Муҳаммад Юсуф шеърлари
Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан сўнг Рус тили ва адабиёти институтига кириб, уни 1978 йили тамомлади. 1978-1980 йилларда республика Китобсеварлар жамиятида, 1980-1986 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлади. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарди.
У ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқларнинг муаллифи сифатида кенг китобхонлар қалбига кириб улгурди. Шоирнинг дастлабки шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1976 йили эълон қилинди.
1998 йили Муҳаммад Юсуфга “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон берилди.
Шоир 2001 йилнинг 1 август куни 47 ёшида оламдан ўтди.
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…
Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри
Илиғимсан, Ватаним.
Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирини дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.
Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон,
Чўлиғимсан, Ватаним.
Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин – Курдистонда,
Бобуринг – Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ, деб
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…
Ўғлим десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…
Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.
Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…
Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
Мен сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмайман,
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.
Мен сиз айтгандайин ҳаммани севдим,
Ҳаммага ишондим, мана оқибат:
Ўз дўстим уйига кўмилди севгим,
Кун бўлиб кўксимни куйдирди нафрат.
Бошимдан ўтгани кўкка ҳам аён,
Юлдузлар қиқирлаб кулар оқбадан:
Мен – зангор яйловда олис, бепоён,
Уюридан ажраб қолган қулунман…
Мана, мен кетяпман тош йўлда кўзим,
Қадамим мошинлар йўрғасига мос.
Йиғласам юпатиб ўзимни ўзим,
Пишқириб қўяман тойчоқларга хос.
Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасман.
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман…
Ҳа, севги ҳақида. У дилга не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб,
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз – Муҳаммад Юсуф.
Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Онам «эркам» деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни ўзбек сийлар,
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,
Катта миллат — Афандиси йўқдир ҳатто,
Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,
Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб туpap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қанча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!
Майли-да, кимгадир
Ёқса,
Ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…
Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени,
Ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат,
Йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг –
Онанг сени
Чиройли туққан!..
Менга
Бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг
Соҳилларидан.
Ўзинг айт,
Сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун
Кокилларидан?..
Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил,
Яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.
Мен эса
Ошиғинг сенинг –
Энг ғариб.
Тундан сўз
Қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.
Иста,
Тиз чўкаман
Ҳозир олдингда.
Севдим,
Севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!
Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.
Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, Она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр она…
Тузалмас бу дардим менинг,
Умидим йўқ.
Хира шамдек кўзларимда
Сўнмоқда чўғ.
Чўғ нимадир? Чўғ ҳам тутаб,
Кул бўлади.
Инсон бир кун ўз майлига
Қул бўлади…
Юрагимни тамом қилдим,
Йиғлайвериб.
Ҳузуримда ажал турар,
Қошин кериб.
Мен ҳаётда ўлимга тик
Боқиб ўсдим…
Қани менга аталган жой,
Кетдик, дўстим!
Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Уйда ётибман-у,
Сезиб турибман,
Кўкда кетаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Буни ҳаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Ҳушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Жон сўнгги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда,
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,
Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим,
Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар,
Энг заиф душманим устимдан кулар.
Улар-ку, не қилса ўзлари билар,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Шоир ўлса ким ҳам куйинар дейсиз,
Мадҳиябоз ҳозир суваракдай кўп.
Улар мисли қишда тарновдаги муз,
Бармоқ тегса ерга тўкилар тўп-тўп…
Тилдан қолсам кўзда қотиб ёшларим,
Кўнглимдан бошқа бор ахир, не зарим?
Ерларга эгилган куни бошларим,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Улар ёш. Ўлимдан қўрқаман ёмон,
Чунки, дардига ҳеч қулоқ солмадим.
Қабримнинг устида йиғласин дебон,
Қизларим кўзёшин асрай олмадим!
Севмоқ бу –
Кечирмоқ дегани асли,
Токи бу дунёда қуёш бор, гул бор.
Ялпизлар гуллаган шу баҳор фасли,
Содиқ ҳамдам бўлгин сен менга, дилбар.
Ғийбатлар тингладим, айланди бошим,
Ҳўл тупроқ куйдирди товонларимни,
Ва мана мен уйда кўнглимни юлқиб
Кўмдим беор дўстдек гумонларимни.
Ўйлар суравердим кечалар танҳо,
Гоҳо, жиққа ёшга тўлганда кўзим.
Ва сени севмоқдан олдин бир куни
Дилдан севиб қолдим ўзимни ўзим…
Севмоқ бу – ўзингни англамоқ асли,
Токи замин аро қуёш бор, гул бор.
Райҳонга кўмилган шу баҳор фасли,
Садоқатли ёр бўл сен менга, дилбар.
Севгилим, мен сени севаман, тамом,
Ғамгин кўзинг, ҳадик тўла кўзингни.
Севмоқ бу – кунда бир кўрмоқ бахтидир
Озғин қўлларингни, сепкил юзингни…
Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,
Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди.
Шароб ичиш менга Хайёмдан қолган,
Ичмасам, ул зотнинг кўнгли ранжийди.
Ўзим бошладимми, ўзим қилгум бас,
Дўстларим беҳуда заволим излар,
Агар қирққа кирмай ўлсам, май эмас,
Мени хароб этган бевафо қизлар!..
Содда Муҳаммадман,
Содда Муҳаммад.
Туркман қизни мақтаб балога қолдим.
Кўйлагига ҳавас қилгандим фақат,
Тоабад туганмас ғавғога қолдим…
Недан ранжидингиз, жон сингилларим,
Қабоқлар уюлди, чимрилди қошлар.
Туркман тушунмай тош отса, чидадим,
Аммо ёмон ботди сиз отган тошлар.
Ёруғ дунёда-ку бари қиз гўзал,
Миллат танламас-ку ҳусн дегани,
Нигоҳим Жайҳундан сакраб ўтса сал,
Қайдан билай сизга малол келганин.
Юртим сулувлари, сизга йўқ таъриф,
Қошингизда ўсма юрса сирғалиб,
Узун сочингизни ўрсангиз тараб,
Боқса деган эдим ой ҳам суқланиб.
Асли туркман қиз бир баҳона, холос,
Излаганим эди сизлар кабилар,
Қўмсаганим ҳаё – момомларга хос,
Соғинганим эди Кумушбибилар…
Ёнсам, ҳажрингизда менинг ёнишим,
Куйсам, сиз туфайли кўнглимдаги чўғ,
Туркман қизларда йўқ менинг танишим,
Қалинга туям ҳам тушиб қолган йўқ!
Бедапоя тўридаги жуфтин қидириб,
Сайрай-сайрай жимиб қолди бедана дилгир.
Сувсумбулни ваъдасига кўмиб, кўндириб,
Ўйнатгани олиб кетди ипмоқ қайгадир.
Қир томондан пода қайтиб келаркан қатор
Кумуш соҳил бўйларига чанглар ястаниб,
Қишлоқнинг энг чеккасидан баҳайбат чинор
Уфқ тарафга қараб қўйди хавотирланиб.
Қуёш осмон этагига осилиб, мана,
Бир хўрсиниб кўздан ғойиб бўлдию кейин –
Қўшни қизнинг ҳавасини келтириб яна
Толкўчага сув сепишни бошлади келин…
Терлар оқди сув бўлиб биздан
Ва гурсиллаб йиқилди терак…
Ака, бизнинг қилмишимиздан
Тунда қушлар йиғласа керак.
Она чумчуқ айланиб кетмас,
Кўнглига қил сиғмаса керак.
Эски индан ташиб бориб хас,
Янги инда йиғласа керак.
Баланд бўлар уйимиз тоғдек,
Айвонида устун ул терак.
Биз яшармиз, кўнглимиз чоғдек,
Шунда қушлар йиғласа керак…
Бош бир кун тош ёстиққа етар,
Руҳ тўтиси танни тарк этар.
Дейдилар, ёш танламас ажал,
Худо билар, ким олдин кетар…
Офтоб елиб толса кўк узра,
Унга осмон сандиғи ҳужра.
Ҳақдан ҳукм, бандадан ижро,
Худо билар, ким олдин кетар?!
Пок дилингни кемирди ҳасад,
Қадамингда топдинг азият.
Дўстим, менга қилма васият,
Худо билар, ким олдин кетар.
Асо тутмиш қанча қадди дол,
Мен бир кучга тўлган навниҳол,
Отам мени кўмар эҳтимол…
Худо билар, ким олдин кетар.
Кўзим кўкда, сизда хаёлим,
Жужуқларим – менинг камолим!..
Ғаниматмиз, жуфти ҳалолим,
Худо билар, ким олдин кетар!..
Таниш терак. Ариқ ёқаси.
Бўтана сув, ширин лойқа сув.
Тол кўчада отлар тақаси,
Қанча бўлди кўрмаганимга…
Ялпиз ҳиди тутган далалар,
Гапга чечан боқчахолалар,
Беланчакда ётган болалар,
Қанча бўлди кўрмаганимга.
Тоғ ортидан мўралаган кун,
Шийпонлардан ўрлаган тутун,
Тут шохига осилган тугун…
Қанча бўлди кўрмаганимга.
Ўқариқдан ёлғизоёқ йўл,
Менга илҳақ, менга муштоқ йўл,
О, қадрдон бир жуфт қадоққўл,
Қанча бўлди кўрмаганимга.
Ёғоч эшик очилар секин,
Тошмеҳрман мен жуда, лекин
Ҳозир йиғлаворишим мумкин –
Қанча бўлди кўрмаганимга…
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен, эй инсон, тушунмайсан..
Куйиб кўксим ўтар бўлсам,
Оқар бўлсам, кетар бўлсам,
Мени дарё тушунгайдир,
Сен, эй уммон, тушунмайсан.
Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,
Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,
Мени лайло тушунгайдир,
Сен, эй жонон, тушунмайсан.
Менинг йўлим узун армон,
Ўзим довон, ўзим карвон,
Мени саҳро тушунгайдир,
Сен, эй сарбон, тушунмайсан.
Менинг борим эрур кўнглим,
Менинг ёрим эрур кўнглим,
Маъюс танҳо тушунгайдир,
Сен, эй хандон, тушунмайсан…
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени Оллоҳ тушунгайдир,
Сен, эй хоқон, тушунмайсан.
Кўнглим гул, кўзларим гулдир,
Юзим гул, қўлларим гулдир.
Мени сабо тушунгайдир,
Сен, эй тўзон, тушунмайсан…
Ғуборимдир бўйи райҳон,
Миноримдир тилим бийрон.
Мени дунё тушунгайдир,
Сен, эй нодон, тушунмайсан.
Эй дўстларим,бу дунёда
Ортда қолган из яхши,
Булбули йўқ баҳордан
Қумри тўла куз яхши.
Миннат тўла ҳалводан
Айвондаги муз яхши,
Ўпич кўрган паридан
Сепкил тошган юз яхши,
Ичмасанг ҳам қимиз зўр,
Қучмасанг ҳам қиз яхши.
Эй дўстларим,дунёда
Ортда қолгон ёд яхши,
Тўқлигингда йўқлаган
Қариндошдан ёт яхши,
Ўнта номард дўстингдан
Битта чўлоқ от яхши.
Олисдаги олтиндан
Қучоқдаги гард яхши,
Вафоси йўқ хотиндан
Давоси йўқ дард яхши,
Ғаламис берган ғазнадан
Бурда арпа нон яхши,
Қирқта чала мулладан
Битта мусулмон яхши.
Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам,
Нимага йиғлайсан,
Мен нима қилдим?
Ундай десам бўлмас,
Бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб секин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас —
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.
Юлдуздан ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.
Уйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
Қўлим қисқа, севгим, бўйларим узун,
Энди сен менинг учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..
Чекаман. Тутунга тўлади хона,
Илк севгим мўралар тўрт бурчагидан.
Мен далли, юрагим мендан девона —
Ётмайман, деб йиғлар пар тўшагингда.
Тошканда… тоғларни соғиндим,
Яшил ўтлоқларни соғиндим.
Сув бўйига чордона қурган
Момоқаймоқларни соғиндим.
Кечагина ёмғирда ивиб,
Юрар эдим капалак қувиб,
Шудрингларга юзимни ювиб…
Болалик чоғларни соғиндим.
Тошканда тонг шундай бошланар:
Қулоқ йиртар баланд пошналар,
Ўзим ташна, менга ташналар —
Ялангоёқларни соғиндим.
Яшириб не қилдим сизлардан,
Лола ёноқ, ҳилол юзлардан,
Тўйдим тиллобармоқ қизлардан,
Қўли қадоқларни соғиндим.
Билганимни билганча билдим,
Йўқдан борин бинолар қилдим,
Шаҳар кенг деб, зинолар қилдим,
Узоқ-узоқларни соғиндим.
Алдовларга қолдим ўрганиб,
Қўрқиб қолдим кўнгил бергани,
Келганим йўқ Сени кўргани —
Зилол булоқларни соғиндим!..
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгта.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.
Ё худбинман мен ё бир содда касман мен –
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат —
Уч кунда соғинсам нима қилайин,
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.