"Янгиер" санаторийси фойдаланишга топширилди.
Қайсики юртда ҳар бир инсон ҳаёти, қадри, унинг соғлигига эътибор юксак даражада бўлар экан, ўша мамлакатнинг келажаги барқарорлиги, одамлар турмушининг ободлигидан дарак беради.
Бугун Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қуриб битказилган “Янгиер” санаторийсининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Янги 2020 йил арафасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари раҳбарлари, Федерация қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари хамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ҳимоялаш йили" Манзилли дастурига асосан “Янгиер" санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари боис ушбу масканда дам олувчи ва даволанувчилар учун эътиборга молик кенг қулайликлар яратиб берилди.
“Янгиер" санаторийси Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги Заҳириддин Мухаммад Бобур номидаги МФЙ, Пахтакор кўчасида жойлашган.
Санаторий Сирдарё вилоятидаги бальнеологик ва иқлимий курорт ҳисобланади.
Санаторийнинг умумий майдони 33,96 га ни ташкил этади. Санаторий дастлаб 1978 йилдан ҳозирги кунга қадар "Уруш ва меҳнат фаҳрийлари” касалхонаси сифатида фаолият юритиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириклари ижросини таъминлаш ҳамда Сирдарё вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иктисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, санаторий 2018 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тасарруфига олиниб, қурилиш - реконструкция ишлари жадал олиб борилди.
Санаторий жойлашиш ҳудуди, табиати ҳамда маъданли қудуғи тубидан қалқиб чиқаётган шифобахш суви ва таркибидаги органик минерал тузларнинг даволаш таъсирига кўра кардиологик, неврологик, гинекология, урологик ва ҳаракат таянч касалликларни даволаш учун ихтисослаштирилган.
"Янгиер" санаторийси маъданли сув қудуғининг таркиби Жиззах вилоятидаги “Ҳавотоғ гулшани" санаторийси каби йод ва бром минераларига бойдир.
Санаторий саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, даволаш-ташхислаш хоналари ташкил этилиб, келажакда физиотерапия, даволаш жисмоний тарбия, массаж, иссиқлик, сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия, дитeотерапия усулларидан кенг фойдаланилади.
Санаторийда йил давомида тўрт ярим минг нафардан ортиқ аҳолини соғломлаштириш имкониятига эга бўлинди.
Қурилиш ишлари тугалланиб, ҳозирги кунда сиҳатгоҳ 200 ўринга эга бўлиб, ундан 5 қаватли ётоқ биноси, икки қаватли даволаш биноси, ошхона, клуб, кутубхона, маъмурий бино, лаборатория, қозонхона, бальнеология биноларидан иборатдир.
Шунингдек, санаторийда жами 80-110 нафар атрофида ходимлар фаолият олиб боришади.
Санаторий янги йил туҳфаси сифатида меҳнаткаш халқимизга фойдаланишга топширилмоқда.
Қурилиш ишларига ҳамда канализация ишларини амалга ошириш, иситиш мосламаларини ўрнатиш, сув минорасини қуриш, тиббий жиҳозлар ва қаттиқ инвентарларни харид қилиш учун 84 млрд сўм маблағ ажратилди.
"Янгиер" санаторийсининг дастлабки дам олувчилари Республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган меҳнат фахрийлари бўлишди.
Янгиер шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати