Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi
IV BOB
Ёзнинг охирларига келиб "Манор ферма»сида рўй берган воқеа атрофдаги фермаларга тарқалди. Сноубол билан Наполеон бошқа фермадаги ҳайвонларни ўзларига қўшилишга ундай бошлашди. Бошқа фермаларда яшаётган ҳайвонларга қўзғалоннинг дастури ва уни амалга оширишнинг ўзига хос йўлларини ўргатиш учун каптарлар учирилди. Айниқса, «Англия ҳайвонлари" қўшиғини ўргатиш каптарларнинг асосий мақсади бўлиши кераклиги обдан уқтирилди. Фермадан қувиб юборилган мистер Жоунз эса кўп вақтини Вилингдондаги «Қизил шер» пивохонасида ўтказаётган эди. Пивохўрларга ўз фермасидан ўзининг ҳайвонлари қувиб юборганликлари ҳақида алам билан гапирарди. Ваҳшийлашиб кетган ҳайвонларнинг адолатсизликлари ҳақида тинимсиз сўзларди. Пивохонага йиғилган деҳқонларнинг айримларини унга раҳми келарди. Лекин улар мистер Жоунзга ёрдам беришни ўйлашмасди ҳам. Баъзи пивохўрлар эса мистер Жоунзнинг фожиасидан фойда излашарди. «Ҳайвон ферма»сининг яқинида «Фоксвуд» деб номланган ферма жойлашган эди. Ферма эгаси Пилкингтин ниҳоятда маъсулиятсиз ва унинг устига ландовур одам бўлиб, фермадаги ишларга эътиборсизлик билан қарарди. Атрофидаги фермерлар билан келишолмасди. Мистер Жоунзни ҳайдаб юборган ҳайвонлар билан ҳам муносабати ёмон эди. Кўп вақтини асосан балиқ овлаш билан ўтказарди. Ов қилишни жуда яхши кўрарди. Йилнинг тўрт фаслига хос ов машғулотлари билан шуғулланиш унинг доимий иши эди. Натижада каттагина майдонни эгаллаган ферма қаровсиз ҳолатга келганди. Ферманинг боғлари ва мевазорлари чакалакзорларга айланиб кетганди. Яйловлар янгиланмасди. Яйловлар атрофидаги тўсиқлар бўзилганди. Умуман айтганда, қаровсиз қолдирилган ферманинг ахволи хароб эди. «Ҳайвон ферма»си яқинидаги фермалардан яна бири ер майдони кичикроқ бўлган «Пинчфийлд» фермаси бўлиб, унинг ҳолати яхшигина эди. Ферма эгаси Фредрик уддабуронлиги қаттиққўллиги билан ном чиқарганди. Суд жараёнларида ҳамиша ютиб чиқиши билан машҳур эди. Савдо ишларида ҳам уста, ўзи билан муомала қилувчи шеригини қаътий фикрга эгалиги ва дадилиги билан лол қолдирарди. Пилкингтин Фредрик билан ҳатто умумий манфаатлари йўлида ҳам келишолмасди. Улар доимо қаттиқ жанжаллашиб юришарди. Лекин ҳар иккалалари ҳам «Ҳайвон ферма»сида рўй берган воқеадан жуда қўрқишарди. Фермаларидаги ҳайвонларнинг хабардор бўлиб қолишларини асло исташмасди. Шунинг учун ҳам ҳар иккалари юз берган воқеа ҳақида ҳайвонларнинг хабар топишларини ва муҳокама қилишларини қаттиқ назорат остига олишган эди. Фермани ҳайвонлар бошқара олишларига Фредрик ҳам, Пикингтин ҳам шубҳа билан қарарди. «Ҳаммаси икки ҳафтадан кейин тугайди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача», - дейишарди улар. «Ҳайвон ферма»си деган номга тоқат қилолмасдилар. Бу ферма ҳақида гап кетган пайтларда ҳанузгача "Манор ферма" деб аташарди. "Манор ферма"да ҳайвонлар бир-бирлари билан урушмокдалар, улар орасида очарчилик бошланган деган хабарларни тарқатишарди. Лекин вақт ўтган сари ҳайвонларни бу маълумотларга ишонишга мажбур қилишлари бефойда эканлигини сезиб қолишарди. Шунинг учун ҳайвонлар орасида авж олаётган воқеалар, яъни ҳайвонларнинг ҳайвонхўр ва одамхўрлиги, бир-бирларига қиздирилган тақа билан азоб бераётганлари, аёлларни эса ўртада эканлиги ҳақидаги хабарларни тарқатиша бошлашди.Одамлар ҳайвонлар қўзғалонининг табиати қонунларига зидлигини таъкидлашарди. Ҳайвонлар эса бу хабарларга ишонишмасди. Одамларни қувиб юбориб, уларнинг ишларини ўзлари бажараётган ҳайвонлар ва «Ҳайвон ферма»сида рўй бераётган воқеалар ҳақидаги сохта хабарлар овозаси тезлик билан атроф фермалардаги ҳайвонлар орасида ёйилиб борарди. Йил бўйи қўзғалонлар шарпаси фермалар бўйлаб кезиб юрди. Қўлга ўрганган буқалар ёввойилашди, қўйлар эса тўсиқларни бузишарди, сигирлар пақирларни тепишарди, отлар панжаралар устидан сакраб ўтишдан бош тортишиб, тўсиқлар олдида тўхташиб, хурпайиб олишар ва устларига миниб олган одамларни ирғитиб юборишарди. «Англия ҳайвонлари» шитоб билан яшин тезлигида бошқа фермадаги ҳайвонлар орасида тарқалиб борарди. Инсонлар ашулани эшитганларида тоқат қилолмасдилар, тепа сочлари тикка бўлиб кетарди.Қўшиқнинг бемаза эканлиги, сўзлари ўринсиз ишлатилганлигини исботлашга ҳаракат қилишарди. Ахлатга ирғитиб юбориладиган мағзавага ўхшаган ашулани қандай қилиб ҳайвонлар мароқ билан куйлашаётганларига ақллари бовар қилмаётганлиги ҳақида куйинишиб гапиришарди. Агар фермадаги ҳайвонлар айтишаётганини сезиб қолишадиган бўлса дарҳол тўхтатишиб, аёвсиз калтаклашарди. Лекин ҳайвонлар орасида тезлик билан ёйилиб бораётган ашулани ҳам тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Қушлар тўсиқлар устида хуштак чалиб чуғурлашарди, каптарлар қайрағоч дарахтларининг устига қўниб олиб ҳув-ҳувлашарди. Ҳатто темирчилик устахонасидаги товушлар ва черковнинг қўнғироқларининг товушлари ҳам қўшиқ оҳангига мослаштирилган эди. Одамлар ҳайвонларни сеҳрлаб олган бу қўшиқни эшитганларида эртанги кунлари ҳақида башорат қилинаётгандай қўрқиб кетишарди.Октябрь ойининг бошлари эди. Ҳайвонлар маккажўхори пояларини ўриб, бир жойга тўплаб, навларга ажратаётган эдилар. Каптарлар гуруҳи «Ҳайвон ферма»си ҳовлисига учиб келиб, безовталик билан ерга қўндилар. Улар Жоунз ва унинг хизматкорлари, Фоксвуд ва Пинчфийлд фермасида ишловчи олти одам «Ҳайвон ферма»сининг бешга бўлинган темир панжарали дарвозасига келиб туташувчи арава йўлидан келаётганликлари ҳақидаги хабарни келтиргандилар. Одамларнинг олдида қўлидаги милтиқни маҳкам ушлаб, шахдам ва дадил қадамлар билан Жоунз келаётганди. Бошқа одамларнинг қўлларида эса таёқлари бор эди. Улар «Ҳайвон ферма»сидаги қўзғалонни бостириш учун келаётганликларини ҳайвонлар билишарди, лекин бу кутилмаган воқеа эди. Улар мудофаага тайёрланишга мажбур бўлдилар. Фермадаги уйларнинг биридан Юлий Цезар ўз қўшинларини қандай бошқарганлиги ҳақидаги китобни топиб олиб мутоала қилган Сноубол ферма мудофаасининг раҳбари эди. У шитоб билан ҳаракат қила бошлади. Қатьий ва кескин буйруқлар берди. Бир неча дақиқалар ичида ҳайвонлар ўз ўрниларини эгалладилар. Одамлар фермага яқинлашиб қолганларида Сноубол биринчи ҳужумни бошлади. Ҳамма каптарлар (жами 35та каптар бор эди) одамлар устидан учиб, ахлатларини тўка бошлади. Одамлар ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлларини бошларига соябон қилдилар. Шу пайт тўсиқлар орқасида яшириниб ётган ғозлар тезлик билан чиқиб, уларнинг болдирларини чўқий бошлади. Бу Сноубол томонидан қўлланган енгил ҳарбий усул эди. Одамлар таёқлари билан ғозларни ҳайдашди. Сноубол иккинчи ҳужумни бошлади. Мюриел, Бенямин ва ҳамма қўйлар одамларнинг йўлларини тўсиб, бошлари ва шохлари билан сузишди. Бенямин одамлар атрофида айланиб, кичик туёқчалари билан одамларнинг дуч келган жойига тепарди. Одамлар ҳам бўш келишмасди. Ҳайвонларни таёқлари билан уриб, наҳал қоқилган этиклари билан тепардилар. Ҳайвонлар Сноуболнинг чекиниш белгисини билдирувчи чийиллаган товушини эшитишлари биланоқ ҳайвонлар ферма ичкарисига орқалари билан қайтдилар. Одамлар ғалаба шууридан маст бўлиб бақириб юборишди ва тартибсиз равишда ҳайвонлар орқасидан қува бошладилар. Сноубол кутган воқеа юз бераётган эди. Одамлар ферма ичкарисига олиб кирувчи дарвоза олдига етай деганларида пистирмада турган уч от, уч сигир ва чўчқалардан бошқа ҳамма ҳайвонлар уларнинг орқа томонида пайдо бўлдилар. Сноубол ҳужум қилишга ишора берди. Чекинаётган ҳайвонлар бирданига орқага қайтдилар. Бир зумда ҳайвонлар одамларни орқа ва олд томонидан ўраб олишди ва дарҳол ҳужум бошлашди. Сноуболнинг ўзи эса Жоунзнинг устига бостириб кела бошлади. Жоунз милтигини Сноуболга тўғирлаб туриб отди. Сноуболнинг орқасини ялаб ўтиб, қонли из қолдирди. Унинг орқасидаги қўй ағдарилиб кетди. Вазни тўқсон беш килограмм бўлган Сноубол зарб билан келиб Жоунзни тепиб юборди. У уйилиб ётган ахлат устига учиб тушди. Милтиғи қўлидан чиқиб ўзидан нарироққа отилиб кетди. Оёқларини осмонга кўтариб туриб Боксэрнинг бор овози билан кишнаши жуда даҳшатли эди. У мусуллларига бор кучини тўплаб туриб тақа қоқилган баҳайбат туёқлари билан одамларга ҳамла қиларди. Унинг биринчи зарбаси Фоксвуд фермасида хизмат қилувчи отбоқарнинг бошига тушди. Отбоқар кўлмак сувга чалқанчасига ағдарилиб, нафаси ичига тушиб кетди. Буни кўриб турган бошқа одамларнинг юраги орқасига тортиб кетди ва таёқларини қўлларидан ирғитиб юбориб орқа-олдиларига қарамай қочишди. Улар қўрқувдан ўзларини йўқотиб, дағ-дағ титрардилар. Ҳайвонлар қочаётган одамларни таъқиб қилардилар. Ҳар бир ҳайвон ўз холича одамлардан қасос олишарди. Шохли ҳайвонлар сузар, тепар, тишлар ва одамларни туёқлари остига олиб эзғилардилар. Шохлари эса одамлар танасининг ичига ботиб кирарди. Ҳаттоки томда ўтирган мушук ҳам бир одам устига тўсатдан сакради ва ўткир тирноқларини унинг буйнига ботирди. Одам бақириб юборди. Одамлар “Ҳайвон ферма”си ҳовлисидан қочиб, катта йўлга чиқиб, шармандаларча чекиниб борардилар. Ғозлар галаси эса уларга етиб олиб, ға-ғалашиб оёқларини чўқий бошлашди. Одамлар жон-жаҳдлари билан қочишди.
Боксэр ферма ҳовлисидаги ифлос кўлмак сув ичида ётган ошхона хизматчисининг танасини қимирлатиб кўрди. Тириклигини билдирувчи бирор нишон кўринмади. Оёқлари Жоунзиз эди.
- Ўлмаслиги керак эди, - деди Боксэр алам билан. Туёқларим остига қачон тақа қоқилганини унитиб ҳам қўйдим.
- Ҳиссиётга берилманг,- деди Сноубол ўртоқларча унинг елкасига қўлини қўйиб. Унинг яраси ҳанузгача очиқ эди, қон чаккиллаб томиб турарди. Уруш уруш-да,-деб давом этди Сноубол. У қурбонсиз бўлмайди. Кўпинча урушнинг ўқига яхши ҳайвонлар дуч келишади. Мен эса ўлимни, ҳаттоки одамлар ўлимини ҳам хоҳламайман.Шу пайт ҳайвонлар орасидан қайси биридир "Молий қаерда?! У йўқ-ку!" - деб сўради. Ҳақиқатдан ҳам улар орасида Молий кўринмасди. Одамлар Молийни ярадор қилганликлари ёки уни ўзлари билан асир тушириб олиб кетганликлари ҳақидаги ваҳимали ўйлар ҳайвонларни безовта қиларди. Молийни қидира бошладилар. Уни отхонадаги супа устига ўрнатилган охур ичидаги пичан орасига бошларини суқиб олган ҳолда топдилар. Милтиқ товушларидан ваҳимага тушган Молий отхона ичига қочиб кириб яшириниб олган эди. Ҳайвонлар Молийни топиб, ферма ҳовлисига қайтганида кўлмак ичида ётган ошхона хизматчиси йўқ бўлиб қолган эди. Ҳушига келиб қочиб кетган эди. Ҳайвонлар ёввойи эҳтирос ичида бир-бирларига сўз бермай жанг пайти кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида шовқин солиб гапира бошлашди. Сўнгра қўлга киритилган ғалабани нишонлаш тантаналарини бошладилар. Ферма ҳовлисидаги байроқни баланд кўтаришди. "Англия ҳайвонлари" қўшиғини бир неча маротаба такрорладилар. Сўнгра жанг пайти ўқ тегиб шаҳид бўлган қўйни кўмиш маросимини ўтказишди. Маросимда Сноубол қисқагина нутқ сўзлади. “ “Ҳайвон ферма”сини сақлаб қолишимиз учун жонимизни ҳам фидо қилишга тайёр туришимиз керак”,- деб нутқини тугатди. Қўйнинг қаҳрамонлиги бошқа ҳайвонлар учун ибрат бўлиши кераклигини таъкидлади. Қўйнинг жангда шаҳид бўлиш сабабларига алоҳида урғу берди. Қўй дафн этилган қабр бошига бута экишди.
Кейинги кун ўтказилган мажлисда ҳайвонлар бир овоздан "Қаҳрамон ҳайвон" ҳарбий орденини таъсис этиш ҳақидаги қарорни тасдиқлашди. Сноубол билан Боксэр бу орденнинг дастлабки лауреатлари бўлишди. Бронзадан қилинган бу орден мистер Жоунз ҳукмронлиги вақтида якшанба ва байрам кунлари отларни безатиш учун ишлатиларди. Ҳайвонлар уни омборхонадан топган эдилар. Жангда ҳалок бўлган қўйга эса ўлимидан сўнг 11 даражали “Қаҳрамон Ҳайвон” орденини беришди. Бўлиб ўтган жангни абадийлаштириш устида ҳам кўп тортишишди. Ниҳоят "Молхона жангги" деб номлашга қарор беришди (Жанг бўлиб ўтган ферма ҳовлиси яқинида молхона жойлашган эди). Ҳайвонлар мистер Жоунзнинг милтиғини лой ичидан топиб олишди. Фермада милтиқ ўқлари сақланишини билишарди. Уни қидириб топдилар. Милтиқни байроқ ўрнатилган ёғоч тагига ўрнатишга қарор қилинди. Милтиқ йил давомида икки марта отиладиган бўлди. Биринчи маротаба "Молхона жангги"нинг йиллигини нишонлаш мақсадида октябрь ойининг 12-кунида, иккинчи маротаба эса қўзғалон ғалабасини байрам қилиш шарафига йилнинг энг узун кунида осмонга қарата ўқ узиладиган бўлди.