-бошқа мамлакатларда яшасак ҳам, мақсадимиз — тинч, озод яшаш, шундан исмимиз битта, келинглар, бундан сўнг борди-келди қилайлик, оғир кунимизда бир-биримизга елкадош бўлайлик, яхши кунларда қувончимизни баҳам кўрайлик, деб гапни бир жойга қўйдик.
Ҳар бир Аҳмад ўзи яшаётган мамлакатда, агар у озод бўлса, озодлигини яна ҳам мустаҳкамлаш учун, озод бўлмаса, озодлик учун курашсин: замон нотинч, ҳар бир Аҳмад ўз элида тинчликни ўйласин, бошқа исмдаги одамларни ҳам аҳилликка ундасин, деб бир қарорга келдик.
Аҳмад деган-ном — дунёдаги жами аҳмадлар лашкарининг байроғи, бу байроқ ҳар қандай машаққатли дамларда ҳам баланд кўтарилиб турсин, деган таклиф бир овоздан қабул қилинди.
Ана шундай якдил, яктан руҳ билан хўшлашдик. Бир талай аҳмадлар, таъсирчанроқ эканми, хайрлашаётганда йиғлаб юбориб, бошқа аҳмадларнинг ҳам кўнглини бузди. Майли, нима бўпти, меҳр миллат, чегара билмас экан, шундай зўр йиғинда йиғламасак, қайсиқачон йиғлаб юрувдик, бунақа кўзёш яхшиликка, деб намли кўзларимизни ҳеч биримиз бекитмадик…
Мен энди Солиҳ, Олим, Хуршид, Муроднигина эмас, Шавкатни ҳам, Йўлдошни ҳам, Эркинни ҳам, Усмонни ҳам, Яшарни ҳам, Мирзони ҳам, Алишерни ҳам, хуллас, барча дўст таниш-билишларимни менга ўхшаб Асқартоғнинг тепасига чиқинглар-да, “Ҳой Солиҳ” ёки “Ҳой Олим!..” деб чақиришга ундамоқчиман.
Кимнингки исми Одам бўлса, шу ишга чорламоқчиман. Бу энди амалга ошмайдиган ҳавойи орзу эмас, ҳақиқат: агар Одам кўнглининг энг баланд чўққисидан туриб, кўкрагини улуғ ниятларга тў-ўлдириб: “ҲОЙ ОДАМ!”, деб жумла жаҳоннинг ҳамма овлоқ бурчакларигача товушини етказиб наъра қилса, минг-минг туман, миллион-миллион одам лаббай, деб чопиб келадилар.
Агар дунёдаги ҳамма одам ОДАМЛИК деган битта байроқ остида тўпланса, тасаввур қиласизми, ҲОЙ ОДАМ!..
==========
Ahmad A’zam. Odamning ismi
(“O‘zim bilan o‘zim” novellasidan fragment)
Nega faqat bitta ismga qaramman: Ahmad, deb chaqirsalar, labbay, deb chopib boraman.
Men shu Ahmad degan ismga bog‘liqman, sen o‘zi kimsan, deb so‘rasalar, Ahmadman, deyman.
Qayerda neki ish qilsam, yaxshisi ham, yomoni ham ismimga o‘tadi: Ahmad undoq qilibdi, Ahmad bundoq qilibdi. Ba’zi paytlari esa odamlar mening kimligimni emas, faqat Ahmad degan ismnigina biladigandek, ularga o‘zim emas, faqat ismim kerakdek, ismim menga tegishli hamma yaxshiyu yomon tomonlarni egallab, o‘zimga hech narsa qolmayotgandek tuyuladi. Mening esa do‘stlarim kabi Solih, Olim, Xurshid, Murod bo‘lgim keladi, kimsan, deb so‘rashsa, Solihman, Olimman, Xurshidman, Murodman — Do‘stman deb aytishni istayman.
Nahotki, umrim bitta ismga bog‘lanib o‘tib ketadi, deb ezilaman. Doim men ismimga qaramman, ammo ismim birgina menga nisbat emas, u mendan boshqa odamlarni ham o‘ziga qaratgan. Bu ism mendan oldin ham bor edi, mendan keyin ham bo‘laveradi, odamlar mening bor-yo‘qligimga qaramay, bolalariga Ahmad deb ism qo‘yaveradilar.
Bir kuni do‘ppimni mundoq boshdan olib qo‘yib, o‘ylay boshladim: volidai muhtarama zaminda yana qancha Ahmad bor? O‘zbeklar bilan birga tojik, qozoq, turkman, ozarbayjon, qirg‘iz, qoraqalpoq, uyg‘ur, tatar, boshqird, avar, darg‘in, qalmiq kabi mamlakatimizdagi boshqa millatlarda ham Ahmad degan qardoshlar bisyor ekan. Axir, Aqmat, Axmet, Amet, Amit, Amadjon deganlarning bari bitta — Ahmad-da!
Xayolan mamlakatlar sarhadlaridan oshib, o‘ylay boshlasam, yer yuzining hamma mavzelariga Ahmad deganlar sochilib ketgan ekan.
Dunyoda shuncha ko‘p Ahmad borligidan ko‘nglim ancha taskin topdi.
Birdaniga ularni ko‘rgim kelib qoldi. Yo‘q, mamlakatma-mamlakat kezib sayohatga chiqmadim. Shu turgan joyimdan Asqartog‘ning tepasiga chiqib, jumla-jahonning hamma mavzelariga tovushimni yetkazib: “Hoy, Ahmad!”— deb bir na’ra qilgan edim, Ahmad deganning bari, labbay, deb chopib keldi.
O‘h-ho‘, shuncha ko‘p ahmadlar yig‘ildiki, Asqartog‘ning tegrasiga odam sig‘may ketdi: qo‘limni peshanamga qo‘yib, harchand tikilaman, ahmadlarning adog‘i ko‘rinmaydi! Oq tanli, sariq tanli, qora tanli, qizil tanli, bir xillarining uzoq yo‘lda chopib kelganidan, aft-angorini chang bosib, qanaqa tanli ekanini ham bilib bo‘lmaydi.
Odam ismining ohanrabosi shunchalar zo‘r ekanmi, ozodlik deb hibsga tushgan nechov-nechov ahmadlar chaqirig‘imni eshitgach, kishanlarni sindirib, turmalarni yiqib, yo‘ldagi mamlakatlarning chegaralarini buzib yetib kelibdilar; oshini oshab, yoshini yashab, oyoqdan madori ketgan ko‘p qarriqurri ahmadlari uzrlarini yetkazishni navqiron ahmadlarga qayta-qayta tayinlab qolibdilar; mishig‘ini eplolmaydigan jujuq, churvaqa ahmadchalar o‘z millati tilida: “Manam boyaman” (masalan, forschasi: “Manam me-yavam”), deb yig‘lab ergashgan ekan, ularni katta ahmadlar: “U yoqdan senlarga shunaqa hushtak olib kelamizki, puflasanglar, otlaring chalinadi”, deb avrabdilar; Eronu Iroqda ahmadlar bir-biri bilan urushib yotgan ekan, chaqirig‘im yetib borgach, qurollarini tashlab, birga, unisi yiqilsa — bunisi turg‘izib, bunisi yiqilsa — unisi turg‘izib chopaveribdilar.
Men Surinam degan mamlakatni Afrikada deb yursam, u Amerikada bo‘lib, o‘sha tupkaning tagida ham ahmadlardan bor ekan. Urugvay, Paragvay degan mamlakatlardan ham talay ahmadlar keldi. Ahmadlar u yoqlarda nima qilib yuribdi, deb hayron bo‘lsam, ularning ota-bobolari avval Afrikadan Andaluziyaga, u yerdan Lotin Amerikasiga uloqib borib, o‘sha yerlarda muqim turib qolgan ekan. Ko‘p ahmadlar tirikchilik g‘amida Yevropada ham tentib yurgan ekanlar, shular ham sarmoyadorlarning ishdan bo‘shatib yuborishlaridan qo‘rqmay (u yoqlarda musofirlarga bundan og‘irroq jazolarni ham tap tortmay qo‘llayverishadi), hamma narsani shu holicha tashlab kelaveribdilar.
Ha-ya, Yevropa, Amerika, Afrikada Amadeo, Amadey, Amadu deganlar ham yo‘lga otlanishgan ekan, ahmadlar faqat “Ahmad” ismli odamlarni chaqirdi, deb yo‘ldan qaytarishibdi. “Bekor qilibsizlar, ismi ancha uyqash ekan, kelishsa bo‘lardi”, deb afsuslandim.
Lekin kunchiqar mamlakati — Yaponiyadan bir Yamato degan odam, qulog‘i sal chatoqroq eshitar ekanmi, “Amat-o!”, deb chaqiryapti” deb o‘ylab, kelaveribdi, bunga quvondim.
Bizning ~azirada ham Ahmad degan podachi bir qo‘shnimiz bor edi, qarasam, shu ham yuribdi. “Ho‘, Ah-mad aka, qishloqning podasini beega qoldirdingizmi?”, deb tashvishlansam, u: “Shu paytda poda ko‘zga ko‘rinadimi!”— deydi…
Xullas, jumla-jahonning ming tuman, million-million ahmadlari bir joyga jam bo‘ldi.
Kel-e, bu dunyoda mendan ham bir xayrli ish qolsin, deb o‘yladim-da, adashlarimga qarab: “Bir-birlaring bilan tanishib olinglar”, dedim. Bu gapimni o‘zimizning mamlakat ahmadlari hamma xorijiy ahmadlarga tarjima qilib berdilar — yalpi ta’limning kuchi shunda bilindi.
Tanishish marosimi, yashirmaslik kerak, bir oz kulgiga ham sabab bo‘ldi, chunki qaysi adashim kimga: “Mening ismim — Ahmad”, desa unisi: “Men ham Ahmadman”, deydi, so‘ragan Ahmad: “Hazillashmang”, deb kulib yuboradi.
Turfa millat, turfa tilli, turfa shamoyilli ahmadlar dunyoda shuncha ko‘p Ahmad borligini bungacha o‘ylab xam ko‘rishmagan ekan, avvaliga ishonmadilar, keyin esa rosa quvondilar. “Shuncha vaqtdan beri bir-birimizdan bexabar yuravergan ekanmiz-da”, deb o‘kinganlari ham bo‘ldi.
Keyin Ahmadlar bir-birlaridan hol-ahvol so‘rashga tushdilar; millating nima, hukumatlaring qanaqa, maoshing qancha, qaramog‘ingda nechta jon bor, ishlab topganing ro‘zg‘orga yetadimi, yetmasa — yordam beraylik, axir begona emas, o‘zimizning Ahmadsan, topganingda qaytararsan…
Bu yog‘i endi o‘z-o‘zidan ayon: dushmaningdan bunaqa hol-ahvol so‘ramaysan, axir.
Hamma ahmadlar do‘stlashib ketishdi.
Shundoq ahil adashlarimga qarab turib, ismim Ahmad ekanidan, ahmadlarning ko‘pligidan, rosa ko‘nglim ko‘tarilib, boshim osmonga yetdi. Bundan buyon Ahmad ismimga minba’d dog‘ tushirmayman, yomonotliga chiqsam, odamlar bolalariga mening ismimni qo‘yishni bas qilib, tag‘in ahmadlar kamayib ketmasin, degan niyatni ham ko‘nglimga mahkam tugdim.
Keyin ahmadlar ichida bo‘lay, dedim-da, Asqartog‘dan tushib, adashlarimga aralashib, oralarida adashib ketdim.
Biz ahmadlar boshqa-boshqa mamlakatlarda yashasak ham, maqsadimiz — tinch, ozod yashash, shundan ismimiz bitta, kelinglar, bundan so‘ng bordi-keldi qilaylik, og‘ir kunimizda bir-birimizga yelkadosh bo‘laylik, yaxshi kunlarda quvonchimizni baham ko‘raylik, deb gapni bir joyga qo‘ydik.
Har bir Ahmad o‘zi yashayotgan mamlakatda, agar u ozod bo‘lsa, ozodligini yana ham mustahkamlash uchun, ozod bo‘lmasa, ozodlik uchun kurashsin: zamon notinch, har bir Ahmad o‘z elida tinchlikni o‘ylasin, boshqa ismdagi odamlarni ham ahillikka undasin, deb bir qarorga keldik.
Ahmad degan-nom — dunyodagi jami ahmadlar lashkarining bayrog‘i, bu bayroq har qanday mashaqqatli damlarda ham baland ko‘tarilib tursin, degan taklif bir ovozdan qabul qilindi.
Ana shunday yakdil, yaktan ruh bilan xo‘shlashdik. Bir talay ahmadlar, ta’sirchanroq ekanmi, xayrlashayotganda yig‘lab yuborib, boshqa ahmadlarning ham ko‘nglini buzdi. Mayli, nima bo‘pti, mehr millat, chegara bilmas ekan, shunday zo‘r yig‘inda yig‘lamasak, qaysiqachon yig‘lab yuruvdik, bunaqa ko‘zyosh yaxshilikka, deb namli ko‘zlarimizni hech birimiz bekitmadik…
Men endi Solih, Olim, Xurshid, Murodnigina emas, Shavkatni ham, Yo‘ldoshni ham, Erkinni ham, Usmonni ham, Yasharni ham, Mirzoni ham, Alisherni ham, xullas, barcha do‘st tanish-bilishlarimni menga o‘xshab Asqartog‘ning tepasiga chiqinglar-da, “Hoy Solih” yoki “Hoy Olim!..” deb chaqirishga undamoqchiman.
Kimningki ismi Odam bo‘lsa, shu ishga chorlamoqchiman. Bu endi amalga oshmaydigan havoyi orzu emas, haqiqat: agar Odam ko‘nglining eng baland cho‘qqisidan turib, ko‘kragini ulug‘ niyatlarga to‘-o‘ldirib: “HOY ODAM!”, deb jumla jahonning hamma ovloq burchaklarigacha tovushini yetkazib na’ra qilsa, ming-ming tuman, million-million odam labbay, deb chopib keladilar.
Agar dunyodagi hamma odam ODAMLIK degan bitta bayroq ostida to‘plansa, tasavvur qilasizmi, HOY ODAM!..
Xushnudbek.uz каналига уланиш: 👇