Ҳикоялар
March 30, 2020

Анвар Обиджон. Хусусий кўприкча (ҳажвия)

Лотинча ёзувдаги матн пастроқда берилган

Қатиқсотарлар маҳалласини қатиқсеварлар мавзесидан ажратиб турувчи ариқ устидаги ёғоч кўприкча пайшанбадан жумага ўтар кечаси олакўкиш рангга бўялиб, эрталаб унинг бўсағасида балиқчилар ғаровтаёғини эслатувчи ингичка шлакбаум ва ғўла курсида бабоқланиб ўтирган қўнғизмўйлов кимса пайдо бўлди. Қуёшнинг киприги узайган кезда катта сўмка кўтарган шогирд ҳам етиб келиб, «ассаломалайкў-ў-м, Қўшмат ака», дея қийшанглаб таъзим қилди.

– Саломни чўзғиламай, тезроқ жойингга бор, – ғўданглади Қўшмат. – Одамларни кўниктиргунча ҳушёрроқ ишлашимиз керак. Йўталимни пойлаб тур. Қайси усулни қайси вақтда қўллашни чалкаштирворсанг, ишдан бўшайсан, Қорамирза.

Қорамирза мунгли бурун тортиб, четга бурилди. Нарироқдаги буталар ортига ўтиб, сўмкадан олинган турли кийимларни алоҳида-алоҳида тахлашга тутинди.

Эндигина нос чекишга тараддудланган Қўшмат охорли шляпа остида сўлқил-сўлқил одимлаб келаётган пўрим кишини кўриб, тиқинни қайтадан носқовоқнинг оғзига суқди-да, бирдан безрайиб, махфий ҳудуд соқчиси қиёфасига кирди. Тонгги манзарадан жузъий хато топгандек, уфққа норози кайфиятда кўз қадаб келаётган пўрим киши хиром поябзалини кўприкча яқинида кескин тўхтатди. Таажжубланиб қош чимирди. Чўнтагидан кўзойнак олиб, шлакбаумнинг ўртасига илиб қўйилган тахтачадаги «Аққа-баққа 10 сўм» деган ёзувни синчиклаб ўқигач, нигоҳини Қўшматга бурди:

– Буни тагига етсак бўладими?

– Хусусий кўприк бу. Олдин пули тўланади, кейин ўтилади.

– Хусусий? Бунга ҳужжат борми?

Қўшмат буталар томонга безовта қиялаб, қаттиқ йўталди, сўнг пўримга гап илмоқлади:

– Бизда-ку ҳужжат бор. Локигин, ўзларида-чи? Бировни текширишга ҳаққингиз бўлса, кўрсатинг ҳужжатни.

Пўримнинг лаби асабий пирпираб, навбатдаги ҳамлага чоғланганида, чап қўлини бўйнига осиб, ўнг қўлида ҳасса ушлаган Қорамирза оқсоқланиб яқин келди:

– Э, ҳорманг, акахон, – дея Қўшматга хушомадланди.– Илойим, кам бўлманг. Умрингиздан барака топинг.

Кейин, пўримга юзланиб, илгари бу кўприкча у дунёдаги қилкўприкдан ҳам хавфли бўлгани, яқинда шундан ариққа йиқилиб қўл-оёғи шикастлангани, натижада бозордаги тирикчилигидан қолгани етмаганидек, анча пул сарфлаб даволангани, хотини кунига уч маҳалдан мошинакира қилиб, касалхонага қатнагани-ю, ниҳоят Қўшматнинг муруввати боис бу кўприкча эпақага келтирилиб, минглаб мўминлар хатардан халос этилганини маддоҳланиб сўзлаб берди. Қўшматга «қайтими керакмас», дея йигирма беш сўм тутқазгач, пўримга бошдан-оёқ разм солди:

– Сумбатингиздан сезяпманки, шу саховатпеша инсонга менам битта элликталикни хайрия қилворсаммикин деб турибсиз. Кўнглингиздагини топдим, а? Хех-хех-хе…

Пўримнинг туйқус кўнгли юмшади, «а… агар-р хайрия бўлса, бу бошқа гап», дея чўнтагидан бир тутам пул олди, ичидан элликталикни топиб, Қўшматга узатди. «Шунчалар савобга кўмилдингизки, ўлибоқ, тап этиб жаннатга тушасиз, акахон», деган алқовларни ёғдириб, пўримни илиқ кузатиб қўяётган Қорамирзага Қўшмат қониқиш ила тиржайди:

– Яхши ишладинг. Бундан кейинам нонингни шунақа ҳалоллаб егин.

Буталар ортига оғир юмушдан толиқиб қайтган Қорамирза учуқ тошган лабига сигарет қистирди. У ёқда Қўшмат ҳам хуморбостига шайланди-ю, носқовоғи яна қўлида қолди. Кўприкчанинг нариги бошида қизалоғини етаклаган танноз жувон кўринди. У, шлакбаум яқинида тўхтаб, тахтачадаги ёзувни тумтайиб ўқиди, картмонидан ўн сўм суғуриб, ердаги қоғоз қутичага ирғитди. Қўшмат гўё уни кўрмагандек без бўлиб тураверди.

– Очмайсизми? – тезакранг бўёқ сувалган лабини чўччайтирди танноз. – Пулни олдингиз-ку.

– Болага ким тўлайди, болага?

– Вой! Муштумдек болагаям пулми? Инсоф борми?

– Инсофимиз бордирки, эмизикли гўдакларга бепул ўтиш ҳуқуқини бериб қўйгандирмиз, – бошини бутазор томон буриб, ғарғарадор йўталгач, таннозга чақчайди Қўшмат. – Қизчангиз неччига кирди?

Қизалоқнинг еттидан ўтаётганини эшитиб: «Ҳе, ата-а-нг, боғча ёшида бўлгандаям, эллик фоиз енгиллик берардик», дея афсуснамо бош тебратаркан, бу гал жағига ясама соқол ёпиштириб, башанг салла-чопонда ташриф буюраётган Қорамирзага кўзи тушиб, мулойимланганича ўрнидан турди:

– Ие, ие! Ассалому алайкум, қори почча.

Қорамирза тавозе билан алик олди, таннозга чала-чулпа кўз ташлаб қўйиб, Қўшматга қироатланди:

– Бу отинчани танимадик-ку, бўтам. Инчинун, қариндошларданми дейман?

– Нималар деяпсиз, почча бобой? – жизиллади танноз. – Минг шукурки, бунақа юлғичдан қондошим йўқ. Қаранг, шу зиғирттак қиздан кўприкпули сўраяпти-я.

Виқор билан тасбеҳ ўгираётган Қорамирза, бир сесканиб олиб, Қўшматга қош керди:

– Эво-о-ҳ! Инчинун, авлиёларни ранжитадиган иш бўпти-ку. Андек сабр қилмабсиз-да, мулла Қўшмат. Бунақа калта кўйлакли отинчаларнинг зоти улуғ бўлади. Боласининг бошидан бирон нарса ўгирар, вааллоҳу аълам.

Бу гапдан таннознинг чеҳраси чаман бўлди:

– Тўғри айтдингиз, почча бобой, тагим жудаям тоза. Боламни ҳақига доим садақа қиптураман.

Шундай дея, картмонидан яна иккита ўн сўмликни олди, қизчасининг бошидан айлантириб, уларни ҳам қоғоз қутичага улоқтирди. Қўшмат шлакбаумни очиб, она-болани ўтказиб юборгач, «бо-о-ракалло, отинча, бо-о-ракалло», дея кўзи ёниб дуогўйланаётган Қорамирзага қараб мўйлов учирди:

– Фишт! Жойингга бор энди.

Қорамирза тасбеҳ ўгиришдан тўхтаб, таънадор кепатада ҳаволанди:

– Қўполлик қилмасинлар, бўтам. Инчинун, бу кўприкни вайрон қилиш учун «суф» дейишимиз кифоя.

Қўшматнинг зардаси қайнаганини кўрган Қорамирза мириқиб кулди-да, саллани қўлга олиб елпинган куйи буталар ортига ўтиб кетди. Қўшмат ниҳоят нос каплади. Лекин, кайфи томирларига ёйилиб улгурмасидан, китоб-дафтар қўлтиқлаган йигитча шамолдаги хазондек пирпираб келиб, қорнини шлакбаумга қадаб тўхтади.

– Ие, бу қанақа тамўжний? – кўзи гилдираб сўради у.

Майда носдан оғзи сувлашган Қўшмат аввал ёзувли тахтачани қоши билан кўрсатди, кейин бармоқларини бир-бирига ишқалаб, пул тўлаш лозимлигини шама қилди.

– Шу қийшиқ кўприкдан ўтишгаям пулми? – жирракиланди йигитча. – Бекорчи валютам йўқ. Кўтаринг таёқни.

Қўшмат носни бутазор томонга туфлаб, жарангдор йўталди. Сўнг йигитчага дўқ урди:

– Ҳамма индамасдан тўлаб ўтяпти. Нима, шохинг борми?

– Шох сизга ўхшаган қари такада бўлади. Йўлни очинг, шошиб турибман!

Энди кавказча шалвироқ шапкани бошга қинғир қўндириб, бўйнидаги кумуш занжирни суратли футболканинг устидан саланглатган Қорамирза, тиш ғичирлатиб келиб, йигитчага бурнини буриштирди:

– Ҳў, қилвир! Нимага постда турган одамга бўйин чўзяпсан? Бир калла солиб, кўкрагингни тандир қипқўяман-а. Қорамирза дракўн деб қўйибдилар мени.

– Ёпишганга яраша, пулдорроққа ёпишинглар. Кунларинг талабага қолдими?

Бу гапдан Қорамирза баттар ловуллади:

– Вой, тулки-эй! Вой, муттаҳам-эй! Студентман деб, раҳмимни келтирмоқчисан? Жарақ-жарақ стипендия олишингни билмасамакан.

– Сенлардаги бор қилиқ тирноғимнинг устида, – Қўшмат ҳам заҳрини сачратди. – Давлат берган пулни совуриб, гоҳ беҳаё кинолар кўрасан, гоҳ жилпиллаган қизларга музқаймоқ ялатасан. Яна, ўн сўм деса, кўзингни лўқ қиласан-а.

Қорамирза: «Ўша кўзингни ўйволайми!» –дея йигитчага бармоқ ўқталган дамда, деҳқонча кийимдаги киши пайдо бўлиб: «Ҳа, иккита кўппак битта лайчага тирмашиб қопсизлар», деб ўртага кирди. Талабанинг арзини эшитгач, деҳқоннинг пешанаси тиришди.

– Савоб ахтариб, биров маҳаллага чойхона қуриб беряпти, биров сартарошхона. Сенлар шапалоқдек кўприкчани бўяб қўйиб, тугалай ўзингники қилволдиларингми? Бунга қандай бетларинг чидади, имонсизлар?

– Ҳов, братан! – ғижиниб давараланди Қорамирза. – Мана шу йўлдан тўппа-тўғри борсангиз, менимча, айнан уйингизнинг олдидан чиқасиз. Гапни кўпайтирмасдан, секингина ўн сўм бериб…

Қорамирза бармоқ чўзиб, деҳқоннинг иягидан кўтарди. Деҳқон эса, кутилмаганда унинг билагидан тутиб, қўлини шартта ортга қайирди:

– Ўпкангни босвол, полвон, бизам тўй-пўйларда курашиб юрганмиз.

Қорамирза кучукдек ғингшиганча ўзини у ёқдан-бу ёққа уриб кўрди. Тенг келолмаслигини сезгач, Қўшматни ёрдамга чорлади.

Талвасага тушган Қўшмат пулли қутичани шоша-пиша қўлтиқлади-ю: «Бирпас чидаб тур, ҳозир мелиса чақираман», дея кўздан ғойиб бўлди. Сўкина-сўкина, шлакбаумни бузаётган йигитча Қорамирза қўли қайрилган ҳолида ҳам дўқ-пўписани давом эттираётганидан жаҳлланиб: «Бу гўрсўхтани бир тепиб ариққа учирворсангиз-чи, амаки!» – деб шарттакиланди.

– Бунақа ҳаромхўрларни тепишгаям ҳазар қиламан, – ижирғанди деҳқон.

– Мен ҳазар қилиб ўтирмайман!

Йигитча бор кучи билан Қорамирзанинг кетига тепиб, уни ариққа ағдарди.

– Итканалар! Хариплар! – сувда оқиб бораётиб мушт дўлайди Қорамирза. – Сенларни тавба қилдираман ҳали!

– Хайр, Қорамирза дракўн! – мазахлаб қўл силкиди йигитча. – Хуш кўрдик!

Деҳқоннинг ҳам завқи жўшиб, қичқирди:

– Шу ариқдан тўппа-тўғри оқиб борсанг, айнан фабриканинг олдидан чиқасан. Одам бўламан десанг, ўша жойга ишга кирвол.

Мағзавасимон сувнинг шатмоқ тўлқинчалари ариқни қиқир-қиқирга тўлдириб оқаётганга ўхшарди.

2001 йил.

Anvar Obidjon. Xususiy ko‘prikcha (hajviya)

Qatiqsotarlar mahallasini qatiqsevarlar mavzesidan ajratib turuvchi ariq ustidagi yog‘och ko‘prikcha payshanbadan jumaga o‘tar kechasi olako‘kish rangga bo‘yalib, ertalab uning bo‘sag‘asida baliqchilar g‘arovtayog‘ini eslatuvchi ingichka shlakbaum va g‘o‘la kursida baboqlanib o‘tirgan qo‘ng‘izmo‘ylov kimsa paydo bo‘ldi. Quyoshning kiprigi uzaygan kezda katta so‘mka ko‘targan shogird ham yetib kelib, «assalomalayko‘-o‘-m, Qo‘shmat aka», deya qiyshanglab ta’zim qildi.

– Salomni cho‘zg‘ilamay, tezroq joyingga bor, – g‘o‘dangladi Qo‘shmat. – Odamlarni ko‘niktirguncha hushyorroq ishlashimiz kerak. Yo‘talimni poylab tur. Qaysi usulni qaysi vaqtda qo‘llashni chalkashtirvorsang, ishdan bo‘shaysan, Qoramirza.

Qoramirza mungli burun tortib, chetga burildi. Nariroqdagi butalar ortiga o‘tib, so‘mkadan olingan turli kiyimlarni alohida-alohida taxlashga tutindi.

Endigina nos chekishga taraddudlangan Qo‘shmat oxorli shlyapa ostida so‘lqil-so‘lqil odimlab kelayotgan po‘rim kishini ko‘rib, tiqinni qaytadan nosqovoqning og‘ziga suqdi-da, birdan bezrayib, maxfiy hudud soqchisi qiyofasiga kirdi. Tonggi manzaradan juz’iy xato topgandek, ufqqa norozi kayfiyatda ko‘z qadab kelayotgan po‘rim kishi xirom poyabzalini ko‘prikcha yaqinida keskin to‘xtatdi. Taajjublanib qosh chimirdi. Cho‘ntagidan ko‘zoynak olib, shlakbaumning o‘rtasiga ilib qo‘yilgan taxtachadagi «Aqqa-baqqa 10 so‘m» degan yozuvni sinchiklab o‘qigach, nigohini Qo‘shmatga burdi:

– Buni tagiga yetsak bo‘ladimi?

– Xususiy ko‘prik bu. Oldin puli to‘lanadi, keyin o‘tiladi.

– Xususiy? Bunga hujjat bormi?

Qo‘shmat butalar tomonga bezovta qiyalab, qattiq yo‘taldi, so‘ng po‘rimga gap ilmoqladi:

– Bizda-ku hujjat bor. Lokigin, o‘zlarida-chi? Birovni tekshirishga haqqingiz bo‘lsa, ko‘rsating hujjatni.

Po‘rimning labi asabiy pirpirab, navbatdagi hamlaga chog‘langanida, chap qo‘lini bo‘yniga osib, o‘ng qo‘lida hassa ushlagan Qoramirza oqsoqlanib yaqin keldi:

– E, hormang, akaxon, – deya Qo‘shmatga xushomadlandi.– Iloyim, kam bo‘lmang. Umringizdan baraka toping.

Keyin, po‘rimga yuzlanib, ilgari bu ko‘prikcha u dunyodagi qilko‘prikdan ham xavfli bo‘lgani, yaqinda shundan ariqqa yiqilib qo‘l-oyog‘i shikastlangani, natijada bozordagi tirikchiligidan qolgani yetmaganidek, ancha pul sarflab davolangani, xotini kuniga uch mahaldan moshinakira qilib, kasalxonaga qatnagani-yu, nihoyat Qo‘shmatning muruvvati bois bu ko‘prikcha epaqaga keltirilib, minglab mo‘minlar xatardan xalos etilganini maddohlanib so‘zlab berdi. Qo‘shmatga «qaytimi kerakmas», deya yigirma besh so‘m tutqazgach, po‘rimga boshdan-oyoq razm soldi:

– Sumbatingizdan sezyapmanki, shu saxovatpesha insonga menam bitta elliktalikni xayriya qilvorsammikin deb turibsiz. Ko‘nglingizdagini topdim, a? Xex-xex-xe…

Po‘rimning tuyqus ko‘ngli yumshadi, «a… agar-r xayriya bo‘lsa, bu boshqa gap», deya cho‘ntagidan bir tutam pul oldi, ichidan elliktalikni topib, Qo‘shmatga uzatdi. «Shunchalar savobga ko‘mildingizki, o‘liboq, tap etib jannatga tushasiz, akaxon», degan alqovlarni yog‘dirib, po‘rimni iliq kuzatib qo‘yayotgan Qoramirzaga Qo‘shmat qoniqish ila tirjaydi:

– Yaxshi ishlading. Bundan keyinam noningni shunaqa halollab yegin.

Butalar ortiga og‘ir yumushdan toliqib qaytgan Qoramirza uchuq toshgan labiga sigaret qistirdi. U yoqda Qo‘shmat ham xumorbostiga shaylandi-yu, nosqovog‘i yana qo‘lida qoldi. Ko‘prikchaning narigi boshida qizalog‘ini yetaklagan tannoz juvon ko‘rindi. U, shlakbaum yaqinida to‘xtab, taxtachadagi yozuvni tumtayib o‘qidi, kartmonidan o‘n so‘m sug‘urib, yerdagi qog‘oz qutichaga irg‘itdi. Qo‘shmat go‘yo uni ko‘rmagandek bez bo‘lib turaverdi.

– Ochmaysizmi? – tezakrang bo‘yoq suvalgan labini cho‘chchaytirdi tannoz. – Pulni oldingiz-ku.

– Bolaga kim to‘laydi, bolaga?

– Voy! Mushtumdek bolagayam pulmi? Insof bormi?

– Insofimiz bordirki, emizikli go‘daklarga bepul o‘tish huquqini berib qo‘ygandirmiz, – boshini butazor tomon burib, g‘arg‘arador yo‘talgach, tannozga chaqchaydi Qo‘shmat. – Qizchangiz nechchiga kirdi?

Qizaloqning yettidan o‘tayotganini eshitib: «He, ata-a-ng, bog‘cha yoshida bo‘lgandayam, ellik foiz yengillik berardik», deya afsusnamo bosh tebratarkan, bu gal jag‘iga yasama soqol yopishtirib, bashang salla-choponda tashrif buyurayotgan Qoramirzaga ko‘zi tushib, muloyimlanganicha o‘rnidan turdi:

– Ie, ie! Assalomu alaykum, qori pochcha.

Qoramirza tavoze bilan alik oldi, tannozga chala-chulpa ko‘z tashlab qo‘yib, Qo‘shmatga qiroatlandi:

– Bu otinchani tanimadik-ku, bo‘tam. Inchinun, qarindoshlardanmi deyman?

– Nimalar deyapsiz, pochcha boboy? – jizilladi tannoz. – Ming shukurki, bunaqa yulg‘ichdan qondoshim yo‘q. Qarang, shu zig‘irttak qizdan ko‘prikpuli so‘rayapti-ya.

Viqor bilan tasbeh o‘girayotgan Qoramirza, bir seskanib olib, Qo‘shmatga qosh kerdi:

– Evo-o-h! Inchinun, avliyolarni ranjitadigan ish bo‘pti-ku. Andek sabr qilmabsiz-da, mulla Qo‘shmat. Bunaqa kalta ko‘ylakli otinchalarning zoti ulug‘ bo‘ladi. Bolasining boshidan biron narsa o‘girar, vaallohu a’lam.

Bu gapdan tannozning chehrasi chaman bo‘ldi:

– To‘g‘ri aytdingiz, pochcha boboy, tagim judayam toza. Bolamni haqiga doim sadaqa qipturaman.

Shunday deya, kartmonidan yana ikkita o‘n so‘mlikni oldi, qizchasining boshidan aylantirib, ularni ham qog‘oz qutichaga uloqtirdi. Qo‘shmat shlakbaumni ochib, ona-bolani o‘tkazib yuborgach, «bo-o-rakallo, otincha, bo-o-rakallo», deya ko‘zi yonib duogo‘ylanayotgan Qoramirzaga qarab mo‘ylov uchirdi:

– Fisht! Joyingga bor endi.

Qoramirza tasbeh o‘girishdan to‘xtab, ta’nador kepatada havolandi:

– Qo‘pollik qilmasinlar, bo‘tam. Inchinun, bu ko‘prikni vayron qilish uchun «suf» deyishimiz kifoya.

Qo‘shmatning zardasi qaynaganini ko‘rgan Qoramirza miriqib kuldi-da, sallani qo‘lga olib yelpingan kuyi butalar ortiga o‘tib ketdi. Qo‘shmat nihoyat nos kapladi. Lekin, kayfi tomirlariga yoyilib ulgurmasidan, kitob-daftar qo‘ltiqlagan yigitcha shamoldagi xazondek pirpirab kelib, qornini shlakbaumga qadab to‘xtadi.

– Ie, bu qanaqa tamo‘jniy? – ko‘zi gildirab so‘radi u.

Mayda nosdan og‘zi suvlashgan Qo‘shmat avval yozuvli taxtachani qoshi bilan ko‘rsatdi, keyin barmoqlarini bir-biriga ishqalab, pul to‘lash lozimligini shama qildi.

– Shu qiyshiq ko‘prikdan o‘tishgayam pulmi? – jirrakilandi yigitcha. – Bekorchi valyutam yo‘q. Ko‘taring tayoqni.

Qo‘shmat nosni butazor tomonga tuflab, jarangdor yo‘taldi. So‘ng yigitchaga do‘q urdi:

– Hamma indamasdan to‘lab o‘tyapti. Nima, shoxing bormi?

– Shox sizga o‘xshagan qari takada bo‘ladi. Yo‘lni oching, shoshib turibman!

Endi kavkazcha shalviroq shapkani boshga qing‘ir qo‘ndirib, bo‘ynidagi kumush zanjirni suratli futbolkaning ustidan salanglatgan Qoramirza, tish g‘ichirlatib kelib, yigitchaga burnini burishtirdi:

– Ho‘, qilvir! Nimaga postda turgan odamga bo‘yin cho‘zyapsan? Bir kalla solib, ko‘kragingni tandir qipqo‘yaman-a. Qoramirza drako‘n deb qo‘yibdilar meni.

– Yopishganga yarasha, puldorroqqa yopishinglar. Kunlaring talabaga qoldimi?

Bu gapdan Qoramirza battar lovulladi:

– Voy, tulki-ey! Voy, muttaham-ey! Studentman deb, rahmimni keltirmoqchisan? Jaraq-jaraq stipendiya olishingni bilmasamakan.

– Senlardagi bor qiliq tirnog‘imning ustida, – Qo‘shmat ham zahrini sachratdi. – Davlat bergan pulni sovurib, goh behayo kinolar ko‘rasan, goh jilpillagan qizlarga muzqaymoq yalatasan. Yana, o‘n so‘m desa, ko‘zingni lo‘q qilasan-a.

Qoramirza: «O‘sha ko‘zingni o‘yvolaymi!» –deya yigitchaga barmoq o‘qtalgan damda, dehqoncha kiyimdagi kishi paydo bo‘lib: «Ha, ikkita ko‘ppak bitta laychaga tirmashib qopsizlar», deb o‘rtaga kirdi. Talabaning arzini eshitgach, dehqonning peshanasi tirishdi.

– Savob axtarib, birov mahallaga choyxona qurib beryapti, birov sartaroshxona. Senlar shapaloqdek ko‘prikchani bo‘yab qo‘yib, tugalay o‘zingniki qilvoldilaringmi? Bunga qanday betlaring chidadi, imonsizlar?

– Hov, bratan! – g‘ijinib davaralandi Qoramirza. – Mana shu yo‘ldan to‘ppa-to‘g‘ri borsangiz, menimcha, aynan uyingizning oldidan chiqasiz. Gapni ko‘paytirmasdan, sekingina o‘n so‘m berib…

Qoramirza barmoq cho‘zib, dehqonning iyagidan ko‘tardi. Dehqon esa, kutilmaganda uning bilagidan tutib, qo‘lini shartta ortga qayirdi:

– O‘pkangni bosvol, polvon, bizam to‘y-po‘ylarda kurashib yurganmiz.

Qoramirza kuchukdek g‘ingshigancha o‘zini u yoqdan-bu yoqqa urib ko‘rdi. Teng kelolmasligini sezgach, Qo‘shmatni yordamga chorladi.

Talvasaga tushgan Qo‘shmat pulli qutichani shosha-pisha qo‘ltiqladi-yu: «Birpas chidab tur, hozir melisa chaqiraman», deya ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. So‘kina-so‘kina, shlakbaumni buzayotgan yigitcha Qoramirza qo‘li qayrilgan holida ham do‘q-po‘pisani davom ettirayotganidan jahllanib: «Bu go‘rso‘xtani bir tepib ariqqa uchirvorsangiz-chi, amaki!» – deb sharttakilandi.

– Bunaqa haromxo‘rlarni tepishgayam hazar qilaman, – ijirg‘andi dehqon.

– Men hazar qilib o‘tirmayman!

Yigitcha bor kuchi bilan Qoramirzaning ketiga tepib, uni ariqqa ag‘dardi.

– Itkanalar! Xariplar! – suvda oqib borayotib musht do‘laydi Qoramirza. – Senlarni tavba qildiraman hali!

– Xayr, Qoramirza drako‘n! – mazaxlab qo‘l silkidi yigitcha. – Xush ko‘rdik!

Dehqonning ham zavqi jo‘shib, qichqirdi:

– Shu ariqdan to‘ppa-to‘g‘ri oqib borsang, aynan fabrikaning oldidan chiqasan. Odam bo‘laman desang, o‘sha joyga ishga kirvol.

Mag‘zavasimon suvning shatmoq to‘lqinchalari ariqni qiqir-qiqirga to‘ldirib oqayotganga o‘xshardi.

2001-yil.