March 27, 2020

Kitob haqida o’n savolga o’n javob



Уйимиздаги энг мўтабар китоблар — луғатлар. Луғатни ҳеч ким бирровга ўқиш учун бермайди. Ундан фойдаланаман деган киши, албатта, ўзи сотиб олиши керак. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 5 жилдлиги, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” 4 жилдлиги, “Фарҳанги забони тожикий” (“Тожик тилининг изоҳли луғати”) 2 жилдлиги, шунингдек, “Ўзбек халқ мақоллари”нинг 2 жилдлиги қўлга яқин ерда турадиган, деярли ҳар куни титкиланадиган китобларим бўлса керак.

КИТОБ ҲАҚИДА ЎН САВОЛ

  1. Китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади? 2. Илк бор ўқиб, завқ олган китобингиз эсингиздами? Болалигингизда ўқиган яна қайси китоблар ҳаётингизда ижобий таъсир кўрсатган? 3. Янги чоп этилаётган китобларни кузатиб борасизми? Улардан кўнглингиз тўлмаётган жиҳатлари ҳам борми? 4. Ҳозир бизда кийим-кечак, озиқ-овқат бозорининг харидорлари ниҳоятда сероб. Қачон китоб бозори гавжумлашади? 5. Устоз адиб Асқад Мухторнинг: “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”, деган иборасини қандай изоҳлайсиз? 6. Жавонингизда қайта-қайта ўқийдиган, соғиниб қўлга оладиган китоб борми? Айтинг-чи, у қайси китоб? 7. Ҳозир нафақат болалар балки уларнинг ота-оналари ҳам кам китоб ўқиётганлиги ҳақидаги ташвишли фикрларга қандай қарайсиз? Уларни китобга қайтаришнинг йўли борми? 8. Агар ўзбек адабиёти бўйича “Олтин жавон” тузилиб, унга 10 та китоб киритиш зарурати туғилса, қайси китобларни киритган бўлардингиз? 9. Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз? 10. Журналхонларга қайси ва қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз?

Қишлоғимиздаги энг серфарзанд, энг китоби кўп оилада туғилганман. Онам ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, отам идора ходими эдилар.
Биринчи синфга борганимда акам 4-синфга ўтган эдилар. Онамиз: “Иккинчи боламиз ҳам мактабга боряпти, эрта-индин булар ёнига кичкиналар қўшилаверади, буларга алоҳида дарсхона қилиб берасиз”, деб туриб олганлар.

Бухоронинг анъанавий уйсозлигида “пешга(ҳ) мадон”(“ичкари даҳлиз”) деган хона бўларди. Унга, одатда, катта (“етти болар”) уй орқали кириларди. Ўшанга ташқаридан эшик, дераза ўрнатиб, бизга пол-потолокли алоҳида дарсхона қилиб беришган. Биз уни “кутубхона” дердик. Чунки онамизнинг ўтган аср 30-йилларидан бери йиғиб борган китоблари ҳам шу ердан жой олган эди. Онамизга ва яна уч ўқувчига мўлжаллаб стол-стул қўйилганди. Қишларда, худди мактабдагидек, навбатчилик қилиб, галма-галдан печка ёқар эдик.

Оиламизда ҳафтасига 6 кун дарс тайёрлаш мажбурий қилиб қўйилган эди. Бир кун — ё шанба, ё якшанба дам олишга рухсат бор эди, холос.

Электр чироғи келганидан кейин ота-онамиз кечки овқатдан сўнг ўқувчиларни “кутубхона”га чиқариб юбориш учун ўзлари ҳам телевизор кўрмас эдилар.

Аввало, дарсликларни кўп ўқиганмиз. Дарслик — энг зўр китоб. Кимки дарсликни пухта ўзлаштирмай туриб мактабни битирса, билингки, у умр бўйи чаласавод бўлиб қолади.

Онамиз икки хил тартиб билан дарс тайёрлашга ўргатган эдилар. Биринчи қоида шу эдики, ҳар куни бугун ўтилган барча фанлар бўйича уй вазифасини бажариб, кейинги дарсга олдиндан тайёр бўлиб туриш керак. Шунда дарс тайёрлаш охирида эртага бўладиган фанлар бўйича китоб-дафтарни сумкага (айтмоқчи, бошланғич синфларда ўқиганимизда папка қаёқда эди, онамиз тикиб берган халтага) солиб қўясан, тамом. Иккинчи усулда эса бугун нима фан ўтилганидан қатъий назар, унга тайёрланишни кейинги сафарга қолдириб, фақат эртага бўладиган фанлар бўйича дарс тайёрлайсан, яъни уйга вазифа бажарасан.

Натижа нима бўлди?

9 фарзанддан 5 нафари мактабни олтин медал билан тугатди. Шундан уч нафари медал берган имтиёздан фойдаланган ҳолда, яъни бир фандангина имтиҳон топшириб, олий таълим муассасасига кирди. Саккиз ўғил, бир қиз — ҳаммамиз Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларида ўқиб, турли касб эгалари бўлдик.

Уч бола олий таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тугатди. Икки фарзанд илмий даража олиш учун диссертация ёқлади. Уч фарзанд ўзи китоблар ёзиб, чоп эттирди.

Мактаб йилларида қанча китоб мутолаа қилган бўлсам, шунча газета ва журнал ҳам ўқиганман. Почталон пешиндан кейин келар эди. Ҳовлимиз ҳовуз бўйида. Ҳовузнинг супасидаги соя жойга шолча ёйиб, устига кўрпача ташлаб, бир китобни ўқиган бўлиб, почталонни кутиб ётардим. Қишлоқда ҳеч ким Зоҳир тоғага менчалик интизор бўлмас, эҳтимол, у кишини менчалик қадрламас эди. Камина ҳар гал у кишидан сюрприз, яъни келтирган газеталарининг бирортасида юборган қайсидир мақолам чиққан бўлишини кутардим. Чунки 10-синфни тугаллагунимга қадар 6 газетада жами 187 мақолам босилган-да. 15 ёшимда ёзги таътил маҳали маош олиб, туман газетаси таҳририятида ҳам ишлаганман.

2. Онам-ку ҳарфларни мактабга боргунимча ўргатган эдилар. Биринчи синфда “Алифбо”ни тугаллашимиз билан мактабимиз кутубхонасига аъзо бўлиб, бадиий китоблар олиб, ўқий бошлаганман. Биринчи китобим Самуел Маршакнинг милиционер Стёпа амаки ҳақидаги расмли, катта-катта ҳарфлар билан чиққан шеърий асари эди. Ўқийвериб, ёдлаб олганман.
Ўшанда мактабимизнинг, энди ўйласам, кичкинагина кутубхонаси кўзимга катта хазина бўлиб кўринган. Чунки у ерда, барибир, уйимиздагига қараганда китоб жуда кўп эди-да. Яна бир бахтимиз — қишлоғимиз дала шийпонида колхоз (жамоа хўжалиги) кутубхонаси жойлашган эди. Ёздириб, олиб келасан, ўқиб бўлиб, қайтариб элтиб берасан. Бухоронинг қиши қаттиқроқ келади. Шундай совуқ кунларда ётиб олиб китоб ўқирдик. “Ғунча”, “Гулхан”, “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш” журналларининг ҳамма сони уйимизга келиб турган.

7-синфда Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” китобини ўқиб, шу асосда саҳна кўриниши қўйганмиз. Навоий ролини ўйнаганман. Томошабинлар овозимдангина таниб қолишган. Ким билади, журналистика факултетини битириб, навоийшуносликка қизиқиб кетишга шу дастлабки ролим туртки бўлгандир.

Университетнинг 4-босқич талабаси бўлган пайтимизда пахта терими мавсумида пешингача ўртача килограммни териб қўйиб, тушдан кейин жўякларда ётиб олиб, Жек Лондоннинг “Мартин Иден”ини ўқиганман. Жаҳон адабиётида ижодкор тимсоли бундан зўр қилиб яратилган бошқа асарни билмайман. Шу китобдан бир умрга қарздорман…

3. Уйимиздаги китоб жавонларга сиғмай кетаётгани учун бир қисмини ертўлага тушириб қўйишга мажбур бўлаётганимиздан билингки, тинимсиз янги китоб оляпмиз. Навоий бобо одамни “олдига келганни емакдан, оғизга келганни демак”дан қайтарадилар, лекин қўлга тушган китобни, ҳеч бўлмаса, бир сидра варақламаслик — гуноҳ.

Янги китобларга уч жиҳатдан — сони, нашр сифати ва мазмунига кўра баҳо бериш мумкин. Кейинги йилларда кутилмаган даражада кўп китоб нашр этилаётгани кишини чексиз қувонтиради. Одамлар сотиб оляптики, чиқарилаяпти-да. Нашр сифати ҳам муттасил яхшиланиб, замон талабларига мослашиб боряпти. Аммо мазмун-чи? Умрида китоб ёзишни тушида ҳам кўрмаган баъзи бировлар китоб ёзиш “касали”га мубтало бўлаётгани яхши эмас. Китобни ким ёзса — ёзсин, лекин нашриётлар умумий бир профессионал даражани қаттиқ туриб талаб қилиши керак-ку.

Китоб чоп этишда нашр одоби бўлиши лозим. Афсуски, баъзи китоблар муқоваси саҳифаларида муаллифнинг бештагача расми босилганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Айрим асарларни муаллиф ҳақида бир неча кишининг мақоласини қўшиб чиқариш расм бўлиб боряпти. Қаламкашни расми ёки у ҳақда бошқалар билдирган мақтовлар эмас, яратган асарининг ўзи машҳур қилади.

4. Ҳар ҳолда, китоб бозори қизий бошлади. Камина 20 йилдан бери ўзимга ҳамкасб бўлган ўғилларимни: “Ҳали кўрасизлар, китоб ёзиш катта бизнес бўлиб қолади”, деб ишонтириб келаман. Бу кўпроқ ўзимга далда бериш, неча йиллар мобайнида эгаллаган тайёр касбни бозор иқтисодиёти таъсирида қўлдан чиқариб қўймаслик илинжини ҳам ифодаласа, ажаб эмас.

5. Бу доно фикр ҳеч қандай изоҳга муҳтож эмас. Лекин қўшимчам бор. Мактабда, ҳатто ўзбек адабиёти давлат дастури асосида мажбуран ўқитиладиган факултетлар талабаларига энг буюк соҳиби қаламимиз бўлмиш Алишер Навоийнинг, лоақал, “Фарҳод ва Ширин”ини ўқитолмаяпмиз. Тили мураккаблигини баҳона қилишади. 1993-, 1995-, 1997-йиллари 10-синф учун “Ўзбек адабиёти” мажмуасида достонни ихчамлаб, қисқарган жойлари мазмунини ҳозирги тилда ифодалаб киритдик. Зўр-зўр байтларнинг ўзи берилиб, ҳаволада мураккаб сўзлар луғати тақдим этилди. Шуни ҳам кўп ўқувчилар ўқимади. Ўқитувчилар орасида ҳам, лоақал, шу қисқарган матнни мутолаа қилмаганлар қанча.

6. Адабиётшуноснинг бир умр қайта-қайта ўқиладиган китоблари бўлади. Чунки адабий асарлар — бу касб эгалари учун асосий хомашё. “Фарҳод ва Ширин”дан номзодлик диссертацияси ёқлаганман, “Лисон ут-тайр” бўйича тадқиқот олиб бориляпти. Буларнинг ёнига яна Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат…”и билан “Бобурнома”ни қўшиш керак (Халқимиз тарихи ҳақида “Бобурнома”дан сермазмунроқ асар кўрмаганман, унинг ҳар саҳифасида бир китоб мазмун бор). Бу тўрт китобнинг чизилмаган, белги қўйилмаган, матн атрофига фикр-мулоҳаза ёзилмаган бети қолмаган.

Уйимиздаги энг мўтабар китоблар — луғатлар. Луғатни ҳеч ким бирровга ўқиш учун бермайди. Ундан фойдаланаман деган киши, албатта, ўзи сотиб олиши керак. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 5 жилдлиги, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” 4 жилдлиги, “Фарҳанги забони тожикий” (“Тожик тилининг изоҳли луғати”) 2 жилдлиги, шунингдек, “Ўзбек халқ мақоллари”нинг 2 жилдлиги қўлга яқин ерда турадиган, деярли ҳар куни титкиланадиган китобларим бўлса керак.

Қаламкашнинг асосий қуроли — сўз. Аҳли адабнинг сўзда хато қилиши амалда унинг ҳар тарафлама адашганини билдиради. Сўзда чалғимаслик учун луғатга суянмай, нимага суянасан?!

7. Илм-фан, техника-технология, ишлаб чиқариш ривожланган мамлакатларда одамлар: “Ўқимасам, ўламан”, деб ўйлайди. Чунки ўқимаган киши ҳаётдан орқада қолади, аниқроғи, кучли рақобат майдонида нонини топиб еёлмайди. Бизда эса негадир: “Ўқисам, ўламан”, деганга ўхшаш дангасалик, бепарволик, танбаллик, борингки, қўрқувга ўхшаш иллат бор. Эҳтимол, бу, ўқимай туриб ҳам яхши яшаш мумкин-ку, деган қараш мавжудлигидан бўлса керак. Қачонки кўп ўқиган одам бой яшайдиган жамият юзага келса, ҳамма ёппасига ўқишга интилиб қолади, деб ўйлайман.

8. Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”даги 4 девони, “Хамса” сидаги 5 достон ва “Лисон ут-тайр”нинг ўзи 10 та бўлади-ку. Келинг, майли, бу рўйхатни қайта тузайлик: “Ўзбек халқ мақоллари” мукаммал мажмуаси, “Алпомиш” достони, Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”и билан “Фарҳод ва Ширин”и, “Бобурнома”, Машраб девони, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи, Абдулла Орипов шеърияти ва Эркин Воҳидов лирикаси…

9. Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”и билан Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”ини бир-бирига қиёслаб, нечанчи бора қайта ўқияпман.

10. Биринчидан, қўлларидаги дарсликларни пишиқ-пухта ўзлаштиришларини истар эдим (сирни ошкор қилсам, 4-синф “Одобнома”си ва 8-синф “Адабиёт”и тузувчилариданман-да). Иккинчидан, мактаб ёшида бадиий адабиёт ўқимаганларни комил инсон қилиб тарбияланган ҳисоблаб бўлмаса керак. Учинчидан, ҳар ким ўзи қизиққан соҳасига доир, келажакда қайси касбни танлашига қараб китоб топиб ўқиши, ўқиганда ҳам, тушуниб, уқиб, моҳиятига етиб мутолаа қилиши лозим.
Битта китобни “ҳазм қилиб” ўқиш — юзта китобни чала-чулпа варақлагандан минг чандон афзал.

Манба: «Гулхан» журналидан олинди