Hikoyalar
July 18, 2022

Roberto Saviano - "Zero Zero Zero" kitobidan parcha

Ҳозир поездда сиз билан кетаётган одам кокаин истеъмол қилади – у бу ишни эрталаб уйғониш учун қилади. Ёки сизни уйга олиб борадиган автобус ҳайдовчиси, чунки у бўйнини оғритмасдан қўшимча ишламоқчи. Сизнинг энг яқин одамингиз кокаинга ўтириб қолган. Агар бу сизнинг отангиз, онангиз ва укангиз бўлмаса, бу сизнинг ўғлингиздир. Агар ўғил бўлмаса, ишдаги хўжайинингиз. Ёки кокаинни шанба куни ўйин-кулги учун истеъмол қиладиган унинг котибаси. Агар хўжайин бўлмаса, унда бу ишни дам олиш учун қиладиган унинг хотини. Хотини бўлмаса ўйнаши: хўжайин тилла сирға ўрнига унга оқ кукун беради ва у учун бу ҳар қандай олмосдан яхшироқдир.

Агар улар бўлмаса, сизнинг шаҳрингиздаги барларга тонналаб кофе олиб келадиган юк машинасининг ҳайдовчиси, у кокаинсиз йўлда кўп соат юришга дош беролмайди. Агар у ҳам бўлмаса, бу ҳолда кокаин остида бобонгизнинг катетерини алмаштирадиган ҳамшира. Чунки кокаин билан кечаси ишлаш унга осонроқ бўлади. У эмасми, демак дўстингизнинг уйини бўяган бўёқчи - у бу ишни қизиқишдан бошлаган, кейин эса қарзга ботди. Сизнинг ёнгинангиздаги одам кокаин ҳидлайди. Бу сизни тўхтатмоқчи бўлган полициячи; у кўп йиллар давомида бунга одатланиб қолган, кўпчилик бу ҳақда узоқ вақтдан бери биларди ва уни мансабидан олиб ташлашга умид қилиб, раҳбариятига аноним хатлар ёзарди. У эмасми, демак ҳозир холангизни операция қилиш учун кетаётган жарроҳ, кока бўлмаса, у кунига олти кишини операция қила олмасди.

Ёки ажрашиш учун ёллаган адвокатингиз. Сизнинг фуқаролик даъвонгиз бўйича қарор қабул қиладиган судья - у буни ёмон иш деб ҳисобламайди, балки ҳаётдан завқланиш воситаси деб билади. Сиз ҳаётимни ўзгартиради деб умид қилаётган лотерея чиптасини сотадиган кассир истеъмол қилар балки. Нархи маошингизнинг ярмига тушган ва уйингизга ўрнатмоқчи бўлган мебельни ясовчи дурадгор. Агар у бўлмаса, у ҳолда Икеа дан шкаф йиғиш учун келган ишчи кокаинга ўтирган. Агар у бўлмаса, у ҳолда сизга домофон орқали қўнғироқ қилмоқчи бўлган домком. Ёки ҳозир ётоқхонангиздаги розеткани кўчиришга ҳаракат қилаётган электрчи. Ёки ўзингизни чалғитиш учун тинглаётган қўшиқчи.

Набирангизни чўқинтириш учун сиз мурожаат қилган руҳоний кокаин ҳидлайди ва сиз ҳали бу маросимни қилмаганлигингиздан ҳайратда бўлади. Келгуси шанба куни тўйда сизга таом тортадиган официантлар ҳидлашади - агар улар ҳидламасалар, бунчалик кўп соатларни тик оёқда ўтказишга кучлари етмасди. Улар бўлмаса, янги пиёдалар ўтиш зоналари тўғрисида қарор қабул қилган шаҳар кенгаши аъзоси - унга кокаинни бепул, ҳар хил хизматлар эвазига беришади.

Кокаинга парковка ходими ҳам ўтириб қолган, у ҳаётда фақат шу билан завқланади. Кокаинни балки сизнинг ёзги уйингизни қайта қурган усталар ёки сизга янги банк картаси билан конвертни етказиб берган курьер қабул қилар. Улар бўлмаса балки қўнғироқ марказидаги қиз, у аниқ овозда сизга қандай ёрдам бериши мумкинлиги билан қизиқади. Агар у бўлмаса, демак, бу профессорнинг ўнг томонида ўтирган ва сиздан имтиҳон қабул қилишга тайёрланаётган аспирантдир. Кокаин уни асабийлаштиради. Ёки тиззангизни даволамоқчи бўлган физиотерапевт – кокаин уни хушмуомала қилади.

Балки бу ўйин тугашига бир неча дақиқа қолганида, сиз ўзингизни ғолиб деб ҳисоблаган баҳсда мағлуб бўлишингизга сабаб бўлган голни урган хужумчидир. Балки истеъмолчи сиз уйга боришдан олдин бир оз “енгиллаш” учун ташриф буюрадиган фоҳишадир. У олдида, орқасида, юқорида, пастда ким эканлигини кўрмаслик учун буни истеъмол қилади. Сиз рингда машқ қилаётган спарринг шеригингиз кокаин ишлатади. У буни озиш учун қилади. Агар у бўлмаса, қизингиз билан машғулот ўтказадиган чавандоз ўқитувчиси ёки хотинингиз борадиган психолог. Эрингизнинг энг яқин дўсти кокаин истеъмол қилади. Агар у бўлмаса, мактабингизнинг директори. Ёки хўжалик мудири. Ёки кал бошини сочларининг қолдиқлари остига яширган қўриқчи, у собиқ хотинларига тўлаши керак бўлган алиментлар ҳақида ўйламаслик учун кокаин ишлатади.

Агар у бўлмаса, тирбандликда сўкинадиган, лекин кейин яна қувноқ бўлиб оладиган такси ҳайдовчиси. Сизга жарима ёзиб берган йўл ҳаракати полицияси, гапирганда қаттиқ терлайди, ҳатто ташқарида қиш бўлса ҳам. Қарз олиб, кока сотиб олишга муваффақ бўлган, кўзлари ботган ойна ювувчи йигит. Сизга яхши ҳаётни ваъда қилган, бунга ишониб сиз бутун оилангиз билан унга овоз бериш орқали парламентга юборган доимий асабий сиёсатчи.

Сизни имтиҳондан ҳайдаб юборган профессор, ёки сиз кўринмоқчи бўлган онколог; одамлар уни энг зўр врач дейишади ва у сизни қутқаришига умид қиласиз – кокаин остида у ўзини ҳамма нарсага қодир ҳис қилади. Ёки туғруқни бошидан кечираётган хотинингизнинг хонасига киришдан олдин сигаретини ташлашни унутган гинеколог. Сизнинг абадий ғамгин қариндошингиз ёки қизингизнинг абадий қувноқ йигити. Агар улар бўлмаса, товарларини кўринадиган жойга қўяётган балиқ сотувчиси ёки бензинни бакдан ташқарига тўкадиган ёқилғи қуйиш шохобчаси ходими. У ўзини ёш ҳис қилиш учун кокаин истеъмол қилади, лекин бензин қуювчи тўппончани керакли жойга жойлаштира олмайди. Ёки сиз кўп йиллар давомида таниш бўлган ва сизни навбатсиз қабул қиладиган шифокор. Чунки, сиз дойим унга Рождествода нима совға қилиш кераклигини биласиз.

Сизнинг консержингиз кокадан фойдаланади, агар у бўлмаса, у ҳолда болаларингизга дарс берадиган репетитор, набирангиз билан ишлайдиган пианино ўқитувчиси, бугун кечқурун сиз спектаклга борадиган тeaтр труппасининг либослар дизайнери, мушугингизни даволайдиган ветеринар. Сиз қабулига борган шаҳар хокими. Сиз яшаётган уйнинг дизайнери; сиз ётишдан олдин китобини ўқиган ёзувчи; ҳар куни телевизорда кўрадиган журналист. Аммо яхшилаб ўйлаб кўрганингиздан сўнг, сиз ҳали ҳам бу одамларнинг ҳеч бири кокаин истеъмол қилмайди, деб айта олсангиз, сиз кўрсиз ёки ёлғончисиз. Ёки ҳамма нарса оддийроқ ва буни ишни қиладиган одам ўзингизсиз.

Roberto Saviano нинг "Zero Zero Zero" китобидан. Инглиз тилидан Нурбек Алимов таржимаси.

@nurbekalimov