Луқмон Бўрихон. Ялангоёқ (ҳикоя)
Поезд навбатдаги шаҳарчага судралиб кириб келаётган бир пайтда Ҳалим шўри қуриганини сезиб қолди — туфлиси йўқ! Саккиз ойча бурун Ҳалимга насиб этган «импорт» туфли гумдон бўлибди!
У аниқ эслайди: поезд ўша шаҳарчадан ўтганда, у билан бир бўлмада келаётган йўловчиларнинг энг кексаси узун эсноқдан сўнг: “Оғайнилар, кеч бўлиб қолди, гартак-гартак чўзилайлик”, деди. Кейин… икки йўловчи ихраб-сихраб иккинчи қаватга, биттаси эса Ҳалимнинг ёнидаги пастки ўриндиққа ётди. Ҳалим ҳам шошилмасдан дам олишга ҳозирланди: одмигина костюмини бош томондаги илгакка илди, туфлисини ҳафсала билан ечиб, патнис нусха йиғма столча тагига авайлабгина қўйди. Йўқ, олдин шундоқ ҳам ялтираб турган туфлисига қўнган чанг-гардларни пуф-пуфлаб ўчирган бўлди. Сўнгра оёқ кийимини кўнгилдагидек жойлаштиргач, шимини ечишга ийманиб, шу кўйи ўз ўрнига чўзилди. У поездғилдиракларининг «тақа-тақ», “тақа-туқ” овозини тинглаб ётиб, кўзи илинганини сезмай ҳам қолибди, бир маҳал кўзини очиб қараса, вагон деразаси ғира-шира ёришган — ҳадемай манзил.
У одам кўпайиб кетмасидан ювиниб келиш ниятида шошиб ўрнидан турди ва… Ҳалим суви қочган бодрингдек бўшашиб, ўриндиқнинг бир чеккасига ўтириб қолди. Хўрлиги келди. Шундоққина боши устида хира ёритиб турган лампочкага хаёлчан тикилди: «балки бирортаси адашиб кийиб кетгандир?» Лекин бунинг шунчаки хом хаёллиги беш қўлдек аёнку: бирламчи, бировнинг туфлисини адашиб кийиб кетиш учун ҳеч ким ялангоёқ юрмаса керак, иккиламчи, бу бўлмадаги учала йўловчи ҳам тамшаниб-тамшаниб хуррак отишмоқда (ахир қийса шулар киядида), иннайкейин, учаласи ҳам киймадик, деганда қирқ биринчи туфли кийишар-ов, минг бир адашишган тақдирда ҳам, ўттиз саккизинчи қолипдаги…
…Бежиримгина, чиройликкина туфлисини яна бир бор кўз олдига келтирдию, йиғма столча тагига бош суқди. Бироқ ўша заҳотиёқ столчага боши «тўқ» этиб урилиб, жонҳолатда яна қаддини ростлади. Зарб кучли бўлди шекилли, пиводан бўшаган шиша тақир-туқур билан пастга қулади. Хайрият, синмади.
— Ҳа, жиян, нима шовқин? — деб пўнғиллади юқори қаватда ётган йўловчиларнинг бири.
Ҳалим ҳамон ачишиб турган чаккасини сийпалаб:
— Туфлим йўқолибди, — деди ҳирқироқ овозда.
— Қанақа туфлинг?
— Ўзимникида… Қолган икки йўловчилар ҳам ғимирлаб қолишди.
— Ука, қараб юборчи, сарғиш туфли жойидамикан? — деб илтимос қилди бурни сўррайган қароқчи башара киши.
— Ана, турибди… Пастки қаватдаги хўппа семиз йўловчи эса ётган жойидаёқ тимирскиланиб, оёқ кийимининг бор-йўқлигини текширдида, нариги томонга пишиллаб ағдарилиб олди.
— Бизникига ҳам қараб қўй, жиян, — деди ўша биринчи бўлиб пўнғиллаган серажин юзли, қоп-қора амаки.
Ҳалим билинар-билинмас зарда билан минғиллади:
— Ана…
Лекин қора амаки ишонқирамади чоғи, минг азоб билан сирғалганича пастга тушди. Алланималар деб ғудраниб, энгашишга ҳафсаласи келмаганидан тик турган кўйи йиғма столча тагига разм солди. Сўнг кўнгли жойига тушиб, яна юқорига чиқишни мўлжаллаб бир ҳезландию, бироқ эринчоқлиги тутди: жундор кўкракларини обдон қашлай-қашлай Ҳалимнинг ёнига ўтирди:
— Уйқунинг ҳам белига тепдингда, жиян.
Ҳалим унинг шикоятини деярли эшитмади: у онда-сонда ўтиб-қайтаётган ярим яланғоч йўловчиларнинг оёғига паришон тикилиб ўтирарди:
“Э, энди нима қиламан-а? Ҳеч қурса, оёққа илиб кетадиган бошқа нарса бўлганда ҳам майли эди, энди, бошқасини сотиб олиш… чўнтакда бор-йўғи юз тангача пул бор, у ҳали уйга етиб боргунча етса ҳам катта гап…”
— Ўртоқлар, «Пахтаобод»га яқинлашвоммиз. Турларинг ҳо-о, тушадиганлар чойшабларни топширларинг…
Ҳалим шундоққина тумшуғининг тагидан шовқин солиб ўтиб кетган вагон назоратчисининг овозидан чўчиб тушди. Сўнг оғир бир сўлиш олиб, ўша ўтирган жойида мудраётган қора амакига мўлтираган кўзларини тикди:
— Тоға, оёқ кийимингизни бериб туринг, ювиниб келай.
— Ол, олавер… — деб минғиллади у кўзларини ярим очиб.
Ҳалим оёғига иккита келадиган бесўнақай ботинкани «поп»иллатиб кийдида, гандираклаб ўрнидан турди. Сўнг қўлидаги сочиқни ғижимлаб, вагон йўлаги бўйлаб имиллаб одимлай бошлади.
Вагон бешикдек тебранмоқда.
Йўловчиларнинг кўпчилиги аллақачон уйғонишиб, ўз бўлмалари атрофида уймаланишаётибди. Улар ҳар бир оёқни диққат билан кузатиб чиқаётган ориққина, нимжонгина йигитчага ажабланиб тикилишади, баъзилари эса унинг оёғидаги қўпол ботинкага қараб «пиқ-пиқ» кулишади. Бироқ Ҳалим уларга эътибор бермайди:
“Бир кеча бошимга қўйиб ётганимда ҳам ўлмасдим. Келиб-келиб қўйган жойимни қара-я? Уфф, ҳали бир йилча ҳам кийганим йўқ эди-я, августгача кийганимда…”
…Роппа-роса бир йил тўларди. Чунки, хорижий русумли бу туфли ўтган йили августнинг бошида Ҳалимга насиб этган эдида. Умуман, ўша саратонда Ҳалимларнинг оиласига ҳам хўп офтоб тегди: бирламчидан, Ҳалим узоқ шаҳардаги коллежга ўз кучи билан ўқишга кириб кетди, иккиламчидан ҳарбий хизмат вақтида Қозоғистон даштларида жавлон урганини ҳисобга олмаганда, ўз раёни чегарасидан чиқмаган акаси Салимга ҳам бахт кулиб боқди. У, ҳамқишлоқларининг тили билан айтганда «Чортоқ» деган жойда, катта бир курўртда дам олиб қайтди”.
Ўшанда дам олишдан бир қучоқ совға-саломлар билан қайтган акаси азбаройи хурсандлигидан тинмай илжаяр, уй ичидагилари билан эвини келтиролмай ҳол-аҳвол сўрашарди. Бир маҳал Салим ўқишга кирган укасини табриклай туриб: «Сенга зўр совға бор».деди. Сўнг, ҳали нафасини ростлашга ҳам улгурмасдан, жомадон титкилашга гушиб кетди. Дастурхон атрофида ўтирганлар етти қават тугунга ўралган совғанинг очилишини кўзлари тўрт бўлиб кутишди. Ниҳоят, Салимнинг билинар-билинмас титраётган оппоқ, нимжон қўлчалари ҳали чарм ҳиди кетиб улгурмаган кулранг туфлини ўртага қўйди.
— Қурмагур бир магазинда талаш бўлиб ётганакан, — деди Салим кўрсаткич бармоғи билан пешона терини сидира туриб. — Нақд қирқ беш сўмдан.
— Нима?!
Кирланиб кетган салласини ёнига қўйиб, ёнбошлаб ётган кўйи ивитилган нон устига қўнаётган пашшаларни зўр бериб ҳайдаётган ота сакраб ўрнидан туриб кетаёзди.
— Бу импортда, ота, чет элдан чиққан, — деди Салим қўлма-қўл бўлаётган туфлига ишора қилиб.
Ота норози оҳангда, лекин юмшоққина қилиб тўнғиллади:
— Икки халта уннинг пули эканда… Ҳалимбой, насиб бўлса андак сўнг олардида…
— Ана буни буюм деса бўлади, — деди Салимнинг хотини туфлини ҳидлаб кўриб. — Бу асли устидентнинг кийимида, Кенжа ҳам… изидан қизларни бир гала қилиб эргаштириб юрадиган бўлиб кетади энди.
Ҳалим қувончдан ял-ял ёниб, дастурхон бошидаёқ тик турганча туфлини оёғига ўлчаб кўрганди ўшанда…
У минг бир хаёл билан ювинишни ҳам унутиб яна ўз бўлмаси ёнида пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди.
Бу орада бўлмадаги бошқа йўловчилар ҳам уйғонишган: улар ярим яланғоч ҳолда пастда ялқовлик билан тизилиб ўтиришарди.
— Ука, у ёққа навбат каттами? — сўради ўша қароқчи башара киши боши билан йўлакнинг охирига ишора қилиб.
— Йўқ, унчаликмас… Ҳалим зўраки илжайиб сочиғига артинган бўлди.
— Айтганча, туфли излаб юргандай бўлувдинг, топдингми?
Ҳалим бош чайқади.
— Оббо-о, чатоқ бўптида, — қароқчи башара киши бошини сарак-сарак қилди. — Эҳтиёт қилиш керак эди, ука.
— Бу устидентимиз ҳийла бўш-баёв чиқиб қолди, десангиз, — деб гапга аралашди қора амаки. — Эсам ботинкани ҳоварга ташлармиди, битта бизмакар илган-кетганда.
— Эҳ, — норози қўл силтади қароқчи башара киши. — Ҳозирги ёшларнинг айтгилиги йўқ, оғзидаги ошини олдиришади. Мен…
— Мен шундайлигимда, — гапни илиб кетди қора амаки. — Деновнинг бозоридан қорамол олиб келиб, Самарқандга сотиб кетардим…
У ўзининг уддабурон ёшлиги ҳақида жўшиб сўзлашга тушди.
Ҳалим вагон деразасидан лип-лип ўтиб бораётган симёғочларга, бийдек дала-даштга тикилган кўйи ўз хаёллари билан андармон:
«…Энди уйдагиларга нима дейман? Қайси юз билан уларга кўринаман?»
Унинг қулоқлари остида отасининг ўша кунги ҳукми яна бир карра жаранглагандек бўлди: “Улим, энди беш-олти йилгача “ботинка оббер” деб ғинғилламайсизда”.
Ҳалим чуқур тин олди.
— Энди, жиян, — амаки унинг тиззасига рапидадек қўлини қўйди. — Олсанг — биздан маслаҳат шу — бундан буёғига ўзинга доим маҳкам бўл, бундай латта қайтма. Хў-ўшш… поезддан тушганингдан сўнгра оёқ кийим ол, тағин яланг оёқ юрма, хўп? Ер ҳали намчил…
— Ҳа-а-а-а… жон эсан бўса… ботинка топилади.
— Ўн беш минутдан кейин — «Пахтаобод»…
Ҳалим вагон назоратчисининг овозига лоқайдлик билан қулоқ солиб ўтираркан, кутилмаганда миясида умид учқунлари «милт» этди: «Ия, назоратчидан ҳеч нарса сўрамабман-а?! Балки у билар?..»
Ҳалим беихтиёр ўрнидан туриб, яланг оёқ ҳолда ўша томонга юрди.
Купеда назоратчи икки букилиб чойшабларни санамоқда. Унинг ёнида вагонма-вагон ивирсиб юрадиган ўша қалин мўйловли милиция сержанти тамаки тутатганча гурунг беряпти.
— Ҳимм… — сержант купе эшиги ёнида гарангсиб турган Ҳалимга ияк қоқди.
— Ассалому алайкум… Акалар, туфлим йўқ, йўқолибди…
Сержант билан назоратчи маʼноли кўз уриштириб олишди.
— Қанақа туфли? — сўради сержант.
Милиционернинг саволи Ҳалимга «мана, туфлинг», дегандай туюлди.
— Кулранг… чехский… деди у ютоқиб.
Милиционер елка учирди:
— Кулранг… чехский битта эмаску, ахир?
Ҳалим севиниб кетди: туфли шу ерда бўлса керагов, йўқса милиционер бекорга бундай демайди. Ахир у милиционер-а?!. У Ҳалимдан аниқ белги талаб қиляпти! Фу, шу ҳам талаб бўлдими, керак бўлса у туфлисининг тагида нечта «тиши» борлигигача билади.
Ҳалим худди домласига имтиҳон топшираётган талабадек ҳаяжон билан қўлини кўксида чалиштириб, вагоннинг шифтига тикилди:
— Менинг туфлимнинг ичида… 013 рақами бор
— Хўш?
— Ҳа, ҳа, бир пойида.ўша «0» рақами умуман билинмай кетган.
Милиционер назоратчига таажжуб аралаш бир қараб олдида:
— Яна қандай белгиси бор? — деб сўради қизиқиш билан.
— Пошнасига нағал қоқилган… учига мих билан…
— Яна?
— Яна-а, — Ҳалим зўр бериб туфлисининг белгиларини эслашга уннай бошлади.
— Ҳа, топдим, топдим, чап пойининг тумшуқчасида билинар-билинмас кемтикчаси бор.
Назоратчи Ҳалимнинг топқирлигига ортиқ чидаёлмай кулиб юборди, милиционер пихиллаб унга қўшилди. Ҳалим ҳам ҳокисоргина илжайиб, четда қолмади.
— Ўртоқ, — деди сержант бир маҳал жиддий тортиб. Биласанми, кеча нариги вагонда нима бўлган?
Ҳалим елка қисиб, ортга қаради.
Милиционер оғзидан дуд чиқариб «нариги вагон» ҳикоясини бошлади.
— Кеча биттасининг икки юз сўмини ўмариб кетишибди. Сержант ўша жабрланувчига: “Ока, пулингизни шу кечаёқ топиб келтириб бераман”, деса кўнмабди. Қўйинг-э, шу арзимас икки қоғозни деб овора бўлиб юрасизми, ундан кўра биз билан ўтиринг, би-ир ҳангомалашамиз”, дебди. Милиционер бундай мард одамни биринчи марта кўриб туриши экан, шу сабабли унинг гапини ерда қолдиришни эп кўрмай, тонг отгунча, у билан чақчақлашиб келибди. Сен эса, — деди милиционер жабрдийдани бош-оёқ кузатиб.
— Аллақандай туфлини деб бурнингни тортганинг-тортган.
Ҳалимнинг пешонаси терлаб кетди. У бошига тўқмоқ тушган одамдек бир зум каловланиб тургач, секин изига қайтди.
Тўхта, ҳов оғайни…
Ҳалим «ялт» этиб орқасига қаради. Назоратчи уни кўрсаткич бармоғи билан имлади:
— Ма, мановини кийиб ол. Назоратчи купенинг бир бурчагида ётган шиппакни олиб узатди:
— Ҳарнада, яланг оёқ кетгандан кўра…
Сержант луқма қистирди:
— Мукофот, топқирлигингга!
Раҳмат.. — деб минғиллади Ҳалим.
У купедан узоқлашгач, милиционер хотиржам гапирди.
— Қисталоқнинг хотирасига беш кетдим-эй…
— Зўр экан. Ботинкани кийиб юришга ҳам қўрқасан.
— Ҳамма белгиларини аниқ-тиниқ айтиб беряпти-я!..
Паровоз ўкирганча навбатдаги бекатга кириб борарди…
============
Luqmon Boʻrixon. Yalangoyoq (hikoya)
Poyezd navbatdagi shaharchaga sudralib kirib kelayotgan bir paytda Halim shoʻri quriganini sezib qoldi — tuflisi yoʻq! Sakkiz oycha burun Halimga nasib etgan “import” tufli gumdon boʻlibdi!
U aniq eslaydi: poyezd oʻsha shaharchadan oʻtganda, u bilan bir boʻlmada kelayotgan yoʻlovchilarning eng keksasi uzun esnoqdan soʻng: “Ogʻaynilar, kech boʻlib qoldi, gartak-gartak choʻzilaylik”, dedi. Keyin… ikki yoʻlovchi ixrab-sixrab ikkinchi qavatga, bittasi esa Halimning yonidagi pastki oʻrindiqqa yotdi. Halim ham shoshilmasdan dam olishga hozirlandi: odmigina kostyumini bosh tomondagi ilgakka ildi, tuflisini hafsala bilan yechib, patnis nusxa yigʻma stolcha tagiga avaylabgina qoʻydi. Yoʻq, oldin shundoq ham yaltirab turgan tuflisiga qoʻngan chang-gardlarni puf-puflab oʻchirgan boʻldi. Soʻngra oyoq kiyimini koʻngildagidek joylashtirgach, shimini yechishga iymanib, shu koʻyi oʻz oʻrniga choʻzildi. U poyezd gʻildiraklarining “taqa-taq”, “taqa-tuq” ovozini tinglab yotib, koʻzi ilinganini sezmay ham qolibdi, bir mahal koʻzini ochib qarasa, vagon derazasi gʻira-shira yorishgan — hademay manzil.
U odam koʻpayib ketmasidan yuvinib kelish niyatida shoshib oʻrnidan turdi va… Halim suvi qochgan bodringdek boʻshashib, oʻrindiqning bir chekkasiga oʻtirib qoldi. Xoʻrligi keldi. Shundoqqina boshi ustida xira yoritib turgan lampochkaga xayolchan tikildi: “balki birortasi adashib kiyib ketgandir?” Lekin buning shunchaki xom xayolligi besh qoʻldek ayon-ku: birlamchi, birovning tuflisini adashib kiyib ketish uchun hech kim yalangoyoq yurmasa kerak, ikkilamchi, bu boʻlmadagi uchala yoʻlovchi ham tamshanib-tamshanib xurrak otishmoqda (axir qiysa shular kiyadi-da), innaykeyin, uchalasi ham kiymadik, deganda qirq birinchi tufli kiyishar-ov, ming bir adashishgan taqdirda ham, oʻttiz sakkizinchi qolipdagi…
…Bejirimgina, chiroylikkina tuflisini yana bir bor koʻz oldiga keltirdi-yu, yigʻma stolcha tagiga bosh suqdi. Biroq oʻsha zahotiyoq stolchaga boshi “toʻq” etib urilib, jonholatda yana qaddini rostladi. Zarb kuchli boʻldi shekilli, pivodan boʻshagan shisha taqir-tuqur bilan pastga quladi. Xayriyat, sinmadi.
— Ha, jiyan, nima shovqin? — deb poʻngʻilladi yuqori qavatda yotgan yoʻlovchilarning biri.
Halim hamon achishib turgan chakkasini siypalab:
— Tuflim yoʻqolibdi, — dedi hirqiroq ovozda.
— Qanaqa tufling?
— Oʻzimniki-da… Qolgan ikki yoʻlovchilar ham gʻimirlab qolishdi.
— Uka, qarab yubor-chi, sargʻish tufli joyidamikan? — deb iltimos qildi burni soʻrraygan qaroqchi bashara kishi.
— Ana, turibdi… Pastki qavatdagi xoʻppa semiz yoʻlovchi esa yotgan joyidayoq timirskilanib, oyoq kiyimining bor-yoʻqligini tekshirdi-da, narigi tomonga pishillab agʻdarilib oldi.
— Biznikiga ham qarab qoʻy, jiyan, — dedi oʻsha birinchi boʻlib poʻngʻillagan serajin yuzli, qop-qora amaki.
Halim bilinar-bilinmas zarda bilan mingʻilladi:
— Ana…
Lekin qora amaki ishonqiramadi chogʻi, ming azob bilan sirgʻalganicha pastga tushdi. Allanimalar deb gʻudranib, engashishga hafsalasi kelmaganidan tik turgan koʻyi yigʻma stolcha tagiga razm soldi. Soʻng koʻngli joyiga tushib, yana yuqoriga chiqishni moʻljallab bir hezlandi-yu, biroq erinchoqligi tutdi: jundor koʻkraklarini obdon qashlay-qashlay Halimning yoniga oʻtirdi:
— Uyquning ham beliga tepding-da, jiyan.
Halim uning shikoyatini deyarli eshitmadi: u onda-sonda oʻtib-qaytayotgan yarim yalangʻoch yoʻlovchilarning oyogʻiga parishon tikilib oʻtirardi:
“E, endi nima qilaman-a? Hech qursa, oyoqqa ilib ketadigan boshqa narsa boʻlganda ham mayli edi, endi, boshqasini sotib olish… choʻntakda bor-yoʻgʻi yuz tangacha pul bor, u hali uyga yetib bor-guncha yetsa ham katta gap…”
— Oʻrtoqlar, “Paxtaobod”ga yaqinlashvommiz. Turlaring ho-o, tushadiganlar choyshablarni topshirlaring…
Halim shundoqqina tumshugʻining tagidan shovqin solib oʻtib ketgan vagon nazoratchisining ovozidan choʻchib tushdi. Soʻng ogʻir bir soʻlish olib, oʻsha oʻtirgan joyida mudrayotgan qora amakiga moʻltiragan koʻzlarini tikdi:
— Togʻa, oyoq kiyimingizni berib turing, yuvinib kelay.
— Ol, olaver… — deb mingʻilladi u koʻzlarini yarim ochib.
Halim oyogʻiga ikkita keladigan besoʻnaqay botinkani “pop”illatib kiydi-da, gandiraklab oʻrnidan turdi. Soʻng qoʻlidagi sochiqni gʻijimlab, vagon yoʻlagi boʻylab imillab odimlay boshladi.
Vagon beshikdek tebranmoqda.
Yoʻlovchilarning koʻpchiligi allaqachon uygʻonishib, oʻz boʻlmalari atrofida uymalanishayotibdi. Ular har bir oyoqni diqqat bilan kuzatib chiqayotgan oriqqina, nimjongina yigitchaga ajablanib tikilishadi, baʼzilari esa uning oyogʻidagi qoʻpol botinkaga qarab “piq-piq” kulishadi. Biroq Halim ularga eʼtibor bermaydi:
“Bir kecha boshimga qoʻyib yotganimda ham oʻlmasdim. Kelib-kelib qoʻygan joyimni qara-ya? Uff, hali bir yilcha ham kiyganim yoʻq edi-ya, avgustgacha kiyganimda…”
…Roppa-rosa bir yil toʻlardi. Chunki, xorijiy rusumli bu tufli oʻtgan yili avgustning boshida Halimga nasib etgan edi-da. Umuman, oʻsha saratonda Halimlarning oilasiga ham xoʻp oftob tegdi: birlamchidan, Halim uzoq shahardagi kollejga oʻz kuchi bilan oʻqishga kirib ketdi, ikkilamchidan harbiy xizmat vaqtida Qozogʻiston dashtlarida javlon urganini hisobga olmaganda, oʻz rayoni chegarasidan chiqmagan akasi Salimga ham baxt kulib boqdi. U, hamqishloqlarining tili bilan aytganda “Chortoq” degan joyda, katta bir kuroʻrtda dam olib qaytdi”.
Oʻshanda dam olishdan bir quchoq sovgʻa-salomlar bilan qaytgan akasi azbaroyi xursandligidan tinmay iljayar, uy ichidagilari bilan evini keltirolmay hol-ahvol soʻrashardi. Bir mahal Salim oʻqishga kirgan ukasini tabriklay turib: “Senga zoʻr sovgʻa bor”.dedi. Soʻng, hali nafasini rostlashga ham ulgurmasdan, jomadon titkilashga gushib ketdi. Dasturxon atrofida oʻtirganlar yetti qavat tugunga oʻralgan sovgʻaning ochilishini koʻzlari toʻrt boʻlib kutishdi. Nihoyat, Salimning bilinar-bilinmas titrayotgan oppoq, nimjon qoʻlchalari hali charm hidi ketib ulgurmagan kulrang tuflini oʻrtaga qoʻydi.
— Qurmagur bir magazinda talash boʻlib yotganakan, — dedi Salim koʻrsatkich barmogʻi bilan peshona terini sidira turib. — Naqd qirq besh soʻmdan.
— Nima?!
Kirlanib ketgan sallasini yoniga qoʻyib, yonboshlab yotgan koʻyi ivitilgan non ustiga qoʻnayotgan pashshalarni zoʻr berib haydayotgan ota sakrab oʻrnidan turib ketayozdi.
— Bu importda, ota, chet eldan chiqqan, — dedi Salim qoʻlma-qoʻl boʻlayotgan tufliga ishora qilib.
Ota norozi ohangda, lekin yumshoqqina qilib toʻngʻilladi:
— Ikki xalta unning puli ekan-da… Halimboy, nasib boʻlsa andak soʻng olardi-da…
— Ana buni buyum desa boʻladi, — dedi Salimning xotini tuflini hidlab koʻrib. — Bu asli ustidentning kiyimi-da, Kenja ham… izidan qizlarni bir gala qilib ergashtirib yuradigan boʻlib ketadi endi.
Halim quvonchdan yal-yal yonib, dasturxon boshidayoq tik turgancha tuflini oyogʻiga oʻlchab koʻrgandi oʻshanda…
U ming bir xayol bilan yuvinishni ham unutib yana oʻz boʻlmasi yonida paydo boʻlganini sezmay ham qoldi.
Bu orada boʻlmadagi boshqa yoʻlovchilar ham uygʻonishgan: ular yarim yalangʻoch holda pastda yalqovlik bilan tizilib oʻtirishardi.
— Uka, u yoqqa navbat kattami? — soʻradi oʻsha qaroqchi bashara kishi boshi bilan yoʻlakning oxiriga ishora qilib.
— Yoʻq, unchalikmas… Halim zoʻraki iljayib sochigʻiga artingan boʻldi.
— Aytgancha, tufli izlab yurganday boʻluvding, topdingmi?
Halim bosh chayqadi.
— Obbo-o, chatoq boʻpti-da, — qaroqchi bashara kishi boshini sarak-sarak qildi. — Ehtiyot qilish kerak edi, uka.
— Bu ustidentimiz hiyla boʻsh-bayov chiqib qoldi, desangiz, — deb gapga aralashdi qora amaki. — Esam botinkani hovarga tashlarmidi, bitta bizmakar ilgan-ketgan-da.
— Eh, — norozi qoʻl siltadi qaroqchi bashara kishi. — Hozirgi yoshlarning aytgiligi yoʻq, ogʻzidagi oshini oldirishadi. Men…
— Men shundayligimda, — gapni ilib ketdi qora amaki. — Denovning bozoridan qoramol olib kelib, Samarqandga sotib ketardim…
U oʻzining uddaburon yoshligi haqida joʻshib soʻzlashga tushdi.
Halim vagon derazasidan lip-lip oʻtib borayotgan simyogʻochlarga, biydek dala-dashtga tikilgan koʻyi oʻz xayollari bilan andarmon:
“…Endi uydagilarga nima deyman? Qaysi yuz bilan ularga koʻrinaman?”
Uning quloqlari ostida otasining oʻsha kungi hukmi yana bir karra jaranglagandek boʻldi: “Ulim, endi besh-olti yilgacha “botinka obber” deb gʻingʻillamaysiz-da”.
Halim chuqur tin oldi.
— Endi, jiyan, — amaki uning tizzasiga rapidadek qoʻlini qoʻydi. — Olsang — bizdan maslahat shu — bundan buyogʻiga oʻzinga doim mahkam boʻl, bunday latta qaytma. Xoʻ-oʻshsh… poyezddan tushganingdan soʻngra oyoq kiyim ol, tagʻin yalang oyoq yurma, xoʻp? Yer hali namchil…
— Ha-a-a-a… jon esan boʻsa… botinka topiladi.
— Oʻn besh minutdan keyin — “Paxtaobod”…
Halim vagon nazoratchisining ovoziga loqaydlik bilan quloq solib oʻtirarkan, kutilmaganda miyasida umid uchqunlari “milt” etdi: “Iya, nazoratchidan hech narsa soʻramabman-a?! Balki u bilar?..”
Halim beixtiyor oʻrnidan turib, yalang oyoq holda oʻsha tomonga yurdi.
Kupeda nazoratchi ikki bukilib choyshablarni sanamoqda. Uning yonida vagonma-vagon ivirsib yuradigan oʻsha qalin moʻylovli militsiya serjanti tamaki tutatgancha gurung beryapti.
— Himm… — serjant kupe eshigi yonida garangsib turgan Halimga iyak qoqdi.
— Assalomu alaykum… Akalar, tuflim yoʻq, yoʻqolibdi…
Serjant bilan nazoratchi ma'noli koʻz urishtirib olishdi.
— Qanaqa tufli? — soʻradi serjant.
Militsionerning savoli Halimga “mana, tufling”, deganday tuyuldi.
— Kulrang… chexskiy… dedi u yutoqib.
Militsioner yelka uchirdi:
— Kulrang… chexskiy bitta emas-ku, axir?
Halim sevinib ketdi: tufli shu yerda boʻlsa keragov, yoʻqsa militsioner bekorga bunday demaydi. Axir u militsioner-a?!. U Halimdan aniq belgi talab qilyapti! Fu, shu ham talab boʻldimi, kerak boʻlsa u tuflisining tagida nechta “tishi” borligigacha biladi.
Halim xuddi domlasiga imtihon topshirayotgan talabadek hayajon bilan qoʻlini koʻksida chalishtirib, vagonning shiftiga tikildi:
— Mening tuflimning ichida… 013 raqami bor
— Xoʻsh?
— Ha, ha, bir poyida.oʻsha “0” raqami umuman bilinmay ketgan.
Militsioner nazoratchiga taajjub aralash bir qarab oldi-da:
— Yana qanday belgisi bor? — deb soʻradi qiziqish bilan.
— Poshnasiga nagʻal qoqilgan… uchiga mix bilan…
— Yana?
— Yana-a, — Halim zoʻr berib tuflisining belgilarini eslashga unnay boshladi.
— Ha, topdim, topdim, chap poyining tumshuqchasida bilinar-bilinmas kemtikchasi bor.
Nazoratchi Halimning topqirligiga ortiq chidayolmay kulib yubordi, militsioner pixillab unga qoʻshildi. Halim ham hokisorgina iljayib, chetda qolmadi.
— Oʻrtoq, — dedi serjant bir mahal jiddiy tortib. Bilasanmi, kecha narigi vagonda nima boʻlgan?
Halim yelka qisib, ortga qaradi.
Militsioner ogʻzidan dud chiqarib “narigi vagon” hikoyasini boshladi.
— Kecha bittasining ikki yuz soʻmini oʻmarib ketishibdi. Serjant oʻsha jabrlanuvchiga: “Oka, pulingizni shu kechayoq topib keltirib beraman”, desa koʻnmabdi. Qoʻying-e, shu arzimas ikki qogʻozni deb ovora boʻlib yurasizmi, undan koʻra biz bilan oʻtiring, bi-ir hangomalashamiz”, debdi. Militsioner bunday mard odamni birinchi marta koʻrib turishi ekan, shu sababli uning gapini yerda qoldirishni ep koʻrmay, tong otguncha, u bilan chaqchaqlashib kelibdi. Sen esa, — dedi militsioner jabrdiydani bosh-oyoq kuzatib.
— Allaqanday tuflini deb burningni tortganing-tortgan.
Halimning peshonasi terlab ketdi. U boshiga toʻqmoq tushgan odamdek bir zum kalovlanib turgach, sekin iziga qaytdi.
Toʻxta, hov ogʻayni…
Halim “yalt” etib orqasiga qaradi. Nazoratchi uni koʻrsatkich barmogʻi bilan imladi:
— Ma, manovini kiyib ol. Nazoratchi kupening bir burchagida yotgan shippakni olib uzatdi:
— Harna-da, yalang oyoq ketgandan koʻra…
Serjant luqma qistirdi:
— Mukofot, topqirligingga!
Rahmat.. — deb mingʻilladi Halim.
U kupedan uzoqlashgach, militsioner xotirjam gapirdi.
— Qistaloqning xotirasiga besh ketdim-ey…
— Zoʻr ekan. Botinkani kiyib yurishga ham qoʻrqasan.
— Hamma belgilarini aniq-tiniq aytib beryapti-ya!..
Parovoz oʻkirgancha navbatdagi bekatga kirib borardi…