Ҳикоялар
April 1, 2020

Эдгар Аллан По. Вабо қироли (ҳикоя)

Эдуард Учинчининг ҳукмронлиги даврида содир бўлган бу воқеа. Куз кунларининг бирида “Очиқ қалб” Слейс ва Темза оралиғида сузувчи савдо кемасининг икки матроси ярим оқшомга яқин ажойиб сархушлик измида Лондондаги “Қувноқ денгизчи” қовоқхонасида ўтирганларини пайқаб қолишди.

Бу кўримсиз, ғарибона ва пастқам зал ўша даврдаги ана шундай масканлардан мутлақо қолишмас, унинг мижозлари ҳам айнан ана шу кўримсиз манзарага жуда мос тушишган эди.

Менинг назаримда ушбу матрослар ўзларини жуда қулай ва эркин тутгандек кўринмасалар-да, бир-бирига мутлақо мос бўлиб кўринишарди.

Уларнинг бири иккинчисидан анча каттароқ кўринар, бўйи ҳам икки баравар баланд бўлиб, новча деган номни тўла-тўкис оқларди. Унинг бўйи чамаси олти ярим фут атрофида бўлиб, нуқул туртиниб юрарди. Шунга яраша гўштдоргина бўлсаям майлийди. Улфатлари уни ҳазиллашиб, кема мачтасидаги устунга ўхшатишарди. Аммо, бундай ҳазиллар уни қувонтира олмасди. Унинг бурни қирғийникидек узун, юз мускуллари туртиб чиққан, ияги теккис, кўзлари катта ва серҳаракат эди. Унинг юзлари шу қадар тунд ва маънисиз эдики, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиганлар тоифасидан деб бемалол айтиш мумкин эди.

Иккинчи матрос эса, унинг тамоман тескариси эди. Унинг бўйи тўрт фут ё чиқар ё чиқмас эди. Калта, думалоқ гавдаси қийшиқ оёқлари устига илиниб турар, елкасига осилиб турган узун қўллари ва катта муштлари худди денгиз тошбақаси сузгичларини ёдга соларди. Кичик, рангини англаш мушкул бўлган кўзлари олисдан йилтираб кўринар, бурни япалоқ, пуштиранг юзлари орасидан туртиб чиққанди. Қалин лабларини тез-тез ялаб туришидан уни ўта такаббур ва манман одамлардан деб ўйлаш мумкин эди. Унинг дароз шеригига масхараомуз қарашларини пайқаш кийин эмасди. Унинг шеригига - пастдан юқорига қараб туриши худди ботаётган қуёшнинг Бен-Невис чўққиларига тикилишини ёдга соларди.

Икки ошнанинг қовоқхонама-қовоқхона сандирақлаб юриши ўша оқшомдаги энг қизиқарли ҳолатлардан бири эди. “Қувноқ денгизчи” қовоқхонасига кириб келишганида, уларнинг чўнтагида ҳемири ҳам қолмаганди. Ахир ётиб еганга тоғ чидамас, деганлар.

Хуллас, ҳикоямиз ҳам ана шу ердан бошланади. Дароз ва унинг ошнаси Хью Қатрон (уни шундай чақиришарди) хонанинг ўртасидаги столга тирсакларини тираганча, валақлашиб ўтиришарди. Инглиз пивосининг пулини беришмагани учун уларнинг роса пўстагини қоқиб, ташқарига ҳайдаб юборишгач, иккови ҳам шумшайиб, курткаларининг тугмасини қадаганча, кўчада йўрғалаб кета бошлашди. Хью Қатрон эшик деб ўйлаб, икки марта каминга калласини суқиб олганини ҳисобламаганда, улар қовоқхонадан эсон-омон чиқиб олишди ва бир амаллаб, уларнинг янги нохушликлдар кутиб турган авлиё Андрей торкўчасининг зинапоясига етиб келишди.

Бу пайтларда бутун Англияда, хусусан унинг пойтахтида даҳшатли бир саросима кезиб юрарди. Ҳамманинг битта ваҳимали сўз: “Вабо!”

Лондон тамила ҳувиллаб қолган, қоронғи, тор, ифлос кўчалар ва Темза яқинидаги торкўчаларда Қўрқув, Даҳшат ва Бидъатлар эркин сайр эта оларди.

Қиролнинг фармонига асосан бу ҳудудларга кириш тақиқланган, ўлим жазосидан қўрққан одамлар бу ердаги кимсасизликни бузишга журъат этишолмасди. Бироқ тунги талончиларни на шоҳона тақиқ, на кўча бошига ўрнатилган дарвозалар, ва улардаги кўчалардаги зулмат, на мудҳиш хасталик ва ўлим хавфи қўрқита олар, улар ҳамон эгалари ташлаб кетган кулбалардан қўлга илингулик нарса борки барини ташиб чиқишда давом этишарди.

Ҳар йили тақиқлар бекор қилиниб, дарвозалар очилгач, бу кўчалардаги дўконлар эгалари омборлари талаб кетилганини кўриб, ҳангу манг бўлиб қолишарди. Айниқса, шароб ва бошқа спиртли ичимликлардан ному нишон қолмасди.

Бундай ишларни инсон боласи қилганига ақл бовар қилмасди. Қўрқувдан ўзини йўқотиб қўйган одамлар ҳаммасини вабо руҳи, денгиз шайтонлари ёхуд безгак алвастиларининг ишига йўйишарди.

Турли бадбин афсоналар кафандек чулғаб олган бу кўчаларга ўрнатилган дарвозалардан бирини Дароз ва унинг ошнаси Хью Қатроннинг йўлини тўсди. Қайтиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Айғоқчилар уларнинг изига тушган, ҳар дақиқа ғанимат эди. Икки сархуш улфат тақиқланган ҳудудга кириб, бор овозлари билан бақирганча, кета бошладиган ва кўп ўтмай бу чалкаш кўчаларда адашиб қолишди.

Агар ростдан ҳам улар ҳушёр бўлишганида, бу мудҳиш кўчаларга оёқ ҳам босишмасди. Ҳаво нам ва совуқ эди. Кўприк устида турли хил тошлар тартибсиз сочилиб ётарди. Кўчалар вайрона уйларнинг қодиқларига тўла эди. Йўл-йўлакай аллақандай бадбўй ҳидлар димоқни ёргудек бўлар, кимсасиз уйларнинг очиқ деразаларидан ўлжасига қўл чўзган он ажал чангалига тушган тунги талончиларнинг чириётган мурдасини кўриш мумкин эди.

Ана шундай мудҳиш ажал манзараларига тўлиб тошган кўчаларда бизнинг саёқ, сармаст матросларимиз бемалол илдамлаб боришарди. Дароз олдинга тушиб олганча, ҳиндуларнинг жанг олдидаги ҳайқириғини эслатувчи овози билан чинқириб борар, Хью Қатрон эса, унинг ортидан пилдираб йўрғалар, у янада баландроқ, чинқироқ товушда ошнасининг чинқириғига жўр бўларди.

Улар чамаси вабонинг айни марказига етиб келишди. Қадамба-қадам ҳавонинг уфунати, бадбўй ҳиди ўткирлашиб, зичлашиб, кўчалар эса, торайиб, чувалашиб борарди. Нураб турган бинолардан ҳар замонда тош ёки ёғоч парчалари қарсиллаганча ерга тушар, матрослар уларнинг таъқибидан аранг жон сақлаш илинжида ҳар қадамда скелетлар ёки мурдаларга дуч келишарди.

Улар дафъхатан қандайдир баланд бинонинг олдига келиб тўхташди. Дароз бўсағада туриб, нимадир деб бақирди, ичкарида эса, аллақандай, шайтоний ўкирик ва қаҳқаҳа билан жавоб қайтиршди. Бундай ваҳимали жойда, бу мудҳиш масканда, бу машъум товушни эшитган ҳар қандай ҳушёр одам ҳушини йўқотиши тайин эди. Аммо, Сархуш ошналар ҳеч нарсани ўйламай, ичкарига киришди.

Улар тушиб қолган хона тобутсознинг дўкони эди. Кираверишдаги туйнук ортида шароблар сақланадиган ертўла бўлиб, у ердан шишалар оғзидаги пахта тиқинлдар кўзга ташланарди. Хонанинг ўртасида катта стол қўйилган, унинг укстида чамаси пунш билан тўлдирилган катта ёғоч бочка турарди. Унинг атрофида эса, хилма-+хил ичимликларга тўлғазилган, турли катталикдаги шишалар, кўзалар, қадаҳлар қалашиб ётарди. Стол атрофида тбўш тобутлар устида олти киши жойлашиб ўтирганди. Уларнинг ҳар бирини таърифлаб ўтамиз.

Эшикнинг рўпарасида ўтирган киши бу зиёфатдаги энг баообрў одам эди, чамаси. У жуда баланд бўйли ва озғин эди. Унинг баланд ва қотмалигидан Дароз ҳам ҳайратда қолди. Ҳайъат раиси худди зарғалдоқдек сарғайган, пешонаси эса, худди қийшиқ қалпоқ кийдирилгандек бўртиб турарди. Лаблари шайтоний табассумдан буришиб кетган, кўзларида эса, барча зиёфатдагиларники каби шароб кайфининг сархушлиги зуҳур этарди. Унинг елкасида қимматбаҳо бахматдан тикилган тобут ёпинчиғи худди испан яктагидек унга улуғворлик бахш этиб турарди. Раис қўлида одамнинг болдир суягини ушлаб ўтирар, ҳар-ҳар замондаги уни столга уриб, кимдандир қўшиқ талаб қиларди.

Унинг қаршисида эшикка орқа тираб, ёни ўтиброқ қолган бир хоним ўтирарди. Унинг ҳам бўйи мажлис раисиники билан тенг бўлса-да, озғинликдан нолимасди. Уни фақат истисқо қийнаса керак. Унинг қомати худди биқинида турган, яқиндаги очилган октябрь пивосининг бўшаган бочкасини эсга соларди. Унинг худди пуфланган шардек юзида раисникига ўхшаган битта ғайриоддий жиҳат кўзга ташланарди. Аёлнинг оғзи нақ икки қулоғига томон чўзилган бўлиб, каттакон ғовакни эслатарди. Эгнидаги чиройли қилиб дазмолланган ва крахмалланган, четларига жияклар қадалган кафан унинг салобатига янада савлат қўшиб турар, ана шу жиддиятни йўқотмаслик учун аёл умуман тишининг оқини кўрсатмасликка ҳаракат қиларди.

Унинг ўнг тарафаида ёшроқ, хипчабел бир хоним ўтирарди, чамаси кекса хоним уни ўз ҳифзи ҳимояси остига олганди. Озғин бармоқларнинг асбий қалтираши, кўкарган лаблар, рангсиз ёноқлар, кулранг чеҳралар хонимнинг сил касалига чалинганидан дарак берарди. Унинг нозик танаси ўта нафис батис матога ўралган эди. Унинг жингалак кокиллари елкалари оша шаршарададек ёилган, нафис лабларида майин табассум ўйнар, фақат бурни, хартумга ўхшаган, ҳуснбузар тошгар бурни қарийб оғзигача тушиб турар, бу хунук бурун унинг бор малоҳатини йўққа чиқарарди.

Семиз хонимнинг чап тарафида эса, подагра ва астмадан азият чекаётган жиккак чол ўтирарди. Унинг икки юзи елкаларига худди портвейн шишасидек осилиб тушганди. Қўлларини қовуштириб, бинтланган оёғини стол устига қўйиб олган, ўзини бениҳоя муҳим одам кўрсатишга тиришарди.

Унинг ёнида, раиснинг ўнг тарафида узун оқ чулки ва йўл-йўл иштон кийиб олган жаноб ўтирарди. Унинг қулоқлари эса, ҳаддан ташқари узун бўлиб, ҳар гал шишанинг оғзидаги тиқинни тортиб очганида, бир лопиллаб кетарди.

Унинг қаршисида эса, зиёфатнинг сўнгги аъзоси фалаждан адойи тамом бўлган қоқсуяк бир кимса тамомила ўзига хос кийимда ўтирарди. У вужуди қизил тёғочдан ишланган тобутни “кийиб” олган, тобутнинг икки ёнидан тирқиш очилган бўлиб, бу нотавоннинг иккита чўпдек қўли осилиб турар, бошқалардан фарқли ўлароқ, у ўз “либоси” билан бирга бурчакка суяб қўйилган, нимагадир бошқа ҳамсуҳбатларига алланечук истеҳзо билан боқарди.

Зиёфат аҳли учун бош косалари қадаҳ вазифасини ўтарди. Стол тепасида шифтга ўрнатилган аллақандай халқага бир скелет оёғидан осиб қўйилган, иккинчи оёғи эса, бурчакка қараб қийшайиб турар, унинг калла суяги ичидан кўмир парчалари яшнаб, қизариб турар, унинг шуъласи хонанинг дераза тарафига қалаштириб ташланган тобутларни ёритиб турарди.

Албатта бундай ноанъанавий кимсалар даврасида ва бу мудҳиш манзаралар оғушида бизнинг матросларимизнинг бироз кайфи тарқаб, анчайин ўзларига келиб қолишган, дарозх деворга суянганча, оғзини ланг очиб қолган, кўзлари ҳам нақ косасидан чиққудек бўртиб турарди. Хью эса, негадир мукка тушиб ўтирганча, жиннилардек тинимсиз хахоларди.

Зиёфат раиси патлар қадалган бошини ликиллатганча, кутилмаганга меҳмонларга табассум билан боқди ва уларнинг қўлларидан тутиб, стул вазифасини ўтаётган тобутлар устига таклиф қилди. Дароз бироз ҳайиқиб, кўрсатилган жойга индамай жойлашиб олди, Хью эса, ўзини дадилроқ кўрсатиш мақсадида ўз “курси”сини силга йўлиққан ёш хонимга яқинроқ суриб ўтирди ва унинг соғлиғи шарафига қадаҳ кўтарди. Бундай беадаблик ҳаммадан кўпроқ, бурчакда тобут кийган кимсанинг ғазабини қўзғади, агар мажлис раиси йўлидаги суякни столга уриб, тўхтатмаганида, ким билсин қандай нохушлик рўй берарди. Кейин эса, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб, нутқ ирод қилишга тушди:

- Ушбу даврада ўтирган ҳолда, бундай шарафга ноил...

- Эй, оғайничалиш, - унинг гапини эски қадрдонлардек беписандлик билан бўлди Дароз. – Мунча шошилмасанг? Аввал ўзингни таништирмайсанми? Кимсизлар? Жин урсин ҳаммангни! Нима қилиб юрибсизлар худди чайладаги жинларга ўхшаб? Нима учун қадрдонимиз – тобутсоз Уилл Уимблнинг қитшга ғамлаб қўйган шароб ва пивосини бунақа талон тарож қиляпсизлар?

Унинг бу қадар андишасиз мурожаати табиий давра аҳлининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Атрофдан турли хитоблар янграй бошлади. Хайриятки, қаҳрамонларимиз бундай тўполонларнинг кўпини кўришган. Биринчи бўлиб ўзини қўлга олган зиёфат раиси имкон қадар юмшоқлик билан Дарозга юзланди:

- Биз учун меҳмонлар ва уларнинг шаъни бағоят муҳим ва уларнинг эркалигини ҳам қабул қиламиз, шу билан бирга уларнинг ҳар қандай саволига жавоб беришга мажбурмиз. Билиб қўйинг: мен бу мулкларнинг асосий соҳиби ва ҳукмдори Қирол Вабо Биринчи бўламан. Сен тилга олган аллақандай тобутсозни умуман танимаймиз ва бу мукнаввар маскан олиймақом қасримизнинг муҳим мажлислар ўтказиладиган зали саналади. Қаршимда ўтирган бу гўзал хоним каминанинг завжаи муҳтарамалари, яъни қиролича Вабо хоним бўладилар. Сиз кўриб турган бу муҳтарам зотлар ҳам қироллигимизнинг нуфузли аъёнларидан – Вабо-Қирғин, Вабо-Без, Вабо гирдоб зоти мунавварлари ҳамда Вабо-Жароҳат хоним бўладилар. Бу ерда жамланишимиздан асосий мақсад эса, пойтахтимиздани шароб ва пиволарнинг таъми, лаззатини чуқур ўрганиш ва баҳолашдан иборат. Биз бу амалларни барчамизнинг пушти паноҳимиз – Ажал ҳазратларинининг розилиги учун қилмоқдамиз.

- Мабодо пушти паноҳингиз Денгиз алвастиси эмасми? – қичқирди Хью Қатрон иккита бош чаноғини шаробга тўлғазиб. – Ўзим ва ёнимдаги манави хоним учун оламан!

- Ношурукур банда! – хитоб қилди раис унга қарата. – Ҳароми, ифлос! Биз ўз одатларимизга содиқ қолган ҳолда сендек пандавақиларнинг расвои радди бало саволларингизга жавоб бердик. Аммо сенинг бу шаккоклигинг туфайли ўз қонунларимизга кўра сенга ва шеригингигга жарима солишимизга тўғри келади. Сиз тиз чўкиб, бир галлондан шинни аралашган ром тўла идишларни бир сипқоришда бўшатишингиз шарт. Шундан сўнг истасангиз қолишингиз, истасангиз қорангизни ўчиришингиз мумкин.

- Ҳечам иложи йўқ-да! – дея тортишувга бироз бўлса-да, тавозени унутмаган ҳолда аралашди Дароз. – Жаноблари айтган миқдорнинг тўртдан бири ҳам каминанинг хурмачасига сиғмайди. Куни билан турли портларда бўккунча ичаверганимиздан ичимизда бўш жой қолмаган. Айниқса, “Қувноқ матрос”да ичиб бўларимиз бўлди. Зоти олийларига маълум бўлсинким, энди бир томчи ҳам кетмайди.

- Овозингни ўчир, чийиллади унинг гапини қоқ белини кесиб Хью Қатрон.. – Эҳтимол сенинг хурмачанг тўлиб бўлгандир, аммо мен ҳали бу борадаги режани бажарганим йўқ. Мен сизлар айтган миқдордан уч карра кўп шароб ича оламан. Шунинг учун ошнамнинг ҳақини ҳам енга қуясизлар.

- Бу бизнинг ҳукмимиз талабларига тамомила зиддир, - эътироз билдирди раис. – Бизнинг қонунларимизни ўзгартириш мумкин эмас. Ҳар қандай шартимиз бирор ўзгаришсиз ижро этилмоқғи даркор. Агар бош тортсангиз, худди қўзғолончилар спнгари оёғингизни бўйнингизга боғлаб, анави бурчакдаги октябрь пивоси тўлдирилган бочкага ччўктирамиз.

- Оқилона ҳукм! Одил қарор! Дунёдаги энг ақлли ва олижаноб фармойиш, - дея жўр бўлиб ҳайқирди Вабо ҳайъати.

Қиролнинг пешонаси тиришдию подаграга чаалинган чол пихиллаб қўйди, кафанга ўралган хоним бурнини ҳар тарафга хартумдек айлантирди. Йўл-йўл иштон кийган жаноб қулоқларини диккайтирди, семиз хоним оғзини худди қирғоққа чиқиб қолган балиқникидек каппа-каппа очди. Тобутдаги қария эса, суякаларини қарсиллатиб, кўзлари олайтира бошлади.

- Ҳо-ҳо-хо! – атрофагиларнинг норозилига эътибор бермасдан қаҳ-қаҳа отди Хью – Ваҳаҳҳа! Жаноб Қирол қўлидаги суяк билан столни урганида, мен икки галлон шиннили ромни кўз юммай сипқоришимни айтгандим. Аммо, аллақандай исқирт жаноблар қаршисида тиз чўкиб иблис алайҳиллаънанинг саломатлиги учун қадаҳ кўтаришни ўзим учун нолойиқ деб биламан.

У ҳалияна гапирмоқчи эди, имкон беришмади. Ҳар тарафдан дағдағали хитоблар янграй бошлади:

- Хиёнат! Хиёнат, - дея бир овоздан бақиришди Вабо ҳайъати аъзолари. Шу чоқ оғзи қулоғигача чўлиган хоним Хью Қатроннинг иштонидан шартта кўтариб, уни каттакон октябрь пивоси тўлдиригна бочка ичига ташлади. Бир неча сония давомида у бочка ичида ғимирлаб турди кейин эса, худди пунш ичидаги олма бўлагидек, юзага қалқиб чиқди.

Дароз эса, ошнасига қилинган бундай қўполликдан сўнг зини тутиб туролмади. У Қирол Вабони бир зарба билдан ертўла тўйнугига итариб юборди ва дарҳол унинг қопқоғини беркитди. Кейин эса, хонанинг ўртасига сакраб, осилиб турган скелетни суғуриб олди ва ҳайъат аъзоларининг бошига бирма-бир тушира бошлади. Қилтиллаб турган подаграга йўлиққан чолнинг масаласини биргина зарба ҳал қилди-қўйди. Кейин эса, бор кучи билан Хью Қатрон тиқиб қўйилган пиво бочксини ағдариб юборди. Унинг ичидаги пиво тошқиндек катта куч билан тўкилиб, бутун хонанин эгаллади. Ичимликлар билан тўлдирилган стол ҳам тўнтарилиб кетди, ўриндиқ вазифасини бажарувчи тобутлар ҳам ҳар тарафга сочилди, Пунш тўла хумча каминга тўкилиб кетди. Икктта ҳоним дафъатан кучли саросима ичида қолишди.

Тахлаб қўйилган тобутлар ҳам ағдарилиб тушди, қадаҳ ва стаканлар ҳар тарафга бетартиб сочилиб ётарди. Қалтироқ жанобнинг оғзига пиво кириб, бўғилиб қолган, қоқсуяк қария ҳам жонини қутқариш учун тобутидан чиқиб олган, ғолиб Дароз бўлса, кафанга ўралган семиз хонимнинг белидан қучиб, кўчага, ўзининг “Очиқ қалб” кемаси томон бошлади, унинг изидан эса, Хью Қатрон аксира-аксира Вабо-Жароҳат хонимни етаклаб борарди.

Рустам Жабборов таржимаси