Hikoyalar
February 22, 2019

Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi

X BOB

Орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Йил фасллари ҳам бир неча бор ўзгарди. Ҳайвонларнинг ҳам ёшлари ўтиб қарий бошладилар. Умрлари оқар сувдай тез ўтиб кетди. Кловир, Бенямин, Мусо каби чўчқалардан бошқа қўзғалондан кейинги кунларни эслай олмайдиган янги авлод вакиллари вояга етди. Мюриел, Блубел, Жесий ва Пинчир дунёдан ўтган эдилар. Мамлакатнинг бир чеккасидаги ичувчиларни даволовчи шифохонада Жоунзнинг ҳам жони узилди. Ҳайвонлар Сноуболни унутган эдилар. Боксэр ҳам ёдларидан кўтарилди. Кловирнинг ёши ҳам бир жойга бориб, бесўнақай бўлиб семириб кетди, қийинчилик билан ўрнидан қўзғаларди.Кўзлари хиралашиб, тинимсиз ёш оқадиган бўлиб қолди. Нафақага чиққанига икки йил бўлганди. Аслида нафақа ёшига камдан кам ҳайвонлар етиб борарди. Ферманинг бир бурчагида нафақахўр ҳайвонларга ажратилиши керак бўлган яйлов ҳақидаги гаплар эскирганди. Наполеоннинг бир оёғини гўр тортиб, озиб--қуруқ чўп бўлиб қолган. Вазни 24 тош оғирлигида эди, холос. Скуийлирнинг эса семизлигидан кўзлари юмилиб кетганди. Қари Бенямингина олдингидай ўзгармай юрарди. Лекин тумшуғининг тепасига тушиб турган сочлари оч кул рангга кирган, Боксэрнинг ўлими жуда қаттиқ таъсир қилиб хафақон касалига мубтало бўлганди. Фермадаги ҳайвонлар сон жиҳатидан кўпайган бўлишига қарамасдан қўзғалондан кейинги дастлабки даврлардаги кўпайишга тенглаштириб бўлмасди. Кўп болали ҳайвон оналарга бериладиган имтиёзлар ҳақида ҳам камдан кам эсланарди. Қўзғалоннинг дастлабки кунларида фермада бўлмаган, воқеалардан бехабар бўлган кўплаб ҳайвонлар сотиб олинганди. Фермада Кловирдан бошқа яна уч от бўлиб, улар жон-жаҳдлари билан ишлашарди. Отлар алифбодаги «б» ҳарфидан кейинги ҳарфларни ўрганолмагандилар. Шунинг учун ҳам ҳайвонизм асослари ҳақида айтилган фикрларни сўзсиз қабул қилишаверарди. Кловирда сақланиб қолган ўз-ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилиш, биродарлик туйғулари бошқа отларда кўринмасди.

Фермада ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган эди. Пиликингтиндан янги ерлар сотиб олиниб ферма кенгайтирилган эди. Шамол тегирмонининг қурилиши тугатилган, шунингдек ҳозир фермада ҳосилни навларга ажратиб берадиган машина ҳам ишларди. Пичанхона ва турли-туман қўшимча бинолар қурилган эди. Адвокат Вимпер ўзига янги арава сотиб олди. Шамол тегирмони ҳанузгача электр қуввати олиш учун мослаштирилмаган, лекин маккажўхори дони тортилиб катта фойда олинаётган эди. Ҳайвонлар иккинчи шамол тегирмони қурилиши билан банд эдилар. Янги қурилаётган тегирмоннинг динамолар ёрдамида ишлашини фахрланиб гапиришарди. Бир вақтлар Сноуболнинг ҳайвонларга берган ваъдалари, яъни электр нурлари билан ёритиладиган супаларга иссиқ ва совуқ сувлар олиб бориш, уч кунлик иш ҳафтасига ўтиш кабилар энди эсдан чиққанди. Ҳайвонларнинг ҳашамли яшашлари ҳайвонизм асосларига ёт эканлигини Наполеон исботлаб берган эди. «Баркамоллик», - дерди Наполеон қаттиқ меҳнат қилишда ва камтарона яшашдадир. Пулни меъёрида топиш ва уни сарфлаш, содда яшашга интилиш, маънавий етукликнинг белгисидир. «Ҳайвонлар ферма»си бир мунча бойиган эди. Чўчқалар ва итлар тўқ яшардилар. Лекин бошқа ҳайвонлар ҳали қашшоқ эдилар. Балки чўчқа ва итлар ҳаддан ташқари кўпайишиб кетганлиги учун шундай бўлгандир. Ҳайвонлар, чўчқалар, итлар тинмай ишлашарди. Чўчқалар ва итлар ўзлари учунгина ишлашарди, жисмоний меҳнат билан шуғулланишни исташмасди, қора ишдан қочишарди. Скуийлир эса раҳбарлик ва ташкилотчиликнинг машаққатлари ҳақида гапиришдан толмасди:

- Чўчқалар бажараётган ишлар бошқа ҳайвонларнинг оёқларидан келмасди. Маълумотлари етарли эмас эди. Кўпчилик ҳайвонлар ўқиш ва ёзишни билмасдилар. Чўчқалар папка, реферат, қарор, эълон, мажлис баёни деб аталадиган, ҳайвонларнинг тушунишлари қийин бўлган ишлар билан шуғулланишарди. Булар жуда катта меҳнатни талаб қиларди.

Аслида фақат печкага тутантириқ қилиш учунгина ярайдиган қоғозларнинг фермани ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида Скуийлир жўшиб гапирарди. Чўчқаларнинг меҳнати қорин тўйдирмас, аммо уларнинг иштаҳалари карнай эди. Бошқа ҳайвонларнинг турмуш тарзи ҳам деярли ўзгармаганди. Ҳанузгача қоринлари овқатга тўймасди. Сомон тўшалган супаларда ухлашарди. Илгаригидек ҳовузлардан сув ичишарди. Далаларда қулдек меҳнат қилишарди. Қишда совуқдан, ёзда пашшалардан азоб чекишарди. Баъзи вақтларда ёши ўтиб қолган ҳайвонлар ўтмишини эслашга ҳаракат қилардилар. Жоунзнинг қувилишдан олдинги ва қўзғалондан кейинги дастлабки даврлардаги яшаш шароитларини муҳокама қилишарди. Лекин у вақтларда жуда ёш бўлганликлари учун кўп нарсаларни хотираларида сақлаб қололмаган эдилар. Уларни ҳозирги ҳаётлари билан солиштирмасдилар. Скуийлирнинг рақамларигина ишонишга мажбур бўлардилар. Ҳисоб-китобларда эса фермадаги ҳамма соҳалар бўйича ўсиш ҳақида маълумот бериларди. Бу жумбоқлар устида астойдил бош қотиришга ҳайвонларнинг вақти етишмасди. Фақат қариб қолган Бенямингина узоқ умр давомида кўрган-билганларини эсга тушира оларди. Ҳайвонлар ҳеч қачон тўкин-сочин яшаган эмас ва яшамайди деб ўйларди у. Назарида, очлик ва касаллик, машаққат ва меҳнат, алам ва кулфат ҳаётнинг ўзгартириб бўлмайдиган темир қонунлари эди. Шундай бўлса-да, ҳайвонлар умид билан яшардилар. «Ҳайвон ферма»сининг аъзоси бўлишнинг ўзи уларда битмас-туганмас фахр ҳисси уйғотарди. Ахир Англияда, ҳаттоки, ер юзида ҳайвонлар бошқараётган ферма ягона эди-да. Бундай мағрурлик фермага янги сотиб олинган ҳайвонлар кўнглини ҳам қамраб олган эди. Мушак отиб солют берилганда, ферма устида баланд кўтарилган яшил байроқнинг ҳилпирлашларини кўрганларида диллари яйраб, кўнгиллари қувончга тўларди. Бундай пайтларда, айниқса, қаҳрамонликлар ҳақида гапиришни ёқтиришарди. Фермадан Жоунзнинг қувилиши, Қонуннинг етти моддасини деворга ёзилиши, одам босқинчиларнинг аёвсиз жангларда мағлуб этилиши ҳақида гапирарди Қари майор ваъда қилган Ҳайвон Республикасининг барпо бўлиши, Англия ям-яшил яйловларнинг келажакда инсон оёғи билан топталмайдиган кунларнинг келиши ҳақида ҳикоялар тўқишарди. Баъзида «Англия ҳайвонлари» гимнини пинҳона айтишарди. Фермадаги ҳар бир ҳайвон бунинг учун жазоланишини яхши биларди. Шунинг учун ҳам очиқ-ойдин куйлашга қўрқишарди. Улар ниҳоят ҳеч қайси орзулари амалга ошмаганлигини, аҳволлари бошқа фермадаги ҳайвонларникидан фарқ қилмаслигини, оч ва қашшоқлик мустабид тузумнинг натижаси эканлигини англаб етдилар. Меҳнат қилиш ўзларини қониқтирадиган ягона манба бўлганлигини ҳис этиб турардилар. Лекин ҳеч бир ҳайвон икки оёқлаб юриб, бошқа ҳайвонлардан ажраб қолмади, бири иккинчисини хўжайин деб атамади. Ҳамма ҳайвонлар тенг ҳуқуқли эдилар.

Ёзнинг дастлабки кунларидан бирида Скуийлир қўйларни эргаштириб ферманинг қайинлар экилган қаровсиз майдонига олиб келди. Қўйлар Скуийлирнинг назорати остида кун бўйи баргларни едилар. Шом тушгандан кейин далада қолишига рухсат берди. Қўйлар бир ҳафта далада қолиб кетдилар. Ҳеч бир ҳайвон уларни кўрмади. Скуийлир эса улар билан ҳар куни бирга эди. “Қўйларга янги ашула ўргатяпман. Бунинг учун бошқа ҳайвонлардан улар ажратилиши керак»,-дерди Скуийлир. Қўйлар яйловдан фермага қайтиб келганларидан кейин эса ғаройиб ҳодиса рўй берди. Бу вақтда ҳайвонлар ишларидан қайтиб келиб похол солинган супаларда дам олишаётган эди. Бирдан отнинг ғайри-табиий кишнагани эшитилди. Ҳайвонлар саросимага тушиб қолдилар. Бу Кловирнинг товуши эди. Унинг кишнаши яна қайтарилди. Ҳамма ҳайвонлар ферма ҳовлисига чопиб чиқдилар. Уларнинг кўзлари Кловирнинг даҳшатга солган воқеага тушди. Бир чўчқа орқа оёқлари билан одамга ўхшаб юрарди. Бу Скуийлир эди. Оғирлигини икки оёғи билан кўтариб юришга қийналаётганлиги учун айиққа ўхшаб талпанглаб қадам ташларди. Бир оздан кейин ферма биносидан икки оёқлаб чиқаётган чўчқаларнинг қатори кўринди. Бир-икки ёш чўчқалардан ташқари ҳаммалари аранг юришарди. Уларнинг кўтариб олган олдинги оёқларига ҳасса керак эди. Лекин улар тўғри қадам ташлашга тиришанларича ҳовли атрофини айланишарди. Ниҳоят итларнинг вовуллаши, қора бабақ хўрознинг баланд қичқириғи остида Наполеон бошини тик ушлаб, улуғворлик билан ферма биносидан икки оёқлаб чиқди. Унинг атрофини итлар ўраб олган эди. Олдинги туёқларининг бирида қамчи бор эди. Ферма ҳовлисига даҳшатли жимлик чўкди. Қўрқиб кетган ҳайвонлар бир-бирларининг пинжига суқилдилар. Титраганларича ҳовли бўйлаб марш қилаётган чўчқаларни қўрқа-писа кузатардилар. Уларнинг назарида ҳайвонот дунёси ўзгараётганга ўхшарди. Бир оз вақт ўтгандан кейин уларнинг қўрқувлари чекинди. Эътироз билдирмаслик кўп йиллар давомида уларнинг одатларига айланиб қолганлигига қарамасдан, ҳатто итларнинг даҳшат солиб туришларига ҳам қарамай шикоятга эндигина оғиз жуфтлаганларида қўйлар марашиб қолди: «Тўрт оёқ яхшидир, икки оёқ эса ундан ҳам яхши.» Қўйларнинг марашлари тугагунча анча вақт ўтган эди. Чўчқалар ферма ҳовлисида кўринмасди. Улар бинолар ичига кириб кетиб бўлишганди.

Бенямин қулоқлари остига урилган иссиқ нафасни сезиб орқасига ўгирилди. Ёнида Кловир турарди. Кловир кўзларининг нури кетиб , нарсаларни ғира-шира кўрадиган бўлиб қолганди. Лом-мим демасдан Беняминнинг бошидаги сочидан тишлади ва унга озор бермай молхона томон бошлади. Улар қора девордаги оппоқ ҳарфлар билан ёзилган ёзувларга тикилишди:

- Кўзим хиралашгани туфайли,-деди Кловир,- ўзим ёзган ёзувларни ҳам ўқишга кўзим ўтмаяпти. Бенямин, ўқиб кўринг-чи, Қонуннинг еттинчи моддасига ҳам ўзгартириш киритилганга ўхшайди.

Бенямин авваллари бирор марта ҳам ўқиб кўрмаган ёзувларни ҳижжалаб ўқий бошлади: «ҲАММА ҲАЙВОНЛАР ТЕНГ. ЛЕКИН БИР ҲАЙВОН БОШҚА ҲАЙВОНЛАРДАН УСТУН.» Деворда Қонуннинг битта моддасидан ташқари ёзув йўқ эди Кейинги кунларда эса фермани назорат қилиб юрган чўчқаларнинг туёқларида қамчи ушлаб, икки оёқлаб юришлари ҳайвонларни ажаблантирмади. Чўчқаларнинг радио сотиб олишини, ферма биносига телефон туширишларини, рўзномаларга обуна бўлишларини одатдаги ҳол деб қабул қилишди. Кечки овқатдан кейин Наполеоннинг оғзига трубкани солиб, ферма боғининг айланишлари ҳам ғайри табиий ҳол эмасди. Мистер Жоунзнинг кийим шкафидаги қора чармдан тикилган енгил кузги кийимини (плащини) Наполеоннинг устида кўрганларида ҳам, Наполеон энг яхши кўрган аёл чўчқанинг эса миссис Жоунзнинг бозор кунлари киядиган, ипакли матодан тикилган кўйлагини кийганида ҳам ҳайратланишмади. Бир ҳафта ўтгандан кейин чошгоҳ билан шом оралиғида «Ҳайвон ферма»сига бир неча арава кириб келди. Араваларда қўшни фермалардаги депутат-деҳқонларнинг ўзаро текшириш бригадаси келган эди. Уларни «Ҳайвон ферма»си бўйлаб экскурсия қилдиришди. Депутат-деҳқонлар шамол тегирмонининг гуриллаб ишлашидан жуда завқландилар. Ҳайвонларнинг далаларда тер тўкиб, астойдил меҳнат қилаётганликларини кўрдилар. Ҳайвонларнинг чўчқаларданми, одамларданми, ишқилиб қайси бирларидан ҳайиқиб бошларини ҳам кўтармай ишлаётганликларини била олмадилар. Кечга бориб чўчқалар яшаётган ферма уйидан шовқин-сурон ва кулги овозлари эшитилди. Улар ашула айтишарди. Бирдан ҳайвон товушлари ва одам сўзларини қориштириб гапирашаётганликларини ҳайвонлар эшитишди. Улар ҳайвонлар ва одамларнинг бир бинода бир уйда тўпланишиб хурсандчилик қилишаётганликларини биринчи маротаба кўриб туришлари эди. Ичкарида қандай воқеалар бўлаётганлигига ақллари етмасди. Ферма ҳовлисини ўлик чиққан уйдаги каби жимлик қоплаб олган эди. Ҳайвонлар чўчқалар яшаётган уйнинг олдида тўхтадилар. Эшикни очиб киришга ботинолмадилар. Кловир эшикни оёғи билан итарди ва уларни ичкарига бошлади. Ҳайвонлар товуш чиқармаслик учун оёқларининг учида юриб меҳмонхона деразаси ёнида тўхташди. Новчароқлари эса дераза ойнасидан қизиқиб қарай бошладилар. Меҳмонхона ичидаги узун стол атрофида 6 одам-деҳқон ва 6 ҳурматли чўчқалар ўтиришарди. Наполеон столнинг тўрида эди. Чўчқалар столларда қийналмасдан ўтирардилар. Ҳайвонлар ва одамлар ароқ ичиш олдидан айтиладиган сўзларни (улар буни тост ёки қадаҳ сўзлари деб аташарди) эшитиш учун карта ўйинини тўхтатган эдилар. Катта кружка давра бўйлаб айланарди. Ҳайвонлар ва одамлар олдидаги стаканларни пиво билан тез-тез тўлдириб туришарди. Улар ҳайвонларнинг деразадан қараб турганлигига эътибор бермадилар. Фоксвуд фермасининг раҳбари Пилкингтин қадаҳ сўзини айтиш учун ўрнидан туриб, стаканни қўлида ушлаб турарди:

- Ҳайвонлар ва инсонларнинг бир-бирларини тушунишлари мураккаб бўлган даврлар орқада қолди,-деб сўз бошлади Пилкингтин,-бугун бир стол атрофида ўтиришимизни, ўйлайманки, ҳамма мамнуният билан табриклайди.

- Ўтирганларнинг биронтаси бир-бирига душманлик қилиш ҳақида ўйлаган эмас. Фақат ҳайвонларгина қўшнилари бўлган одамларга бир оз ишончсизлик билдиришди. Тўғри-нотўғри фикрлар, бахтсиз воқеалар бўлди. Ҳақиқатан ҳам, чўчқалар томонидан бошқариладиган ферманинг вужудга келиши одатдаги воқеалардан эмас эди. Бу эса қўшниларда ёмон таассурот пайдо бўлишига оз бўлса-да таъсир кўрсатди. Ҳозир уларнинг ҳаммаси унитилди. Одамларнинг «Ҳайвон фермаси»да бўлиб ўтган воқеаларни аниқ билмасдан туриб турли миш-мишлар тарқатишганидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай сафсаталарнинг тарқатилиши одамларни ҳам, инсонларни ҳам бир оз чалғитди. Бугун эса ҳайвонларнинг дўсти бўлган одамлар «Ҳайвон фермаси»даги тартиб-интизомни, яшаш шароитларини ўз кўзлари билан кўрдилар. Ишлаб чиқаришга энг илғор усуллар тадбиқ этилмаган бўлса-да, ҳар бир фермага оммалаштирилиши лозим бўлган намунали тартиб ва интизомга тан бердилар. Айниқса, «Ҳайвон фермаси»даги паст табақа ҳайвонларнинг кўп меҳнат қилиб, оз иш ҳақи олишлари биз учун янгилик бўлди. Одам-деҳқонлар ўз фермаларига тадбиқ этишлари мумкин бўлган яна кўп ишларнинг гувоҳи бўлдилар.

Ўртоқлар, бугундан бошлаб «Ҳайвон ферма»си қўшни фермалар билан дўстлик муносабатларини ўрнатди. Буни табриклаш керак. Чўчқалар ва инсонларнинг қизиқишлари, мақсадлари ва манфаатлари орасида ҳеч қачон келишмовчилик бўлган эмас. Уларнинг интилишлари ва курашлари, фермани бошқаришдаги машаққат ва қийинчиликлари бир хил. Ахир ҳамма фермаларда ҳам меҳнат қилиш муаммолари бир хил ечилади. Тўғри эмас-ми, ўртоқлар. Пилкингтин муҳим бир фикрни айтмоқчи бўлгандай ер остидан ўтирганларга бир-бир қараб чиқди. Ичкилик ва хурсандчилик натижасида, бу фикрни айтиш учун қулай вазият етилганлигини ҳис этди. Қават-қават бўлиб осилиб кетган, уйнинг димиққан ҳавосидан бинафша тусга кирган бағбақасини айёрлик билан силаб:

- Агар сизларда пастроқ ҳайвонлар бўлса,-деди у,-бизда пастроқ синфлар бор. Узун стол атрофида ўтирганлар кулишди. Мистер Пилкингтин «Ҳайвон фермаси»да иш соатларининг узайтирилганлиги ва кам ҳақ берилаётганлиги ҳамда моддий рағбатлантиришларнинг йўқлиги билан чўчқаларни табриклади. Ҳайвонлар ва инсонлар стаканлардаги ичимликларни кўзлари билан кузатди, уларнинг тўлалигига ишонч ҳосил қилгач: «Жаноблар,-деди Пилкингтин,- «Ҳайвон ферма»сининг гуллаб яшнаши учун стаканларимизни кўтарайлик.

Стол атрофида ўтирганлар «Ҳайвон ферма»сини ва унинг ташаббусларини шарафлаб оёққа турдилар. Наполеон жуда хурсанд эди. Ўрнидан туриб столнинг қарши томонида ўтирган Пилкингтиннинг олдига борди-да қўлидаги стаканини унинг стакани билан чўқиштирди. Икки оёқлаб турган Наполеон сўз айтмоқчи эканлигини билдирди. Унинг сўзлари ҳар доимгидай қисқа ва аниқ эди. «Бир-биримизни тушуна бошлаганимиздан жуда хурсандман,-деб сўз бошлади. У ғоявий душманларимиз томонидан тарқатилган иғволар ҳақиқатан ҳам орамизга бир оз совуқчилик солди. Улар бузғунчилик мақсадида инқилобий ғояларни оммага бузиб етказмоқни ният қилгандилар. Қўшни фермалардаги ҳайвонлар орасида қўзғалон ҳақидаги ҳақиқатан йироқ бўлган нотўғри тушунчаларни уйғотмоқчи эдилар. Бизнинг асл мақсадимиз атрофимиздаги фермалар билан қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ва тинчликни сақлашдир. Мен «Ҳайвон ферма»сининг шон-шуҳратини сақлаш учун ҳамиша курашиб келдим. Бу ишга бор умримни бағишладим. Менинг номимдаги мулкка эгалик гувоҳномаси ҳамма чўчқаларга тегишлидир, яъни мулк ҳамма чўчқаларникидир. Шубҳага ўрин йўқ. Бир-биримизга бўлган ишонч ҳамиша барқарор булсин!»

Кейинги пайтларда ферма ҳаётига жуда кўп ўзгартиришлар киритилган эди. Ҳайвонларнинг ўзаро «ўртоқ» деб мурожаат қилишлари йўқотилди. Ҳар якшанба куни эрталаб ёғочга михланган чўчқанинг бош суяги олдидаги тантаналар ҳам ўтказилмайдиган бўлди. Бош суягини эса қайтадан дафн этишди. Балки ҳурматли инсон меҳмонлар ферма биноси устида ҳилпираб турган яшил байроқдаги шох ва туёқ суратларининг ҳам йўқлигини сезишган бўлсалар, ажаб эмас. Мистер Пилкингтин ўзининг қадаҳ сўзида ферманинг номини «Манэр ферма»си деган ном билан атади. Мистер Пилкингтин Наполеон меҳмондорчилигида биринчи маротаба бўлаётганлиги учун ферма номининг ўзгарганлигини билмади. «Ҳайвон ферма»си ўзининг ҳақикий номи “Манэр ферма” номи билан атала бошлади.

Наполеон. Стаканларингизни пивога тўлдиринг! Менинг мақсадларим амалга ошсин! «Манор ферма»нинг бойлигига бойлик қўшилсин!» Ўтирган ҳамма ҳайвонлар ва инсонлар якдиллик билан Наполеоннинг сўзларига қўшилдилар ва стаканларини бўшатдилар.

Ташқаридан, меҳмонхона деразасидан қараб турган ҳайвонларнинг назарида эса ғайри табиий манзаралар рўй бераётган эди. Чўчқаларнинг юзларидаги ўзгаришлар Кловирнинг диққатини тортди. Хиралашиб қолган кўзлари билан чўчқаларнинг юзларига бир-бир қараб чиқди. Чўчқаларнинг томоқлари тагидаги бағбақалари осилиб кетган эди. Уларнинг баъзиларида уч қатор, баъзиларида тўрт қатор эди. Кловир, ҳайвонлар ҳаётида қандай ўзгариш рўй берган экан-а, деб таажжубланарди.

Узун стол атрофида ўтирган ҳайвонлар ва инсонлар узилиб қолган карта уйинини давом эттира бошладилар. Деразадан мўралаб турган ҳайвонлар ташқарига, ферма ҳовлисига чиқдилар. Йиғирма метрлар чамаси масофага етиб бормасданоқ таққа тўхтадилар. Ферма уйидан жанжаллашиб, бир-бирини ҳақорат қилаётган сўзлар эшитилаётган эди. Ҳайвонлар орқаларига қайтишиб яна меҳмонхона деразасидан ичкарига қарашди. Чўчқалар ва одамлар жанжаллашаётган эдилар. Столнинг муштлари билан уриб, бир-бирларига бақиришарди. Бир-бирларига шубҳа билдириб, бир-бирларини инкор қилишарди. Наполеон ва мистер Пилкингтин карта ўйинидаги туз қарғани талашаётган эди. Ўн иккита овоз бараварига ғазаб билан бақирарди. Ҳаммалари бир хил эди. Чўчқаларнинг юзидаги ифода билан одамларнинг юзидаги ифодани фарқлаб бўлмасди. Меҳмонхона деразасидан қараб турган ҳайвонлар чўчқаларга, чўчқалардан одамларга, одамлардан чўчқаларга, яна чўчқалардан одамларга тикила бошдилар. Уларни бир-бирларидан ажратиб олиш мумкин эмас эди.

Тамом.