Hikoyalar
February 19, 2019

Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi

VI BOB

Ҳайвонлар йил бўйи қул каби ишладилар. Уларнинг ётишида ҳам туришида ҳам ҳаловат йўқ эди. Бунинг устига берилаётган овқат ҳам қорниларини тўйдирмасди. Шунга қарамай ҳайвонлар жуда хурсанд эдилар. Шикоят қилишни хаёлларига ҳам келтиришмасди. «Ҳайвон ферма»сининг келажаги учун жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр турардилар. Улар амалга оширишаётган ишларга маъсулият билан қарашар ва келаси авлоднинг фаровон яшаши учун бўларни зарурият деб ҳисоблашарди. Ҳайвонлар баҳор ва ёз ойлари ҳафтасига 60 соатлаб ишладилар. Тўрт соатгина ухлаш учун вақт бериларди. Ҳаттоки Наполеон якшанба кунларини ҳам тушликдан кейин иш вақти деб қарор қилганида норозилик билдирмадилар. Улар учун ишлаш кўнгилли эди. Бунинг устига ишга келмаган ҳайвонларнинг емиши камайтириларди. Ҳайвонлар чиқарилган қарорларга асосан иш жойларида бошқа вазифалар билан ҳам шуғулланишлари лозим эди. Шамол тегирмони қурилиши билан банд бўлган ҳайвонларнинг йиғим-терим ишларига эътибори сусайди. Натижада бу йилги ҳосил ўтган йиллардагига қараганда пасайиб кетди. Бу йил ҳосил аллақачон йиғиб олинганига қарамасдан ерлар ҳанузгача ҳайдовсиз ётарди, кейинги йил олинадиган ҳосил учун ерларни тайёрлаш ишлари ўлда-жўлда ётарди. Экиш учун уруғ ҳам тайёрланмаётганди.

Бу йил қишнинг оғир келишини олдиндан сезиш мумкин эди. Шамол тегирмони қурилиши ҳам кутилмаган қийинчиликларни келтириб чиқараётганди. “Ҳайвон ферма”си ҳовлисида оҳактош қони бор эди. Ҳожатхонадан эса жуда кўп миқдорда қум ва цемент топилди. Қурилиш материаллари тайёрланган бўлишига қарамасдан ҳайвонлар ишни бошлай олишмасди. Бунга тўсқинлик қилувчи муаммолар талайгина эди. Айниқса, қурилиш учун ишлатиладиган тошларни кесиш ва уларни қандай катталиклардаги бўлакларга бўлиш ҳайвонларни ўйлантирарди. Фермада болға, темир ва ломдан бошқа асбоб-ускуналар йўқ эди. Улар одамларнинг ишлатиши учун мўлжалланган бўлиб, ҳайвонлар оёқлари билан тута олмасдилар. Ҳайвонлар бир неча ҳафталар давомида қийналиб ишладилар. Ишларининг ҳеч унуми бўлмасди. Шунда қайсидир ҳайвон янги таклифни ўртага ташлади. Ернинг тортишиш қонунидан' фойдаланиш кераклигини айтиб қолди. Бу таклифни ҳайвонлар қувватладилар. Тош қонида улкан тошлар жуда кўп эди. Уларни судраш учун ҳам катта куч керак бўларди. Сигирлар, отлар, қўйлар, яъни олдинги оёқлари билан нарса тута оладиган барча ҳайвонлар (энг қийин ва кескин дақиқаларда ҳатто чўчқаларнинг ўзлари ҳам бунга қўшилишарди) арқон билан боғланган катта тошларни қияликдан оҳак қони тепасига судрашарди. Тепаликдан олиб чиқилган тошлар кейин пастга юмалатиб юбориларди. Пастликка зарб билан тушган тошлар бўлакларга бўлинарди ва майдаланган тошларни судраш олдингига нисбатан осонроқ бўларди. Уларни шамол тегирмони қурилиши мўлжалланган ерга отлар, аравалар билан ташишлари мумкин бўларди. Ҳаттоки Бенямин ҳам эски араваларга ўзларини қўшдилар. Қўйлар катта-катта тош бўлакларини кучларининг борича судрашарди.

Ёзнинг охирги кунларига келиб шамол тегирмони қурилиши тошлар билан таъминланганди. Чўчқаларнинг етакчилиги ва назорати остида ниҳоят қурилиш ишлари бошланди. Лекин иш жуда секинлик билан борарди. Қурилиш ишлари билан шу вақтга қадар шуғулланишмаган, тош уриш, лой қилиш, девор тиклаш каби ҳунарларга малакалари етишмасди. Баъзи қўйлар фақат бир тошни тепаликка судраб чиқиш билан иш кунини тугатар эди. Баъзан эса тепаликдан ташлаб юборилган тош майдаланмай қолиб, кун бўйи қилинган меҳнат самарасиз кетарди. "Шамол тегирмони" қурилишидаги ҳеч бир ишни Боксэрсиз бажариб бўлмасди. Ниҳоятда бақувватлиги ва кучлилиги ишни бир оз силжитарди. Унинг кучи бошқа ҳамма. ҳайвонларнинг кучи билан тенг эди. Ҳайвонлар арқонга боғланган улкан тошларни қиялик бўйлаб тепалик томон тортаётганларида, баъзан тош пастликка сирғана бошларди. Шундай пайтларда Боксэр дарҳол ёрдамга шошарди. Якка ўзи бор кучи билан арқонни тепаликка тортарди. Нишабликдан тепаликка қараб тортилаётган тошга ҳайвонлар ҳайрат билан қарардилар. Боксэрнинг ҳансираб нафас олиши, кўкракларининг дам босгандай кўтарилиб тушиши, туёқларини оғир кўтариб қадам босиши, мускулларнинг зўриқиш натижасида бўртиб чиқиши, бутун танасини реза-реза терлар билан ювилиши ҳайвонларнинг ҳавасини келтирарди. Бу ҳолатни томошо қилиб завқланишарди. Баъзан Кловир кучни меёридан ортиқча сарфлашнинг зарарлиги ҳақида гапириб Боксэрни огоҳлантирарди. Лекин Боксэр бундай гапларга қулоқ солишни хоҳламасди. Унинг ўзига хос нуқтаи назари мавжуд эди. Боксэр ҳамиша тинимсиз меҳнат қилиш, ҳайрат ва шижоат, маъсулият билан ишлаш керак деб ўйларди. У Наполеонни жуда ҳурмат қиларди. Ҳар қандай масалаларда унинг ҳақ эканлигига ишонарди. Ўз олдида кўндаланг бўлган муаммоларни юқоридаги эътиқодларига асосланиб осонгина ҳал этарди. Боксэр ҳар куни бошқа ҳайвонларга қараганда қирқ минут эрта уйғотарди. Хўроз билан келишиб олганди. Хўроз уни уйғотиш учун алоҳида қирқ минут олдин қичқирарди. Боксэр бошқа ҳайвонлардан олдинроқ, тош қонига бориб, иш бошларди. Майдалаб қўйилган тошларни ёлғиз ўзи қурилаётган шамол тегирмонининг ёнига таширди.

Ҳайвонлар бутун ёз давомида кунларини кўнгилли ўтказдилар. Уларнинг бош қашишга ҳам қўллари тегмади. Ишлари жуда кўп ва оғир меҳнат талаб қиларди. Овқат эса мистер Жоунз давридагига қараганда кам бериларди. Шунга қарамай ҳайвонларнинг кайфиятлари жуда баланд эди. Фермадаги умумий аҳволни ёмон деб бўлмасди. Ҳайвонлар фақат ўзлари ҳақидагина ўйлашга одатландилар. Энди одамларни боқиш ҳақидаги муаммолар уларни қизиқтирмасди Фермада муваффақиятсизликлар жуда кўп бўлишига қарамай, ҳайвонлар тушкунликка тушмасдилар. Чунки улар фаровон кунлар, тўкин-сочинлик ҳақида берилган ваъдаларга умид боғлашар, шунинг учун ҳам астойдил меҳнат қилишарди. Айниқса, далаларни ёввойи ўтлардан миришкорлик билан тозалашарди. Ҳар қандай берилган топшириқни аниқ, пухта, мукаммал бажарардилар. Бу хусусиятлар, яъни топшириқни маъсулият билан бажариш ҳисси ҳаттоки одамларда ҳам топилмасди. Ҳайвонлар яйловларда етиштирилаётган ҳосилни ўғирлашни хаёлларига ҳам келтиришмасди. Шунинг учун яйловлар ва мевазорларни инсон ҳукмронлик қилган даврдагидек тўсиқлар билан ўрашнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Натижада жуда кўп меҳнат ва маблағни талаб қиладиган тўсиқлар ва панжаралар муаммоси ҳайвонларни ўйлантирмади.

Ёз ойининг охирларига келиб ҳайвонлар олдидаги муаммолар кўпайганидан кўпайди. Айниқса, парафин мойининг иплари, итлар учун бисквит, тақалар тайёрлаш учун темир кабилар сув билан ҳаводай зарур бўлиб қолди. Уларни ферманинг ўзида тайёрлашнинг имқони йўқ эди. Далаларга экин экиш учун уруғлик ва турли химиявий ўғитлар ҳам керак эди. Иш асбоблари ҳам етишмас эди. Шамол тегирмони қурилиши учун керакли айрим механизмларни ҳам четдан олиб келиш зарурияти туғилди. Буларни қаердан, қандай олиб келишни ҳайвонлар билишмасди. Шунинг учун ҳам улар жиддий ўйлай бошладилар. Якшанба кунлари бўладиган мажлисларнинг бирида Наполеон ҳафталик вазифалар билан ҳайвонларни таништириш билан бирга ферма ҳаётига янги бир қонунни тадбиқ этмоқчи эканлигини эълон қилди. Бу қўшни фермерлар ва шаҳар билан савдо-сотиқ алоқаларига киришиш ҳақи��аги қарор эди. Бу қарорнинг қабул қилиниши «Ҳайвон ферма»сида савдо-сотиқни ривожлантириш учун эмас, балки ферма ҳайвонларининг эҳтиёжини қондириш заруриятидан келиб чиққан эди. Шу йилнинг ўзидаёқ Наполеон пичан рақамлари ва буғдойдан олинган ҳосилнинг бир қисмини сотишга фермерлар билан шартнома тузишга мажбур бўлди. Шамол тегирмонининг қурилишини тезлатиш учун бир оз пул жамғариши керак эди. Шунинг учун фермадаги ҳайвонларнинг емиши учун керак бўладиган тухумларни ҳам Вилингдонда сотишни режалаштирди.

-Товуқлар, -деди Наполеон, - бу қарорни, албатта, қабул қилишлари ва олиб борилаётган шамол тегирмонининг қурилишига тухум туғишни кўпайтириш билан ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Ҳайвонларни қарорнинг бир нозик нуқтаси ўйлантираётган эди. Агар бу қарорга амал қилинадиган бўлса, инсонлар билан ўзаро муносабатга киришга мажбур бўлишарди. Айниқса, инсонлар билан бўладиган пулли муомалалар, савдо-сотиқ қилиш ҳақидаги фикрлар уларни бир оз чўчитарди. Ҳайвонларнинг баъзилари мистер Жоунз қувилгандан кейин қабул қилинган қонуннинг «Инсонлар билан алоқа қилмаслик» ҳақидаги моддасини эсладилар. Айримлари эса хаёлларига шунчаки бир келтириб қўя қолдилар. Наполеон “Якшанба кунлари ўтказиладиган мажлисларни тугатиш” ҳақидаги қарорини эълон қилганида эътироз билдирган тўртта ёш чўчқаларнинг овозларига ҳайвонлар эътибор беришмади. Итларнинг жаҳл билан иррилашлари уларнинг овозларини ўчирди. Кейин одатдагидай қўйлар «Тўрт оёқлилар - дўст, икки оёқликлар - душман» деб баланд овоз билан марай бошладилар. Шу билан бир зумгина давом этган эътироз бостирилди. Ниҳоят Наполеон жимликни сақлаш учун олдинги оёқларини кўтарди. Қарор муносабати билан айрим масалалар устида келишиб олиш зарурияти туғилганини айтди.

Ҳайвонларнинг тўғридан тўғри одамлар билан алоқага киришмасликлари огоҳлантирилиб, қарор моддасига амал қилиш кераклиги ҳақида узундан узоқ гапирди. Сўнгра бу муаммонинг маъсулиятини ўзи бўйнига олишга ваъда берди. Вилингдонда яшайдиган адвокат Вимпер инсонлар билан бўладиган савдо-сотиқ муомалаларида воситачилик қилишга ёлланганини, ҳар душанба куни «Ҳайвон ферма»сига келиб, зарурий масалалар бўйича маслаҳатлашишга розилик берганлигини айтди. Наполеон одатдагидай ўзининг нутқини “«Ҳайвон ферма»си абадий яшасин!” деган шиор билан тугатди. Ҳайвонлар «Англия ҳайвонлари» гимнини биргаликда айтишганидан сўнг тарқалишди.

Скуийлир ҳайвонлар орасида юриб қарор ҳақидаги фикрларга қулоқ солди. Бу қарорга қаршилик кўрсатиш бефойда эканлигини тушунтирди. Эътироз билдиришнинг ҳожати йўқ эканлигини айтиб, уларни тинчлантирди. Сноубол томонидан тарқатилаётган ёлғон-яшиқ гапларга эътибор бермасликларини таъкидлади. Қабул қилинган қарорга иккиланиб қараётган айрим ҳайвонларнинг шубҳасини тарқатиб юборишга ҳаракат қиларди:

- Ўртоқлар, қарорнинг матни билан минг афсуски, ўзларингиз таниша олмайсизлар, агар қарор матнини ўқиб чиқа олсангиз эди, бутун ҳақиқатни, яъни унинг мақсади ва моҳиятини англаб етардингиз. Ҳозир эса қарорнинг маъносини туш каби ғира-шира тасаввур эта оласиз. Ўртоқлар, сиз менга ишонинг, ҳақиқат шу қарорда, унинг ҳаётга тадбиқ қилинишида ҳаяжон билан айтилган бундай сўзлардан сўнг ҳайвонлардаги ишончсизлик аста-секин йўқолиб борарди.

Ҳафтанинг ҳар якшанба кунлари мистер Вимпер келишувга биноан фермада пайдо бўлади. У пихини ёрган муғомбир ва тулкидай айёр эди. У ҳамиша сочларини бакенборт қилиб тараб юрар ва асосан адвокатлик, кичик бизнес билан шуғулланарди. У “Ҳайвон ферма”сига воситачи кераклигини, хизмат ҳақи ҳам кўнгилдагидай бўлишини бошқалардан кўра олдинроқ илғаб олди. Бу эса унинг фаҳми-фаросати ўткирлигидан далолат берарди. Ҳайвонлар мистер Вимпернинг фермага келиб кетишига қўрқинч билан қарардилар. Вимпер ҳам эҳтиёткорлик билан муомалада бўларди ва ўзини ҳаддан ташқари сипо тутарди. Фермада рўй бераётган воқеаларга асло аралашмасди. Ҳайвонлар икки оёқлаб юрадиган инсонга буйруқ бераётганларидан лаззатланишар ва ўзларининг хизматларини қилдирашаётгани учун ич-ичларидан мағрурланишарди. Ҳайвонларнинг ўзларига бўлган ишончлари тобора ортиб борарди. Одамлар билан бўладиган навбатдаги шартномаларга тайёрланишарди. Шунга қарамай ҳайвонлар инсонлар билан ҳамма соҳаларда муносабатларга киришишни исташмасди. Ўзлари зарур деб топган масалалар бўйичагина алоқага киришмоқчи эдилар.

Инсонлар “Ҳайвон ферма”сида бўлаётган воқеалардан бехабар эди. «Ҳайвон ферма»си борлигини билардилар, холос.Бу фермага нисбатан эса нафратлари кучли эди. Нафратлари эса кундан кунга ғазабга айланиб борарди. Инсонлар «Ҳайвон ферма»сининг синиб, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишига диний оятлар ва тушунчаларга ишонишгани каби ишонишарди. Улар олиб бораётган шамол тегирмонининг қурилишини муваффақиятсизлик билан тугашини башорат қилардилар. Одамлар пивохоналарга тўпланиб «Ҳайвон ферма»сида қурилаётган шамол тегирмони ҳақида узоқ баҳслашишарди. Шамол тегирмони қурилиши билан боғлиқ хабарларга асосланишиб, унинг вайрон бўлиши ёки битказилгандан кейин умуман ишлай олмаслигини исботлашишарди. Лекин, аксинча, «Ҳайвон ферма»сидаги ишлар бир текисда борарди. Одамлар вақт ўтган сари ҳайвонларнинг иш бошқаришига ва иродаларининг мустаҳкамлигига тан бера бошладилар. Уларда ҳайвонларга нисбатан ҳурмат туйғуси аста-секин уйғониб борарди. Одамлар ниҳоят ферманинг номини ҳам “Ҳайвон ферма”си деб аташга кўникишди. Бу ҳайвонлар томонидан олиб борилаётган ишларнинг маъқул деб топилаётганининг дастлабки аломатларидан бири эди. Лекин одамлар ўзлари бошқариб келган “Манор ферма”сига ҳурматсизлик қилишолмасди. Ҳар ҳолда энди мистер Жоунзга ёрдам беришнинг бефойда эканлигини тушуниб етишди. Мистер Жоунз ҳам фермага қайтиб боришдан умидини узиб, мамлакатнинг бир чеккасига кўчиб кетди. Адвокат Вимпер келгунга қадар «Ҳайвонлар ферма»нинг ташқи дунё билан алоқаси йўқ эди. Наполеоннинг “Фоксвуд” фермасининг бошлиғи мистер Пилкингтин ҳамда Пинчфийлд фермасининг бошлиғи Фредрик билан савдо-сотиқ қилаётганлиги ҳақидаги овозалар тарқалди.

Чўчқалар фермадаги мистер Жоунз яшаган уйга кўчиб ўтиб, ўша ерда истиқомат қила бошлашди. Дастлаб қабул қилинган қонуннинг «Одамлар каби яшамаслик» моддаси ҳали одамларнинг хаёлидан кўтарилмаганди. Яна Скуийлир жонбозлик кўрсатиб, тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтирди. Одамлар билан савдо-сотиқ олиб боришнинг зарурият эканлигига қандай ишонтирган бўлса, худди шундай йўллар билан қонунда “Одамлар каби яшамаслик” моддасининг бўлмаганлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб борарди.

-Ферманинг энг асосий таянчи чўчқалардир, - деди Скуийлир. Чунки уларнинг ақллари бошқа ҳайвонларникига қараганда ўткирроқдир. Фермани асосан улар бошқармокда. Айниқса, бошлиғимиз (яқиндан бошлаб Скуийлир Наполеонга нисбатан бошлиқ деган сўзни ишлата бошлаган эди) ҳамма қатори чўчқахонадаги супада эмас, балки алоҳида уйда яшаши керак, доно раҳбаримиз Наполеон фермани бошқаришдаги муаммоларни ҳал этиш ва қилинадиган ишлар ҳақида чуқурроқ мулоҳаза қилиш, ўйлаш ва фикрлаши учун тинч, шовқин-суронсиз жой, албатта, керак. Ҳурматли бошлиғимиз бунга муносибдир, ўртоқлар!

Чўчқалар энди супаларга қоқилган охурда эмас, мистер Жоунзнинг ошхонасида овқатлана бошлашди. Улар меҳмонлар қабул қилинадиган катта хонада дам олардилар. Кроватларда ухлардилар. Кўз олдиларида бўлаётган воқеаларни кўрган ҳайвонлар тобора ҳайратланишиб боришарди. «Наполеон ҳар доим тўғри йўл тутади», -дерди Боксэр. Лекин шу заҳотиёқ «Ҳайвонларнинг кроватларда ухлаши мумкин эмас» лиги ҳақидаги қарор Кловирнинг ёдига тушди. Кловир ҳайвонлар яшайдиган молхонанинг қонун моддалри ёзилган девори ёнига борди. Деворга ёзилган қонун моддаларини ўқишга ҳаракат қилди. Лекин алифбодаги ҳамма ҳарфларни ўрганмаганди, шунинг учун ўқий олмади. Мюриэлдан деворга ёзилган қонунинг тўртинчи моддасини ўқиб беришни илтимос қилди. «Ҳайвонларинг кроватларда ухлаши мумкин эмас»ликлари ҳақидаги қонун моддасида нима деб ёзилганини аниқ билмоқчи бўлди. Мюриел қийинчилик билан ҳарфларни бир-бирига уриштириб ўқиди:

«Ҳеч бир ҳайвон кроватда чойшаблар билан ухламаган ва ухламасин» деб ўзгартирилган эди. Дастлаб қонун қабул қилинганида чойшаблар ҳақида сўз борлигини эслай олишмади. Лекин «Деворда ёзилгани тўғри бўлиши керак, мен эҳтимол адашаётгандирман» - деб ўйлади. Шу пайт унинг ёнига икки-уч итлар қуршовида Скуийлир келди ва олиб борилаётган ҳамма ишлар режа асосида амалга оширилаётганини таъкидлади:

- Ўртоқ, биз, чўчқаларнинг уйлардаги кроватларда ухлаётганимиз ҳақида эшитдингизми? Хўўш, қани айтинг-чи, нима учун ухлашимиз мумкин эмас? Қонуниинг «Ҳайвонларнинг кроватларда ухламаслик»лари ҳақидаги моддаси мавжуд эканлигини эслай оласизми? Менимча, йўқ! Қонун бундай бўлган эмас, бўлмайди ҳам. Бу факт, ҳа, ўртоқ, бу факт. Кроватлар фақат ухлаш учунгина ясалган. Ҳайвонлар яшаётган ферма бинолари ичидаги сиз ухлайдиган, сомон тўшалган супачалар ҳам аслида кроват. Қонунда эса кроватларда эмас, балки инсон томонидан кашф этилган чойшабларда маън этилган. Ферма уйидаги кроватларга тўшалган чойшабларни олиб ташладик. Фақат кўрпалар устидагина ухлаяпмиз. Кроватлар ухлаш учун жуда қулай, лекин биз, ҳайвонларга мослаштирилмаган. Биз, чўчқалар, доимо ақлий меҳнат билан шуғулланамиз. Шу сабабдан ҳам бизнинг дам олишимизга алоҳида эътибор берилиши керак. Биз қанчалик яхши ҳордиқ чиқарсак, шунчалик яхши фикрлаймиз. Ўртоқлар, албатта, бизнинг зўриқиб ишлашимиз натижасида чарчаб, соғлиғимизни йўқотишимизни, натижада бизга топширилган вазифаларни бажаролмай қолишимизни истамайсиз. Ахир Жоунзнинг қайтиб келишини ҳеч бир ҳайвон хоҳламайди. Скуийлирнинг ҳаяжон билан айтган охирги жумласи ҳайвонларни ҳушёр тортирди. Ферма уйидаги кроватларда чўчқаларнинг ухлаши ҳақида бошқа оғиз очишмади. Бир неча кундан кейин эса чўчқаларнинг бошқа ҳайвонлардан бир соат кейин уйқудан уйғонишлари эълон қилинганида ҳеч бир ҳайвон ажабланмади. Буни одатдаги ҳодиса сифатида жимгина қабул қилишди.

Куз ойи етиб келганида ҳайвонлар ниҳоятда чарчаб қолишди. Лекин шунга қарамай уларнинг кайфиятлари кўтаринки эди. Бу йил оғир келганди. Тинмай меҳнат қилишганига қарамай дон маҳсулотларининг бир қисми сотилганидан кейин ҳам қиш учун етарли озуқа тўпланмаган эди. Лекин шамол тегирмони қурилиши ҳамма қийинчиликларни униттирарди. Ҳосил далалардан аллақачон йиғиштирилиб олинганига қарамай ҳаво қуруқ, ёғин-сочин йўқ эди. Ҳайвонлар шамол тегирмони қурилишида астойдил меҳнат қилишарди. Бунинг устига ферма атрофини катта тошлар билан бир метр баландликда ўраб олиш режалаштирилган эди.

Ҳайвонлар оёқлари ерга тегмай ишлашарди. Эртанги кундан катта умид боғлашарди. Ҳатто ойдин тунларда Боксэрнинг ўзи бир-икки соат ишларди. Дам олиш пайтлари қурилиши яримлаб қолган шамол тегирмони атрофига тўпланишарди. Тегирмоннинг битган қисмидаги деворларга тикилишиб, унинг силлиқ ва мустаҳкамлигидан завқланишарди. Атрофида айланишиб қўшиқлар айтишарди. Фақат қари Бенямингина шамол тегирмони қурилишида жонкуярлик билан ишламасди. Буни яшириш учун “Яхши от кейин чопади” деган мақолни тез-тез такрорларди. Атрофдаги юз бераётган воқеаларга бепарволик билан қараб: “Бу дунё ўткинчи, ҳеч бир ҳайвонга вафо қилмайди»,-дерди.

Кузнинг ноябрь ойи жанубий ғарбдан эсаётган кучли шамоллар билан бошланди. Қум билан цементни шамол учириб кета бошлади. Шу сабабли цементли лой тайёрлашнинг ҳеч иложи йўқ эди. Қурилишдаги ишлар тўхтади. Шамол борган сари авж оларди. Ҳатто фермадаги уйлар пойдеворлари билан биргаликда тебранарди. Бўрон биноларнинг томларига қоқилган тунука ва шипрларни учириб кетди. Товуқлар даҳшат ичида қичқиршарди. Бошқа ҳайвонлар товуқларнинг қичқириқларидан уйғониб кетишди. Гўё уларнинг тушларида милтиқ отилган эди. Чўчиб уйғонган ҳайвонлар яшаётган биноларидан ташқарига отилиб чиқишди. Байроқ ҳамиша ҳилпираб турадиган ёғоч ағдарилиб тушган эди. Мевазор яқинидаги қайроғоч дарахти илдиз-пилдизи билан ернинг устига чиққан ҳолда кўтарилиб ётарди. Янада даҳшатлироқ бўлган бир кўриниш уларнинг ақлу ҳушини учириб юборди. Ҳайвонларнинг умидсизлик билан ҳайқирган товушлари фермани ларзага келтирди. Не кўз билан кўрсинларки, қурилаётган шамол тегирмони таг-туги билан вайрон бўлган эди. Ҳайвонлар шамол тегирмони томон чопдилар.

Наполеон ҳамма ҳайвонларнинг олдида учиб борарди. Унинг бу қадар тезлик билан чопганини ҳеч бир ҳайвон шу пайтгача кўрмаган эди. Илгарилари у ҳамиша шошилмасдан, хотиржам қадам ташларди. Наполеон етиб келиб шамол тегармонининг пойдеворигача бузилиб ётганини кўрди. Не-не машаққатлар билан келтирилган тошлар қурилиш майдонида сочилиб ётарди. Буларни кўрган Наполеоннинг ҳуши бошидан учиб, тили оғзида айланмай қолди. Сўнг шамолда тўпланиб қолган тошларга алам билан тикилди. Наполеон тўсатдан ерни искай бошлади. Унга қайтадан жон киргандай бир-икки қадам олдинга юрди. Думи қилич каби таранглашиб, у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлади. Бу унинг қаттиқ ўйланаётганидан далолат берарди. Бирдан у тўхтади. Узоқ, жимликдан сўнг:

-Ўртоқлар, -деб сўз бошлади паст овоз билан, бу вайронагарчиликларнинг сабабчисини биласизми? Тунда яширинча келиб қўпорувчилик қилган душманнинг кимлигини фаҳмлаяпсизми? Бу Сноубол!!! - деб момоқалдироқдай овоз билан бақирди Наполеон. Сноубол бу ишни ғаразли ният билан қилган! Биз тузган режаларнинг амалга ошишини истамасдан ишларимизга тўсқинлик қилган. Орамиздан шармандаларча қувилгани учун қасдини олмоқчи бўлган. Ҳа, у сотқин, ўртоқлар! Ҳа, у ҳақикий душманимиз, ўртоқлар! Кечаси илондай ўрмалаб келиб, йил бўйи қилган меҳнатимизни ер билан яксон қилди. У ҳайвонларнинг душмани. Ўртоқлар, шу бугун мен Сноуболни ўлимга ҳукм қиламан. Унинг жиноятлари энг оғир жазога лойиқдир. Сноуболни тириклайин тутиб келган ҳар қандай ҳайвонга 11 даражали «Қаҳрамон-Ҳайвон» орденини ва бир ярим қоп олмани мукофот тариқасида топшираман. Бу мукофот адолат учун курашган, курашда жонбозлик кўрсатган, ҳақиқат учун жонини ҳам аямаган ҳайвонга берилади. Ҳайвонлар ҳайратдан донг қотиб қолишганди. Бўлган ишлар учун Сноуболнинг айбдорлигига ақллари бовар қилмасди. Лекин шу дамдан бошлабоқ Сноуболни тутиб келиш йўллари ҳақида ўйлай бошлашди. Ҳайвонлар шамол тегирмони қурилаётган тепалик атрофини текшира бошладилар. Узоқдан чўчқа изларини кўришди. Излар бир неча метр жойдагина бор эди, холос. Кейин кўринмай қолганди. Туёқлар билан эзилган майсалар изларни фермани ўраб турган тўсиқлар томон кетганлигини кўрсатар эди. Наполеон босилган майсаларни ҳидлаб кўриб, Сноуболнинг излари эканлигини тасдиқлади. Изларни қайта-қайта текшириб кўришди. Сноубол Фоксвуд фермасидан келган бўлса керак деган тахмин билдирилди.

«-Ўртоқлар, -деб хитоб қилди Наполеон, шу бугундан бошлаб биз яна қайта иш бошлаймиз. Шамол тегирмонининг қурилишини тўхтатмаймиз. Ёмғир ёғса ҳам қор ва бўрон бўлса ҳам, ҳаттоки осмондан тош ёғиб турса ҳам шамол тегирмонининг қурилишини давом эттирамиз. «Ҳайвон ферма»си учун хоинлик қилган Сноуболга бизни осонлик билан енгиб бўлмаслигини кўрсатиб қўямиз. Ўртоқлар, олдимизга қўйилган мақсадлардан чекинмаслигимиз керак. Уларни амалга оширишимиз шарт! Олдинга қараб олға, ўртоқлар! Яшасин, шамол тегирмони! Яшасин, «Ҳайвон ферма»си!