December 21, 2019

Депутатликка номзодларга маслаҳатлар

Ҳурматли, номзодлар!

Сизларни эртага катта синов кутиб турибди. Агар эртанги сайловларда ҳақиқатда кўп овоз олишга кўзингиз етиб турган бўлсаю, аммо аввалги йиллардаги каби турли қинғирликлардан хавотир олаётган бўлсангиз, унда қуйидаги маслаҳатларимни диққат билан ўқиб чиқинг.

Бу ёш бола нимани ҳам ўргатарди, дейишингиз мумкин. Аммо ишонинг, бу жараёнларда озми-кўпми тажрибам бор.

Унутманг, ушбу фикрлар ўтган сайловлар тажрибасидан келиб чиқиб айтилмоқда, балки жорий сайловда бундай ишлар қилинмас (шунга қаттиқ ваъда беришмоқда) ва бу маслаҳатларнинг Сизга ҳожати ҳам бўлмас.

 

1-маслаҳат: ҳар бир сайлов участкасига албатта ўз вакилингизни қўйинг.

Битта округда ўртача 40-50 та сайлов участкаси бўлади, деб ҳисобласак, демак, Сизга камида ана шунча ишончли инсонлар керак. Сайлов қонунчилиги бўйича, Сиз танлаган ишончли инсонларни ёки сиёсий партиянинг ваколатли вакили сифатида, ёки кузатувчи сифатида расмийлаштириш (мандат олиш) мумкин. Масалан, мен ўтган сайловларда ҳар бир участкага 2 нафардан вакил қўйгандим. Фақат расмийлаштириш ишлари тугаб бўлган, умид қиламанки, аллақачон ишончли вакилларни “жангга” тайёр қилиб қўйгансиз.

 

2-маслаҳат: участка сайлов комиссияси фаолиятини диққат билан кузатиш керак

Инсон фактори бор экан, турли ноҳақликларни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Чунки бир неча минглаб участка сайлов комиссиялари аъзолари бор, уларни бирдек ҳақиқатпарвар ёки виждонли қилиш имконсиз. Сайлов қонунчилигининг бузилишлари одатда айнан мана шу қуйи бўғинда кўп учрайди. Уларга кимдир юқоридан буйруқ бермайди, шунчаки таниш-билиш, ошна-оғайнигарчилик, қўни-қўшни, қариндош-уруғ дегандай... Хуллас, тушунасизу буёғини.

Шу сабабли қандайдир манфаатлар эвазига кимгадир ёрдам беришга уруниб кўрадиган вакиллар чиқиб қолиши мумкин. Вакилларингизга қаттиқ тайинланг, сайлов комиссияси аъзоларини, айниқса раисини диққат билан кузатиб туришсин.

3-маслаҳат: саноқ жараёнига ҳушёр бўлиш керак

Сайловларнинг энг қаймоқ жойи, бу овозларни ҳисоблаб чиқиш жараёнидир. Айни мана шу 2-3 соат вақт барчасини ҳал қилади. Қонунчилик бўйича, Сиз қўйган вакиллар овозларни санаш жараёнида қатнашишга ҳақли ва бутун вужуди билан диққатли бўлиб, кузатишсин. Турли ўйинларга йўл қўйишмасин.

4-маслаҳат: овоз бериш якунлари эълон қилинаётган вазиятни видеога олиш керак

Сайлов кодексининг 58-моддасига кўра, участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари тўғрисида қарор қабул қилади. Шундан сўнг баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

❗️ Вакилларингизга қаттиқ тайинланг, ана шу жараённи албатта видеога тушуришсин. Токи кейинчалик натижаларни ўзгартира олишмасин. Ҳозир юксак технологиялар асри, деярли барчада смартфон телефонлар бор, видео муаммо бўлмаса керак. Демак, агар округда 50 та сайлов участкаси бўлса, 50 та видео ҳам бўлиши керак. Имкони бўлса видеоларни ўша заҳоти Телеграмдан юборишсин (вакиллар учун бирорта гуруҳ ташкил қилиб қўйинг).

 

5-маслаҳат: якуний баённомадан албатта нусха олиш керак

Сайлов кодексининг 58-моддасига кўра, овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этаётган сиёсий партиянинг ваколатли вакили, кузатувчилар участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли. Яна ўша гап - имкони борича ҳар бир баённомадан ҳам расм, ҳам қоғоз нусха олиш керак. Нечта сайлов участкаси бўлса, Сизнинг қўлингизда шунча баённома нусхаси бўлсин. Расмларни ўша заҳоти Телеграмдан юборишсин.

❗️ Унутманг! Участка сайлов комиссияси раиси баённома нусхасини беришдан бош тортишга ҳаққи йўқ. Вакилларингизга қаттиқ тайинланг, агар қайсидир раис нусха беришдан бош тортса, Марказий сайлов комиссияси ҳамда прокуратура органларига шикоят қилишларини унга эслатиб қўйишсин. Жайдари тилда айтганда, яхшигина "қўрқитишсин".

 

6-маслаҳат: баённомани албатта ручкада тўлдириш ва муҳр ёки имзо қўйишни талаб қилиш керак

Аввалги сайловлар тажрибаси шуни кўрсатадики, участка сайлов комиссиялари раислари овозлар якуни бўйича баённомани ручкада тўлдиргиси келмайди. Қаламда ёзаман дейди. Чунки қаламда ёзилган баённомани кейинчалик ўзгартириш мумкин. Жорий йилда барча сайлов комиссияси раислари ва аъзоларига бундай қилиш ноқонуний эканлиги ҳақида кўп бора тушунтиришлар ўтказишган бўлса-да, аммо барибир ҳаммага кафолат бериш қийин. Шу сабабли вакилларингизга қаттиқ тайинланг, ҳар бир баённомани ручкада тўлдиришни талаб қилишсин.

7-маслаҳат: турли миш-миш ва иғволарга ишонманг

Сизга турли инсонлар, масалан ҳокимият вакиллари, “юқоридан” қайсидир номзод сайланиши кераклиги ҳақида топшириқ беришганини айтишса, асло ишонманг. Ҳокимлар тугул, ундан катта валломатлари ҳам сайловга аралишишга ҳаққи йўқ ва бундай ишни сезишингиз билан тегишли тартибда шикоят қилинг.

Тўғри, ўтган йилги сайловларда «амалдаги депутатлар сайланиши керак» деганга ўхшаган айрим норасмий анъаналар бор эди. Мисол учун, 2014 йилда 26 нафар амалдаги депутат ўз номзодини қўйган бўлса, шундан 25 нафари сайланган. Биттагина амалдаги депутат мўжиза туфайли (балки ҳокимнинг нўноқлиги сабабдир) сайлана олмай қолган.

Аммо жорий йилда «амалдаги депутат сайлансин» деган ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Сизга кимдир шу гапларни айтиб, қўрқитаётган (балки алдаётган) бўлса, “бор, тошингни тер” деб айтинг. Сайловга аралашишга ҳаракат қилган инсонлар аслида ўз манфаатлари йўлида демократик қадриятлар, халқ ишончи ва Ўзбекистон имижини ҳам пуллашга тайёр бўлган муттаҳамлардир. Бунақалардан сира қўрқманг ва ҳайиқманг. Ўзингизга ва Сизга овоз берган минглаб сайловчиларга ишонинг, шунинг ўзи етади.

Тез орада сайлов учун алоҳида бот ташкил қиламан, шикоятларни ўша жойдан юборсангиз ҳам бўлади. Жамоатчилик назорати сифатида ҳақиқат учун биргаликда курашамиз, Худо хоҳласа.

Фақат Сизнинг қўлингизда рад қилиб бўлмас далиллар бўлиши керак, бунинг учун эса юқоридаги барча маслаҳатларга оғишмай амал қилинг. Ҳа, бу осон бўлмайди, аммо атиги бир кун чиданг. Мана шу кун нафақат Сизнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг келажагини ҳал қилиши мумкин.

 

Ҳурматли, муносиб номзодлар! Қонун чиқарувчи ҳокимият вакили бўлиш йўлидаги мардонавор курашингизда Сизларга чин дилдан омадлар тилайман. Мамлакат тақдирига бефарқ, мустақил фикри йўқ ҳамда энг асосийси - халқ аслида овоз бермаган ноинсоф номзодларнинг сайланмаслигига тилакдошман.

 

Саломат бўлинг.

Телеграм канал:

https://t.me/xushnudbek