Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi
VIII BOB
Бўлиб ўтган воқеалардан кейин бир неча кун ўтгач, ҳайвонлар бир оз ўзларига келди. Қонли воқеалар даҳшати ҳам унутилгандай бўлди. Шундагина уларнинг эсларига дастлаб чиқарилган Қонуннинг олтинчи моддаси тушиб қолди. Олтинчи моддада «Ҳайвонлар бир-бириларини ўлдирмасин» деб ёзилган эди. Ҳайвонлар қатағон воқеалари Қонунга тўғри келмаслигини англаб турардилар. Лекин ҳеч бир ҳайвоннинг овоз чиқариб айтишга юраги дов бермасди. Кловир Қонуннинг олтинчи моддасини Беняминдан ўқиб беришни илтимос қилди. Бенямин сиёсий воқеаларга аралашишни хуш кўрмасди. Айниқса, ҳар хил уюшмалардан ўзини тортиб юрарди. Шунинг учун Кловирнинг илтимосини бажаришдан бош тортди. Кловир Мюриэлни чақирди. У олтинчи моддани ўқиб берди: «Ҳайвонлар бир-бирларини сабабсиз ўлдирмасинлар» деб ёзилганди. Негадир моддадаги «сабабсиз» деган сўзнинг мавжудлиги ҳайвонларнинг хаёлидан кўтарилган эди. Бу сўзнинг борлигини ҳеч эсларига келтиришолмасди. Ҳайвонлар қонуннинг ёдлашиб олган 6-моддасини «сабабсиз» деган сўз билан тўлдириш кераклигини тушундилар. Шундагина Сноуболга ҳамкорлик қилган сотқин ҳайвонларнинг ўлдирилиши қонунга зид эмаслигини англаш осонлашарди.
Бу йил ўтган йилдагига нисбатан ҳайвонлар унумли ишладилар. Шамол тегирмони деворларини икки баробар қалинликда қайтадан тиклаш уларнинг ишларини кўпайтириб юборган эди. Қорнилари ҳанузгача овқатга тўймасди, доим оч-наҳор ишлардилар. Якшанба куни бўладидиган йиғинларда Скуийлир узундан узун қоғозни оёқлари билан ушлаганича турли хил озиқ-овқатларнинг 200%, 300% ёки 500%га кўпайтирилганини ўқиб эшиттирар эди. Ҳайвонларнинг бошларини айлантириб юборадиган адоғи кўринмайдиган рақамларни келтириб фикрини исботларди. Ҳайвонлар бу рўйхатларга ишонардилар. Ишонмасликка эса уларнинг асослари йўқ эди. Чунки қўзғалондан олдинги шароитлар ва яшаш тарзи ҳақида асло эслолмасдилар. Ҳар ҳолда у даврларда охири кўринмайдиган ва бошни ғовлатиб юборадиган рақамлар билан ифодаланган маълумотлар бўлмасди. Лекин яхши боқишарди.
Ҳамма буйруқлар Скуийлир ва бошқа чўчқалар орқали бериладиган бўлди. Наполеон бир ҳафтада бир мартагина ҳайвонларга кўринарди. Энди итлар гуруҳининг ўзи билангина юрмасди. Қотор бошида бошини ғоз кўтариб ҳарбийча қадам ташлаб бораётган хўроз ҳам бўларди. Наполеон сўзлашидан олдин хўроз «ку-ку-рей-ку» деб товушининг борича қичқирарди. Наполеон фермадаги уйида бошқа чўчқалардан алоҳида яшарди. Ўзига хизмат қиладиган икки ит билан бирга меҳмонхона шкафида турувчи қимматбаҳо ва чиройли идишларда (у овқатланадиган сервизнинг номи «отлар мусобақаси» деб номланарди) овқатланарди.
Йил давомида «Ҳайвонлар фермаси» ҳовлисида уч маротаба катта йиғин ўтказилиб, осмонга қараб ўқ узиларди. Биринчи тантана Наполеоннинг туғилган кунида, иккинчиси эса қўзғалон ғалабаси муносабати билан ўтказиларди.
Учинчисида эса «Молхона жангги» ғалабаси нишонланиб, байрам қилинарди. Наполеонга «бизнинг раҳбаримиз ва йўлбошчимиз ўртоқ Наполеон» деб мурожаат қилинадиган бўлганди. Кунлар ўтган сари чўчқалар Наполеоннинг «ҳайвонлар отаси»,«инсониятга даҳшат солувчи», «қўйхона ҳимоячиси», «гудоклар дўсти» каби сифатларни кашф этардилар. Айниқса, Наполеонинг донолиги, юрагининг олийжаноблиги, ҳамма ҳайвонларга, бошқа фермаларда қуллик ва жаҳолат остида яшовчи бахтсиз ҳайвонларга бўлган чуқур муҳаббати ҳақида Скуийлир кўз ёшларини оқизиб, меҳри жўшиб сўзларди. Эришилаётган муваффақиятлар ва бугунги озод ҳамда бахтли ҳаёт учун Наполеонга миннатдорчилик билдириб, уни шарафлаш одат тусига кириб борар эди.Товуқлар ўртоқ Наполеон раҳбарлигида олти кунда бешта тухум туғдим деб ғурур билан гапирардилар. Ёки сигирларнинг ҳовуздан сув ичиб: «Ўртоқ Наполеонга катта раҳмат, сув жуда ширин ва роҳат бахшида этадиган муздек экан, мазза қилдик», - деб айтишганини эшитиш мумкин эди. Фермадаги ҳайвонларнинг Наполеонга бўлган умумий муносабати шоир Минимоснинг «Ўртоқ Наполеон» номли шеърида қуйидагича ифодаланди:
Етимлар отаси-ю бахтимиз қуёшисиз,
Тўкин-сочин ферманинг ишончли посбонисиз.
Сизга тик қараб бўлмас,нигоҳингиз куйдирар,
«Ҳайвон ферма»сининг қудратли сарбонисиз,
Ўртоқ Наполеон.!
Ҳайвонларга борлиқни ўзингиз бергувчисиз,
Ризқу рўзин ҳар куни улашгувчи ўзингиз,
Тагларига, ҳаттоки, сомонни солгувчисиз
Ҳайвонлар тинчлигини қўриқловчи ўзингиз,
Ўртоқ Наполеон!
Фермамизда яшовчи ҳар бир чўчқа боласи,
Ғоянгизни дилига қуйиб содиқ ўсади.
Фарзандлар орасида асло бўлмас оласи,
Гўдакларнинг дастлабки чийиллаши бўлади,
Ўртоқ Наполеон!
Наполеон шеърни ўқиб кўриб жуда хурсанд бўлди. Молхонанинг деворига ёзилган Қонун моддаларининг рўпарасига шеърни чиройли қилиб ёздирди. Шеърнинг тепасига эса Наполеоннинг Скуийлир томонидан оқ бўёқ бўёқ билан ишланган портрети қоқилди.
Напалеоннинг адвакат Вимпэр орқали Фредрик ва Пилкингтэн билан бўлган муносабати ҳанузгача ноаниқ эди. Фермадаги ёғочлар ҳали ҳам сотилмаган, Фредрик ҳам, Пилкингтен ҳам тезроқ сотиб олиш учун ҳаракат қилишарди. Фредрик ва унинг хизматкорларининг “Ҳайвон ферма”сига ҳужум қилиш ва шамол тегирмонини бузиб юбориш учун тайёргарлик кўраётганликлари ҳақида ҳабарлар бор эди. Наполеон Фредрикнинг “Ҳайвон ферма”сига ғайирлиги бор, шу сабабли ҳам шамол тегирмонини вайрон қилмоқчи деб ўйларди. Сноуболнинг эса Пинчфийлд фермасида эканлигини билишарди.
Ёзнинг ўрталарида уч товуқ ваҳшиёна ўлдирилди. Улар Сноубол билан яширинча алоқа боғлаб унинг топшириғига биноан Наполеонни ўлдирмоқчи бўлганликларига иқрор бўлишган эди. Ҳайвонлар орасида шунга ўхшаш ваҳимали гаплар юрарди. Наполеон ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эҳтиёт чоралари кўрилди. Тунда, Наполеон ухлаган пайтларда, тўрт ит уйнинг тўрт томонидан туриб қўриқлай бошлади. Ёш Пинкай номли чўчқага баковуллик вазифаси юклатилди.
Наполеоннинг Пилкингтин билан ёғочларни сотишга келишганлиги маълум бўлди. Пилкингтиннинг ҳам Наполеон сингари Фоксвуд фермаси билан алоқаси яхши эмас эди. Пилкингтин Наполеон билан бошқа маҳсулотларни ҳам айирбошлаш режасини тузаётган эди. Адвокат Вимпир улар орасида воситачилик қилаётган бўлишига қарамасдан ўзларининг ораларида бир-бирига нисбатан хайрихоҳлиги ҳам бор эди. Лекин Пикингтин ҳайвон бўлмаганлиги сабабли Наполеон унга тўлиқ ишонолмасди. Фредрикдан эса қўрқарди. Айниқса шамол тегирмони қурилиши тугалланай деб қолганида Фредрикнинг яширин ҳужумга тайёрланаётганлиги ҳақидаги хабарларнинг кўпайиб қолганлиги уни чўчитарди.
Фредрик «Ҳайвон ферма»сига ҳужум қилиш мақсадида 20 та ҳарбийларни тайёрлаётганлиги ҳамда ферманинг васиқасини қўлга киритиш учун шаҳар бошлиқлари ва полицейларни сотиб олганлиги маълум эди. Фредрикнинг ҳайвонларга нисбатан қилаётган раҳмсизликлари ҳақидаги даҳшатга тўлиб-тошган ҳикоялари Пинчфийлд орқали етиб келаётган эди. Қариб қолган отни уриб ўлдиргани, сигирларни оч қолдиргани, итни печкага солиб ёқиб юборгани, кечқурунлари хўрозларни уриштираётгани ва хўрозларнинг панжалари орасига металдан қилинган ўткир тиғни боғлагани кабиларни эшитганларида ҳайвонларнинг қонлари қайнаб кетарди. Айниқса. хўроз уриштирилганида ғолиб чиққанининг ўз мағлубини ўлдириши уларнинг нафратини оширарди. Ҳайвонлар Фредрик фермасига ҳужум қилиб, инсонларни қувиб юбориб, ҳайвонларни озод қилиш учун чўчқалардан рухсат сўрашарди. Скуийлир тезоблик қилишдан ўзларининг тийишларини маслаҳат бериб, ўзларича ҳаракат қилмасликларини қайта-қайта таъкидларди.
Наполеоннинг ҳарбий тажрибасига суянишга даъват қиларди Фредрикка нисбатан ҳайвонларнинг нафрати кундан кунга ортиб борарди. Якшанба кунларининг бирида Наполеон ферма ҳовлисидаги ёғочларни Фредрикка сотиш ҳатто хаёлига ҳам келмаганлигини айтди. ( Шу пайтгача Наполеоннинг кенг феъллигига ҳайвонлар тан беришаётган эди. Энди эса ўз душмани бўлган Фредрик билан ҳам яхши муносабатда бўлишига қойил қолардилар.) Бошқа фермалардаги ҳайвонларнинг қўзғалон кўтаришларига тайёрлаш мақсадида каптарлар сафарбар қилинди. Уларнинг Фоксвуд фермасига қўнишлари маън этилди. Ҳайвонларнинг «Инсонларга ўлим» деган шиори «Фредрикка ўлим» тарзида ўзгартирилди.
Ёзнинг охирги кунларига бориб Сноубол томонидан етказилаётган зарарлардан яна бири фош этилди. Экилган буғдойлар ёввойи ўтлар орасида қолган эди. Сноубол тунда келиб, буғдой уруғини ёввойи ўтлар уруғи билан аралаштириб қуйгани кашф этилди. Бу фитнага аралашган ғозлардан бири айбига иқрор бўлиб, Скуийлир олдида заҳарли мевани огзига солиб, ўз-ўзини ўлдирди. «Ҳайвонлар Сноуболнинг 1 даражали «Қаҳрамон Ҳайвон» орденини олмаганлигини ҳозир билишади,-деди Скуийлир. Бу фақат Сноуболнинг ўзи томонидан таркатилган миш-миш, сафсата эди. Афсуски, кўп ҳайвонлар бу ёлғонга ишониб қолишди. Аслида Сноубол жангда қўрқоклик қилган эди. Худди шу сабабли ҳам у қораланган. Ўртоқлар, у ҳеч қандай орден-порден олгани йўқ эди». Ҳайвонлар Скуийлирнинг сўзларини саросима билан тинглардилар. Скуийлир Сноуболни эслаб хато килмаганлигини сезди. Ички мағрурлик билан бошини янада баланд кўтариб:
-Сиз унинг жангдаги ҳақикий холатидан бехабарсиз. Шунинг учун ҳам янглишасиз ва уни қаҳрамон деб ўйлайсиз,-деди
Кўз кириб қолган эди. Ҳосил йиғим-терими ҳайвонларнинг тинкасини куритиб борарди. Иш кайнагандан кайнарди. Шамол тегирмонининг қурилиши асосан тугатилди. Лекин уни ишга тушириш учун айрим керакли асбобларни сотиб олиш керак эди. Вимпир бу масалада музоқара олиб борарди. Ҳайвонлар шамол тегирмонининг қурилишида тажрибасизлик қилиб ибтидоий қурилиш асбобларидан фойдаланган эдилар. Сноубол фитналари туфайли рўй берган кунгилсизликларга қарамай иш мулжалланган муддатда тугади. Ҳайвонлар холдан тойган эдилар. Лекин огйр машаққатлар ва қийинчиликлар эвазига эришган меҳнат махсулини кўриб кувонардилар. Кунгиллари тогдай кўтарилиб кетган ҳайвонлар ўзлари яратган улкан асарлари атрофида қўшиқ айтиб айланишарди. Шамол тегирмони кўзларига жуда чиройли кўринарди. Деворлари ҳам олдингисига Караганда икки баравар калин эди. Уни осонгина вайрон қилиб бўлмасди. Энди уни бўзиш учун портлатувчи моддалар керак эди.
Ҳайвонлар шамол тегирмонининг гуриллаб ишлаётганлигини кўрганларида бошларидан ўтказган ҳамма қийинчиликларни унутдилар. Машаққатли меҳнат ва ишдан кунгилни совутадиган воқеалар устидан голиб чиққанларини хис этиб турардилар. Юрақлари энтика бошлади. Ҳаётларида катта ўзгариш рўй берганлигини тушуниб етишди. Ҳайвонлар шамол тегирмони атрофида айланиб иргий бошладилар, қўшиқлар айтиб, раксга тушдилар.
Наполеон итлар куршовида, хўроз бошчилигида битказилган шамол тегирмонини куриш учун келди. Ҳайвонларнинг эришган муваффақиятлари билан шахсан табриклади. Ҳамда шамол тегирмонини «Наполеон тегирмони» номи билан юритишни эълон қилди. Орадан икки кун утгач, ҳайвонлар молхона биносига махсус йиғилиш ўтказиш учун чакирилди. Ферма ҳовлисидаги ёғочларни Фредрик сотиб олганлигини Наполеон эълон қилганида ҳайвонлар хайрон бўлиб қолдилар. Эртага Фредрик юборган аравалар уларни олиб кетишини маълум қилди. Наполеоннинг Пилкингтин билан дўстлиги мажбурий дўстлик эди. Аслида Фредрик билан яширин келишувлари бор эди. Бу келишув Фоксвуд билан бўлган муносабатни синдирган эди. Пилкингтин ҳақида бир-биридан ташвишли ахборотлар олиб келаётган каптарларга Пинчфийл фермасини тарк этиш буйруги берилди. «Фрейдрикка ўлим» шиори «Пилкингтинга ўлим» деб ўзгартирилди. Наполеон Фредрик томонидан ҳужум уюштирилаётгани ва ҳайвонларга нисбатан килинаётган ваҳшиййликлар ҳақидаги хабарларнинг асоссиз эканлигига баёнот берди. Уларнинг Сноубол томонидан таркатилган булмагур овозалар эканлигини айтди. Сноуболнинг Пинчфийлд фермасида яширинганлиги ҳақидаги хабарларни таркатиш орқали Наполеон маълум мақсадни кўзда тўтганди. Аслида Снубол Фоксвуд фермасида бой-бадавлат яшаётганлигини биларди. Унинг кўп йиллар давомида Пилкингтинда пенсионер бўлганлиги Наполеонга маълум бўлса-да, буни билмасликка оларди. Чунки ферманинг хавфсизлиги учун шундай қилиш зарурлигини биларди. Чўчқалар Наполеоннинг уддабуронлигидан хурсанд бўладирдилар. Наполеоннинг Пилкингтин билан «дўст»лиги ёғоч бахосини 12 фунт стерлингга кўтарган эди. «Раҳбаримиз ўртоқ Наполеоннинг ажойиб сифатларидан бири, -деди Скуийлир унинг Фредрикка ҳам ишонмаганлигидадир». Фредрик сотиб олаётган ёғочлар ҳақини чек билан туламокчи бўлди. Ёғочлар учун 5 фунт пул бирлигидаги туловни талаб қилди. Фредрик бу пулни олдиндан тулаган ва пул шамол тегирмони учун керак бўладидиган механизмларни сотиб олишга етадиган микдорда эди. Ёғочлар араваларга юкланиб, тезлик билан олиб кетилди. Фредрик берган пулни яна бир бор текшириб куриш учун ҳайвонлар молхонага йиғилдилар. Орден ва медаллари билан куксини тўлдириб олган Наполеон жилмайиб, ферма уйининг ошхонасидаги чинни идишга солинган пул ёнига, сомон устига чукди. Ҳайвонлар оёқларининг учида юришиб, пулга яқинлашдилар ва қизиқиш билан унга тикилдилар. Боксэр бурнини яқинлаштириб пулни хидлади.
Унинг нафасидан чинни идишга солинган пуллар кимирлаб кетди. Орадан уч кун ўтгандан кейин ҳайвонларни даҳшатга солувчи бир хабар таркалди. Адвокат Вимпир велосипед билан гизиллаганича фермага кириб кетди. Шошилганидан велосипедни ерга ташлаб юбориб, шитоб билан Наполеон турган уйга кириб кетди.
Унинг юзларидан қони кочган эди. Бир зум ўтмасдан Наполеоннинг букирган товуши эшитилди. Вимпер олиб келган шум хабар ҳайвонлар орасида яшиндай таркалди. Пул ҳақикий эмас сохта экан. Фредрик ёғочларни текинга олиб кетган эди. Наполеон ҳамма ҳайвонларни тезлик билан йиғди. Фредрикни ўлим жазосига ҳукм қилганлигини букириб эълон қилди. Унинг тириклайин қўлга олиниб, кайнаб турган сувга ташланишини айтди. Наполеон ҳаммани хушёр бўлишга чақирди. Бундан ёмонрок ҳаракатларга ҳам тайёр туришларини буюрди. Бу воқеа Фредрик ва унинг ишчилари томонидан ҳар дақиқада бошланиб қолиши мумкин бўлган ҳужумдан дарак берарди. Ферманинг одамлар кириши мумкин бўлган ҳамма жойларига коровуллар қўйилди. Наполеон Пилкингтин билан яхши муносабат урнатиш мақсадида мактуб ёзиб каптарлардан тўрттасини Фоксвудга учирди. Эртаси куни эса саҳар пайти «Ҳайвон фермаси» га ҳужум қилинганлиги ҳақида хабар келди. Ҳайвонлар овқатланаётган эдилар. Қўйилган коровуллар Фредрик бошлик одамларнинг аллақачон панжарали темир дорвозани очиб кирганликлари ҳақида хабар бердилар. Ҳайвонлар дадиллик билан қарши ҳужумга отландилар. Лекин бу сафар «Молхона жангги»даги каби ғалаба осонлик билан келмади. Одамлар сони 15 та бўлиб, уларнинг 6 тасининг милтиғлари бор эди. Бунинг устига жуда ҳам яқин келиб қолишган, уларни 50 метрча масофа ажратиб турар эди. Ҳайвонлар даҳшатли ўқларнинг тинимсиз чийиллашларига бардош беролмай қолдилар. Наполеон билан Боксэр зўр бериб ҳайвонларни бир жойга йиғишга ҳаракат қилишарди. Лекин бунинг иложи йўқ эди. Ҳайвонлар орқага чекиндилар. Улардан бир нечтаси яраланган эди. Наполеон бошлиқ ҳайвонлар ферма бинолари ичига кириб яшириндилар. Ферма биноларининг тешикларидан одамларни узлуксиз кузатиб турардилар. Бутун ферма ҳовлиси, шамол тегирмони ҳайвонларнинг ашаддий душманлари қўлига ўтган эди. Ақлли ва доно ҳисобланган Наполеон ҳам нима қилишини билмай қолди. У думини диккайтириб, товуш чиқармай у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлади. Фоксвуд томонга ғазаб билан тикилди. Агар Пилкингтин ва унинг одамлари ёрдамга қўл чўзса, аҳвол ўнгланишидан умид қилса бўларди. Лекин тўрт каптар олиб келган хат кўнгилдагидай эмасди. Унда шундай сўзлар ёзилган эди: «Сиз шунга лойиқсиз. Сизга бу ҳам камлик қилади».
Фредрик ва унинг одамлари шамол тегирмони ёнига тўпланишди. Уларни кузатиб турган ҳайвонларнинг юраклари орқага тортиб кетди. Одамлардан бирининг қўлида мисранг (лом), иккинчисининг қўлида эса кувалда бор эди. Улар шамол тегирмонининг пойдеворини буза бошлашди. Ҳайвонлар умидсизликка тушишди. Наполеон эсанкираб қолган ҳайвонларга қарата:
- Дадил бўлинг, ўртоқлар,-деди. Шамол тегирмонини бузишга уларнинг кучи етмайди. Ахир деворларини жуда мустаҳкам қилиб кўрганмиз. Ҳафталаб уринганларида ҳам қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Бенямин эса одамлар ҳаракатига қовоқларини солиб ,жиддий тикилиб турарди. Икки одам қўлларидаги мисранг ва кувалда билан шамол тегирмонининг пойдевори тагидан очилган тешикни кенгайтиришди. Бенямин секингина тумшуғини кўтариб, бошини ликиллатди. Сўнгра ўта хотиржамлик билан:
-Нима қилаётганликларини кўрмаяпсизми?- деди. Одамлар бир пастда очилган тешик ичига портлатувчи модда ўрнатишди. Ҳайвонлар нафасларини ичига ютиб, даҳшат ичида кузатардилар. Бинолар ичидан чиқиб, шамол тегирмонини сақлаб қолишнинг эса ҳеч иложи йўқ эди. Одамлар портлатувчи модда қўйилган тешикдан югурганларича узоқлаша бошлашди. Сал ўтмай қулоқларни қоматга келтирувчи гумбирлаган товуш бутун фермани ларзага солди. Каптарлар осмонга кўтарилди. Наполеондан бошқа ҳамма ҳайвонлар даҳшатдан юракларини ҳовучлаб, ўзларини ерга отдилар. Бошларини кўтарганларида эса баҳайбат қора булут шамол тегирмонининг устини қоплаб турарди. Эсаётган шабада қора булутни суриб юборди. Ҳайвонлар не кўз билан кўрсинларки, шамол тегирмони ўз ўрнида йўқ эди. Ҳайвонлар ғазабларидан титрардилар. Ғазаб қасос ўтига айлана бошлади. Қонларида ваҳшийлик уйғонди. Кучларига куч қувватларига қувват қўшилди. Саросима ичидаги қўрқоклик ва умидсизлик орқага чекинди. Одамларнинг бу ёвуз ҳаракати уларнинг жонидан ўтиб кетган эди. Одамларга бўлган нафрат қасос туйғусини алангалатиб юборди. Улар ҳеч қандай буйруқни кутиб ўтирмасдан одамлар устига тик босиб бора бошладилар. Бошлари устида дўлдай ёғилаётган ўқларга ҳам қарамасдан олдинга интилардилар. Қаттиқ ва аёвсиз жанг бошланди. Инсонлар ҳайвонларни тинмай ўққа тутардилар. Ҳайвонлар яқинлашганда эса таёқлари билан уришар ва оғир этиклари билан тепишарди. Бир сигир, уч қўй, икки ғоз жанг майдонида ҳалок бўлишди. Деярли ҳамма ҳайвонлар яраланган эдилар. Ҳатто ҳайвонлар орқасида туриб, буйруқ бериб турган Наполеоннинг думини ҳам ўқ ялаб ўтган эди. Одамлар ҳам жиддий талофот кўришди. Боксэр туёқларининг зарбидан уч кишининг бош суяклари майдаланган эди. Сигирнинг шохлари бир кишининг қорнига кириб кетганди. Жесий ва Блубелнинг ўткир тишлари бир одамнинг шимини парчалаб ташлади. Наполеонни қўриқлаб турган итларга тўсиқлар орқасидан бориб жанг майдонига киришга буйруқ берилди. Ваҳшийлашиб кетган тўққизта ит одамлар устига ташланди. Одамлар ўзларини ҳайвонлар қуршовида кўриб қўрқиб кетдилар.
Фредрик ўз одамларига жанг майдонини зудлик билан ташлаб кетишга буйруқ берди. Одамлар ҳаётларни сақлаб қолиш учун ҳар томонга қараб қоча бошладилар. Ҳайвонлар катта йўлга туташиб кетган яйловнинг охирига қадар уларни таъқиб қилиб бордилар. Тиканли тўсиқлар орасидан қочаётган одамларни туёқлари билан тепдилар. Ҳайвонлар ғалаба қилгандилар. Лекин ўзлари ҳам ҳаддан ташқари ҳолдан тойган эдилар. Ҳаммаларининг яраларидан қон оқарди. Ферма ерларини қизил қонларига бўяб, оқсаган ҳолда орқага қайтдилар. Ўтлар устидаги ўртоқларининг чўзилиб ётган мурдаларини кўришиб юраклари эзилиб кетди. Уларнинг кўзларидан тинимсиз ёш оқарди. Юракларни ўртаб юборган бир зумлик сукунатдан сўнг қайтадан вайрон бўлган шамол тегирмонининг олдида тўхтадилар. Шамол тегирмонининг кули кўкка совурилган, ҳайвонларнинг меҳнати зое кетган эди. Ҳатто пойдеворларининг ҳам бир қисми бузилганди. Кучли портлаш натижасида катта тошлар майдаланиб сочилиб ётар, гўё шамол тегирмони бу ерга қурилмагандай. Ҳайвонлар ферма биноларига яқинлашганларида жангда қатнашмаган (бунинг сабабини ҳеч бир ҳайвон билмасди) Скуийлир уларга пешвоз чиқиб думини ликиллатди. У мамнунлик билан жилмаярди. Ферма биносининг яқинида милтиқ товуши эшитилди. Боксэр бунинг сабабини сўради:
- Ғалабамизни нишонлаш учун,-деди Скуийлир.
- Қандай ғалабамизни, - ҳайратланди Боксэр. Унинг тиззаларидан қон оқарди. Бир оёғи остидаги тақа йўқолиб, панжалари йирилиб кетган эди. Шу оёғига 12 та ўқ теккан эди.
- Қандай ғалаба, ўртоқ Скуийлир?! - қайта сўради Боксэр.
- Душманни ўз еримиздан, ҳайвон фермамизнинг муқаддас еридан ҳайдаб юбордик. Бу , ғалаба эмасми, ўртоқ Боксэр?!
- Лекин улар шамол тегирмонини йўқ қилиб юбордилар. Биз икки йил давомида шамол тегирмонини машаққат билан тиклаган эдик.
- Ўртоқ Боксэр, шамол тегирмонини яна қайтадан қурамиз! Агар керак бўлса 6 та шамол тегирмонини бунёд қиламиз. Ўртоқ, бугун биз қўлга киритган ғалабага тўғри бахо беролмаяпсиз. Биз мана шу туёқларимиз билан босиб турган еримизни душман босиб олган эди. Ўртоқ Наполеон раҳбарлигида биз ўз еримизни қайтариб олдик. Ҳа, биз олдин эгаллаб олган мулкимизни қайтариб олдик, -деди Боксэр.
- Бу бизнинг ғалабамиз,-деди Скуийлир.
Ҳайвонлар оқсаганларича ферма бинолари ёнига етиб келдилар. Боксэрга оёқларининг гўшти ичидаги қолиб кетган ўқлар азоб берарди. Шамол тегирмонини қайта тиклаш осон эмаслиги кўриниб турарди. Боксэр ўзича қурилишни бошлаш учун аллақачон тайёргарлик кўрарди. Бу тайёргарлик азоб, алам ва олдинда қайтадан кутиб турган машаққатли меҳнат қийинчиликларини ҳис этиш билан қоришиб кетган эди. Унинг ёши бир жойга бориб қолганди. Боксэр ўн бир ёшга кирганини, бўртиб чиққан мускулларидан қуввати кетганлигини фаҳмлаб қолди. Ферма устида баланд кўтарилган яшил байроқнинг енгил шабадада тўлқинланиб ўйнаши, етти марта отилиб ҳавони ларзага келтирган ўқ овозлари ҳайвонларга қайтадан куч-қувват ато этарди. Ҳайвонларнинг томирларига қон югурди. Улар ўзларига қайтадан жон кирганлигини сезишди. Айниқса, Наполеон жангда кўрсатилган жасоратларни шарафлаб маъруза қилганида буюк ғалабани қўлга киритганликларидан фахрландилар. Уруш майдонида жон берган ҳайвонлар тантанали равишда дафн қилинди. Тобутлар қўйилган аравани Боксэр ва Кловир тортиб боришди. Ўртоқларини қабристонга олиб кетаётган ҳайвонлар олдида Наполеон борарди. Ҳайвонлар икки кун мотам тутишди. Марсиялар яратишиб, нутқлар сўзлашди. Шаҳидларни эслаб, шарафлаб осмонга ўқ узишди. Тирик қолган ҳайвонларга кўрсатган жасоратлари учун биттадан олма улашишди. Қушларга икки аксиядан маккаўхори , итларга учтадан печенье беришди. Бўлиб ўтган жангни “Шамол тегирмони” жангги деб аташга қарор қилишди. «Яшил байроқ» деб аталган орден таъсис этилиб, унинг биринчи номзоди Наполеон бўлди. Уруш муносабати билан Наполеонга яна бир қанча орден ва медаллар беришди.
Бир неча кундан кейин байрам кайфияти сўнди. Сохта пуллар ҳақидаги баҳслар унитилди. Ҳайвонлар чўчқалар яшайдиган ферма уйи остидаги омбордан виски яшигини топиб олдилар. Бу яшикни олдин омборда кўрмагандилар. Ўша тунда ��Ҳайвон ферма»сидаги чўчқалар яшаётган уйдан шовқин, бақир-чақирлар, баланд овозлар, маст-аласт айтилган қўшиқлар эшитилди. «Англия ҳайвонлари» гимни сўзларига бошқа ашулаларнинг сўзлари аралаштириб айтилаётган қўшиқларни эшитиб ҳайвонлар ажабландилар. Тахминан соат 21.30 ларда мистер Жоунзнинг эски шляпасини кийиб олган Наполеон бинонинг орқа эшигидан чиқиб ҳовли атрофида югуриб, яна ичкарига кириб кетганлигини кўришди. Эртасига эрталаб фермани жим-житлик қоплаб олди, чўчқалардан биронтаси ҳам кўринмасди.
Соат тўққизлар атрофида ниҳоятда ташвишланган Скуийлир секингина юриб, ферма ҳовлисига чиқди. Унинг кўз остлари осилиб қолган, думининг учи ер устида судраларди. Ҳайвонларни йиғиб Наполеон ўлим тўшагида ётганлигини айтди. Ғам ва изтиробга тўлган товушлар эшитилди. Бу хабардан ҳамма қайғуга тушган эди. Наполеон ётган уйнинг эшикларига ҳарбий қоровуллар қўйилди.
Ҳайвонлар оёқ учида юрардилар. Кўзларида ёш билан шивирлашиб гаплашишарди. Агар раҳбарларига бир нима бўлиб қоладиган бўлса, аҳволлари ёмон бўлишидан қайғуришарди. Наполеоннинг овқатига Сноуболнинг заҳар солганлиги ҳақида овозалар тарқалди. Соат ўн бирлар атрофида ер юзидаги ҳаётнинг тўхтаб қолишидан олдинги сўнгги ҳаракат каби Наполеоннинг янги фармонини Скуийлир ўқиб эшиттирди. У қўйидагича эди: «Спиртли ичимликларни ичиш қатъий маън этилсин. Бу қонунга амал қилмаган ҳайвонлар ўлим жазосига тортилсин».
Кечга бориб Наполеоннинг аҳволи бир оз яхшиланди. Эртасига эса Скуийлир Наполеоннинг даво топаётганлиги ҳақида хабар берди. Кечқурун соғлиғи тамоман яхшиланиб, Наполеон ишига қайтди ва адвокат Вампирнинг пиво тайёрлашга оид китобни сотиб олиш ҳақидаги маслаҳатига амал қилишга қарор қилди. Нафақахўр ҳайвонларнинг ўтлашлари учун ажратилган мевазордан кейинги кичкинагина яйловни ҳайдашга буйруқ берди. Ер чарчаганлиги туфайли алмашлаб экин экиш зарурияти туғилганлиги билан бу ҳаракат асосланди. Ҳақикий мақсад эса кейинроқ ҳайвонларга маълум бўлиб қолди.
Бир куни ҳеч бир ҳайвон тушуна олмайдиган воқеа рўй берди. Соат миллари тунгги ўн иккига яқинлашган пайтда таъқиллаган баланд товуш эшитилди. Ҳайвонлар ухлаб ётган жойларидан отилиб ташқарига чиқишди. Тун сутдек ойдин эди. Ҳайвонлар ётадиган бино эшигининг тўғрисида, етти модда ёзилган девор остида иккига бўлиниб кетган нарвон ётарди. Ҳушидан кетиб қолган Скуийлир эса шоти ёнида чалқанчасига ағдарилиб ётарди. Унинг яқинида эса осма фонар ва бўёқ чўткаси солинган пақирча ағдарилган , ичидаги оқ бўёқ ерга тўкилиб кетганди. Итлар дарҳол Скуийлир атрофини занжирдай ўраб олишди. Скуийлир ҳушига келгач уни фермадаги уйига олиб бориб қўйишди. Тумшуғини маънодор қимирлатиб, ўзини билимдон санаб, бўлган воқеани тушунаётгандай кўрсатаётган, аслида эса ҳеч нарсага фаҳми етмаган Беняминдан бошқа ҳеч бир ҳайвон бунинг сирини англай олмади. Бир неча кун ўтгандан сўнг Мюриел дастлаб қабул қилинган етти қоидани, сўнгра ўзгартирилиб, олтитага келтирилган қонун моддаларини ўқиб кўриб уларнинг бири яна ўзгартирилганига эътибор берди. «Спиртли ичимликлар ичиш маън этилсин» деган бешинчи моддага унитиб қолдирилган сўз қўшиб ёзилган эди. Яъни: «Спиртли ичимликларни ортиқча ичиш маън этилсин».
IX БОБ
Боксэрнинг ёрилиб кетган туёқларини даволаш учун кўп вақт керак бўлди. Ғалаба тантаналаридан кейин шамол тегирмони қурилиши яна қайтадан бошланган эди. Боксэр эса бир кун ҳам қолмасди. Даволанишдан бош тортарди. Оғриқни билинтирмасликка ҳаракат қиларди. Кечқурунлари туёқлари зирқираб азоб берарди. Кловир ўт-ўланлардан ўзи тайёрлаган малҳамларни қўйиб рўмолча билан туёқлари остига боғлаб қўярди. Ҳайвонларнинг ковш қайтариш йўли билан тайёрлаган дорилари кўпам ёрдам бермаётганди. Бенямин Боксэрнинг ишга чиқмасдан оёқларини даволаш кераклигини тинмай уқтирарди. Кловир ҳам:
- умр ҳайвонга бир марта берилади. У абадий эмас,-деб қайғурарди.
Лекин Боксэр бу гапларнинг бирортасига ҳам қулоқ солмасди. Нафақага чиққунга қадар шамол тегирмонининг ҳеч бўлмаганда ярим қурилишини тугатиш ҳақидаги фикри уни ҳоли-жонига қўймасди. «Ҳайвон ферма»сининг қонунларига асосан чўчқалар 12 ёшдан, отлар ҳам 12 ёшдан, моллар 14 ёшдан, итлар 9 ёшдан, қўйлар 7 ёшдан, товуқлар ва ғозлар 5 ёшдан нафақага чиқишарди. Нафақа ёшлари ниҳоятда ғамхўрлик билан белгиланганди. Лекин ҳеч бир ҳайвон бунга амал қилмасди. Мевазор ортидаги кичкинагина яйлов ҳайдалиб, арпа экилганидан кейин бу масала қайта-қайта муҳокама қилинди. Яйловнинг бир бурчагига тўсиқлар қўйилди. Бу ерда нафақага чиқишган ҳайвонлар ўтлаши керак эди. Отларга белгиланган нафақа беш фунт маккажўхори ва қиш ойларида эса 15 фунт пичан миқдорида белгиланган эди. Байрамлар муносабати билан биттадан олма ва сабзи улашиларди. Боксэрнинг кейинги йили ёз ойида бўладиган туғилган кунининг ўн икки йиллигини нишонлаш ва нафақага кузатиш маросими қийинчилик кунларига тўғри келди. Ҳайвонлар ҳаёти жуда оғир эди. Бу йил қиш ҳам худди ўтган йилидагидек қаттиқ келди. Ем-хашак етишмасди. Чўчқа ва итлардан бошқа ҳайвонларга берилаётган улушлар камайтирилди. Берилаётган тегишларидаги меъёрий тенглик ҳайвонизм асосларига ёт эканлигини Скуийлир тушунтириб берди. Ҳайвонларнинг яшаш шароитлари қандай бўлишидан қатъий назар етишмовчиликлар йўқлигини асослаш қийин эмас эди. Ҳозирча ҳар бир ҳайвоннинг ўзига мос келадиган улушни олишларига қарор қилинди. Скуийлир ҳар доим камайтириш ҳақида эмас, мослаш ҳақида гапирарди.
Ҳамиша бериладиган озиқ-овқатнинг Жоунз давридагига нисбатан мўлроқ эканлигини таъкидларди. Ўткир ва кескир овоз билан статистик маълумотларни ўқиб, сули, пичан, ловлаги каби маҳсулотларнинг кўпайтирилганини, иш соатининг қисқартилганини, ичимлик сувлари сифатининг ошганлигини, ўртача умрнинг узайгани, кўп болали ҳайвонларнинг ортиб бораётганлиги, ёш болалар ўртасида ўлимнинг камайгани, ҳатто ҳайвонлар ётадиган супалардаги сомоннинг кўпайтирилганлиги, бургалардан азоб чекишнинг камайганлигини ҳайвонларга исботларди. Ҳайвонлар унинг сўзларига ишонишарди. Чунки Жоунз ва унинг давридаги ҳаёт уларнинг хаёлларидан тобора кўтарилиб бораётганди. Аммо ҳозирги яшаб турган турмушларининг ҳам тўкин-сочин эмаслигини билардилар. Оч-наҳорлик кечалари уйқуларини қочириб юборарди. Лекин, шубҳасиз, ўтган кунлар ёмон эди. Бунга тўлалигича ишонган ҳайвонлар бугунги кунларидан ўзларида йўқ хурсанд бўлардилар. Авваллари улар инсонга қул бўлишган. Ҳозир эса улар озод. Скуийлирнинг тушунтиришича, олдинги ва ҳозирги ҳаёт орасидаги фарқ ер билан осмонча.
Фермада қўшимча овқатланувчилар кўпайиб қолган эди. Кузда тўрт аёл чўчқалар кўпайишди, бир пайтда болалашди. 31 ёш чўчқани ҳайвон жамияти боқиши керак эди. Қора ва тезак рангдаги хол-хол пўстинли ёш чўчқаларнинг отаси Наполеон эканлигини билиш унча қийин эмасди. Наполеон «Ҳайвон ферма»сидаги ёлғиз тўнғиз эди. Ферманинг боғида мактаб қурилишини бошлаб юборишди. Қурилиш учун ғишт ва ёғочлар сотиб олишди. Мактаб биноси битгунга қадар ёш чўчқаларни ферма уйининг ошхонасида Наполеоннинг ўзи ўқитди. Улар бўш вақтларида боғни айланишарди. Бошқа ҳайвон болалари билан ўйнашлари тақиқланган эди. Бошқа ҳайвонлар чўчқаларни алоҳида иззат-ҳурмат қилишарди. Агар улар билан дуч келиб қолинадиган бўлса, албатта, чўчқаларга йўл бўшатилади. Бу ҳайвонлар орасида одатга айланиб борарди. Якшанба кунлари ҳамма чўчқалар думларига яшил лента тақишарди. Бу ҳам одатий ҳолга айланиб қолганди. «Ҳайвон ферма»сида эришилган ютуқлар талайгина бўлса-да ҳанузгача пулдан қийналишарди. Мактаб қурилиши учун ғишт, қум, оҳак сотиб олишди. Шамол тегирмонининг асбоб-ускуналарини сотиб олиш учун эса яна пул жамғариш керак эди. Шунингдек, лампа мойи, отларга шамлар, Наполеннинг ошхонадаги столи устига шакар (бошқа чўчқалар семиз бўлганликлари сабабли шакар ейишларига рухсат берилмасди), миқ, ип, кўмир, ҳар хил симлар, темир ва печенье кабиларни ҳам сотиб олиш керак эди. Пичан ва картошкаларни бир қисми сотиб юборилганди. Тухум сотиш шартномаси ҳафтасига олти юз донага кўпайтирилган эди. Шу сабабли ҳам товуқлар камайиб борарди. Бу йил товуқ бошига биттадан жўжа тўғри келди.
Ҳайвон бошига бериладиган улушлар декабрь ойига келиб кескин камайтирилди. Лампа мойини тежаш учун ҳайвонлар яшаётган бинодаги осма фонарларни ёқиш таъқиқланди.
Чўчқалар кундан кунга тўлишиб боришарди. Ташқи кўринишларидан камчиликсиз яшаётганга ўхшашарди. Февралнинг сўнгги кунларидан бирида чошгоҳдан кейин ширин бир ҳид таралди. Ҳайвонлар яқин орада бундай ҳавода нафас олишмаган эди. Бу ёқимли ҳид Жоунз даврида ишга солинган кичкинагина пивохонадан келарди. Бир ҳайвон бу пиширилаётган арпанинг ҳиди эканлигини айтди. Ҳайвонлар буни маъқулладилар ва энтикишиб очкўзлик билан ҳавони ичларига тортишди. Жоунз давридагидек «Ҳайвон ферма»да ҳам биринчи маротаба кечки овқат учун арпа бўтқаси тайёрланаётганлигидан хурсанд эдилар. Лекин бўтқадан дарак бўлмасди. Келгуси якшанба куни эса арпаларнинг чўчқалар учун берилиши эълон қилинди. Мевазор орқасидаги яйлов бузилиб, аллақачон арпа экилган эди. Улуш сифатида ҳар бир чўчқа бошига 1 паунтдан пиво берилаётган ва Наполеоннинг ўзи эса «от пойгаси» сервизида 0,5 галлинг пиво ичаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳайвонлар бўлса ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ деб умид қилишарди. Қийинчиликлар кўп бўлишига қарамасдан, ўтган кунларга, қўзғалондан олдинги даврларга қараганда яхши кунлар келганлигидан хурсанд эдилар. Тез-тез турли хил маросимлар ўтказишиб, қўшиқлар айтишарди. Наполеон ҳар ҳафтада бир марта нишонланиши керак бўлган нарсани ўйлаб топарди ва байрам қилишга буйруқ берарди. Наполеоннинг мақсади «Ҳайвон ферма»сининг ғалабаларини тантаналарга айлантириб юбориш эди. Ҳайвонлар ишларини ташлаб бўлса ҳам ҳарбий намоишларда ферма атрофида айланишлари одатий тусга кириб бораётганди. Ўтказиладиган намоишларда ҳамиша чўчқалар олдинги сафда бўлишарди. Улардан кейин отлар, сўнгра қўйлар, буларнинг кетидан паррандалар жой оларди. Намоишни икки тарафдан итлар қўриқларди. Ҳамма ҳайвонларнинг олдида Наполеоннинг қора бабақ хўрози қаддини тик тутиб борарди. Боксэр билан Кловир эса туёқ ва шох расми туширилган «Яшасин, ўртоқ Наполеон» шиори ёзилган яшил плакатни кўтариб намоишлардан ўтишарди. Бундай байрамларда Наполеон шарафига шеърлар ўқишарди. Скуийлир эса маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўпаяётганлиги ҳақида маърузалар ўқирди. Баъзан осмонга ўқ отишиб салют беришарди. Қўйлар Наполеон томонидан ўйлаб топилаётган байрамларни орзиқиб кутишарди ва намоишларда сидқидилдан қатнашишарди. Баъзан чўчқа ва итлар намоишларга кечикиб келишарди. Бошқа ҳайвонлар уларни кутиб туришига мажбур бўлардилар . Айрим пайтларда баъзи ҳайвонлар вақт йўқотганлари ёки совқотиб қолганликлари ҳақида шикоятомуз гапиришса, қўйларнинг «Тўрт оёқлилар - дўст, икки оёқлилар - душман» деган марашлари дан сўнг жим қолишарди. Умуман, тантаналар ниҳоятида юқори кайфиятда ўтказиларди. Бундай пайтларда ҳайвонлар ўзларини «Ҳайвон ферма»сининг хужайинлари деб ҳис этишар ва бундан ҳайвон жамияти ғояларнинг тўғри эканлигига ишончлари ортарди. Байрам ва байрамларда ўтказиладиган намойишлар уларнинг кўнгилларига таскин бериб, «Ҳайвон ферма»сида яшаётганликларидан қалблари ғурурга тўларди. Куйланаётган қўшиқлар. ўйлаб топилган байрамларнинг тантаналари, Скуийлирнинг статистик рақамлар келтирилган оташин нутқлари, милтиқларнинг отилиши, хўрозларнинг қичқириши, байроқларнинг ҳилпирашлари озгина муддатга бўлса ҳам қоринларининг очлигини унуттирарди.
Апрел ойида «Ҳайвон ферма»си Республика деб эълон қилинди. Янги ташкил этилган Республиканинг Президентлигига фақат бир номзод Наполеон бир овоздан сайланди. Шу куни Сноуболнинг Жоунз билан ҳамкорлик қилганлиги ҳақидаги яна янги ҳужжатлар топилганлиги эълон қилинди.
Топилган ҳужжатларга асосан Сноуболнинг «Молхона жангги»да Жоунз билан ҳамкорлик қилганлиги тасдиқланган эди. Яна бир бор одамлар армиясининг раҳбари бўлганлиги ва «Яшасин, инсоният!»деб жангга кирганлиги ҳужжатларда ўз ифодасини топган эди. Наполеон тишларини Сноуболнинг орқасига ботирганлигини бир неча ҳайвонлар қайта-қайта эслашди.
Ёз ойининг ўрталарида қўзғалондан кейин кўринмай кетган Мусо бирдан яна пайдо бўлиб қолди. У ҳеч ўзгармаганди. Бирор жойда ишламасди. Шакарқанд тоғи ҳақида олдингидай афсоналар сўзларди. У тўнгакда ўтириб олиб, қанотларини қимирлатиб-қимирлатиб, соатлар давомида тўхтамасдан гапирарди. Унинг атрофини ҳайвонлар ўраб олишарди. «У ерда, ўртоқлар,- дерди каттакон тумшуғи билан осмонни кўрсатиб ва юзларига жиддий тус бериб, сиз кўриб турган қора булутлар ортида, у дунёда ҳозир тортган азобларимизнинг роҳатини кўрамиз. Ором юрти деб аталган жойда Шакарқанд тоғи бор. Баланд учган пайтларида ҳатто унинг ўзи ўша юртни кўрганлиги, Шакарқанд тоғига қанотлари тегай-тегай деганини айтарди. Ҳайвонларнинг кўплари унга ишонардилар. Бу ерда оч-наҳор тинимсиз меҳнат қилинса-ю, қаердадир тўкин-сочинлик ва фаровонлик бўлса деган фикрлар ҳайвонларинг хаёлидан ўтарди.
Чўчқаларнинг Мусога нисбатан муносабатларини билиш қийин эди. Улар Шакарқанд ҳақидаги айтилган фикрларнинг уйдирма эканлигини айтишарди. Лекин шунга қарамасдан чўчқалар Мусонинг «Ҳайвон ферма»сида қолишига ва ҳеч қандай иш қилмасдан бир оз пиво улуши олишига рухсат беришди.
Боксэрнинг туёқлари тузалди. У янада қаттиқроқ ишлай бошлади. Ҳамма ҳайвонлар ҳам мистер Жоунз давридагидай қуллар каби ишлашарди, «Ҳайвон ферма»сида шамол тегирмони қурилишидаги каби бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали ҳам кўп эди. Ёш чўчқалар таълим оладиган мактаб биносини қуриб тугатиш мўлжалланлганди. Қурилиш март ойида бошланганига қарамасдан ҳанузгача чала ётарди. Қорни тўйиб овқат емаётган ҳайвонларнинг меҳнат қилишлари борган сари оғирлашарди. Боксэр ҳеч нолимасди, қариб, белидан қуввати кетиб бораётганлигини сездирмасликка ҳаракат қиларди. Худди ёшлардек завқ билан меҳнат қиларди. Фақат унинг кўриниши бир оз ўзгарган эди. Терисининг ранги оқишроқ тусга кирган, думғазалари эса ичига кириб кетган эди. Ҳайвонлар баҳор келиши билан Боксэрнинг яна тўлишиб кетишини башорат қилишарди. Лекин баҳор ойи келганида ҳам Боксэр ўзгармади. Илгаргидай тош конининг тепасидаги нишобликдан катта тошларни судраётганида унинг мускуллари ҳозир ҳам бўртиб кетарди.
Лекин куч-қувватидан ҳам кўра иродасига суяниб ишлаётгани сезилиб қоларди. Ҳар доим «Мен кўпроқ ва тезроқ ишлашим керак» деган фикр уни тинчлантирмасди. Лекин товуши чиқмасди. Кловир ва Бенямин совуқдан эҳтиёт бўлиши кераклигини қайта-қайта уқтиришарди. Лекин Боксэр ҳар доимгидай эътибор бермасди.
Боксэрнинг 12 йиллик юбилейи яқинлашмоқда эди. Лекин унинг ўзи буни хаёлига ҳам келтирмасди. Нафақага чиққунга қадар янада кўпроқ тошлар йиғиб, шамол тегирмонининг қурилишини тезлатишни ўйларди. Ёз кунларининг бирида шом пайти Боксэрнинг ҳолдан тойиб йиқилганлиги ҳақидаги хабар келди. Ўзи ёлғиз шамол тегирмони қурилаётган майдонга катта тошларни тепаликка судраб олиб чиқиш учун кетганди. Тарқалган хабар ҳақиқатдан тўғри бўлиб чиқди. Каптарлар Боксэрнинг йиқилиб ётганини ва ўрнидан туролмаёттанлиги ҳақидаги хабар билан келишди. Ҳайвонларнинг ярми шамол тегирмони қурилиши томон чопиб кетишди. Не кўз билан кўрсинларки, шу қадар кучли бўлган Боксэр арава шотисининг орасида бошини кўтаролмай ётарди. Кўзлари очилган ҳолда қотиб қолганди. Совуқ тер баданидан сувдай оқарди. Оғзидан қон сизарди. Кловир тиззалари билан Боксэрнинг олдига чўккалади.
Энгашиб туриб:
- Боксэр, аҳволингиз қалай? Нима бўлди, Сизга?!- деб сўради.
- Менинг ҳаётим оз қолди. Жуда ҳам оз қолди,-деб жавоб берди Боксэр. У кучаниб зўрға гапирарди. Шамол тегирмонининг қурилишини, албатта, тугатасизлар деб ўйлайман. Анчагина тош тўпланди. Менинг нафақага чиқишимга ҳали бир ой муддат бор. Мен ўша кунга етиб бораман деб умид қилгандим. Бенямин ҳам қариб қолди. Чўчқалар иккаламизни бир пайтда нафақага чиқишимизга рухсат берар деб ўйлаётган эдим. У менга ҳамхона бўларди.
- Чўчқаларни ёрдамга чақириб, бўлган воқеани Скуийлирга айтишимиз керак,- деди Кловир.
Ҳамма ҳайвонлар Скуийлир яшайдиган уйга шошилдилар. Боксэрнинг ёнида унсиз товушини чиқармай тикилаётган Кловир ва думи билан пашшаларни қўриётган Бенямингина қолдилар. Ўн беш минутлар чамаси вақт ўтгандан кейин меҳрибон ва шафқатли, ҳамма учун ғамхўр бўлган ўртоқ Наполеон ферманинг энг содиқ ишчиларидан бирининг шамол тегирмони қурилишида бахтсиз воқеа рўй берганлиги ҳақидаги сўзларини маюслик билан тинглаётганди. Наполеоннинг содиқ ишчиси ҳайвонларга Вилингдондаги шифохонага Боксэрни даволаш учун юбориш тайёргарлиги аллақачон кўрилаётганлигини хабар қилди. Лекин ўзларининг энг яхши ўртоқларини инсон қўлига топшириш ҳайвонларга ёқинқирамади. Ахир Молий билан Сноуболдан бошқа ҳеч бир ҳайвон уларнинг фермасидан кетмаган эди-да! Наҳотки уларнинг касал ўртоқлари инсон қўлига тушса! Билиб бўладими, ахир! Лекин Скуийлир Вилингдондаги ҳайвонлар табиби Боксэрни яхши даволашини тушунтирди. Ҳайвонлар Боксэр фермада ётиб даволангандан кўра табибнинг қўлида соғайиб кетишига ишондилар. Ярим соатлар муддатдаги вақт ўтгандан кейин Боксэр ҳайвонлар ёрдамида ўрнидан турди. Оёқларини қийинчилик билан зўрға босарди. Оқсоқланиб Кловир ва Бенямин сомон тўшаб тайёрлаб қўйган жойга бориб ётди ва икки кун давомида бир жойда ётиб қолди. Чўчқалар ҳаммомдан топилган пушти дориларни Боксэрга беришди. Дорилар катта шишага солинган эди. Кловир овқатланиб бўлиши биланоқ Боксэрнинг олдига борарди. Супасида ётган Боксэр билан ҳасратлашарди. Бенямин эса пашшаларини қўриб индамай ўтирарди. Боксэр ўтган умридан рози эканлигини, қайта-қайта таъкидларди. Агар тузалиб кетса яна уч йил яшашини башорат қиларди. Нафақахўрларга ажратилган катта майдоннинг бир бурчагида осойишта ўтказиладиган кунларга умид боғларди. Бу пайтда ўқиш ва ўрганишга, ўз устида ишлашга кўп вақт бўларди. Қолган алифбонинг 22 ҳарфини ўзлаштиришга имконияти топилишидан хурсанд эди.
Бўлиб ўтган воқеадан бир неча кун ўтгандан сўнг кундузи чошгоҳларда усти ёпиқ от арава Боксэрни шифохонага олиб кетгани келди. Фермада Беняминдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳайвонлар чўчқалар бошчилигида далаларни ёввойи ўтлардан тозалаётгандилар. Улар товушининг борича ҳанграб чопиб келаётган Беняминни кўриб хайрон бўлдилар. Умрлари бино бўлиб Беняминнинг бу қадар ҳаяжонланганини кўрмаган эдилар, шунчалик тез чопишини ҳам билмасдилар.
- Тезрок келинглар. Улар Боксэрни олиб кетишаяпти, - дея бақирарди Бенямин. Ҳайвонлар чўчқалардан рухсат сўрамасданоқ ишларини ташлаб ферма биноси томон чопдилар. Ҳақиқатан ҳам ҳовлида тепаси ёпиқ икки от тортадиган арава турарди. Араванинг ён томонида нимадир деб ёзилган эди. Арава тепасида эса муғомбирлиги юзларида шундоққина билиниб турган, бошига қалпоқ кийиб олган аравакаш ўтирарди. Боксэрнинг сомон тўшалган супаси бўшаб қолган эди. Ҳайвонлар арава атрофини бир зумда ўраб олдилар. Улар кўз ёшларини оқизиб:
- Хайр Боксэр! Хайр яхши боринг!,-деб хайрлашишарди.
- Аҳмоқлар, аҳмоқлар,-дея чинқирди тепсиниб туриб Мюриэл кичкинагина туёқлари билан ерни ўйганича. Араванинг ёнига ёзилган сўзларни кўрмаяпсизларми?!
Ҳайвонлар бирдан аравадаги ёзувга қарашди. Пашша учса эшитиладиган жимлик чўкди. Мюриэл арава ёнига ёзилган сўзларни ҳижжалаб ўқий бошлади. Бенямин Мюриелни туртиб юбориб, унинг ёнбошида туриб ёзувларга тикилди.
Қабристон сукунати қоплаган ҳавода Мюриелнинг товуши ҳамма ҳайвонларга эшитила бошлади:
- Алфред Симиндз-от қассоби ва сиранч қайнатувчи. Ҳайвон терисини шилувчи ва суяк майдаловчи. Вилингдон. Буларнинг маъносини тушунаяпсизларми?! Улар Боксэрни қассобга бериб юборишаяпти!
Даҳшатли қичқириқлар ҳавони ларзага келтирди. Аравакаш дарҳол бор кучи билан отларга қамчи босди. Отлар жон-жаҳдлари билан аравани тортиб кетди. Ҳайвонлар унинг орқасидан бақириб-чақириб югура бошладилар. Кловир ҳайвонлар тўдасини ёриб олдинга ўтиб олган эди. Отлар эса аравани елдек учириб борарди. Кловир узун ва кучли оёқлари билан тезроқ чопишга ҳаракат қиларди.
-Боксэр, Боксэр, Боксэр,-деб бақирарди Кловир. Араванинг орқасидаги кичкинагина деразадан Боксэрнинг тумшуғи, бурни устидан тўғри тушган оқ чизиқлар ва юзи кўринди. Ташқаридан келаётган товушларга қулоқларини диккайтирди.
- Боксэр,-деб бақирди товушининг борича Кловир. Аравадан тушинг, тушинг аравадан! Улар сизни ўлдиргани олиб кетишяпти! Ҳамма ҳайвонлар жўрликда:
- Аравадан тушинг! Тушинг аравадан,-деб бақиришарди.
Арава эса улардан узоқлашиб борарди. Боксэрнинг Кловир сўзларини тушунган-тушунмаганлигини билиб бўлмасди. Лекин бир зум араванинг орқа деразасида Боксэрнинг юзи йўқолиб, туёқларининг қаттиқ урилганлиги эшитилди. Унинг оёқлари билан тепиниб аравадан чиқишга ва ерга сакрашга ҳаракат қилаётганлигини ҳайвонлар сезишди. Авваллари Боксэр туёқларининг зарби бундай арвани гугурт қутисидай титиб юборарди. Ҳозир эса қариб куч ва қувватдан қолганлиги сабабли ҳеч нарса қилолмасди. Бир неча дақиқалардан сўнг туёқларнинг товуши пасайди, сўнгра умуман эшитилмай қолди. Ҳайвонларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, хафсалалари пир бўлди. Энди аравани тортиб бораётган отларга мурожаат қила бошлашди. Ҳайвонлар уларни тўхташга даъват этишарди:
- Ўртоқлар, ўртоқлар,-дея бошлашди улар. Сизлар ўз биродарингизни ўлимга олиб борманг!
Лекин итоатгўй, эгаларининг буйруғини бажаришга ўрганиб қолган манқурт отлар қулоқларини диккайтириб, қадамларини тезлаштирдилар. Боксэрнинг юзи деразадан қайтиб кўринмади. Қайсидир ҳайвон араванинг олдига ўтиб темир панжарали дорвозани беркитиш кераклигини айтди. Лекин кеч эди. От арава панжарали дарвозадан ўтиб, катта йўлга чиқиб олган эди . Тобора кўздан йўқолиб борарди. Боксэр «Ҳайвон ферма»сига қайтиб келмади ва унинг тақдири ҳайвонларга номаълумлигича қолаверади. Уч кун ўтгандан кейин Скуийлир Вилингдондаги шифохонада табиблар имкони борича Боксэрнинг даволагани лекин ҳеч иложи бўлмаганлиги ва ҳаётдан унинг кўз юмганлиги ҳақидаги хабарни келтирди. Ўзи эса охирги дақиқаларда ёнида бўлганлигини айтди.
- Ҳаётимдаги энг мусибатли воқеа шу бўлди,-деди Скуийлир кўз ёшларини оқизиб. Мен Боксэрнинг охирги нафасига қадар бирга бўлдим. Сўнгги сўзларини ўз қулоқларим билан эшитдим. Боксэр шамол тегирмонининг ишга тушишини кўролмаганлигидан афсусланди.
-Ўртоқлар, Боксэр васият қилди ва уни сизларга етказишни илтимос қилди: Олдинга, ўртоқлар! Қўзғалоннинг номи билан қасамёд қилиб олдинга борамиз! Яшасин, «Ҳайвон ферма»си!. Наполеон ҳар доим ҳақиқатни ҳимоя қилади. Яшасин, ўртоқ Наполеон! Ҳа, ўртоқлар, Наполеоннинг охирги сўзлари шу бўлди.
Скуийлир сўзини тугатиб, ер остидан ҳайвонларга секин кўз югуртирди. Ҳайвонлардан садо чиқмасди. Унинг рангги ўзгариб, юзларидан қон қочди. Кўзларининг соққаси айлана бошлади. Ҳайвонлар унга шубҳа билан тикилишиб, каллаларини ликиллатишарди. Скуийлирга ишоннишмаганлиги кўриниб турарди. Скуийлир Боксэр олиб кетилаётгандаги воқеалардан хабардор эди. Соябон арава ёнига ёзилган «От қассоби» деган сўзларни ўзлари ўқишиб, Боксэрни ўлимга олиб кетишган деб хулосага қилишган бўлса керак деб хаёлидан ўтказди Скуийлир.
- Ўртоқлар, шу қадар содда бўлганингизга ишонгим келмайди,- деб дарҳол сўз бошлади, ахир мен қандай қилиб Боксэрни от қассобининг қўлига тутқазаман. Ҳамма учун бирдай куйинадиган раҳбаримиз Наполеонни, наҳотки, танимай қолган бўлсангиз?! Думини қимирлатиб ғазаб билан туришларини бир кўз олдингизга келтиринг. Раҳбаримиз сизнинг хаёлингизга келган бузуқликка ҳеч қачон йўл қўймайди.
- Йўқ, ўртоқлар! Соябон арава от қассобидан сотиб олиниб, фойдаланиш учун ҳайвон табибига берилган эди. Ёнидаги ёзув эса ўчирилмасдан қолиб кетган. Бу эса сизнинг бошингизни айлантириб қандайдир шубҳали хаёлларга келишингизга сабаб бўлган. Ҳайвонлар Скуийлирнинг сўзларидан бир оз енгил тортишди. Айниқса, Боксэрнинг дардини енгиллатиш учун қилинган ҳаракатлар, шахсан, Наполеоннинг унга берган эътибори, сотиб олинган қимматбаҳо малҳамлар ва ниҳоят, унинг ўлими ҳақидаги муфассал маълумотни эшитганларида гумонлари буткул тарқалди. Боксэрнинг кўзлари юмилаётган пайтда Наполеондан, ўзининг ўртоқларидан ва ўтган ҳаётидан рози эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳайвонларни тинчлантирди.
Наполеон кейинги якшанба куни катта йиғин ўтказди. Боксэрнинг хизматлари ҳақида маъруза қилди. Ҳайвонлар Боксэрнинг жасадини олиб келишни сўрашди. Наполеон бунинг иложи йўқлигини тушунтирди ва «Ҳайвон ферма»сидаги дафна дарахтидан қилинган гулчамбарни Боксэрнинг қабри устига қўйиб келишга рози бўлди. Бир неча кундан кейин эса Боксэрни хотирлаб зиёфат бердилар. Наполеон хотира зиёфатида сўзлаган нутқини Боксэрнинг севимли шиори билан тугатди ва у «Мен бугундан кўра эртага яхшироқ ишлайман», «Ўртоқ Наполеон ҳамиша ҳақ» деган шиорларга ҳамма ҳайвонларнинг амал қилиши лозимлигини таъкидлади. Боксэрни хотирлаш кунида Вилингдондан келган соябон арава чўчқалар турган уй ёнида тўхтади. Аравакаш тахтадан қилинган саватни кўтариб ичкарига кириб кетди. Кечқурун эса чўчқалар яшайдиган уйдаги шовқин-сурон узоқ давом этди.
Ҳайвонларнинг асабини қақшатадиган қўшиқлар айтилди. Чўчқаларнинг жанжаллашгани ва соат ўн бирлар атрофида ойнанинг синган товуши эшитилди. Эртаси чошгоҳга қадар ферма уйининг олдида ҳеч бир чўчқа кўринмади. Кечга бориб чўчқаларнинг вискига пул ажратганлари ҳақидаги хабар «Ҳайвон фермаси» бўйлаб тарқалди.