Ҳикоялар
February 20, 2019

Абдулла Қодирий. Улоқда (ҳикоя)

УЛОҚДА*

I

Кеча дадамдан сўраб қўйганим учун бугун акам ҳам «керак эмас, борма» деган жекиришини қилмади. Чойни наридан-бери ичиб, отхонага югурдим.

Дадам билан ойим:

— Оёғинг олти, қўлинг етти бўлиб қолдиёв! — деб кулишиб қолдилар.

Қашлоғични олдим-да, қора қашққамни яланғочлаб уёқ-буёғини қашлаб чиқдим. Жонивор типир-типир қилади, бош чайқайди, ер тепинади, дум силкитади… Шунинг билан менинг кўнглимга: «Худо хоҳласа келаси йилга бир улоқлар чопайки, ҳамма мени: «Турғун чавандоз», деб атасин деган орзулар тушади.

Улуғ ҳайитдаги ҳайитликка олдирган мўғул эгарча билан ғалатича қилиб тойчамни эгарладим. Тоғамга ялиниб-ялпоғланиб олдирган ўрус юганни артиб-суртиб солдим-да, ўзим четроқдан туриб кам-кўстини кузатдим:

— Қуюшқони ҳам ўрнида, эгар ҳам яхши қўнган, қоринбоғи ҳам жипс, юган ҳам тўраларникидек! Лекин умулдириғининг йўқлиги бироз кўнглимни ғаш қилди. Анчагина ўйлаб турганимдан кейин, акамнинг юган учун асраб қўйган қайиши эсимга тушиб, секингина ертўладан ҳалиги қайишни олиб чиқиб, умулдириқ ясадим.

Энди тойчам жуда ҳам гижинглаб, худди тўраларникидек бўлиб кетди. Уёқ-буёғини супургандан кейин устунга қантариб қўйдим. Энди қолди: оқ жужунча камзулимни, ўрисча шимни, амиркон этикни, бахмал тўппини кийиш… Ана шундан кейин отга минсак чин тўрача бўламиз-да!

Ойимнинг бир қизиқ одати бор: ҳар қачон янгироқ кийим киймоқчи бўлсам, кўзини ола-кула қилиб: «Қақшағир, кир қиласан, тўй-пўйга борганда киярсан!» — деб қарғай бошлайди. Озгина «шайтон йиғиси» қилмагунингча иш ўнгланмайди. Бу гал ҳам ўшандоғ йиғидан қилиб олганимдан кейин, кийимларимни кийиб, шоҳи қийиқчамни белимга боғлаб олдим. Ойимга билдирмасдан секингина уйга кириб, дадамнинг кумуш чопқон қамчисини ичимга тиқиб, ташқарига чиқдим.

Хизматчи гўшт келтириб турган экан. Отхонадаги қора қашқани кўчага чиқариб туришга буюриб, гўштни ойимга киргизиб бердим-да, ташқарига қараб чопдим.

Ойим орқамдан:

— Кийимларингни кир қилма, тойингни қаттиқ чоптирма, улоқчилар орасига кириб, бирор ҳодисага йўлиқма, ўртоқларинг билан бир четда туриб томоша қил! — деб жавраб қолди.

Хизматчидан отни олиб миндим. Тўнимнинг этакларини йиғиштириб, қашқачамнинг човига бир-икки қамчи берган эдим, жонивор шаталоқ отиб кетди. Хизматчининг: «Ҳа, баракалла! Чавандоз!» деган товушини эшитиб, қаттиқроқ қамчилаб эдим, жонивор қашқачам кўтариб кетаёзди.

II

Чуқур ариқдан тойимни суғориб чиқаётганимда бир тўда улоқчи-чавандозлар учраб қолдилар. Уларнинг баъзилари акамнинг ўртоқлари эдилар, мен билан сўрашдилар. Улардан бири акамнинг қаердалигини сўраган эди, мен эрталаб улоққа кетганлигини айтдим.

— Бизнинг Маҳкамбой улоққа жуда ҳам ишқибоз-да! — деди ҳалиги йигит.

— Йўл бўлсин, бойвачча? — деб сўради мендан яна бери. Мен уялинқирадим:

— Улоққа! — дедим.

— Баракалла, чавандоз! Баракалла, Турғун чавандоз! — дейишди улар. Айниқса мени «чавандоз» деб аташлари жуда ҳам кайфимни келтириб, ичимдан: «Отангга раҳмат», — деб қўйдим.

Биз бир дуркум отлиқ борамиз. Жонивор тойчам бошқа отлардан қолишмайди ва гоҳо уларнинг отларидан ўтиб ҳам кетади. Тойчам ўта қолса: «Отингиз жуда ҳам йўрға экан-да, бойвачча», — деб менга пичинг отишадилар.

Ҳа ким ҳар нарсадан баҳс қилади, орада менга ҳам сўз қотиб қўядилар. Мен уяламан. Сўз уриниб яна Маҳкам акам устида тўхталди:

— Шу чоққача кўп улоқчи кўрдим, лекин Маҳкамдек улоққа серзавқини кўрмадим! — деди биттаси.

— Маҳкам бойваччанинг ота-бобоси улоқчи бўлиб келган-да! — деди Собир тегирмончининг ўғли.

— Ахир, ўн икки яшар укасини кўрмайсизми, шу ёшидан улоқ чопмоқчи!

Бу сўздан менинг аъзойи баданим жимирлашиб кетди ва оз қолдики кулиб юборсам.

— Дадам Маҳкамнинг бобосининг улоқ чопишини гапираверса киши ҳайрон қолади, — деди яна бир мўйлови шопдек йигит, — юз, икки юз чавандоз ичидан ёппа-ёлғиз улоқни ажратиб чиқар экан-да!

— У вақтнинг одамини улоқнинг пири десанг-чи! — деди Собир тегирмончининг ўғли.

— Отинг яхши ва билагингда куч сероб бўлса, сен ҳам улоқнинг пири бўласан! — деди яна бири.

Мен бобомнинг мақтовини эшитиб, кеккайиб бормоқдаман… Шу пайтда орқамиздан от шаталоғи эшитилиб, қайрилиб қараган эдик, олдига бир ола эчкини ўнгарган, кўкраги очиқ, яктакчан, саман отлиқ бир йигитни кўрдик. У бизга етиб тўхтади ва ҳамма билан от устида туриб сўрашди.

— Бу ҳафта ёрдамлашасиз-да, карвон! — деди кулимсираб Тўғон ака.

— Ҳа, бўлмасам-чи, сиздек оғайниларга кўмаклашмасам бўладими! — деди ҳалиги йигит ва тўзумсизланди: — Қани, илдамроқ юринглар!

Йигит билан биргалашиб кетдик. Бироз боргач, бизнинг отимизнинг оёғи билан чавандоз йигитнинг сабри тугади шекилли, отига бирдан шартиллатиб қамчи берди ва қушдек учиб кетди. Биз, фақат унинг: «Мен тезроқ борай», — деган сўзини эшитиб қолдик.

Энди сўз ҳалиги чавандознинг оти тўғрисида бошланди.

— Валаднинг оти жуда ҳам чопқир-да, — деди Тўғон ака, — улоқчи бўлганингга яраша шундақанги отинг бўлса!

— Худди бодирафрафдек учади! — деди мўйлови шопдек йигит.

Шу вақт нима учундир ҳамма бирдан шарақлаб кулиб юборди. Кулги сабабига тушунмасам-да, мен ҳам уларга қўшилиб кулишдим.

— Бодирафрафми, бодисарсар? — деб сўради ундан аллаким.

III

Биз, акамга «Дўмбуровот» гузарида учрадик. Акамлар самоварчига палов дамлаб қўйиш учун ўзаро пул йиғиб беришгандан кейин, биз яна йўлга тушдик.

Даланинг кўчаси қишдан бошқа вақтда сув кўрмагани учун икки газ келадиган билқ-билқ гуппон тупроқ, йигирма-ўттиз улоқчи бирданига йўл босиб, қайси отини чоптириб, қайси лўкиллатиб боради.

Кўчани тўзон қоплаган, киши кишини танимаслик ҳолга келган. Мен бўлсам уйга қайтиб борганимда: «Кийимларингни пес қилибсан!» — деб ойимнинг қарғишидан қўрқиб бораман.

Талайгина йўл босгандан кейин улоқ чопиладиган жойга етдик. Ўзи, тўрт тарафи кўз илғамайтирғон даражада катта ва сайҳон бир ер экан. Бу жойга жуда кўп халқ йиғилган, бундаги улоқчи отлиқлар билан томошачи яёвларнинг ҳад-ҳисоби йўқ.

Катта садақайрағочнинг тагида иккита бордондек самоварга ўтин қалаб қайнатадилар. Ундан нарироқда бир-икки киши уч-тўрт қоп бодрингни бир-бирисига тираб қўйиб: «Мирза қирон бодиринг! Касир-кусир бодиринг!» деб мақташадилар.

Акамлар саданинг остига — самоварчининг палосига отдан қўндилар. Кун қизиғида туриш қийин бўлгани учун, мен ҳам тойчам билан садақайрағочнинг бир бағрига бориб турдим. Теваракдаги кишилар бир менга ва бир тойчамга қарайдилар. Мен уялиб тойчамнинг ёлини тарайман. Теварагимдаги кишилар орасида вағир-вуғур гап, тўзумсизланиб улоқнинг бошланишини кутадилар. Бириси: «Бугун улоқ қизимайди», — деса, иккинчиси: «Бекор айтибсан, бугун улоқ жуда ҳам қизийди, чунки Салим билан Мурод чавандозлар келар эмиш», — дейди. Яна бири: «Ҳа, ҳа! Агар Салим келса, улоқ жуда ҳам қизир экан!» — деса, аллаким: «Салимнинг оти қозоқи от, қамчи кўтармайди, ҳайт деса бас!» — дейди. Тағин биров: «Улар уч киши эди, икки йилдан бери бири кўринмай қолди, ана ўшанисига чавандоз боласи бас келолмас эди!» — деса, яна аллаким: «ўлма, ўлма! Мен ҳам шуни кўпдан бери кўрмайман, гирдиғумдан келган, ердан бичиб олгандек йигит-а?» «Балли, балли! Отангга раҳмат, худди ўша йигит, қанча сўроғласам ҳеч кимдан дарагини билолмадим!»

Шу йигитнинг устида анчагина жанжал бўлиб олди, бири: «ўлиб кетган», — деса, иккинчиси: «Тирик!» — деб қичқиради. Уларга яна бириси қарши туриб: «От босган, докторхонада ўлган!» — дейди, сўфироқ бир одам: «Бировга ёмон нафас қилманглар!» — деган эди, аллақайси киши: «ўлса ўлгандир, бунга нима жанжал!» — деб қўйди, тағин биров: «Бекор ҳам ўлтирибмиз-да!» — деб кулди. Яна: «Сираси-сираси!» Тағин шовқин-сурон, яна: «Ҳа, ҳа!» Тағин: «Йўқ, йўқ»…

Бир кишининг: «Ана улоқ келди!» деб юбориши билан ҳамма тип-тинч бўлиб, улоққа қараб қолди. Яна бир оздан кейин: «Улоғи ёш экан! Яхши чавандозга учурвоқ ҳам бўлмайди!» «Шуниси тузук, шуниси!» — деган жанжа�� бошлаган ҳам эди, майдонга икки чавандознинг от ўйнатиб кириши ҳамманинг товушини ўчириб қўйди ва секин-секин: «Салим чавандоз!» «Мурод чавандоз!» деган шивирлашишлар эшитилиб қолди.

— Қораси Салимми, чўтири?

— Салимнинг билаги кучликка ўхшайди!

Чавандозларнинг бириси кўк човкар ва иккинчиси ола отга минган баҳайбат чапани йигитлар эдилар. Булар келгандан кейин халқ чидамсизланиб қолди:

— Ана энди чин улоқ кўрасан! — дейишадилар.

— Букун қиёмат улоғи бўлар экан! — деб бошларини чайқатиб қўядилар.

— Муроднинг отини кўр, худди қаноти борга ўхшайди.

— Кўк човкарни айтасанми, тўруқними?

— Ҳар иккаласига от етмайди, иккови ҳам яхши зот!

— Қулоғи чимирилган от чопқир бўлади!

— Қулоқда гап йўқ, гап зотда!

— Йўқ, йўқ! Серкишновда, ўзим синаб кўрдим!

— Қора от чопқир бўлади, деганлар, қораси яхши, қораси!

— Дадам раҳматлик от олганда туёғига диққат қилар эди, гап туёқда.

Баҳслашадилар, ҳар ким ўз ёнидаги билан талашади. Мен ҳам шу тўғрида ўйлаб, уларнинг айтган нишонларини қора қашқамдан қидириб топсам суюниб, топмасам куюниб тураман.

Маҳалламиздаги ўртоқларимдан Нурхон, Ҳайдар соқов, Шокир мишиқилар ҳам отларини лўкиллатиб келиб қолдилар. Биз тўртовимиз отларимизни қатор қўйиб, уёқ-буёқдан гаплашиб турдик. Нурхон дадасидан ола йўрғани сўраганда қилган баҳонасини айтиб кулади. Ҳайдар соқов саман отининг йўлда Шокир мишиқининг байталига қараб кишнаганини айтиб, Шокирни масхара қилади. Кулишамиз. Шокир бўлса бурнини торта-торта: «Уялиб кетдим, бундан сўғун бия минмайман», — деб қизариб-бўзарди. Отимнинг умулдириғига уларнинг ҳаваслари келиб, баҳосини сўрашдилар, мен: «ўн беш танга», — деб, кумуш қамчини ҳам кўрсинлар учун ўйнагансимон эгарнинг қошига «тақ-тақ» уриб қўяман. Улар: «Қани, қани, кумушми?» — деб қамчинни қўлимдан олиб кўрадилар. Мен секингина бошимни қимирлатиб, ўзимда алланима сезинаман. Уларнинг отларига, ўзимникига, кийимларига, кийимимга қараб, ўзимни улардан аллақанча юқорида кўраман. Ҳайдар соқов тутила-тутила… «Келинглар, бир чоптирайлик», — деди. Нурхон кўнмаса ҳам тортиб олиб кетишди. Уламинг орқасидан Шокир ҳам байталини югуртирди. Чидаб туриб бўлмас экан, улар орқасидан тойчамга бир қамчи бериб юборган эдим, жонивор икки ямлаб бир ютуб, ўн одимда уларни йўлда қолдириб кетди. Анчагина узоқлашганимдан сўнг орқамдагиларга қараган эдим, ҳамманинг кўзида мен эканман. Яна қаттиқроқ ҳайдадим. Қирнинг бир чеккасига бориб отимни тўхтатдим, талай вақтдан кейин улар отларини лўкиллатишиб ёнимга етдилар. Бу ерда отларимизнинг чопқирлиги тўғрисида сўзлашдик. Нурхон, отининг чопмаслигига акасининг иссиқ ҳолда сув берганини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳайдар соқов бўлса Эсон кўкнорининг ўғлини сўка-сўка:

— Бозорга ун учун бораётганимда бехос том бошидан гувала ташлаб юборди. Шундан бери қамчи билан юз минг урсанг ҳам жонивор қулоғини чимириб, ҳуркиб тура беради! — деди.

Менинг қашқачам тўғрисида, Ҳайдар айтади: «Сенинг, — дейди, — отингга ҳеч от боласи етмайди!» — дейди. Нурхон айтади: «Отдан сенинг бахтинг бор экан, лекин, — дейди, — ем-ҳашакни ўзинг бер, хизматкорга ишонсанг отингни бузиб қўяди, ўртоқ, мен сенга бир айтиб қўйдим», — дейди.

Шу ерда узоққина сўзлашиб тургандан кейин яна отни кейинга қараб қўйдик. Тағин улардан ўзиб кетдим. Халққа яқинлашгандан кейин «мени ҳам таниб қўйсинлар» деб қашқачамни уст-устига қамчилашим борми, шамол-да, шамол… энди халқ бир ўзимга ва бир қора қашқамга тикила бошлади. Мен бўлсам, «мени энди танийсизлар!» деб тойимнинг ёлини қамчи сопи билан тараб тура бердим.

IV

Томошачилар орасида яна ола-ғовур қўпти: «Ана, улоқнинг солиғини йиғаётибдилар!», «Улоқ ҳозир бошланади!», «Мурод чавандоз ҳам турди!», «Салим қалпоғини кийди!», «Рўзи қассоб» улоқни бўғизламоқчи, пичоғини қайраяпти!», «Бойваччалар ҳам қўзғалишдилар!», «Салим чопонини ечмоқчига ўхшайди!», «Ҳай баркалла, шоввозлар!»

Ўртоқларим билан мен ҳам улоқнинг тезроқ бошланишини кутмоқдамиз. Чавандозларнинг қайсиси тўнини ечмоқда, баъзиси отининг айилини тортмоқда ва қайси бировлар улоқнинг солиғини бермоқда эдилар. Акам ҳам шоҳи салласи билан беқасам тўнини менга бериб, ўзи ўртага от ўйнатиб кетди.

Улоқчилар бирин-сирин ўртага ғуж бўла бошлаган бўлсалар ҳам, ҳануз улоқ ўртага кирмаган эди. Ҳамма томошачилар сабрсизланиб: «Шу тобгача туя бўғизласа ҳам бўлар эди, улоғи яхлаб қолдими?» — дейишадилар.

Орадан талай вақт ўтгандан кейин, бўғизланган улоғини олдига ўнгариб Ориф саркор ва унинг орқасидан бояги машҳур чавандозлар қалпоқни чаккага қия қўйиб, эгарга қийшиқ ўлтириб ўртага кирдилар. Томошачилар улоқни кўрганлари он: «Хоҳ, жонивор, бормисан!» дейишдилар.

Орадан аллаким: «Улоқнинг қони яхши ювилдими?» — деб сўраган эди, Ориф саркор:

— Хотиржам! — деди ва улоқни шалқ этиб ерга ташлади, сўнгра халққа яқинроқ келиб: «Оғайнилар! Бола-чақаларни четга чиқаринглар, от оёғида қолгудек бўлмасин, ўзларинг ҳам эҳтиётроқ жойда туринглар, ҳайвон билан бўлган иш қийин!» — деб айтди.

Ориф саркор халқдан фотиҳа олиб, отини югуртириб тўдага кетди. Томошачилар тўдадаги ўз яқинларига: «Букун ғайратларингни кўрамиз-да!» — деб бақиришдилар.

Улоқ бошланди…

Бириси олади, иккинчиси тортади. Иккинчисининг ёнига учинчиси ва тўртинчиси қўшилиб, бирдан саккиз томонга тортқилашадилар, орага четдаги улоқчилар ҳам сиқилишиб кириб, яна улоқни буйдалашадилар. Жуда қизиқ… ҳар ким улоқни ўз тақимига босиш ҳаракатида, лекин улоқнинг думидан, оёғидан, ёлидан тортувчилар жуда ҳам кўп. Тўдадан олиб чиқиш жуда қийин. Баъзан улоқни тўдадан олиб чиқувчи ҳам кўриниб қолади, бироқ унинг кетидан улоқчилар чуғурчуқдек ёпирилишиб ўн-ўн беш қадамда тутиб оладилар. Яна тортиш бошланади.

Бу ёқдаги томошачилар: «Тақимга бос, тақимга!», «Отнинг бошини қўй, човига қамчини шиғаб бер!», «Бўш келма, маҳкам тут!», «Юганини бўшат, қамчингни тишлаб ол, ёнингга алаҳсима!», «Олдинг, олдинг!», «Берма, чапга бурул, чапга!», «Тут, қўйма!», «Вой тўймагур, бериб юбординг-а, ўз кўнглингда сен ҳам улоқчисан-да!», «Отинг ҳаром қотсин, отми, эшакми — бу ҳаром ўлгуринг?»… деб ҳар хил товушда бақиришадилар. Улоқ ерга тушиб кетиб қолса, томошабинлардан баъзиси югуриб бориб ердан улоқни азод кўтариб олади, укасими, ошнасими — ишқилиб бирорта яқин кишисига тутқизмоқчи бўлади. Лекин бошқа чавандозлар улоқни ундан олмоқчи бўлиб устига дув йиғиладилар, у бермасликка тиришади, бошқалар ўртага санжоб қилиб сиқадилар. Бечора анчадан кейин оқсоқланиб ёки қўлини силаб ўртадан аранг чиқиб кетади.

Отаси боласини, акаси укасини танимайди, чанг-тўзон, терланган, пишилган, ҳар ким улоқни тақимига босиш қайғусида. Бош ёрилиб, кўз чиққан билан, отдан йиқилиб қўли синган билан парвойи-фалак… Ишқилиб, улоқни тақимга босилса бўлди… Тақимга босиш ўзи жуда ҳам нашъалик-да!

Лекин тақимга босиш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди, тақимга кўпроқ босувчилар бояги чавандозлар; азобланиб, ўлаёзиб бўлса ҳам улоқни тақимга босгач, отга қамчи бериб эллик-олтмиш одим нарига қочиб борадилар-да, яна орқадагилар тарафидан ўралиб олинадилар. Яна тортиш.

Улоқ бошланганидан бирор соат вақт ўтган эди. Бирдан улоқчилар сув қуйгандек тинчиб, тортиш ўрнида тўпланишиб қолдилар. Биз, отлиқ-яёв томошабинлар ҳам ҳаммамиз ўртага югуришдик. Мен кейинроқ борганим учун отлиқ-яёв халқ ўртани сириб олган эди. Мен чеккада қолдим. Ҳар қанча уринсам ҳам ўртага киришнинг эпи бўлмаганидан кейин одамларнинг оғзига қараб турдим. Лекин улоқчилар орасидаги ҳодиса ҳаммага ҳам номаълум эди. Ҳар кимнинг юзида таажжуб ва бир-бирисидан: «Нима гап?» — деб сўрашар эди.

Бир неча дақиқадан кейин: «Қимирлатманг, қимирлатманг!» — деган товуш эшитилиб, халқ яна таажжубга тушди.

— Нари бўлинглар, ҳовв! — деб ўртадан биров бақирди. Халқ бир четлик бўлиб, йўл очди.

— Нима гап, нима гап?

— Ҳеч нарса эмас… Эсонбойни от босипти!

— Қўрқинчли эмасми?

— Йўқ, сағал.

Кишилар бир-бирига қараб: «Фалокат-фалокат», — дейишдилар. Нари тур-бери тур қилиб, беш-олти киши отга босириқ бўлганни ўртадан олиб чиқдилар. Кишиларнинг кўмаги остида келтириб, саданинг остига ётқиздилар.

Дарров бир киши аравага юборилди, биттаси ўзига келармикан, деб ўлгудек бўлиб ётган Эсонбойнинг юзига сув сепиб кўрган эди, қимир этмади.

— Беш-олти отнинг тагида қолди-да, бечора!

— Ўнта отнинг тагида қолса ҳам ҳеч гап эмас-ку, бироқ қалтисроқ жойидан босганга ўхшайди…

— Умри боқи бўлса ҳеч гап эмас.

«Бечора бултурги ҳайитда менга ярим сўм ҳайитлик берган эди. Илоҳи яхши бўлсин», деб кўнглимдан ўтказдим.

Арава келди. Эсонбой акани аравага ётқиздилар. Акам уч-тўртта ўртоқлари билан арава ёнида Эсонбойни кузатиб шаҳарга жўнаб кетди.

— Шўр пахта қилсин, кепак қиздириб боссин, — деб халқ чувурлашиб қолди.

Улар жўнагандан кейин улоқ яна бошланиб кетди. Мен улоқ тугагунча томоша қилиб турдим. Лекин яхшики энди ҳеч кимни от босмади.

* * *

Кеча мени от қоққан экан, ўрнимга киришим билан тирракдек қотиб ухлабман. Эрталаб ойим: «Тур, тур тезроқ, даданг келса наҳ ўлдиради!» — деб устимдан кўрпамни тортиб тишлади. Мен уйқули кўзим билан: «Дадам бозор кетмадими?» — деб сўраган эдим, ойим:

— Эсонбойнинг жанозасида! — деб жавоб берди.

Менинг уйқум ўчди.

________________

* Бу ҳикоя 1915 йилда ёзилган эди. Болалик дайримнинг ёдгори бўлгани учун ортиқча ўзгартиришлар киритмадим (А. Қ.).

=================

Abdulla Qodiriy. Uloqda (hikoya)

ULOQDA*

I

Kecha dadamdan so‘rab qo‘yganim uchun bugun akam ham «kerak emas, borma» degan jekirishini qilmadi. Choyni naridan-beri ichib, otxonaga yugurdim.

Dadam bilan oyim:

— Oyog‘ing olti, qo‘ling yetti bo‘lib qoldiyov! — deb kulishib qoldilar.

Qashlog‘ichni oldim-da, qora qashqqamni yalang‘ochlab uyoq-buyog‘ini qashlab chiqdim. Jonivor tipir-tipir qiladi, bosh chayqaydi, yer tepinadi, dum silkitadi… Shuning bilan mening ko‘nglimga: «Xudo xohlasa kelasi yilga bir uloqlar chopayki, hamma meni: «Turg‘un chavandoz», deb atasin degan orzular tushadi.

Ulug‘ hayitdagi hayitlikka oldirgan mo‘g‘ul egarcha bilan g‘alaticha qilib toychamni egarladim. Tog‘amga yalinib-yalpog‘lanib oldirgan o‘rus yuganni artib-surtib soldim-da, o‘zim chetroqdan turib kam-ko‘stini kuzatdim:

— Quyushqoni ham o‘rnida, egar ham yaxshi qo‘ngan, qorinbog‘i ham jips, yugan ham to‘ralarnikidek! Lekin umuldirig‘ining yo‘qligi biroz ko‘nglimni g‘ash qildi. Anchagina o‘ylab turganimdan keyin, akamning yugan uchun asrab qo‘ygan qayishi esimga tushib, sekingina yerto‘ladan haligi qayishni olib chiqib, umuldiriq yasadim.

Endi toycham juda ham gijinglab, xuddi to‘ralarnikidek bo‘lib ketdi. Uyoq-buyog‘ini supurgandan keyin ustunga qantarib qo‘ydim. Endi qoldi: oq jujuncha kamzulimni, o‘rischa shimni, amirkon etikni, baxmal to‘ppini kiyish… Ana shundan keyin otga minsak chin to‘racha bo‘lamiz-da!

Oyimning bir qiziq odati bor: har qachon yangiroq kiyim kiymoqchi bo‘lsam, ko‘zini ola-kula qilib: «Qaqshag‘ir, kir qilasan, to‘y-po‘yga borganda kiyarsan!» — deb qarg‘ay boshlaydi. Ozgina «shayton yig‘isi» qilmaguningcha ish o‘nglanmaydi. Bu gal ham o‘shandog‘ yig‘idan qilib olganimdan keyin, kiyimlarimni kiyib, shohi qiyiqchamni belimga bog‘lab oldim. Oyimga bildirmasdan sekingina uyga kirib, dadamning kumush chopqon qamchisini ichimga tiqib, tashqariga chiqdim.

Xizmatchi go‘sht keltirib turgan ekan. Otxonadagi qora qashqani ko‘chaga chiqarib turishga buyurib, go‘shtni oyimga kirgizib berdim-da, tashqariga qarab chopdim.

Oyim orqamdan:

— Kiyimlaringni kir qilma, toyingni qattiq choptirma, uloqchilar orasiga kirib, biror hodisaga yo‘liqma, o‘rtoqlaring bilan bir chetda turib tomosha qil! — deb javrab qoldi.

Xizmatchidan otni olib mindim. To‘nimning etaklarini yig‘ishtirib, qashqachamning choviga bir-ikki qamchi bergan edim, jonivor shataloq otib ketdi. Xizmatchining: «Ha, barakalla! Chavandoz!» degan tovushini eshitib, qattiqroq qamchilab edim, jonivor qashqacham ko‘tarib ketayozdi.

II

Chuqur ariqdan toyimni sug‘orib chiqayotganimda bir to‘da uloqchi-chavandozlar uchrab qoldilar. Ularning ba’zilari akamning o‘rtoqlari edilar, men bilan so‘rashdilar. Ulardan biri akamning qayerdaligini so‘ragan edi, men ertalab uloqqa ketganligini aytdim.

— Bizning Mahkamboy uloqqa juda ham ishqiboz-da! — dedi haligi yigit.

— Yo‘l bo‘lsin, boyvachcha? — deb so‘radi mendan yana beri. Men uyalinqiradim:

— Uloqqa! — dedim.

— Barakalla, chavandoz! Barakalla, Turg‘un chavandoz! — deyishdi ular. Ayniqsa meni «chavandoz» deb atashlari juda ham kayfimni keltirib, ichimdan: «Otangga rahmat», — deb qo‘ydim.

Biz bir durkum otliq boramiz. Jonivor toycham boshqa otlardan qolishmaydi va goho ularning otlaridan o‘tib ham ketadi. Toycham o‘ta qolsa: «Otingiz juda ham yo‘rg‘a ekan-da, boyvachcha», — deb menga piching otishadilar.

Ha kim har narsadan bahs qiladi, orada menga ham so‘z qotib qo‘yadilar. Men uyalaman. So‘z urinib yana Mahkam akam ustida to‘xtaldi:

— Shu choqqacha ko‘p uloqchi ko‘rdim, lekin Mahkamdek uloqqa serzavqini ko‘rmadim! — dedi bittasi.

— Mahkam boyvachchaning ota-bobosi uloqchi bo‘lib kelgan-da! — dedi Sobir tegirmonchining o‘g‘li.

— Axir, o‘n ikki yashar ukasini ko‘rmaysizmi, shu yoshidan uloq chopmoqchi!

Bu so‘zdan mening a’zoyi badanim jimirlashib ketdi va oz qoldiki kulib yuborsam.

— Dadam Mahkamning bobosining uloq chopishini gapiraversa kishi hayron qoladi, — dedi yana bir mo‘ylovi shopdek yigit, — yuz, ikki yuz chavandoz ichidan yoppa-yolg‘iz uloqni ajratib chiqar ekan-da!

— U vaqtning odamini uloqning piri desang-chi! — dedi Sobir tegirmonchining o‘g‘li.

— Oting yaxshi va bilagingda kuch serob bo‘lsa, sen ham uloqning piri bo‘lasan! — dedi yana biri.

Men bobomning maqtovini eshitib, kekkayib bormoqdaman… Shu paytda orqamizdan ot shatalog‘i eshitilib, qayrilib qaragan edik, oldiga bir ola echkini o‘ngargan, ko‘kragi ochiq, yaktakchan, saman otliq bir yigitni ko‘rdik. U bizga yetib to‘xtadi va hamma bilan ot ustida turib so‘rashdi.

— Bu hafta yordamlashasiz-da, karvon! — dedi kulimsirab To‘g‘on aka.

— Ha, bo‘lmasam-chi, sizdek og‘aynilarga ko‘maklashmasam bo‘ladimi! — dedi haligi yigit va to‘zumsizlandi: — Qani, ildamroq yuringlar!

Yigit bilan birgalashib ketdik. Biroz borgach, bizning otimizning oyog‘i bilan chavandoz yigitning sabri tugadi shekilli, otiga birdan shartillatib qamchi berdi va qushdek uchib ketdi. Biz, faqat uning: «Men tezroq boray», — degan so‘zini eshitib qoldik.

Endi so‘z haligi chavandozning oti to‘g‘risida boshlandi.

— Valadning oti juda ham chopqir-da, — dedi To‘g‘on aka, — uloqchi bo‘lganingga yarasha shundaqangi oting bo‘lsa!

— Xuddi bodirafrafdek uchadi! — dedi mo‘ylovi shopdek yigit.

Shu vaqt nima uchundir hamma birdan sharaqlab kulib yubordi. Kulgi sababiga tushunmasam-da, men ham ularga qo‘shilib kulishdim.

— Bodirafrafmi, bodisarsar? — deb so‘radi undan allakim.

III

Biz, akamga «Do‘mburovot» guzarida uchradik. Akamlar samovarchiga palov damlab qo‘yish uchun o‘zaro pul yig‘ib berishgandan keyin, biz yana yo‘lga tushdik.

Dalaning ko‘chasi qishdan boshqa vaqtda suv ko‘rmagani uchun ikki gaz keladigan bilq-bilq guppon tuproq, yigirma-o‘ttiz uloqchi birdaniga yo‘l bosib, qaysi otini choptirib, qaysi lo‘killatib boradi.

Ko‘chani to‘zon qoplagan, kishi kishini tanimaslik holga kelgan. Men bo‘lsam uyga qaytib borganimda: «Kiyimlaringni pes qilibsan!» — deb oyimning qarg‘ishidan qo‘rqib boraman.

Talaygina yo‘l bosgandan keyin uloq chopiladigan joyga yetdik. O‘zi, to‘rt tarafi ko‘z ilg‘amaytirg‘on darajada katta va sayhon bir yer ekan. Bu joyga juda ko‘p xalq yig‘ilgan, bundagi uloqchi otliqlar bilan tomoshachi yayovlarning had-hisobi yo‘q.

Katta sadaqayrag‘ochning tagida ikkita bordondek samovarga o‘tin qalab qaynatadilar. Undan nariroqda bir-ikki kishi uch-to‘rt qop bodringni bir-birisiga tirab qo‘yib: «Mirza qiron bodiring! Kasir-kusir bodiring!» deb maqtashadilar.

Akamlar sadaning ostiga — samovarchining palosiga otdan qo‘ndilar. Kun qizig‘ida turish qiyin bo‘lgani uchun, men ham toycham bilan sadaqayrag‘ochning bir bag‘riga borib turdim. Tevarakdagi kishilar bir menga va bir toychamga qaraydilar. Men uyalib toychamning yolini tarayman. Tevaragimdagi kishilar orasida vag‘ir-vug‘ur gap, to‘zumsizlanib uloqning boshlanishini kutadilar. Birisi: «Bugun uloq qizimaydi», — desa, ikkinchisi: «Bekor aytibsan, bugun uloq juda ham qiziydi, chunki Salim bilan Murod chavandozlar kelar emish», — deydi. Yana biri: «Ha, ha! Agar Salim kelsa, uloq juda ham qizir ekan!» — desa, allakim: «Salimning oti qozoqi ot, qamchi ko‘tarmaydi, hayt desa bas!» — deydi. Tag‘in birov: «Ular uch kishi edi, ikki yildan beri biri ko‘rinmay qoldi, ana o‘shanisiga chavandoz bolasi bas kelolmas edi!» — desa, yana allakim: «o‘lma, o‘lma! Men ham shuni ko‘pdan beri ko‘rmayman, girdig‘umdan kelgan, yerdan bichib olgandek yigit-a?» «Balli, balli! Otangga rahmat, xuddi o‘sha yigit, qancha so‘rog‘lasam hech kimdan daragini bilolmadim!»

Shu yigitning ustida anchagina janjal bo‘lib oldi, biri: «o‘lib ketgan», — desa, ikkinchisi: «Tirik!» — deb qichqiradi. Ularga yana birisi qarshi turib: «Ot bosgan, doktorxonada o‘lgan!» — deydi, so‘firoq bir odam: «Birovga yomon nafas qilmanglar!» — degan edi, allaqaysi kishi: «o‘lsa o‘lgandir, bunga nima janjal!» — deb qo‘ydi, tag‘in birov: «Bekor ham o‘ltiribmiz-da!» — deb kuldi. Yana: «Sirasi-sirasi!» Tag‘in shovqin-suron, yana: «Ha, ha!» Tag‘in: «Yo‘q, yo‘q»…

Bir kishining: «Ana uloq keldi!» deb yuborishi bilan hamma tip-tinch bo‘lib, uloqqa qarab qoldi. Yana bir ozdan keyin: «Ulog‘i yosh ekan! Yaxshi chavandozga uchurvoq ham bo‘lmaydi!» «Shunisi tuzuk, shunisi!» — degan janjal boshlagan ham edi, maydonga ikki chavandozning ot o‘ynatib kirishi hammaning tovushini o‘chirib qo‘ydi va sekin-sekin: «Salim chavandoz!» «Murod chavandoz!» degan shivirlashishlar eshitilib qoldi.

— Qorasi Salimmi, cho‘tiri?

— Salimning bilagi kuchlikka o‘xshaydi!

Chavandozlarning birisi ko‘k chovkar va ikkinchisi ola otga mingan bahaybat chapani yigitlar edilar. Bular kelgandan keyin xalq chidamsizlanib qoldi:

— Ana endi chin uloq ko‘rasan! — deyishadilar.

— Bukun qiyomat ulog‘i bo‘lar ekan! — deb boshlarini chayqatib qo‘yadilar.

— Murodning otini ko‘r, xuddi qanoti borga o‘xshaydi.

— Ko‘k chovkarni aytasanmi, to‘ruqnimi?

— Har ikkalasiga ot yetmaydi, ikkovi ham yaxshi zot!

— Qulog‘i chimirilgan ot chopqir bo‘ladi!

— Quloqda gap yo‘q, gap zotda!

— Yo‘q, yo‘q! Serkishnovda, o‘zim sinab ko‘rdim!

— Qora ot chopqir bo‘ladi, deganlar, qorasi yaxshi, qorasi!

— Dadam rahmatlik ot olganda tuyog‘iga diqqat qilar edi, gap tuyoqda.

Bahslashadilar, har kim o‘z yonidagi bilan talashadi. Men ham shu to‘g‘rida o‘ylab, ularning aytgan nishonlarini qora qashqamdan qidirib topsam suyunib, topmasam kuyunib turaman.

Mahallamizdagi o‘rtoqlarimdan Nurxon, Haydar soqov, Shokir mishiqilar ham otlarini lo‘killatib kelib qoldilar. Biz to‘rtovimiz otlarimizni qator qo‘yib, uyoq-buyoqdan gaplashib turdik. Nurxon dadasidan ola yo‘rg‘ani so‘raganda qilgan bahonasini aytib kuladi. Haydar soqov saman otining yo‘lda Shokir mishiqining baytaliga qarab kishnaganini aytib, Shokirni masxara qiladi. Kulishamiz. Shokir bo‘lsa burnini torta-torta: «Uyalib ketdim, bundan so‘g‘un biya minmayman», — deb qizarib-bo‘zardi. Otimning umuldirig‘iga ularning havaslari kelib, bahosini so‘rashdilar, men: «o‘n besh tanga», — deb, kumush qamchini ham ko‘rsinlar uchun o‘ynagansimon egarning qoshiga «taq-taq» urib qo‘yaman. Ular: «Qani, qani, kumushmi?» — deb qamchinni qo‘limdan olib ko‘radilar. Men sekingina boshimni qimirlatib, o‘zimda allanima sezinaman. Ularning otlariga, o‘zimnikiga, kiyimlariga, kiyimimga qarab, o‘zimni ulardan allaqancha yuqorida ko‘raman. Haydar soqov tutila-tutila… «Kelinglar, bir choptiraylik», — dedi. Nurxon ko‘nmasa ham tortib olib ketishdi. Ulaming orqasidan Shokir ham baytalini yugurtirdi. Chidab turib bo‘lmas ekan, ular orqasidan toychamga bir qamchi berib yuborgan edim, jonivor ikki yamlab bir yutub, o‘n odimda ularni yo‘lda qoldirib ketdi. Anchagina uzoqlashganimdan so‘ng orqamdagilarga qaragan edim, hammaning ko‘zida men ekanman. Yana qattiqroq haydadim. Qirning bir chekkasiga borib otimni to‘xtatdim, talay vaqtdan keyin ular otlarini lo‘killatishib yonimga yetdilar. Bu yerda otlarimizning chopqirligi to‘g‘risida so‘zlashdik. Nurxon, otining chopmasligiga akasining issiq holda suv berganini sabab qilib ko‘rsatdi. Haydar soqov bo‘lsa Eson ko‘knorining o‘g‘lini so‘ka-so‘ka:

— Bozorga un uchun borayotganimda bexos tom boshidan guvala tashlab yubordi. Shundan beri qamchi bilan yuz ming ursang ham jonivor qulog‘ini chimirib, hurkib tura beradi! — dedi.

Mening qashqacham to‘g‘risida, Haydar aytadi: «Sening, — deydi, — otingga hech ot bolasi yetmaydi!» — deydi. Nurxon aytadi: «Otdan sening baxting bor ekan, lekin, — deydi, — yem-hashakni o‘zing ber, xizmatkorga ishonsang otingni buzib qo‘yadi, o‘rtoq, men senga bir aytib qo‘ydim», — deydi.

Shu yerda uzoqqina so‘zlashib turgandan keyin yana otni keyinga qarab qo‘ydik. Tag‘in ulardan o‘zib ketdim. Xalqqa yaqinlashgandan keyin «meni ham tanib qo‘ysinlar» deb qashqachamni ust-ustiga qamchilashim bormi, shamol-da, shamol… endi xalq bir o‘zimga va bir qora qashqamga tikila boshladi. Men bo‘lsam, «meni endi taniysizlar!» deb toyimning yolini qamchi sopi bilan tarab tura berdim.

IV

Tomoshachilar orasida yana ola-g‘ovur qo‘pti: «Ana, uloqning solig‘ini yig‘ayotibdilar!», «Uloq hozir boshlanadi!», «Murod chavandoz ham turdi!», «Salim qalpog‘ini kiydi!», «Ro‘zi qassob» uloqni bo‘g‘izlamoqchi, pichog‘ini qayrayapti!», «Boyvachchalar ham qo‘zg‘alishdilar!», «Salim choponini yechmoqchiga o‘xshaydi!», «Hay barkalla, shovvozlar!»

O‘rtoqlarim bilan men ham uloqning tezroq boshlanishini kutmoqdamiz. Chavandozlarning qaysisi to‘nini yechmoqda, ba’zisi otining ayilini tortmoqda va qaysi birovlar uloqning solig‘ini bermoqda edilar. Akam ham shohi sallasi bilan beqasam to‘nini menga berib, o‘zi o‘rtaga ot o‘ynatib ketdi.

Uloqchilar birin-sirin o‘rtaga g‘uj bo‘la boshlagan bo‘lsalar ham, hanuz uloq o‘rtaga kirmagan edi. Hamma tomoshachilar sabrsizlanib: «Shu tobgacha tuya bo‘g‘izlasa ham bo‘lar edi, ulog‘i yaxlab qoldimi?» — deyishadilar.

Oradan talay vaqt o‘tgandan keyin, bo‘g‘izlangan ulog‘ini oldiga o‘ngarib Orif sarkor va uning orqasidan boyagi mashhur chavandozlar qalpoqni chakkaga qiya qo‘yib, egarga qiyshiq o‘ltirib o‘rtaga kirdilar. Tomoshachilar uloqni ko‘rganlari on: «Xoh, jonivor, bormisan!» deyishdilar.

Oradan allakim: «Uloqning qoni yaxshi yuvildimi?» — deb so‘ragan edi, Orif sarkor:

— Xotirjam! — dedi va uloqni shalq etib yerga tashladi, so‘ngra xalqqa yaqinroq kelib: «Og‘aynilar! Bola-chaqalarni chetga chiqaringlar, ot oyog‘ida qolgudek bo‘lmasin, o‘zlaring ham ehtiyotroq joyda turinglar, hayvon bilan bo‘lgan ish qiyin!» — deb aytdi.

Orif sarkor xalqdan fotiha olib, otini yugurtirib to‘daga ketdi. Tomoshachilar to‘dadagi o‘z yaqinlariga: «Bukun g‘ayratlaringni ko‘ramiz-da!» — deb baqirishdilar.

Uloq boshlandi…

Birisi oladi, ikkinchisi tortadi. Ikkinchisining yoniga uchinchisi va to‘rtinchisi qo‘shilib, birdan sakkiz tomonga tortqilashadilar, oraga chetdagi uloqchilar ham siqilishib kirib, yana uloqni buydalashadilar. Juda qiziq… har kim uloqni o‘z taqimiga bosish harakatida, lekin uloqning dumidan, oyog‘idan, yolidan tortuvchilar juda ham ko‘p. To‘dadan olib chiqish juda qiyin. Ba’zan uloqni to‘dadan olib chiquvchi ham ko‘rinib qoladi, biroq uning ketidan uloqchilar chug‘urchuqdek yopirilishib o‘n-o‘n besh qadamda tutib oladilar. Yana tortish boshlanadi.

Bu yoqdagi tomoshachilar: «Taqimga bos, taqimga!», «Otning boshini qo‘y, choviga qamchini shig‘ab ber!», «Bo‘sh kelma, mahkam tut!», «Yuganini bo‘shat, qamchingni tishlab ol, yoningga alahsima!», «Olding, olding!», «Berma, chapga burul, chapga!», «Tut, qo‘yma!», «Voy to‘ymagur, berib yubording-a, o‘z ko‘nglingda sen ham uloqchisan-da!», «Oting harom qotsin, otmi, eshakmi — bu harom o‘lguring?»… deb har xil tovushda baqirishadilar. Uloq yerga tushib ketib qolsa, tomoshabinlardan ba’zisi yugurib borib yerdan uloqni azod ko‘tarib oladi, ukasimi, oshnasimi — ishqilib birorta yaqin kishisiga tutqizmoqchi bo‘ladi. Lekin boshqa chavandozlar uloqni undan olmoqchi bo‘lib ustiga duv yig‘iladilar, u bermaslikka tirishadi, boshqalar o‘rtaga sanjob qilib siqadilar. Bechora anchadan keyin oqsoqlanib yoki qo‘lini silab o‘rtadan arang chiqib ketadi.

Otasi bolasini, akasi ukasini tanimaydi, chang-to‘zon, terlangan, pishilgan, har kim uloqni taqimiga bosish qayg‘usida. Bosh yorilib, ko‘z chiqqan bilan, otdan yiqilib qo‘li singan bilan parvoyi-falak… Ishqilib, uloqni taqimga bosilsa bo‘ldi… Taqimga bosish o‘zi juda ham nash’alik-da!

Lekin taqimga bosish har kimga ham muyassar bo‘lavermaydi, taqimga ko‘proq bosuvchilar boyagi chavandozlar; azoblanib, o‘layozib bo‘lsa ham uloqni taqimga bosgach, otga qamchi berib ellik-oltmish odim nariga qochib boradilar-da, yana orqadagilar tarafidan o‘ralib olinadilar. Yana tortish.

Uloq boshlanganidan biror soat vaqt o‘tgan edi. Birdan uloqchilar suv quygandek tinchib, tortish o‘rnida to‘planishib qoldilar. Biz, otliq-yayov tomoshabinlar ham hammamiz o‘rtaga yugurishdik. Men keyinroq borganim uchun otliq-yayov xalq o‘rtani sirib olgan edi. Men chekkada qoldim. Har qancha urinsam ham o‘rtaga kirishning epi bo‘lmaganidan keyin odamlarning og‘ziga qarab turdim. Lekin uloqchilar orasidagi hodisa hammaga ham noma’lum edi. Har kimning yuzida taajjub va bir-birisidan: «Nima gap?» — deb so‘rashar edi.

Bir necha daqiqadan keyin: «Qimirlatmang, qimirlatmang!» — degan tovush eshitilib, xalq yana taajjubga tushdi.

— Nari bo‘linglar, hovv! — deb o‘rtadan birov baqirdi. Xalq bir chetlik bo‘lib, yo‘l ochdi.

— Nima gap, nima gap?

— Hech narsa emas… Esonboyni ot bosipti!

— Qo‘rqinchli emasmi?

— Yo‘q, sag‘al.

Kishilar bir-biriga qarab: «Falokat-falokat», — deyishdilar. Nari tur-beri tur qilib, besh-olti kishi otga bosiriq bo‘lganni o‘rtadan olib chiqdilar. Kishilarning ko‘magi ostida keltirib, sadaning ostiga yotqizdilar.

Darrov bir kishi aravaga yuborildi, bittasi o‘ziga kelarmikan, deb o‘lgudek bo‘lib yotgan Esonboyning yuziga suv sepib ko‘rgan edi, qimir etmadi.

— Besh-olti otning tagida qoldi-da, bechora!

— O‘nta otning tagida qolsa ham hech gap emas-ku, biroq qaltisroq joyidan bosganga o‘xshaydi…

— Umri boqi bo‘lsa hech gap emas.

«Bechora bulturgi hayitda menga yarim so‘m hayitlik bergan edi. Ilohi yaxshi bo‘lsin», deb ko‘nglimdan o‘tkazdim.

Arava keldi. Esonboy akani aravaga yotqizdilar. Akam uch-to‘rtta o‘rtoqlari bilan arava yonida Esonboyni kuzatib shaharga jo‘nab ketdi.

— Sho‘r paxta qilsin, kepak qizdirib bossin, — deb xalq chuvurlashib qoldi.

Ular jo‘nagandan keyin uloq yana boshlanib ketdi. Men uloq tugaguncha tomosha qilib turdim. Lekin yaxshiki endi hech kimni ot bosmadi.

* * *

Kecha meni ot qoqqan ekan, o‘rnimga kirishim bilan tirrakdek qotib uxlabman. Ertalab oyim: «Tur, tur tezroq, dadang kelsa nah o‘ldiradi!» — deb ustimdan ko‘rpamni tortib tishladi. Men uyquli ko‘zim bilan: «Dadam bozor ketmadimi?» — deb so‘ragan edim, oyim:

— Esonboyning janozasida! — deb javob berdi.

Mening uyqum o‘chdi.

________________

* Bu hikoya 1915- yilda yozilgan edi. Bolalik dayrimning yodgori bo‘lgani uchun ortiqcha o‘zgartirishlar kiritmadim (A. Q.).

Manba: ziyouz.uz