Янгиер СЭОМ: БАЙРАМ ДАСТУРХОНЛАРИГА ТОРТИҚ ҚИЛИНАДИГАН ТАОМЛАР СИФАТИ ВА ХАВСИЗЛИГИГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК…
Айни кунларда халқимиз янги йил байрамини нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Ана шундай байрам ва шодиёналарни оила даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонлаш гўзал анъаналаримиздан ҳисобланади. Дастурхондаги озиқ-овқат маҳсулотларини кимдир уйида тайёрласа, кимдир деҳқон бозорларидан, савдо мажмуаларидан, яна кимдир белгиланмаган жойларда савдо қилаётган фуқаролардан сотиб олади. Бу маҳсулотларнинг ҳаммасини ҳам хавфсизлиги кафолотланмаган, уларни сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаган бўлиши мумкин. Айниқса тез бузилувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, кремли қандолот, салатлар, ҳамирли ва бошқа хавфсизлиги кафолотланмаган маҳсулотларни истеъмол қилиниши натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.
Хавфсизлиги ва сифати кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури – ботулизм касаллигини келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа тез бузилувчи озиқ-овқатлар маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаслиги уларни касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар билан зарарланишига, истеъмол қилганда эса овқатдан заҳарланишларни келиб чиқишига сабаб бўлади.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Янги йил байрами тадбирларида турли хил ноҳуш ҳолатлар ва кўнгилсизликларни олдини олиш мақсадида, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз, белгиланмаган жойлардан номаълум шароитда тайёрланган, сифати ва хавфсизлигини кафолотловчи ҳужжатлари бўлмаган, ташқи кўриниши шубҳали бўлган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларини сотиб олмаслигимиз, айниқса тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларни сақлаш шароитларига эътиборли бўлишимиз ва уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслигимиз талаб этилади.
Хонадонда паст ҳароратда сақланиши талаб этилган маҳсулотларни совутгичларда сақлаш лозим. Пишган ва хом маҳсулотлар бир жойда сақланиши мумкин эмас, таомлар, салатларни эҳтиёжга қараб тайёрлаш, узоқ сақланиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак.
Унутманг, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъулмиз!
Янгиер шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази