Hikoyalar
February 16, 2019

Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi

III BOB

Мистер Жоунзнинг хизматкорларини катта йўлга қадар қувиб боришган ҳайвонлар беш панжарали темир дарвозани ичкаридан беркитдилар. Ҳайвонлар ҳали қандай воқеа юз берганини англаб етмаган эдилар. Бу ўша қари майор башорат қилиб кетган қўзғалон муваффақият билан амалга ошган эди. Тўсатдан бошланган ғалаён натижасида мистер Жоунзга қарашли ферма ҳайвонларнинг ихтиёрига ўтган эди. Жоунз ва унинг хизматкорлари қувилиб «Манор ферма»си «Ҳайвон ферма»сига айланганди. Дастлаб ҳайвонлар кўзлари билан кўриб турган бу воқеага ишонолмадилар. Ҳайвонлар бирорта одам яшириниб қолмадимикан деган ўй билан қаттиқ шовқин солиб, туёқларини ерга зарб билан уриб ферма атрофини айланиб чиқишди. Сўнгра фермадан Жоунз ҳукмронлигининг охирги қолдиқларини ҳам йўқотиб юбориш мақсадида ферма ичига жойлашган биноларга қараб чопдилар. Жугунхонанинг эшигини бузиб очишди. Унда сақланаётган сувлиқ, жилов, жугун, бурундуқлар ва ит боғлайдиган занжирлар, жаллодлик учун ишлатиладиган кундалар, ҳайвон сўйувчи пичоклар ҳамма-ҳаммасини олиб чиқиб, ферма ичидаги қудуққа ташладилар. Ҳайвонларнинг эркақлигини йўқотиш учун ишлатиладиган пичоклар, сувликни тортиб турувчи арқонлар, отнинг кўзларини тўсиб туриш учун бошига кийгизиладиган тунука қопқалар, фақат отлар учун ишлатиладиган бурун халталари, ҳайвонларнинг ҳақ-ҳуқуқини камситиб, нуфузини йўқотадиган барча нарсаларни ферма ҳовлисида тўпланган ахлат уюмига қўшиб ёқиб юбордилар. Ўзлари жуда ёмон кўрадиган хипчинларни ҳам оловга ирғитдилар. Сноубол инсонларни эслатувчи ҳайвонларнинг барча кийимларини, жумладан, якшанба кунлари отларнинг ёлларига тақиб ясатиладиган ленталарни ҳам ўтга ташлади. «Ҳамма ҳайвонлар яланғоч юришлари керак",-деб чийиллади Сноубол баланд овоз билан. Бу сўзларни эшитган Боксэр ёз ойлари қулокларига пашша кириб кетмаслиги учун похолдан қилинган цилиндр шапкаларни ҳам бошқа нарсалар қатори оловда ёқиб юборди. Бир зумда мистер Жоунзни эслатадиган ҳамма нарсалар йўқотилди. Наполеон ҳамма ҳайвонларни молхонага йиғиб, ҳар бирига икки ҳайвон тегиши миқдорида маккажўхори улашди. Ҳар бир итга икки донадан печенье бериб чиқди. Сўнгра "Англия ҳайвонлари" қўшиғини етти марта айтишиб, тунги йиғинни тугатишди ва шу кунгача насиб этмаган оромбахш уйқуга кетишди. Ҳайвонлар умрлари бино бўлиб бу қадар лаззатли уйқуни билмаган эдилар.

Ҳайвонлар эртасига, одатдагидек, тонг саҳарда уйғондилар. Кечаги бўлиб ўтган ғаройиб воқеани эслашиб мамнунлик билан яйловга ўтлагани кетишди. Яйловнинг қок ўртасида атроф кўриниб турадиган баланд тепалик бор эди. Ҳайвонлар шу тепаликка чопиб чиқишиб чуқур-чуқур нафас олишди. Тонгги шафақнинг нурларига чўмилган ҳолда табиат манзараларини завқланиб томоша қилдилар. Кўзларини яшнатиб, дилларини яйратаётган бу мислсиз гўзал табиат ва тўйиб ўтлайдиган бу ям-яшил яйлов энди уларнинг ўзлариники эди. Ахир ғурурланмай бўладими?! Юрақларини ҳаприқтириб юбораётган шодликдан осмонга сакрашиб, муздек шудринглар устида юмаладилар. Ёз қуёшини эмиб, асалдек етилган ўтлардан чимдиб ковшана бошладилар. Ўтлар орасидан бўртиб кўриниб турган кесақларни ҳар томонга тепиб, ернинг ҳушбўй ҳидидан маст бўлдилар. Сўнгра тепаликдан туриб «Ҳайвон ферма»си жойлашган кенг майдонни кузата бошладилар. Пичанзор, ҳайдалган ерлар, мевазорлар ва манзарали оромгоҳларни кўриб ҳайратда қолдилар. Кенг ва бу қадар гўзал ферманинг эгалари ўзлари эканлигига ишонолмасдилар.

Яйловдан қайтган ҳайвонлар мистер Жоунз яшаган кўркам бино эшиклари олдига келишди ва ичкарига киргани ботина олмай, нафасларини ичларига ютиб тўхтадилар. Бир неча дақиқа ўтгандан сўнг Сноубол ва Наполеон елкалари билан эшикни итариб очишди. Уларнинг орқасидан бошқа ҳайвонлар эргашишди. Эҳтиёткорлик билан хонадан хонага ўта бошладилар. Бир-бирлари билан иложи борича товушларини пастлатиб, пичирлашиб гаплашишарди. Бирдан орқа томондан бир сигирнинг ажабланиб мулагани эшитилди. Ҳайвонлар кўзлари олдида турган ҳашаматларга: ётокхонанинг партўшаклар солинган юмшок каравотлари, пардоз ойнаси, от қиллари билан безатилган диван, Брюселдан келтирилган патгиламлар ва меҳмонхона деворига илинган малика Викториянинг литография усулида чизилган суратига ҳайратланиб тикилишди. Зиналардан пастга тушиб, ферма ҳовлиси саҳнига чиққанларида эса ораларида Молийнинг йўқлигини билиб қолдилар. Молийни мистер Жоунзнинг пардозхонасидаги ойна столи устида турган хилма-хил рангдаги ленталар олиб қолган эди. Кўзлари ёниб, юзлари ловуллаганича иккита кўк лентани Молий икки елкасига қадади. Фаросатсизлиги шундокқина акс этиб турган юзини ойнага солиб томошо қилаётган пайтда ҳайвонлар Молийни топиб олдилар. Унинг ўйламай қилаётган бу ҳаракатларини юзига солиб айбладилар. Сўнгра ҳаммалари биргаликда пардозхонадан пастга тушишди. Ҳайвонлар ошхонада осилган чўчқа гўштини дафн қилиш учун ташқарига олиб чиққан эдилар. Омборхонадаги пиво бочкаси Боксэрнинг туёқлари зарбидан ағдарилди. Бошқа нарсаларга тегмадилар. Ҳаммалари якдиллик билан фермадаги мистер Жоунз яшаган уйни музей сифатида сақлашга, ҳайвонлардан ҳеч бирининг у ерда яшамаслигига қарор қилишди.

Ҳайвонлар овқатланиб бўлганларидан сўнг Сноубол ва Наполеон уларни йиғилишга чақирди.

– Ўртоқлар, -деб сўз бошлади Сноубол, эртадан бошлаб соат 6.30 дан иш бошланади. Ҳозир кунлар узоқ бўлиб қолди. Бизнинг олдимизда эса бажарилиши зарур бўлган вазифалар ниҳоятда кўп. Бугун пичан ўримини бошлаймиз. Бошқа қилинадиган ишлар ҳақида ҳам маслаҳатлашиб олишимиз керак.

Чўчқалар уч ой давомида мистер Жоунзнинг фарзандларидан қолган, ахлат уюмига ташлаб юборилган эски имло китобларидан ўқиш ва ёзишни ўргандилар. Бошқа ҳайвонларнинг ҳам саводларини чиқариш зарурлигини таъкидлашди. Наполеон ок ва қора рангдаги бўёқлар тўлдирилган пақирларни кўтариб, темир панжаралар билан бешга бўлинган катта йўлдаги дарвоза томон жўнади. Бошқа ҳайвонлар ҳам унинг орқасидан эргашишди. Ёзувни яхши ўзлаштириб олган Сноубол бармоклари орасига бўёқ шёткасини олиб темир панжаранинг энг баланд қисмидаги "Манор ферма" ёзувини қора рангга бўяди ва унинг ўрнига ок ранг билан «Ҳайвон ферма» деб ёзиб қўйди. Бу фермага қўйилган янги ном эди. Бундан буён ферма шу ном билан юритилиши лозим эди. Улар яна ферма ичига қайтдилар. Сноубол ва Наполеон катта молхона деворининг тепасига чиқиш учун ҳайвонларни шоти олиб келишга юборди. Сноубол уч ойдан бери ўқиш ва ёзишни ўрганиш давомида ҳайвонизмнинг асосини 7 та қоидага келтирганини тушунтириб берди.

Бўладир “Ҳайвон ферма»сининг ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛМАЙДИГАН ҚОНУН МОДДАЛАРИ эди. «Ҳайвон ферма»сида яшовчилар бу қонун моддаларига амал қилишлари шарт эди. Қонун моддаларини яратишда ҳамма ҳайвонларнинг тенглигига асосланиш чўчқалар учун осон бўлмаганди.

Сноубол қийинчилик билан нарвонга чиқиб, ишни бошлади. Нарвоннинг бир неча зиналаридан пастда турган Скуийлир бўёқ тўлдирилган пақирчани Сноуболга тутиб турар эди. Қонун моддалари катта ок ҳарфлар билан молхона деворига ёзила бошлади. Ёзилган ҳарфларни 30 метр узоқликдан туриб ўқиш мумкин эди:

1.   ИККИ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР - ДУШМАН.

2.   ТЎРТ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР ВА ҚАНОТЛАРИ БИЛАН УЧАДИГАНЛАР - ДЎСТ.

3.   ҲАЙВОНЛАР КИЙИМ КИЙМАСДАН ЯЛАНҒОЧ ЮРИШЛАРИ КЕРАК.

4.   ҲАЙВОНЛАР КАРОВАТДА ЁТМАСИН.

5.   ҲАЙВОНЛАР СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР ИЧМАСИН.

6.   ҲАЙВОНЛАР БИР-БИРЛАРИНИ ЎЛДИРМАСИН.

7.   ҲАММА ҲАЙВОНЛАР ТЕНГ ҲУҚУҚЛИДИР.

Қонун моддалари ҳуснихат қоидаларига риоя этилган ҳолда ёзилган бўлиб, бир ҳарф тескари эди, холос. Бошқа ҳарфларнинг ҳаммаси тўғри ёзилганди. Сноубол ҳайвонларга қонун моддаларини ўқиб эшиттирди. Улар саводсиз бўлганликлари учун бошларини қимирлатиб маъқуллаб кўяқолдилар. Ақллироклари эса моддаларни ўргана бошладилар. Сноубол қўлидаги бўёқ шёткасини ерга ташлаб ҳайвонларга мурожаат қилди:

- Ўртоқлар, бизни пичанзорлар кутиб турибди. Зудлик билан пичанларни йиғиб-териб олишимиз керак. Жоунз ва унинг хизматкорларидан эҳтиёт бўлишимиз ва уларнинг қаерда бошпана топганликларини ҳам билишимиз, албатта, зарур. Шундагина бизнинг тинчлигимиз сақланади. Бу бизнинг шараф билан бажарадиган вазифамиздир. Сутлари елинларига тўлиб кетиб қийналаётган уч сигир Сноуболнинг сўзларини мулаб бўлиб юборди. Улар бир кечаю кундуз давомида соғилмасдан, елинлари ёрилиб кетгудай сутга тўлиб, чирсиллаб кетганди. Чўчқалар бир муддат ўйланганларидан сўнг чўчқачаларни пақир олиб келиш учун юбордилар. Сўнгра чўчқалар пақирларни оёқлари орасига жойлаштириб, сигирларнинг сутларини шовуллатиб соғиб ола бошлашди. Бир зумда бешта пақир ёғли сут билан тўлди. Ҳайвонлар пақирлардаги оппок сутга ва сут устидаги кўпикларга қизиқиш билан қарадилар. Шу пайт ҳайвонлардан бири:

-Бу сутларни нима қиламиз, -деб юборди.

-   Жоунз бизнинг овқатимизга ишлатарди, - деди товуқлардан бири.

-   Сут ҳақида ўйлаб бошингизни қотирманг, -деди пақирлар олдида турган Наполеон баланд овоз билан. Сут учун қайғурманг. Биз ҳозир далалардаги ҳосилни йиғиб олиш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўртоқ Сноубол йиғим-теримни бошқаради. Бир оздан кейин мен ҳам бораман. Ўртоқлар, пичан йиғим-теримига олға! Бизни пичан кутаяпти. Совуқ кунлар бошланмасдан олдин йиғиштириб олишимиз керак. Оби ҳаво бизни кутиб турмайди.Ҳайвонлар пичан эқилган ферма ерига йўл олишди ва шу заҳотиёқ ўримни бошлаб юборишди

Кечки пайт ишдан қайтиб келганларида эса сутнинг йўқолганлигини сезишди.

Ҳосилни йиғиб-териб олиш учун жуда қаттиқ меҳнат қилишга тўғри келди. Ҳайвонлар жонларини жабборга бериб астойдил ишладилар. Мукофотлар ҳам олишди. Зеро, ҳосил ҳам улар мўлжалидан мўлрок бўлган эди. Ўрок ва паншаҳа каби иш қуроллари одамларга-икки оёқлиларга мослаштирилганлиги сабабли ҳам ҳайвонлар анчагина қийналдилар. Уларни тўрт оёқлаб ишлатишнинг ҳам иложи йўқ эди. Ҳайвонлар нима қилишларини билишмасди. Чўчқалар бу машаққатларни ҳам енгиб ўтишга йўл кўрсатдилар. Ҳамма ҳайвонлар ақлли деб ҳисобланган чўчқалар орқасидан эргашишарди. Отлар фермага қарашли далалар майдонининг ҳажмини аниқладилар. Экин эқиладиган ерлар ҳисобини олишди. Ҳайвонлар пичанларни ўриш, йиғиштириш, тўплаш, рақамлаш ишларини Жоунз ва унинг хизматкорларига қараганда тез ва сифатли бажаришди. Чўчқаларнинг ўзлари ишламадилар. Ақлли бўлганликлари туфайли ҳам бажарилаётган ишларга раҳбарлик қилиб турдилар. Боксэр ва Кловир ўзларини ихтиёрий равишда араваларга қўшишди. Энди уларга сувлиқ, жуган, арғамчи ва қамчининг кераги йўқ эди. Аравага юкланган пичаннинг оғирлигидан отлар дала йўлида зўрға қадам ташлардилар. Чўчқалар улар орқасидан юриб «Чу, ўртоқ» дейишарди. Тўхташлари керак бўлган пайтларда эса «Тррр, ўртоқ» дердилар. Чўчқалар ҳайвонларнинг нимжонларига пичанларни ағдариб туришни топширдилар. Ҳаттоки ўрдак ва товуқлар ҳам жазирама қуёш оловида кун бўйи ишладилар. Тумшуқлари билан сомон йиғиштирдилар. Ҳайвонлар Жоунз ва унинг хизматкорлари ҳосилни йиғиб олишга сарфлайдиган одатдаги муддатдан икки кун олдин ишни тугатишди. Бу йил ҳар йилдагига нисбатан кўп ҳосил тўпланганди. Инсон ҳукмронлиги давридагидек исрофгарчиликка йўл қўйилмади. Товуқлар ва ўрдақлар ўткир кўзлари билан даладаги қолиб кетган ҳамма донларни чўқиб териб олдилар. Улар сидқидилдан ишлардилар. Ўғирлик қилишни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Ҳатто бошқа ҳайвонлар билан биргаликда ишлаётган мушўқлар ҳам ўғирлик қилмадилар. Ёз бўйи фермадаги ҳар бир иш осонлик билан қийналмасдан силлиққина бажарилди. Ферма ҳаёти соат милларидек бир текисда борарди. Ҳайвонлар ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Шу давргача бу қадар тўкинчиликни орзу ҳам қилмагандилар. Фермадаги берилаётган озиқ-овқатлар етарли бўлиб, унинг устига ниҳоятда маззали ва лаззатли бўларди. Ўз-ўзига хизмат қилиш ташқил қилинди. Ҳайвонлар доимо норози бўлиб минғирлаб юрувчи эгаларидан қутулишганди. Текинхўр ва ҳайвонларга бокиманда бўлган инсонлар фермадан қувилганидан сўнг ҳайвонларнинг емишлари одатдагидан мўлрок эди. Олдинги даврларга қараганда ҳайвонлар меёридан ортиқ дам олишарди. Бўш вақтлардан қандай фойдаланишни билишмасди. Кўп муаммоларга дуч келишарди. Айниқса, маккажўхорини йиғиштириш, уни янчиш, шабадада шопириб донини ажратиб олишга қийналардилар. Чунки фермада маккажўхори донини ажратиб берадиган машина йўқ эди. Лекин чўчқаларнинг ақли, Боксэрнинг кучи билан муаммолар бартараф қилинарди. Боксэр тортиладиган ва итариладиган ишларни деярли ўзи бажарарди, бор кучини ишга соларди. Ҳамма ҳайвонлар Боксэрга ҳавас қилишар, унинг ишларидан ҳайратланишарди. Аслида мистер Жоунз ҳукмронлик қилган пайтларда ҳам яхшигина ишларди. Ҳозир эса якка ўзи учта отнинг вазифасини бажарарди. Фермадаги барча оғир ишлар Боксэрнинг зиммасига юклатилди. Тонгдан шомга қадар тортарди, судрарди ва итарарди. Ҳар доим иш қайнаган жойларда ҳозиру нозир бўларди. У тонгни қўтлаб олган хўроз қичқириғи билан бирга уйғонар ва иш куни бошланмасданоқ ишга шошарди. "Мен кўпроқ, ва кечагидан кўра яхшироқ ишлашим керак",-деб уйларди Боксэр. Шунинг учун ҳам олдида кўндаланг бўладиган қийинчилик ва муаммолардан қўрқмасди. "Ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш" деган чақириққа оғишмай амал қиларди. Бошқа ҳайвонлар ҳам қараб туришмасди. Имқоният ва қобилиятларига қараб меҳнат қилишарди. Товуқлар ва ўрдаклар ҳосили йиғиштириб олинган даладан беш қоп макка тўпладилар. Мистер Жоунз ҳукмронлиги даврида одатга айланиб қолган жанжаллашиш, қизғаниш, бир-бирини сузиш, тишлаш, тепиш кабилар деярли йўқолган эди. Ҳеч ким уларнинг ишидан норози ҳам бўлмасди. Молий эрталаб уйқудан уйғонишга қийналарди._Бошқалардан озгина бўлса ҳам кечроқ ўрнидан туриш мақсадида ишдан эртароқ, қайтиб туёқларини тозалаб оларди. Мушукнинг одати ҳам ғалати эди. Умумий қоидаларга риоя қилишни истамасди. Иш бошланиши билан йўқолиб қоларди, уни топиб бўлмасди. Иш тугаб ҳамма ҳайвонлар даладан қайтиб келганларида эса ҳеч нима бўлмагандай секингина пайдо бўлар ва ҳамиша жуда асосли узр топарди. Сўнгра кўзларини мўлтиллатиб меҳр билан шундай миёвлардики, унинг гапига ишонмасликнинг асло иложи йўқ эди.

Қари Бенямин қўзғалондан кейин ҳам ўзгармаганди. Мистер Жоунз давридагидек жуда секин ва қайсарлик билан ишларди. Иш буюрилган пайтда ҳеч қачон йўқ демасди. Лекин шошилмасди ҳам. Қўзғалон ва унинг натижалари ҳақида ўйлашни ёқтирмасди. Ҳайвонлар Жоунзнинг қувилганидан хурсанд эмасмисан деб сўрашарди. У эса бепарволик билан ҳамма ҳайвонларга қараганда эшакларннинг узоқ умр кўриши ҳақида сўзларди. Гапининг охирида ўлиб ётган эшак мурдасини ҳали умри бино бўлиб ҳеч бир ҳайвон кўрмаганлигини қайта-қайта таъкидларди. Фаросатсизлик ва мантиқсизлик билан берилган жавоблар олдида ҳайвонлар сукут сақлашга мажбур бўлишарди. Якшанба кунлари иш бўлмасди. Одатда бу куни ҳайвонлар дам олишарди. Нонушта қилишгач, бирор соатлар чамаси вақт ўтганидан сўнг тантаналар бошланарди. Сноубол миссис Жоунзнинг яшил ипакдан қилинган эски дастурхонини эски-тускилар сақланадиган омборхонадан топиб олганди. Дастурхоннинг бир чеккасида ҳайвон шохи ва туёғининг оқ рангдаги сурати бор эди. Дастурхон ферманинг боғига ўрнатилган узун таёққа байроқ, сифатида илинди. Тантаналар бошланишидан олдин байроқ баланд кўтариларди. Ферма ҳовлиси устида ҳилпираётган байроқка Сноубол ғурур билан тикиларди ва ҳайвонларга шундай тушунтирарди:

- Ўртоқлар, «Ҳайвон ферма»си байроғининг ранги яшил.Бу эса Англиядаги яшил далаларнинг рамзидир. Байроқдаги туёқ ва шох сурати эса ҳайвонларнинг яқин кунларда ташқил қилинадиган Республикасининг гербидир. Байроқ кўтарилиши билан фермадаги ҳамма ҳайвонлар мажлис деб аталадиган умумий йиғилиш учун молхонага тўпланардилар. Бундай мажлисларда келаси ҳафтанинг ишлари режалаштириларди. Кун тартибига қўйилган масалалар муҳокама қилиниб қарорлаштириларди. Қарорлар ҳар доим чўчқалар томонидан чиқариларди. Бошқа ҳайвонлар эса қарорни қай йўсинда тасдиқлашни ва қандай овоз беришни ўрганардилар. Сноубол ва Наполеондан бошқа ҳайвонлар қабул қилинаётган қарорларнинг мазмуни билан қизиқишмасди. Иккала чўчқа муҳокамада фаоллик кўрсатишарди. Улар ҳар доим қизғин баҳслашар, тортишишар ва ҳеч қачон келишолмасди. Бири таклиф берса, иккинчиси рад этарди. Буни ҳамма ҳайвонлар сезиб турарди. Ҳатто мевазорнинг орқа томонини нафақахўр ҳайвонлар учун дам олиш боғига айлантириш, шунингдек турли ҳайвонларнинг нафақага чиқиш ёши ҳақидаги муҳокамаларда ҳам бир қарорга келолмасдилар. Мажлисларни "Англия ҳайвонлари" қўшиғини жўр бўлиб қўйлаш билан тугатишарди. Тушликдан кейин эса ҳайвонлар ҳордиқ чиқаришарди.Чўчқалар ҳайвонларнинг буюмлари сақланган омборхонани штаб-квартирага айлантиришганди. Кечқурунлари ферма уйидан олиб келган китобларни ўқишар ҳамда темирчилик, дурадгорлик каби ҳунарларни ўрганишарди. Сноубол ҳайвон қўмиталарини ташқил қилиш билан шуғуллана бошлади. У ишлаб чарчамас, бутун куч-қувватини шу ишга сарфлар эди. Товуқлар учун тухум ишлаб чиқариш қўмитаси, сигирларга дум тозалаш иттифоқи, ёввойи ўртоқлар учун қўлга ўргатиш қўмитаси (каламуш ва қуёнларнинг қўлга ўрганиши назарда тутилган эди), қўйлар учун жун оқартириш ҳаракати каби уюшмаларни тузди. Шунингдек савод чиқариш дарсларини ҳам бошлаб юборди. Сноубол томонидан тузилган қўмиталар деярли ўзларини оқламади. Айниқса, ёввойи ўртоқларни қўлга ўргатиш қўмитаси кўп фаолият кўрсатолмади. Қисқа муддат ичида тугатилди. Ёввойи ҳайвонлар яшаш тарзини ўзгартирмадилар, аксинча, кўрсатилган моддий ёрдам ва ҳурматдан фойдаланиб қолдилар. Унинг ўрнига мушўқларни қўлга ўргатиш қўмитаси тузилди. Бу қўмита ҳам бир неча кун фаоллик билан ишлади. Қўмита аъзолари томонидан томда ўтирган мушўқлар ва мушўқларга яқин келган чумчуқлар орасидаги муносабатни яхшилаш масаласи кўрилди. Ҳамма ҳайвонлар ва парандаларнинг тенг ҳуқуқлилиги, бир-бирларига ўртоқ эканликлари таъкидланиб, томга чумчуқларнинг ҳам эркин қўна олишлари ҳақида қарор қабул қилинди. Лекин чумчуқлар мушўқлар билан ўртоқлашолмадилар. Чунки бу қарорга ишониш қийин эди. Саводсизликни тугатиш ишлари қизғин борарди. Бу соҳадаги муваффақиятлар сезилиб турарди. Кузга қадар фермадаги ҳамма ҳайвонлар ёзиш ва ўқишни турли даражада ўзлаштириб олдилар. Чўчқалар ҳамма ҳайвонлардан кўра яхшироқ ёзишар ва ўқишарди, бу соҳада илғорлик қилишарди. Итлар ўртача ўргандилар. Лекин улар етти қоидадан бошқасини ўқишга қизиқишмасди. Мюриел итлардан озгина тузукроқ ўқирди. Кўпинча ахлатлар ичидан топиб олган рўзнома парчаларини бошқаларга ўқиб бериш билан шуғулланарди. Бенямин чўчқалар каби ўқишни яхши ўзлаштирди. Лекин ўрганган нарсасини ёзиш ва ўқишга бўйни ёр бермасди, танбаллик қиларди. Кловир эса бутун алифбони ўрганди, лекин сўзлар тузиб ёзолмасди. Боксэр А, Б, В, Г, Д ҳарфларини ўрганаолди, холос. У туёқлари билан ерга А, Б, В, Г, Д ҳарфларини берилиб чизарди. Бу машғулот билан банд бўлган кезлари қўлоқлари диккайиб кетарди, боши ликкилларди. Алифбодаги бу беш ҳарфдан кейингиларини эслашга бор кучи билан ҳаракат қиларди. Лекин ҳеч хаёлига келтира олмасди. Бир неча марта Е, Ё, Ж ва 3 ни ёзишга уриниб кўрди. Лекин бу ҳарфларни ўргангунга қадар аввалги 5 ҳарф - А, Б, В, Г, Д ёдидан кўтариларди. У ўзи учун беш ҳарфни ўзлаштиришнинг ўзи етарли эканлигини тушунди ва ўрганишни тўхтатишга қарор қилди. Боксэр ўрганган ҳарфларини эсидан чиқариб қўймаслик учун ҳар куни бир-икки марта уларни ерга ёзарди. Молийй эса исмини ёзиш учун ишлатиладиган тўртта ҳарфдан бошқасини ўрганишни истамасди. Пайраҳалардан ҳарфларнинг шаклини ясаб , исмини ёзарди. Гуллар билан атрофини ясатарди. Сўнгра унинг атрофида айланиб завқланарди, шаклларга ва гулларга ҳузур қилиб тикиларди. Фермадаги бошқа ҳайвонлар ҳам беш ҳарфдан бошқасини ўрганолмадилар. Тентакроқ, фаҳми-фаросати етарли бўлмаган ҳайвонлардан қўйлар, товуқлар, ўрдаклар етти қоидани ҳам ўзлаштира олмадилар. Сноубол ўйлаб кўриб, етти қоиданинг биттасини камайтириш мумкин эканлигини, яъни қонуннинг биринчи ва иккинчи моддаларини бирлаштириш мумкин эканлигини ўртага ташлади. Моддалар қайта кўриб чиқилиб, қўйидаги ҳолатга келтирилди:

ТЎРТ ОЁҚЛИЛАР-ДЎСТ, ИККИ ОЁҚЛИЛАР - ДУШМАН.

"Бу, - деди Сноубол, - ҳайвонизмнинг энг муҳим асосидир. Бунинг моҳиятини қайси бир ҳайвон чуқур англай олса, инсоннинг таъсиридан қутулиши шунчалик осон бўлади". Аввал қушлар бу фикрга қўшилмадилар. Чунки уларнинг ҳам фақат икки оёқлари бор эди. Лекин Сноубол бу модданинг тўғри эканлигини асослаб берди:

-Ўртоқлар, - деди Сноубол, қушнинг қаноти учиш, одамларнинг қўллари эса ушлаш учун яратилган. Одамнинг ҳайвонлардан фарқланиб турадиган ягона томони ҳам қўлидадир. Одамлар ҳайвонларга қиладиган ҳамма ёмонликларни қўли билан амалга оширишади, нарсани қўли билан яратади. Қушларнинг қанотлари эса фақат учиш учунгина хизмат қилади. Шунинг учун ҳам қушларнинг қанотларини оёқ каби қабул қилишингиз керак. Қушлар Сноуболнинг узундан узоқ ва жимжимадор, баландпарвоз сўзларининг маъноларини англамадилар. Ўзларини тушунгандай кўрсатишиб, қонуннинг янги моддасини қабул қилишди. Барча ҳайвонлар хайрихоҳлик билан моддаларни ўргана бошладилар. Молхона деворига ёзилган етти модда устига кўзга кўринадиган йирик ҳарфлар билан "ТЎРТ ОЁҚЛИКЛАР ДЎСТ , ИККИ ОЁҚЛИКЛАР – ДУШМАН" деб ёзиб қўйишди. Ҳамма ҳайвонлар бу моддани ёд олишди. Айниқса, бу модда қўйларга ёқиб қолди. Фермадаги далаларда ўтлаб юрганларида бошларини тез-тез кўтариб «Тўрт оёқлилар - дўст, икки оёқлилар – душман» деб жўрликда марардилар. Соатлар давомида бу машғулотни давом эттиришар ва бу машғулотдан чарчашмасди.

Наполеон Сноубол шуғулланаётган қўмиталар иши билан қизиқмади. Унинг ўйлаши бўйича, Сноуболнинг қўмиталари катта ёшдаги ҳайвонлар ва уларнинг манфаатлари учун мўлжалланганди. Ёшларнинг маълумот олишларига эса эътибор қаратилмаганди. Пичан ҳосили йиғиб-териб олинганидан кейин Жесий ва Блубел тўққизта лайчани туғиб беришди. Наполеон кучукчалар эмчакдан чиққанларидан сўнг оналаридан ажратиб олиб, уларнинг тарбияси билан шахсан ўзи шуғуллана бошлади. Кучўқларни омборхона томи устидаги нарвон билан чиқиладиган чердак ичига қўйди. Лайчалар ўша ерда ўса бошлашди. Ҳатто фермадаги ҳайвонлар уларнинг борлигини ҳам унитиб қўйдилар.

Фермадаги сигирлардан соғиб олинаётган сутларнинг қаерга ишлатилаётганлиги қаттиқ сир тутиларди. Кейинчалик эса ҳайвонларнинг ўзлари ҳам бунга эътибор бермай қўйишди. Сутлар чўчқаларнинг овқатлари учун ишлатиларди. Мевазордаги майсалар устида тўкилиб ётадиган олмаларни ҳайвонлар тенг баҳам кўришарди. Чўчқалар олмаларни йиғиб олиш ва омборхонага келтиришга буйруқ беришди. Бу воқеа ҳайвонлар орасида норозилик келтириб чиқарди. Чўчқалар ҳайвонлар орасида уйғонган норозиликни йўқотиш учун тушунтириш ишларини бошлаб юбордилар. Бу ҳаракатга Наполеон ва Сноубол ҳам қўшилди. Скуийлир тушунтириш ишларини олиб бориш учун сафарбар қилинди:

– Ўртоқлар, - дерди у, - чўчқалар бу ишларни ўзлари ёки ўзларига имтиёз яратиш учун қилишяпти деб ўйламанг . Аслида, биз, чўчқалар, сут ва олмани ёқтирмаймиз. Бизнинг ягона мақсадимиз саломатлигимизни сақлаб қолишдир. Сут ва олмалар таркибида чўчқаларни соғломлаштирувчи кучли моддалар бор. Ўртоқлар, бу фанда илмий жиҳатдан асосланган. Биз, чўчқалар, эса, ўзингизга маълум, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи ҳайвонлармиз. «Ҳайвон ферма»даги ҳамма ишларни ташқил қилиш эса, гарданимизга юклатилган. Биз кечани кеча кундузни кундуз демай фаровон яшашингиз учун хизмат қиламиз. Ҳа, бизнинг сут ичишимиз ва олмани тановул қилишимиз ўзимиз учун эмас, сизлар учундир. Агар соғлигимиз ёмонлашиб ҳайвоний бурчимизни бажаришда панд берадиган бўлса, нима бўлишини тасаввур эта оласизларми?! Назаримда, тасаввур эта олмайсизлар! Ўртоқлар у ҳолатда Жоунз «Ҳайвон ферма»сига қайтиб келади! Ҳа, Жоунз қайтиб келади! Албатта, сизларнинг орангиздаги ҳеч бир ҳайвон Жоунзнинг қайтиб келишини истамаса керак!

Скуийлир ниҳоятда таъсирчанлик билан сўзларди. Думини ликиллатиб у томондан бу томонга олиб бориб келарди. Жоунзнинг қайтиб келишини ҳайвонларнинг исташмаслиги Скуийлир учун туёқларининг остидаги ерни босиб тургандай аён эди. Шу сабабдан ҳам буни алоҳида таъкид билан гапирарди. Бу эса ҳайвонлар орасида тушунтириш ишларини олиб боришнинг ишончли ва синалган усули эди. Шундай қилиб чўчқаларнинг соғлиғини сақлаб қолишининг зарурият эканлиги ҳайвонларга аён бўлди. Ҳайвонлар бунга ишонишди. Сут ва олмалар фақатгина чўчқалар учун ишлатилишига рози бўлишди.