ОАВ ва блогерлар ўртасидаги “Заковат” турниридаги ҳолат бўйича ваъда қилинган пост
МУҚАДДИМА
27 июндаги касб байрами арафасида журналист ва блогерлар ўртасида “Заковат” турнири ўтказилди. Турнирнинг нимчорак финалида "Жаззда фақат қизлар" жамоаси турнирнинг бўлғуси чемпионлари бўлган "Energy" жамоасидан ютқазди. Шундан сўнг, "Жаззда фақат қизлар" жамоаси аъзолари рақибларига жавоблар олдиндан бериб қўйилгани, бу ҳақида рақиб жамоа сардори ўз оғзи билан айтгани ҳақида эътироз билдиришди. Буни ўйин пайтида ҳам, ўйиндан кейин ижтимоий тармоқларда ҳам таъкидлашди.
Аслида бу унутилган мавзу, ортиқча эътибор қилишга арзийдиган бирор жиддий аргумент ҳам йўқ эди. Аммо шу можаролар ҳақида битта пост ёзаман деб, ваъда бергандим, йил тугамасидан аввал шу ваъдамда турай дедим.
"Заковат"нинг пойдевори — саволлар махфийлигини сақлаш
Асосий мавзуга ўтишдан олдин, хулоса қисмини бошида ёзиб қўя қолай. Кўпчилик охиригача ўқимаслиги мумкин.
"Заковат"да 18 йилдан буён қатнашаётган бўлсам, дарҳақиқат, халқ орасида "сизларга жавобини олдиндан бериб қўйишадими?" деган саволларни кўп беришган (охирги йилларда бунақа савол анча камайди). Ташқаридагиларда шубҳа бўлиши табиий.
"Заковат" клуби ташкил топганига ҳадемай 22 йил бўлади. "Заковат" каби интеллектуал лойиҳаларда энг бирламчи ва олтин қоида — бу саволлар махфийлиги бўлиши керак. Қолган ҳамма жиҳатлар иккинчи, учинчи, ўнинчи, юзинчи масала.
Аслида саволлар махфийлиги ўта мўрт жиҳат. Энг осони кимгадир жавобни олдиндан айтиб қўйиш. Тамом. Шу билан ҳаммаси осон ҳал бўлади. Масалан, футболда келишилган ўйинни саҳналаштириш қийин. 90 дақиқа келишувни билдирмасдан ишонарли гол ўтказиш ва мағлуб бўлиш ҳам санъат. Буни кўпчилик эплолмагани учун ҳам сир очилиб қолади. "Заковат"да эса, мантиқан ўйлаб қаралса, бунақа санъат шартмас. Экран ўйинида бироз қийинчилик бўлиши мумкину, лекин спортча версия шаклидаги жавобни қоғозга ёзиб берадиган турнирларда бу писта пўчоқдек гап. Жавобларни олдиндан айтиб қўйсангиз ҳам ҳеч ким билмайди ва ҳеч ким деярли исботлай олмайди. Нақадар осон!
Аммо "Заковат"даги мана шу мўрт пойдевор аслида энг мустаҳкам бетондан ҳам ишончлироқ. "Заковат"да ҳамма хатони кечириш мумкин, турли адолатсизликлар ҳам бўлиши мумкин, қайсидир жамоага осон, қайсидир жамоага қийин савол берилиши, саволлар савияси ва тўғрилиги борасидаги баҳслар, апелляциялар бўйича нотўғри қарорлар, ҳисоб-китоб ёки техник-ташкилий ишларда адашишлар бўлиши мумкин. Ҳаммасини кечирса ва тўғриласа бўлади. Аммо саволлар жавобини кимларгадир олдиндан бериб қўйишни ҳеч ким кечирмайди. Бу иснод, бу уят, бу шармандалик, бу билимга хиёнат! Бунақа вазиятда орияти бор самурай харакири қилган бўларди, биз эса ўша инсонни бир умрга клубдан ҳайдаймиз. Ҳозирча, Аллоҳга шукр, бунақа ҳолат кузатилмаган (жойларда "Заковат" номи остида ўтказилган ва бизга боғлиқ бўлмаган турнирлар ҳақида бирор нарса дея олмайман).
Клубимизда дўстлар уёқда турсин, ҳатто бошқа-бошқа жамоада ўйнайдиган эру хотинлар бор. Эр (хотин) савол ўқиган турнирда хотини (эри) бошқа жамоа таркибида ўйнаши мумкин. Мабодо ўша жамоа ютган тақдирда ҳам шу чоққача кимдир "Вой, жавобини айтиб қўйган бўлса керак" дея шубҳага борганини кўрмаганман. Чунки ҳамма бир-бирига ишонади, бу олий қадриятга айланган.
Шу сабабли "Заковат"ни томоша қилаётганлар ёки клуб турнирларида иштирок этаётганлар саволлар олдиндан бериб қўйилиши ҳақида сира шубҳага бормаса ҳам бўлади. Турли хатолар ва камчиликлар, савия, даража ва бошқа масалаларда саволлар пайдо бўлиши мумкин, аммо жавоблар бериб қўйилиши масаласида шубҳага ўрин йўқ.
Илоҳим, келгусида ҳам бундай шармандалик бўлмасин, деб ният қиламан.
АСОСИЙ МАВЗУ
"Жаззда фақат қизлар" жамоаси ҳам, "Energy" жамоаси ҳам тажрибали билимдонлардан таркиб топган. Улар азалдан интеллектуал турнирларда, Куиз ўйинларида доимий иштирок этиб келади. Хусусан, айни кунларда "Energy" жамоаси "Заковат" профессионал лигасида ўйнайди, "Жаззда фақат қизлар" жамоаси эса ўтган мавсумда Иккинчи лига етакчиларидан бири сифатида Биринчи лигага йўл олишди.
Биз иккала жамоа аъзоларини ҳам клубдошларимиз сифатида самимий ҳурмат қиламиз. Айниқса "Жаззда фақат қизлар" жамоаси гарчи ўша ОАВ турнирида шубҳага боришган бўлса-да, ҳозирда клубнинг доимий ва фаол аъзолари эканлигидан келиб чиқиб, кейинчалик бу шубҳалари асосга эга эмаслигини тўғри тушунишган, деган яхши гумондаман ва бундан хурсандман.
Энди турнир ҳақида. Турнирда жами 59 та жамоа иштирок этди. Саралаш босқичида 2 та турда жами 30 та савол берилди.
30 та саволдан кейин "Energy" жамоаси 20 очко билан 5-ўринни, "Жаззда фақат қизлар" жамоаси 16 очко билан 12-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиқишди.
1/16 финал босқичида эса "Жаззда фақат қизлар" жамоаси 9 очко билан, "Energy" жамоаси 7 очко билан рақибларини мағлуб этишди ва нимчорак финалга чиқишди.
Нимчорак финалда икки жамоа ўзаро тўқнашди. Ҳисоб: 10-6. Мана шу мағлубият "Жаззда фақат қизлар" жамоаси эътирозига сабаб бўлди.
Вазиятни яхшироқ тушуниш учун нимчорак финал натижаларини барча жамоалар кесимида тўлиқ кўриб чиқамиз (яшил фон - кейинги босқичга чиққан, пушти фон - мағлуб бўлган):
Кўриб турганингиздек, "Жаззда фақат қизлар" жамоаси 6 очко билан 16 та жамоа ўртасида 11-12-ўринни қайд этган. Яъни улар нимчорак финалда 6 очко билан 10 та жамоадан мағлуб бўлар эди. Шубҳага борилган "Energy"нинг ўрнига бошқа исталган яна 9 та жамоа бўлса ҳам, бирор нарса ўзгармасди.
ХУЛОСА: Жамоанинг мағлубиятига рақибининг кўп очко олгани эмас, балки ўзларининг кам очко олгани сабаб бўлган.
Ушбу турда энг алам қиладигани "VPN" жамоасига бўлди. Улар 8 очко олиб ҳам, кейинги босқичга чиқа олмади. Кутилмаганда рақиблари "Kelajak liderlari" жамоаси 10 очко олишди.
Апелляция
"Заковат" турнирларида апелляция ўта муҳим босқич. Биз буни катта-кичиклигидан қатъи назар ҳар турнирда ўтказамиз. Чунки асосий мақсадимиз ўйин адолатли ва ҳалол бўлиши керак. Бунда турли техник хатоликлар жамоалар тақдирини ҳал қилмаслиги шарт. Шу сабабли ҳар бир жамоадан бирма-бир апелляция бор ёки йўқлигини сўраймиз. Апелляцияга чиқиш ҳар бир жамоанинг ажралмас муҳим ҳуқуқи.
Ўша турнирда ҳам ҳар бир босқичдан сўнг жамоаларни номма-ном, бирма-бир ўзимиз айтиб, уларда апелляция бор-йўқлигини сўраб чиқдик.
Апелляция жараёни ўйин тугаши заҳоти бўлиб ўтди. Токи барча жамоадан эътирозлар тинглаб бўлинмагунгача, бошқалар ўрнидан туриши, ўзаро суҳбат қуриши мумкин эмас эди.
Нимчорак финалдан сўнг "Жаззда фақат қизлар" жамоаси вакили апелляцияга чиқди. Жамоанинг апелляцияси қуйидагича бўлди:
Биздан кучсиз рақибимиз биздан кўп очко олиши бизни шубҳалантирмоқда. Сизлар ўтган раундда (1/16 финал) апелляцияга чиққанимиздан жаҳлинглар чиқиб, танаффус пайтида жавобларни рақибимизга олдиндан бериб қўйгансизлар.
Саволларнинг тўғри-нотўғрилиги бўйича ёки сизлар топган саволга очко берилмаган ҳолат бўйича эътироз борми, деб қайта сўрадик. Йўқ, дейишди. Асосий эътироз — "жавобларни уларга олдиндан бериб қўйгансизлар", деган асоссиз гап бўлди.
Хўп, бунга нима деб жавоб бериш мумкин? Ҳе йўқ, бе йўқ, шунчаки мағлуб бўлгани учун ёки рақиб жамоа кўпроқ очко олгани, 12 та саволдан 10 тасига кетма-кет жавоб бергани учунгина "уларга жавобларни бериб қўйгансизлар" деган апелляцияни очиғи биринчи марта эшитишим. 18 йиллик "Заковат"даги фаолиятим давомида бунақасини илгари кўрмаганман.
Йўқ нарсани исботлаб бўлмайди. Шу сабабли бу апелляцияга ортиқча вақт йўқотмаслик учун, жамоа вакилига турнир Низоми бўйича апелляция нотўғри берилаётгани, ҳеч кимга ҳеч қанақа жавоб бериб қўйилмагани, агар "Заковат"га ва ташкилотчиларга ишонч бўлмаса, яхшиси турнирга бошидан келмай қўявериш кераклигини айтиб, жавоб бердик.
Яна бир марта эътиборингизни қаратмоқчиман: "рақибларимизга жавобларни бериб қўйгансизлар" деган апелляция ҳали ҳеч ким билан суҳбат қурмасдан, рақиб жамоа вакиллари билан гаплашмасдан, шунчаки натижаларга қараб туриб айтилди.
Танаффусдаги суҳбат
Асосий эътирозли ҳолат айнан жамоалар апелляцияни тугатиб, танаффусга чиқишгандаги суҳбатда бўлган.
Очиқ айтаман, шу чоққача нимаики ёзган бўлсам, ўзим шахсан гувоҳ бўлган нарсалар ҳақида ишонч билан ёздим. Аммо бу қисмда ўзим кўрмаган ва ўзим эшитмаган суҳбат ҳақида ёзишга мажбурман. Шу сабабли, танаффусдаги суҳбатни иккала жамоа вакиллари тилидан иқтибос шаклида келтираман. Ким рост гапиряпти, ким ёлғон, билмайман. Суҳбатнинг аудиоси ҳам йўқ.
"Жаззда фақат қизлар" жамоаси вакили тилидан:
Танаффусда "Energy" жамоаси вакили ўз оғзи билан "бизда ҳамма саволга жавоб бор эди, атайлаб иккитасини белгиламадик", деб айтди.
"Energy" жамоаси вакили тилидан:
Ҳа, шунақа дедим. Лекин "ҳамма саволга жавоб бор эди" деганим, муҳокама пайтида ҳамма саволга бизда тўғри вариант бор эди, дегани. Лекин 11-саволда тўғри жавоб бўла туриб, бошқа вариантни танлаб ёзвордик, 12-саволда эса атайин кўз тегмасин деб тўғри жавобни ёзмадик, деб ҳазиллашдим. "Бизга жавоблар олдиндан бериб қўйилган эди" деган гапни умуман айтганим йўқ, "бизда жавоб бор эди" дедим. Жамоа бу гапимни нотўғри тушунибди.
Бор гап шу. Умуман олганда ҳеч ким ёлғон гапирмаган. Иккисининг ҳам гапи бир жойдан чиқмоқда. Яъни иккала жамоа ҳам иқтибос келтирганда "бизда жавоб бор эди" деган жумлани ишлатди. Демак, муаммо шунчаки жумлани нотўғри талқин қилишда.
"Бизда жавоб бор эди"
"Заковат" ёки Куиз каби ўйинларга доимий борадиганлар яхши билади, савол муҳокамаси вақтида тўғри вариант бўла туриб, бошқа вариант ёзиб юборилса, "эҳ, бизда жавоб бор эди" деган жумла ишлатилади. Билимдонлар сленгида бу муҳокамада тўғри вариант бўлганини билдиради. Лекин асло бу уларга кимдир олдиндан жавоб бериб қўйганини англатмайди.
ХУЛОСА: Катта эҳтимол билан, "Жаззда фақат қизлар" жамоаси вакиллари мағлубиятдан кейин азарт остида апелляция беришган. Шубҳа-гумонлар ҳам интеллектуал азартдан деб биламан. Ҳаммамизга ҳам мағлуб бўлиш ёқмайди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки "Жаззда фақат қизлар" жамоаси аъзоларининг барчаси ақлли қизлар. Агар танаффусдаги суҳбат бўлмаганда, вақт ўтгач бу унутилиб ҳам кетарди, асоссиз шубҳага боришганини тезроқ тушунишарди. Аммо танаффусда рақиб жамоаси билан суҳбатдан кейин "бизда жавоб бор эди" ибораси оловга мой сепгандек бўлган ва жамоанинг эътирозларини кучайтириб юборган. Шубҳаларини худди ҳақиқатга айлантиргандек бўлиб қолган. Шу сабабли уларни ҳам тўғри тушунаман.
Хуллас, шунақа гаплар. Хулоса ўзингиздан.
ЯКУНИЙ ҚЎШИМЧА
"Жаззда фақат қизлар" жамоаси вакили шубҳалар ҳақида гапира туриб, айнан менга ҳам шаъма қилган эди. Яъни "Energy" жамоасидагилар улфатларингиз, шу сабабли уларга ёрдам қилдингиз деб.
Очиғи шахсиятим ҳақидаги уларнинг тасаввури менга унча қизиқ эмас. Яъни нафақат мен, балки "Energy" жамоаси вакилларидан кимдир, айтайлик улар орасидаги энг қадрдон дўстим Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам мана шундай пасткашликка бориши мумкин, деб ўйлашгани уларнинг шахсий иши (чунки айтилган шубҳага кўра, жамоадан кимдир ўша жавобларни қабул қилиб, тезда ёдлаб олиши ва ҳеч нарса бўлмагандай пасткашларча юриши керак эди).
Умуман олганда журналистлар ва блогерлар турнирида ярмидан кўпи улфатларим, қадрдонларим, яқин танишларим бўлиши табиий (финалдаги иккала жамоа ҳам улфатларим жамоаси эди, масалан).
Саволларнинг мен томонимдан олдиндан бериб қўйилишига келсак, бизда ҳар бир турнирнинг муаллифлар жамоаси ва таҳрир ҳайъати бор. Саволлар фақат уларда бўлади ва бошқалардан қатъий сир сақланади. Ҳатто турнир бошловчисига ҳам саволлар стартдан 10-15 минут олдин ўша жойнинг ўзида берилади.
ОАВ ва блогерлар турнирида аслида мен ҳам таҳрир ҳайъати таркибида бўлишим керак эди. Аммо ўз хоҳишим билан бундан воз кечганман. Яъни ўзимни ўзим рад қилганман. Бунга сабаб ўша турнирда ЎзА жамоаси ҳам иштирок этганди, манфаатлар тўқнашуви ва турли шубҳаларнинг олдини олиш учун саволларга "доступ" олишдан бош тортганман. Бошқа ортиқча изоҳ шартмас, менимча.
Вақт ажратиб ўқиганингиз учун раҳмат. Кимнингдир кўнглини ўша пайтда ёки ҳозирги пост орқали ранжитиб қўйган бўлсам, чин дилдан самимий узр сўрайман. Барча гиналар эски йилда қолиб кетади, деган умиддаман.
Шахсан мен барча клубдошларимни ҳурмат қиламан. Қолгани эса тушунмовчиликлар ортидан юзага келадиган арзимас ҳолатлар холос.
Саломат бўлинг, Янги йилни яхши кутиб олинглар. Ақл-Заковат доимий ҳамроҳингиз бўлсин.