Ҳикоялар
April 7, 2020

Нимеш Пател. Лабдан ўқувчилар (ҳажвия)

Лотин ёзувидаги матнни мана бу ердан ўқишингиз мумкин

Коллежда ўқиб юрган кезларимизда, биз учта ўртоқ – тиришқоқ ўқувчиларнинг «учлиги» эдик. Бундай «учлик» лотинчадаги каби кучнинг уч марказда бўлиниши маъносида эмас, балки ўта сезувчанлик қобилиятининг уч кишида бўлинишини англатарди. Синфимизда режали суҳбат, гипноз қилиш, юз ифодасидан ичдаги гапни ўқиш каби одамни ҳайратга туширадиган «ноакадемик» таъқибларга қизиқиш ва бундай «ҳунарлар» билан шуғулланиш авж олганди. Гарчи бу борада омадимиз чопавермаса-да, лекин сир бой бермай, ҳунаримизни кўрсатишда давом этаверардик. Худди қайта-қайта ҳаракат қилиб, Эверест Чўққисига чиқишни хоҳлаган, чунки «мақсади айнан ўша!» бўлган Маллорига ўхшаб, биз ҳам ана шунақа ғайриоддий ҳунарлардан бирини қойилмақом ижро этишни, ақалли бир бора бўлса ҳам, номига расмий равишда овоза бўлишни жуда-жуда истардик. 

Ўтган сафар режали суҳбат уюштиришга ҳаракат қиларканмиз, осмонга отганимиз танга бир марта «ҳа», икки марта «йўқ» томон билан тушди. Лекин бошқа томондан, бунга сабаб тўртталовимиз ҳам биргаликда ва билган ҳолда тангани бирортамиз ютқазишимиздан умид қилиб айлантирганимиз бўлди. Дарҳақиқат, режали суҳбат деганлари режали танга отишга айланиб кетди. 

Бир куни орамизда гипнозчи бўлиб танилган Сидрат ётоқхонада иккинчи курс талабасини гипноз қилишга уринганда, у талаба ҳам Сидрат буюрган ҳамма нарсани худди сеҳрлангандай бажарди. Боладан ўмбалоқ ошишни сўралганида, гипнозланган талаба ўз танасини шундай кўттариб урдики, радио, ўтган йиллардаги кинонинг мағлуб бўлмайдиган қақажон қизи – юлдуз Мадҳубаланинг рамкали сурати ва хонадаги бошқа бир қанча нарсалар асл ва қонуний турган жойидан учиб-учиб тушди. Биз ҳатто Кишор Кумарнинг руҳи Мадҳубаланинг суратини учириб юборганини худди бахтиёрларга ўхшаб, Сидратнинг гипнозчи бўлиб янгича қаҳрамонлик кўрсатганига йўйиб қўя қолдик. Гипнозчи, яна қанақа денг: тан олинган ва тасдиқланган, сеҳргарнинг нақ ўзи! Энг қизиғи, бундай қобилиятга эга киши бизнинг биттамиз эди… 

Сидрат талабадан классик филмдаги қўшиқни хиргойи қилиб беришни сўради. Хиргойи ҳам хиргойи бўлди-да! Талаба Маннадейнинг «Лага чунри ме даг»ини шу қадар қойилмақом ижро этдики, гипноз қилинган бизми ё у эканини билмай қолдик. 

Кейин мен унга куйлагини ечишга буйруқ бердим. У буйруққа жон деб «итоат қиларкан», хотиржам оҳангда бирданига: «Ўмбалоқ ошиш, мумтоз қўшиқ куйлаш ва куйлакни ечиш жуда ажойиб экан-а, лекин кўпам хомтама бўлаверманг, ҳозирча шундай, бундан кейин бунақаси кетмайди!» деди. Бу гапга ҳангу манг бўлиб, унга термулдик. Сидрат ўзича гипноз қиляпман деб ўйлаган нарсасига ҳалиги талаба атайин ўзини билмаганга солиб, буйруқларни бажариб тургани энди бизга аён бўлди-қолди. Энг ёмони, бу билан Сидратнинг гипнозчиликдаги мавқеини муддатидан илгари йўққа чиқарди ва маҳв этди у баччағар! 

Бироқ, яна бир ихтирочи, топқир оғайнимиз Маниш, ҳуқуқшунослик бўлими талабаси, Сидратнинг инқирозидан қўрқувга тушмади. У ўзини одамларнинг юзига қараб ичидагини ўқиш бўйича билимдон деб юрарди. Маниш бундай ҳунарни эгаллашни келгусидаги ҳуқуқий фаолияти учун зарур деб билармиди, буниси аниқ эмас. Билганимиз шу эдики, у юзига қараб фол очадиган кишиларнинг кўпчилиги унга аллақачон таниш эди. 

Бироқ, бу сафар энди қовун туширмасликка қарор қилдик. Биз одамларнинг лабига қараб ичидагини топиш бўйича қобилиятни ривожлантиришга қарор қилиб, шу мавзуга тегишли «Ўзинг қилиб кўр!» номли китобни сотиб олдик. Шундан сўнг, товуш чиқишига қараб, лабларнинг қимирлашини, бурилишларини ўрганишни бошладик. Таажжубки, инсоннинг лаблари сўзларни талафффуз қилганда турфа ҳаракат қилар ва бу ҳаракатларни ўрганиш биз учун ўта қизиқ бир машғулот эди. Бу иш нутқимизни қўриқлашнинг яна бир сабаби, дея оқилона ўйладик биз. Шу тариқа лабдан ўқишнинг ғаройиб оламига «ҳужумимиз» бошланиб кетди. 

Бир ҳафта давом этган мутолаа ва айрим амалий машғулотлар лабдан ўқиш бўйича ўзимизга ишончни орттирди. Ҳатто телевизор ўрнатилган умумий хонамизда янгиликлар дастурини кўришда «кар ва соқов» бўлиб, бошқа талабаларни ўзимизга жалб этдик. Тез фурсатда ҳеч иккиланмай суҳандоннинг лаб ҳаракатлари ва улар талаффуз этаётган бўғинга қараб, синхрон таржима қилишга киришдик. Бир гал телевизорнинг овозини ўчириб, берилаётган филмдаги актёрларнинг лаб ҳаракатларига қараб, уларни «гапиртириш»га уриндик. Аммо томошабинлар қовоғи уйилиши ҳамоно телевизор овозини яна чиқариб қўйдик. 

Ахири лабдан ўқишнинг машқини олдик, деган қарорга келдик ва буни текшириб кўрмоқчи бўлдик. Янги эгалланган малакани шу яқин орадаги қаҳвахонада синашга келишилди. 

Коллеж ҳудудидаги қаҳвахона турли маънодаги учрашув жойи сифатида танилган. Унда талабалар муҳим бўлган имтиҳон ҳақида, муҳимроқ бўлган кўнгил сирлари билан ўртоқлашиш ва ўта муҳим бўлмаган коллеж ҳаёти тўғрисида суҳбатлашишга йиғилишади. Шунингдек, бу ўқишга боғлиқ бўлмаган учрашувлар, яъни «қалбимда сизга нисбатан англаб бўлмас туйғулар уйғонди…» деган гапга столнинг нариги томонидан қизарган юз билан жавоб бериш ёки «жуда соз, лекин…» деган жавоблар қулоч ёзадиган ёхуд йигитларнинг қизларга ойни олиб бериш билан боғлиқ қуюқ ваъдалари давом этадиган антиқа бир жойдир. 

Биз атайин қаҳвахонадаги ёши ўзимиз билан тенг бўлган жуфтликларни синовимиз учун танлаганимиз йўқ, чунки ўзимиз аллақачон гувоҳи бўлган сўзларни лабдан уқиб олишни истамадик. Шунинг учун 3-4 стол нарида ўтирган ўрта ёшлардаги эркак ва аёлни танладик. Улар бир-бири билан эркин ва қувноқ ҳолда гаплашиб ўтиришарди. 

«Хотиржамгина ўтирган жуфтлик» деди орамизда ўзига «юздан ўқувчи» номини берган Маниш. Бу гап бизни ҳалиги эркак ва аёлдан қайрилиб, Манишнинг енгига қарашга мажбур қилди; бир неча кун аввал уни дазмолда куйдириб олган, натижада тикувчи бир неча жойидан чатиб тикиб қўйганди. 

«Лабдан ўқувчилар учун энг маъқул усул. Қани, энди бошлайлик!», дедим мен синовни ўзим учун урғулагандай оҳангда. 

Ҳалиги жуфтлик ҳамон ўзаро бир нималарнидир гаплашиб ўтирар, атрофдаги воқелар билан иши йўқдай эди. 

Эркак аёлга «Мен йигирмани тўғирладим» деб айтди, дея кулди гипнозчиликдан лабдан ўқувчига айланган Сидрат. – Лекин унинг охирги сўзларини эшита олмадим.» 

«У балки уйда йигирмата михни тўғирлаганини айтгандир» дедим мен ва кулиб юбордим. «У уйдаги машғулотларга қўшган ҳиссасини айтаётган бўлиши мумкин.» Шундай қилиб, лабдан ўқиш бўйича шунча қилган ҳаракатимиз тахминга асосланган «балки», «эҳтимол»дан нарига ўтмади, жумладан, бояги аёл ва эркакни эр-хотинга ҳам чиқариб қўя қолдик. 

Аёл энди эркакнинг сўзига диққат билан қулоқ тутди, сўнг тездан нимадир деб эркакка гапирди. 

«У «биринчидан» дея гап бошлади, лекин кейинги сўзларини илғай олмадим» деди бизнинг лабдан ўқувчимиз. – Эҳтимол, у «ўша пайтда» деган сўзни ишлатди.» 

Енгилишни истамаганим учун унинг гапини бўлдим: «Балки аёл эркакка биринчи гал учрашувда қаттиқ ҳаяжонлангани учун танбеҳ бераётгандир.» «Балки», «эҳтимол» деган сўзлар шерикларим олдида мени уялишдан қутқарарди. 

«Бўлиши мумкин…», пичирлашди Сидрат билан Маниш фикримга қўшилгандай. 

Жуфтлик суҳбатини тугатиб, қаҳва учун офитсиантга пул тўлади ва секин ўрнидан қўзғалди. Столимиз олдидан ўтаркан, эркак бизга яқинроқ келди ва шундай деди: «Бизнинг сўзимизнинг баъзисини тўғри англадингиз, фақат баъзисини холос. Яъни мен уйда йигирмата михни тўғирладим, деганим йўқ. Мен бугун ўзимни йигирма ёшга яшаргандай ҳис қиляпман, дедим.» 

«Мен ҳам унга танбеҳ бермаётгандим, қўшилди аёл кулимсираб, — мен унга йигирма йилча аввал биринчи марта мана шу қаҳвахонада учрашгандик, деб айтаётгандим. Сиз бўлса, мен фикрингизни ўқигунимча, айтмоқчи бўлганимни билишни истадингиз.»

Эркак шундай деб гапини тугатди: «Бизлар уччига чиққан лабдан ўқувчилармиз. Омон бўлинг!»

Инглизчадан Аъзам Обидов ўгирди