Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi
V BOB
Қиш яқинлашган сари Молий кўп ташвишлана бошлади. Деярли ҳар куни ишга кеч қолиб борарди. Ҳар сафар ухлаб қолганлигини айтиб узр сўрарди ва бутун танасининг зирқираб оғриётгани ҳақида шикоят қиларди. Лекин иштаҳаси карнай эди. Турли баҳоналар билан ишдан эрта кетарди. Фаросатсизлиги шундоққина сезилиб турган юзини кўлмак сувга солиб узоқ-узоқ тикилиб қоларди. Ҳайвонлар орасида Молийнинг қилмишлари ҳақида турли миш-мишлар ҳам юрарди. Кунлардан бир кун ферма ҳовлисида думини ўйнатиб айланиб юрган Молийни сомон ковшаётган Кловир имлаб чақирди:
- Молийй, - деди у, менинг сизга айтадиган жиддий гапим бор. Бугун саҳар пайти “Ҳайвон ферма”си билан "Фоксвурд" фермаси оралиғига қўйилган тўсиқ олдида сизни кўрдим. Мен узоқроқда эдим. Лекин тўсиқнинг орқа томонида мистер Пилкингтин ишчиларидан бири турганини сездим. У сиз билан нима ҳақидадир гаплашарди. Ҳатто бурнингизни силлашига ҳам руҳсат бердингиз. Тинчликми, Молийй?! Нима гап?!
- Туҳмат қилманг! Бундай воқеа рўй бергани йўқ,-деди Молийй туёқлари билан тепсиниб туриб.
- Молийй, ёлғон гапирманг! Тумшуғингизни ҳақиқатдан ҳам силлатмаганман деб қасам ича оласизми?-деди Кловир.
- Гапингиз тўғри эмас,-деди Молийй кўзларини ерга тиккан ҳолда. У Кловирнинг кўзларига қарай олмасди. Молийй Кловирнинг олдида узоқ туролмай яйловга ўтлагани кетди. Кловирнинг калласида эса бу воқеани бошқаларга айтсамми ёки йўқми деган фикрлар ғужғон ўйнай бошлади. У отхонага кириб Молий ётадиган супага солинган сомонни туёғи билан ағдариб кўрди. Сомон тагига бир неча оқ қанд ва ҳар хил рангдаги ленталар яширилган эди. Бу воқеадан уч кун ўтгандан сўнг Молий йўқолиб қолди. Ҳайвонлар унинг қаерда эканлигини узоқ вақт билишолмади. Бир неча ҳафта ўтгандан кейин эса каптарлар Вилингдоннинг бир чеккасида Молийни кўрганликлари ҳақида хабар келтирдилар. У пивохона ёнида тўхтаб турган қизил ва қора рангга бўялган чиройли араванинг шотилари орасида турарди. Шахмат нусха матодан шим кийиб олган ва ниҳоятда семириб қоринлари осилиб кетган, чертса юзларидан қон томадиган бир майор Молиййнинг тумшуғини силарди ва унга оқ қанд берарди. Молиййнинг танасидаги мўйларнинг яқиндагина қиртишланганлиги сезилиб турарди. Сочларига қизил лента боғланган эди.
Молийнинг ҳаётидан мамнунлиги сезилиб турарди. Бу хабарни эшитган фермадаги ҳайвонлар Молийнинг номини иккинчи марта тилга олмай қўйдилар.
Январь ойида оби-ҳаво жуда қаттиқ келди. Ер темир-метиндек музлаган, далада ишлашнинг ҳеч иложи йўқ эди. Катта молхонада кетма-кет мажлислар ўтказила бошлади. Келаси йили олинадиган ҳосилнинг режалари чўчқалар томонидан тузиларди. Чўчқалар фермада рўй бераётган сиёсий воқеаларни назардан қочирмасдилар. Ҳайвонлар бу тартибга кўникишганди. Чўчқалар томонидан чиқарилган қарорлар кўпчилик ҳайвонлар томонидан тасдиқланиши шарт эди. Ҳайвонларнинг ўзига ҳам қарорлар устида бош қотирмасликлари ёқиб тушарди. Лекин Сноубол билан Наполеон ҳеч бир масалада келиша олмас эди. Улар ўртасидаги келишмовчиликлар кучайиб борарди. Агар улардан бири ферманинг экин эқиладиган майдонига арпа экишни таклиф қилса, иккинчиси буни албатта рад этиб сули экиш фойдали эканлигини исботларди. Агар бири даланинг тупроғи фақат карам экиш учунгина ярайди деса, иккинчиси бу ерга умуман экин экиб бўлмайди, ерга олдин ишлов бериш керак, дерди. Ҳар иккаласининг ҳам тарафкашлари бўлиб мажлислар жанжалга айланиб кетарди. Бир масала қайта-қайта муҳокама қилинарди. Сноубол ҳайвонларнинг ақлини ўғирлайдиган чиройли нутқлари билан кўпчиликни ишонтира оларди. Аммо Наполеон овоз тўплашда уддабуронлик қиларди. Қўйлар унга яхшигина ёрдам берарди. Улар тортишувни диққат билан кузатиб, Наполеоннинг фикрларини доимо қувватлаб турардилар. Қўйлар Сноуболнинг нутқларини энг муҳим ва таъсирчан жойларида узиб қўйиб “Икки оёқликлар -душман, тўрт оёқликлар -дўст" деб марашарди. Бу билан бошқа ҳайвонларнинг диққатларини ўзларига тортишарди.
Сноубол Жоунзнинг уйидан "Фермер ва молбоқар" журналининг эски сонларидан бирини топиб олган эди. Уни қайта-қайта ўқирди. “Ҳайвон ферма”сини ривожлантириш учун турли режалар тузарди. Ферма ерлари атрофига зовурлар қазиш ва моғорлаб кетган овқат қолдиқларини қайта ишлатиш ҳақида фойдали маслаҳатлар берарди. Ҳайвонларнинг ахлатини ферма ҳовлисида қолдириш қўшимча иш кучини ва меҳнатни талаб қилишини асосларди. Ҳайвонлар ахлатларини далаларга ўзлари ташлашлари ҳақида комплекс режа тузди ва уни ҳаётга тадбиқ қилишга урина бошлади. Сноубол томонидан таклиф қилинаётган таклифларни Наполеон тан олмасди. Уларнинг ўрнига ўзининг лойиҳаларини ҳам бермасди. У ҳаддан ташқари босиқ эди. Афтидан кимнидир ёки ниманидир кутаётганга ўхшарди. Улар орасидаги шамол тегирмони ҳақидаги тортишув, айниқса, жуда кескин бўлди. Сноубол қуриладиган шамол тегирмони учун ҳайвонлар турадиган жойдан узоқроқ, бўлган кичкинагина бир тепаликни таклиф қилди. Тепаликни ўрганиб чиқиб, шамол тегирмони қурилиши учун шу жойнинг қулайлигини исботлаб берди. Қуриладиган шамол тегирмони движок ёрдамида ишлаб, ҳайвонлар ётадиган супаларга ёруғлик бериши ҳамда қиш ойларида ҳайвонлар ётадиган биноларни иситиши кўзда тутилган эди. Сноубол шамол тегирмонининг буғдойни унга айлантириши, электр машиналари ёрдамида сигирларни соғиш ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Ферма Жоунз ҳукмронлиги даврида ҳам ибтидоий машиналар билан ишларди. Ҳайвонлар Сноубол ваъда қилаётган машиналар ҳақида эшитмаган ҳам эдилар. Шунинг учун ҳам ҳайрат билан қўлоқ солишарди. Яйловда ўтлаб юриб қилинган суҳбатлар давомида Сноубол ҳайвонларни лол қолдирарди. Келгусида яратиладиган турли электр машиналарини тасвирлаб бериб ҳайвонларнинг ақлини шоширарди. Орадан етти ҳафта ўтганидан кейин шамол тегирмонининг лойиҳаси тайёр бўлди. Сноубол шамол тегирмони лойиҳаси билан боғлиқ механикага оид билимларини мистер Жоунзга қарашли бўлган уч китобдан ўрганарди. Ҳар бир эркак ўз оиласи заруриятидан келиб чиқиб минг бир ҳунарни билиши керак деб ҳисобларди. Айниқса, ғишт териш қўлидан келмайдиган бирорта ҳам ҳайвон бўлмаслиги керак деб ўйларди. Шамол тегирмонининг лойиҳасини чизиш учун мистер Жоунз даврида янги туғилган қўзиларни парваришлаш учун ажратилган хонани танлади. Хонанинг поли текис эди. Шунинг учун ҳам иш кабинетига айлантирганди. Сноубол хонада кун бўйи қолиб кетарди. Ўқиётган китобининг керакли саҳифасининг бир томонига тош бостириб қўярди, иккинчи саҳифасини эса панжалари орасига оларди. Иккинчи оёғи билан эса полга чизилган лойиҳани мукаммаллаштириб борарди. Думи эса девор соатининг тошлари каби у ёқдан бу ёққа бориб келарди. Баъзан бошини кўтариб хурсандчилик билан "эҳ" деб юборарди. Бора-бора шамол тегирмонининг тишлари ва парраклари лойиҳада мукаммаллашиб борарди. Чигалликлар ечила бориб шамол тегирмонининг лойиҳаси хона полининг ярмидан кўпини эгаллаб олди.Бошқа ҳайвонлар чизмаларга умуман тушунмас эди. Шунга қарамай чизиқларга қизиқсинишиб обдан тикилишарди. Бошларини чайқаб ҳайратланишарди. Лойиҳанинг тайёр бўлишини эса интиқлик билан кутардилар. Ҳеч бўлмаганда кунига бир марта ҳайвонлар ақлли Сноуболнинг чизма чизишини томошо қилиш уч��н келишарди. Ҳатто ҳеч нимага ақли етмайдиган товуқлар ва ўрдаклар ҳам лойиҳаларга қизиқишарди Ҳайвонлар бўр билан чизилган чизмаларни босиб олмаслик учун эҳтиёткорлик билан қадам ташлашарди. Фақат Напалеон келмасди, холос. Напалеоннинг шамол тегирмони қурилишига қарши эканлигини ҳамма ҳайвонлар билишарди. Унинг ўзи буни ошкора айтган эди. Шунга қарамасдан кунлардан бир куни кутилмаганда лойиҳани текшириб кўриш баҳонаси билан Сноубол ишлаётган хонага кириб келди. Атрофни синчиклаб қараб чиқди. Лойиҳани ҳам яқин келиб кузатиб чиқди.Сўнгра бурнини бир неча марта тортиб кўзларининг кири билан Сноуболга маънодор назар ташлади ва бирданига оёқларини кўтариб туриб лойиҳа устига сийиб юборди. Сўнгра лом-мим демасдан орқасига қайтиб кетди.
Фермадаги ҳайвонлар аллақачон икки гуруҳга ажралиб кетган эдилар. Улар шамол тегирмони лойиҳаси ва унинг қурилиши ҳақида бақириб-чақириб жанжаллашишарди. Сноубол қурилишнинг оғирлигини инкор қилмасди. Тошларни кесиш, улардан пойдевор ва деворлар кўтариш осон иш эмаслигини тан оларди. Қурилиш учун елкан, генератор ва кабеллар кераклигини таъкидларди, лекин уларни қаердан сотиб олишни айтмасди. Ҳатто ҳайвонлар астойдил меҳнат қилсалар қурилишни бир йилда тугатиш мумкинлигини ва бунинг учун эса ҳайвонлар ҳафтанинг ҳар уч кунида ҳашар қилиши кераклигини маълум қиларди.
Наполеон озиқ-овқатни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни кучайтириш ҳақида қайғурарди. Агар фермадаги ҳамма куч шамол тегирмони қурилиши учун сарфланадиган бўлса, ҳайвонлар оч қолиши муқаррарлигини қайта-қайта таъкидларди. Сноубол эса чиройли нутқлари ва чақириқлари ҳамда ҳайвонлар ақлини ўғирлайдиган шиорлари билан ҳафтанинг уч кунида ҳашар йўли билан ишлашларига рози бўлиб овоз беришга ундарди. Наполеон эса охурларингизни ем ва тертларга тўлиқ бўлиши ва озиқ-овқатларнигизнинг серобгарчилиги учун оёқларингизни кўтаринг дерди. Хуллас, ҳайвонлар икки лагерга бўлингандилар. Улар орасида фақат Бенямингина бетараф эди. Унинг назарида, озиқ-овқатни кўпайтириш ҳам, шамол тегирмонини қуриш ҳам фермадаги ҳайвонлар ҳаётини яхшилашга ёрдам бермасди. Шамол тегирмони қурилса ҳам ва қурилмаса ҳам турмуш бир текисда давом этиб, умр ўтаверади, шамол тегирмони қурилиши яхшиликка олиб бормайди деб ўйларди.
Ҳайвонлар шамол тегирмони қурилишидан ташқари «Ҳайвон ферма»сининг ҳимояси устида ҳам бош қотиришарди. Инсонлар "Молхона жангги"да мағлуб бўлишган бўлса ҳам хоҳлаган пайтларида яна ҳужум бошлашларини билишарди. Бирдан бостириб келиб фермани Мистер Жоунзга олиб беришлари табиий ҳол эди. Буни ҳар қадамда кутиш мумкин эди. Ҳайвонлар бунинг ўзига хос сабаблари борлигини сезиб туришарди. Инсонлар устидан ғалаба қозонган ҳайвонлар ҳақидаги хабарлар ер юзи ҳайвонлари орасида тезлик билан тарқалиб борарди. Фермалардаги ҳайвонларнинг тинчи бузилиб бораётганди. Улар ҳам инсонларга қарши қўзғалон кўтариш ҳаракатига тушиб қолишган эди. Мудофаа муаммосини ҳал этишда ҳам, одатдагидек, Наполеон Сноубол билан келишолмасди. Напалеон қуроллар сотиб олиб, ҳайвонларни қурол ишлатишга ўргатишни муҳим деб ҳисобларди. Сноубол эса ер юзидаги фермаларда яшовчи ҳайвонлар орасида тарғибот ишларини олиб бориш учун каптарларни сафарбар қилишга кўпроқ ишонарди. Каптарлар ёрдамида қўзғалонга ундашнинг афзалликлари ҳақида жўшиб ваъз айтарди. Ер юзидаги мавжуд фермаларнинг ҳаммасида қўзғалон кўтарилиб, ғалаба қозонадиган бўлса, ҳимояни ўз-ўзидан кераги бўлмайди деб тушунтиришга ҳаракат қиларди. Ҳайвонлар, аввал, Наполеонни тинглашарди, сўнгра Сноуболга қулоқ солишарди. Лекин қайси бири ҳақ эканлигини ажратолмасдилар. Шунинг учун улардан қайси бирининг нутқи таъсирчан бўладидиган бўлса ўша ёққа қараб оғиб кетишарди. Аравани от қайси томонга тортадиган бўлса ўша томонга қараб йўл олишарди.
Ниҳоят, Сноубол шамол тегирмонининг лойиҳасини тугатганлигини эълон қилди. Унинг қурилиши ҳақидаги масалани ҳайвонлар орасида овозга қўйиш вақти ҳам етиб келди. Масала якшанба куни ўтказиладиган мажлисда ҳал этиладиган бўлди. Ҳайвонлар катта молхонага йиғилишди. Шамол тегирмони ҳақида гапириш учун Сноуболга сўз беришди. У шамол тегирмонининг қурилишини ҳимоя қилиб, салобат билан таъсирчан маъруза қила бошлади. Қўйлар марашиб, унинг сўзини тез-тез бўлиб туришарди. Сўнгра Наполеон ўрнидан туриб шамол тегирмони ҳақида Сноубол айтган гаплар сафсата эканлигини тушунтира бошлади. Сўнгра ҳайвонларни овоз бермасликларини сўраб дарҳол ўтирди. У ниҳоятда қисқа гапирди. Ўзини бу масалага бепарводек тутарди. Бирдан Сноубол сапчиб оёққа турди. Қўйлар марай бошлашди. Сноубол қўйларнинг товушини босиб тушадиган баланд овозда гапира бошлади. Шамол тегирмонининг қурилишига овоз беришларига ундаб, ўз фикрларини асослай бошлади. Овоз беришда тенг икки гуруҳга ажралиб кетган ҳайвонлар Сноуболнинг мароқли ва чиройли маърузаси таъсирига берила бошладилар. Сноубол «Ҳайвонлар ферма»сининг келажаги ҳақида куйиб-ёниб гапирарди. Ҳайвонларнинг кўзи ўнгида келажакдаги фаровон ҳаёт манзаралари тикланарди. Қўл меҳнатини ҳайвонлар елкасидан кўтариб юборадиган, электр қуввати билан ишлайдиган машиналар яратилиши ҳақида ваъда берарди. Фақат ҳозирда ҳайвонлар кўриб турган сомон майдаловчи машиналар эмас, балки ер ҳайдовчи тракторлар, ҳосил йиғувчи комбайнлар, хашакларни босиб маҳкам боғловчи ва донларни навларга ажратувчи техникаларнинг яратилиши ҳақида башорат берарди. "Ҳатто,-дерди у,- электр қуввати ёрдамида ҳайвонларни жароҳлик йўли билан даволаш мумкин. Ундан ташқари, электр нурлари ёрдамида ҳар бир ҳайвон супасига ёруғлик узатилиши, иссиқ ва совуқ сувларнинг олиб борилиши, хоналарнинг иситилиши ҳақида сўзларди. Ҳайвонлар бутун хотирларини жамлаган ҳолда диққат билан қулоқ солишарди. Уларнинг юзларидан Сноуболга хайрихоҳ, эканликлари сезилиб турарди. Уларнинг шамол тегирмони қурилиши учун овоз беришларига шубҳа ҳам қолмаган бўларди. Кутилмаганда Наполеон сакраб ўрнидан туриб кетди. Кўзларини ўқрайтириб ғазаб билан Сноуболга қаради ва ҳайвонлар шу пайтгача эшитишмаган ваҳимали овоз билан чийиллади. Ташқаридан эса ҳайвонларни даҳшатга соладиган хуриш эшитилди. Сўнгра бронза кўзли бўйинбоғ таққан 9 ит ҳарбийча қадам ташлаб молхонага киришди ва тўғри Сноуболга қараб юрдилар. Итлар тишларини ғижирлатиб, ғазабга минган ҳолда иррилаб, ўзининг устига бостириб келаётганлигини кўрган Сноубол қўрқиб кетганидан шошиб қолди. Лекин тезда ҳушини йиғиб олиб молхона эшигидан қочиб чиқишга улгурди. Итлар унинг орқасидан қувий бошлашди. Юз бераётган воқеани кўриб ҳайвонларнинг тиллари айланмай қолди. Қўрққанларидан дағ-дағ титрашиб, уларни сўзсиз кузатишарди. Сноубол ферма ташқарисидаги катта йўлга туташиб кетган яйлов бўйлаб югура бошлади. У итлар каби тез югуролмасди. Лекин чопоғон итлар ҳам уни тутишолмасди. Итлар етай-етай деб қолганларида Сноуболнинг оёқлари қайрилиб ерга юз тубан ағдарилиб тушди. Итларнинг тутиб олишлари аниққа ўхшарди. Сноубол ўрнидан жон ҳолатда туриб яна олдинга интилди. Итлар яна яқинлашиб қолишди. Ҳатто улардан бири Сноуболнинг думини тишлаб олишига озгина қолди. Думини дарҳол ўзига тортиб олиб бор кучи билан қоча бошлади. Итлар тутиб олай деганларида «Ҳайвон ферма»сини ўраб олган тўсиқнинг тешигидан ўтиб кетди. Сноубол итларга кўринмай қолди. Жазаваси қузиб кетган итлар бир зум жим қолишди. Сўнгра орқаларига қайтдилар. Дадил ва оғир қадамлар билан молхона биносига қайтдилар. Аввалига ҳайвонлар даҳшат солувчи итларнинг қаердан келиб қолганлигини англашолмади. Лекин кучўқлар терисини қоплаб олган жунларнинг рангидан ва уларнинг сумбатидан Жесий ва Блюбелнинг лайчалари эканлигини тушунишди. Уларнинг ёшлари катта бўлмаса ҳам баҳайбат кўринардилар. Бўридек шиддатли ва қўрқинчли бўлган бу итларни Наполеоннинг атрофида айланиб юришганини ҳайвонлар кўришганди. Итлар авваллари мистер Жоунзнинг олдида думларини ликиллатиб қандай эркаланган бўлсалар Наполеоннинг олдида ҳам шундай эркин ҳаракат қилишарди. Ҳайвонлар буни сезиб туришарди.
Наполеон қари майор нутқ сўзлаган полнинг баланд қисмига чиқди. Ҳайвонларни бир-бир кўздан кечириб, бир оз тўхталди. Сўнгра бугундан бошлаб якшанба кунлари мажлислар бўлмаслигини эълон қилди. Шунча пайтдан бери мажлислар учун ҳайвонларнинг жуда кўп вақтлари сарф бўлганлигини айтиб таассуфланди. Бундан кейин «Ҳайвон ферма»сидаги барча муаммоларни чўчқалардан ташқил топган махсус қўмита ҳал қилишлигини эълон қилди. Бу махсус қўмитага Наполеон раҳбарлик қиларди. Қўмита аъзолари масалаларни ҳал қилиш учун алоҳида йиғилишарди. Қабул қилинган қарорларни фермадаги ҳайвонларга етказиш билан шуғулланишарди. Ҳайвонлар ҳар якшанба куни чақириларди. Лекин улар Наполеон билан ҳарбийчасига саломлашишар ва "Англия ҳайвонлари" қўшиғини куйлашар, сўнгра қабул қилинган қарорларни эшитишарди. Сноуболнинг фермадан ҳайдалиши улар орасида норозилик туғдирган бўлса ҳам буни тилларига чиқаришга ҳайиқишарди. Агар олдинги мажлисларда бўлганидек мунозаралар бўлиб турганида эътирозларини билдиришга имқоният топишарди. Афсуски, ҳайвонлар энди у имқониятларини йўқотиб бўлгандилар.
Боксэр ниҳоятда нотинч эди. Бошини қимирлатиб, сочларини силкитиб, қулоқларини диккайтириб фикрларини бир жойга тўплашга ва бўлиб ўтган воқеани тушунишга ҳаракат қиларди. Лекин Сноуболнинг ҳайдалишига айтарли сабаб тополмасди. Мажлис воқеаларини хаёлида қайта-қайта тикларди. Ўша мажлис ўтказилган куни олдинги қаторда ўтирган тўртта ёш чўчқа бўлиб ўтган воқеани маъқулламаганликларини билдиришиб чийиллашди. Улар бирданига бараварига ўрниларидан туришиб, бир- бирларига сўз бермай, бараварига гапира бошлашди. Шунда Наполеоннинг атрофини ўраб ўтирган итлар хавф солиб иррилашди. Чўчқалар дарҳол жим бўлишиб, жойларига ўтиришди. Қўйлар "Тўрт оёқликлар –дўст, икки оёқликлар –душман» деб марай бошлашди. Чорак соат давом этган муҳокама шу тарзда якунланганди.
Сноубол ҳайдалгандан кейинги якшанбада Скуийлир чўчқалар қўмитаси қабул қилган қарорлар билан ҳайвонларни таништирди:
-Ўртоқлар,-деб сўз бошлади Скуийлир,- Ўртоқ Наполеон машаққатли ва оғир вазифани бажаришни ўз устига олаяпти Бу_билан ферманинг иқтисодини мустаҳкамлаш қўзғалон ғалабаси берган озодликни қўлимизда сақлаб қолиш учун ўзини фидо қилмоқда. Мен сизларни ишонтириб айтаманки, Наполеон елкасига олаётган бу маъсулият талаб қилувчи иш, ҳақиқатан ҳам, қурбонлик талаб қиладиган меҳнатдир. Ўртоқлар, раҳбарликни роҳат ва фароғат деб ўйламанг. Аксинча, «Ҳайвон ферма»сини бошқариш учун чуқур билим, шижоат ва маъсулият керак бўладики, ҳайвонларнинг тенг ҳуқуқлигини Наполеончалик тушунадиган ва уни ҳимоя қиладиган ҳайвон орамиздан топилмайди. Ҳақиқатда, сизларнинг мустақил фикрлашларингизни кўриб ўртоқ Напалеон ниҳоятда хурсанд бўлади. Лекин, ўртоқлар, афсуски, баъзан чалкашликлар орасида ўралашиб қолганлигизни билмай қоласиз. Ўзингиз танангизга яхшилаб ўйлаб кўринг. Шошма-шошарлик билан чиқарилган нотўғри хулосалар бизни хароб этиши мумкин. Жиддий ўйлаб кўрганимиздан кейингина бир фикрни айтишга ўрганишимиз керак. Яъни етти ўлчаб бир кесмасак, бўлмайди, ўртоқлар! Ахир Сноубол томонидан ўртага ташланган шамол тегирмонининг қурилиши тинка-мадоримизни қуритиб юбориши ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Ойнинг ёруғида ҳам ишлашимизга мажбур қилаяпти. Бу эса ҳайвонлар ҳуқуқини ҳурмат қилмаслик эканлигини биласизми? Бу жиноят қилиш билан баробардир. Ҳа ўртоқлар, Сноуболнинг қилмоқчи бўлган ишларининг ҳаммаси жиноят эди. У ҳайвон манфаатларини ҳимоя қилмайдиган ва ўзи ҳақидагина қайғурадиган жиноятчи эди. Агар Сноуболга эргашганимизда аҳволимиз нима бўлишини тасаввур қила оласизми! Йўқ, тасаввур эта олмайсиз! Бизнинг ҳолимизга маймунлар йиғларди
- «Молхона жангги»да мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган эди,-деди паст овоз билан қайсидир ҳайвон.
- Қўзғалон ғалабаларини сақлаб қолишимиз учун қаҳрамонликнинг ўзи камлик қилади,-деди Скуийлир. Ҳозирги кунимизда содиқлик ҳақида ўйлашимиз керак. Бугунги кунда «Ҳайвон ферма»сини бошқараётган раҳбарга бўйсуниш жуда муҳим. Шуни айтиш керакки, "Молхона жангги"да Сноуболнинг кўрсатган хизматларига берилган баҳо ниҳоятда ошириб юборилган. Ўртоқлар, ҳозир интизом, темир интизом керак! Интизом бугунги заруриятдир! Бир нотўғри ёки янглиш қўйилган қадам душманларимиз бўлган икки оёқли инсонларнинг қайтиб келишига йўл очади. Ўртоқлар, сизлар эса, албатта, Жоунз ва унинг хизматчиларининг қайтиб келишини истамайсиз! Ҳайвонлар баҳсни тўхтатдилар. Чунки Жоунз ва унинг хизматкорларининг фермага қайтиб келиб, ўзларининг устидан ҳукмронлик қилишларини хоҳлашмасди. Агар деб ўйлашарди ҳайвонлар, якшанба кунлари бўладидиган мажлислар Жоунзнинг қайтиб келиши учун йўл очадиган бўлса, уларни тўхтатиш керак. Боксэр ҳайвонларнинг хаёлига келган бу фикрларни шундай ифодалади:
- Ўртоқлар, Агар ўртоқ, Наполеон шундай деб айтаётган бўлса, бунга ишонаверинг Шу кундан бошлаб Наполеоннинг сўзларини тасдиқлаш Боксэрнинг доимий шиорига айланди. Унинг "Мен кўпроқ ва яхшироқ ишлашим керак" деган шиори ёнига "Наполеоннинг ҳамма сўзлари ҳақиқат" деган яна бир шиор қўшилди. Боксэр кейинги ҳаёти давомида ҳар иккала шиорга амал қилган ҳолда яшай бошлади.
Қишки совуқлар кетиб, оби ҳаво бир оз юмшади. Ферма далаларида баҳорги ишлар бошлаб юборилди. Сноуболнинг шамол тегирмони лойиҳаси чизилган хона маҳкам беркитилди. Бу билан чизмаларнинг йўқолиб кетмаслигининг олди олинган эди. Якшанба куни соат ўнларда ҳайвонлар молхонага йиғилишди. Улар келаси ҳафта учун бериладиган топшириқларни олишлари керак эди. Шу куни мевазор чеккасига дафн этилган қари майорнинг қабри очилди. Бош суягининг склети олиниб, байроқ осилган таёқ тагидаги тўнгак ёнига қўйилди. Ҳайвонлар йиғинлар ўтказиладиган молхона биноси ичига киришаётганларида баланд қилиб кўтарилиб, ҳавода ҳилпираётган байроқ остидан ўтишар, бош суяги чиғаноғи қўйилган байроқ, остидан узоқроқ юриб, унга иззат-ҳурмат кўрсатишга мажбур бўлишди. Мажлиснинг тартиби ўзгарган эди. Наполеон, Скуийлир ва истеъдодли шоир деб тан олинган Минимос учалалари минбарга чиқиб ўтиришди. Уларнинг атрофини 9 та ёш ит доира бўлиб ўраб олишди. Улар орқасида эса худди хор капеллаларидаги ашулачилар қатори каби бошқа чўчқалар ўтиришарди. Уларнинг орқасидан бошқа ҳайвонлар жой олишди. Ҳамма ҳайвонларнинг диққати минбарда савлат солиб ўтирган уч чўчқага каратилганди. Наполеон бир ҳафталик топшириқларни кескин ва қатьий оҳангда йўғон овоз билан тушунтирди. Сўнгра "Англия ҳайвонлари" қўшиғини бир марта куйлашганларидан кейин тарқалишди.
Сноубол фермадан ҳайдалганининг учинчи якшанбасида Наполеон шамол тегирмонининг қурилишини бошлаш ҳақида буйруқ берди. Буни эшитган ҳайвонлар ҳайрон бўлишди. Наполеоннинг ўз қарорини ўзгартириш сабабини билолмасдан ақллари шошиб қолди. Улар лол қолиб бир-бирларига қарардилар. Напалеон ишнинг мураккаблиги ва қийинчиликлари ҳақида муфассал гапирди. Ҳатто қурилишга сарфланадиган маблағ ҳисобига ҳайвонларга бериладиган озиқ-овқатнинг миқдори камайиши мумкинлигини айтиб уларни огоҳлантирди. Шамол тегирмонининг лойиҳаси мукаммал тайёрланганди. Унинг устида махсус тузилган чўчқалар гуруҳи уч ҳафта давомида тинимсиз ишлади. Ишчи гуруҳи шамол тегирмони қурилишига бир йил сарфланиши ҳақидаги ўзининг хулосасини берди. Скуийлир бўлса ҳайвонлар орасида ўзининг тушунтириш ишларини бошлаб юборди. У кечқурунлари ҳайвонлар қонини қизитиб юборадиган оташин нутқларни сўзларди:
— Ўртоқлар,-деб мурожаат қиларди у. Ҳурматли раҳбаримиз ўртоқ Наполеон шамол тегирмони қурилишига ҳеч қачон қаршилик қилган эмаслар. Аксинча, уни ҳимоя қилишганди. Сноуболнинг гўдаклар боқиладиган хона полига чизилган лойиҳаси асли ҳурматли раҳбаримиз Наполеон томонидан яратилганди. Сноубол уни ўғирлаб олган эди. Шамол тегирмонининг қурилиши ҳақидаги ғоя ҳам дастлаб ўртоқ Наполеон томонидан кўтарилганди. Шу пайт ҳайвонлар орасида ўтирган қайси бир ҳайвон:
-Нима учун ўртоқ Наполеон шамол тегирмони қурилишига қаршилик қилганди?- деб сўраб қолди.
- Ўртоқлар,-деб жавоб бера бошлади Скуийлир,- бизнинг раҳбаримиз ўртоқ Наполеон хушёр, эпчил ва уддабурон. У рўй берувчи воқеаларни олдиндан кўра олгани ҳамда Сноуболнинг яширин ҳаракатларини сезганлиги учун ҳам шундай қилган эди. Асл ҳақиқатни очиб, Сноуболнинг душманлигини фош этиш мақсадида шамол тегирмонининг қурилишига қаршилик қилишганди. Бизнинг ғалабамизни кўролмаган Сноубол хавфли душманимиз эди. Таъсирчан ва чиройли маърузалари билан ўзининг асли мақсадини ниқоблаб олганди. «Ҳайвон ферма»сини ичидан туриб ташқи душманларимиз билан ҳамкорликда қўпорувчилик ишларини олиб боришга тайёргарлик кўраётганди. Доно раҳбаримиз ўртоқ Наполеон эса буни сезиб турарди. Шу боис ҳам шамол тегирмонининг қурилишига ўзини қаршидек қилиб кўрсатганди. Бу Сноуболнинг душманлигини фош этиш ва бўладиган кўнгилсиз ишларнинг олдини олиш учун қилинган ишлардан бири эди. Буни ҳарбийлар ва сиёсатчилар тактика деб атайдилар.
Скуийлир охирги жумлани уч маротаба баланд овоз билан такрорлади ва думини ликкиллатиб, мароқ билан айёрона кулди. Ҳайвонлар бу сўзнинг маъносини аниқ тушунмасалар-да Скуийлирнинг сўзларидаги ишонтириш қуввати уларнинг ақлларини ўғирлаб, муҳокама қилиш ҳофизасини йўқотди. Унинг устига итлардан учтаси таҳдид солиб иррилади. Натижада Скуийлирнинг фикрлари ҳайвонлар томонидан сўзсиз қабул қилинди.