Hikoyalar
February 20, 2019

Jorj Oruell. Xayvonlar fermasi

VII BOB

Қаҳратон қиш кириб келди. Бўронли оби ҳаводан кейин изғиринли кунлар бошланди. Қор эринмай майдалаб ёғарди. Тунлари ниҳоятда аёз, ерлар метиндай қотиб, далалардаги ўт-ўланлар ҳам музлаб қолган эди. Қаҳратон совуқ февраль ойига қадар давом этди. Февраль ойида ҳавонинг совуқ бўлишига қарамасдан ҳайвонлар шамол тегирмонининг қурилишини бошлаб юбордилар. Улар «Ҳайвон ферма»сида бўлаётган воқеаларни одамлар четдан кузатиб турганликларини, агар шамол тегирмонининг қурилиши тўхтаб қоладиган бўлса, бундан душманларнинг қувонишларини ҳам билишарди. Одамлар ҳайвонларнинг ишларига ғараз билан қарардилар. Шамол тегирмонининг вайрон бўлганлиги ҳақидаги хабарлар ёлғон эканлигини билдириш мақсадида Наполеон хийла ишлатди. Шамол тегирмони деворларининг қалинлигини оширмоқчи бўлди. Бу билан одамлар шамол тегирмонининг деворларини мустаҳкамлаш учун деворларни ҳайвонларнинг ўзлари бузишиб қайтадан қуришаяпти деган хулосага келишлари керак эди. Шунинг учун олдинги ярим метр қалинликдаги деворлар ўрнига икки метр қалинликдаги деворлар олина бошлади. Бунинг учун эса яна қўшимча тошлар йиғиштирилиши керак эди. Тош қони эса қалин қор остида қолиб, у ерда ишлашнинг ҳеч иложи йўқ эди. Кейинги кунларда қор ёғиши тўхтаб, оби ҳаво бир оз юришди. Ҳайвонлар қийналиб бўлсада бир оз ишлашга ҳаракат қилишарди, уринишлар эвазига иш ўта секинлик билан силжирди. Ҳайвонлар илгаридек иштиёқ билан меҳнат қилишмасди. Кайфиятлари тушкун эди. Ҳар куни совуқда ишлашга мажбур бўлишар, қоринлари эса овқатга тўймасди. Фақат Боксэр ва Кловиргина умидсизланмас эдилар. Скуийлир эса шарафли меҳнат, унинг машаққатлари ва қувончлари ҳақида тинмай нутқ сўзларди. Ҳайвонлар Боксэрнинг келажакка бўлган ишончи, умиди ҳамда бугун кечагидан кўра яхшироқ ишлашим керак деган шиоридан озгина бўлса ҳам илҳомланардилар. Айниқса, унинг ишлаб чарчамаслиги ҳайвонларга мадад бериб турарди.

Январь ойига келиб тўпланган озиқ-овқатлар озайиб қолди. Берилаётган маккажўхори улушлари кескин камайтирилди. Унинг ўрнига музлаб қолган картошкалар берила бошлади. Картошкалар даланинг ўзида тўпланган ҳолда қолиб кетган эди. Улар қопларга солиниб устма-уст тахланган бўлишига қарамасдан қорнинг тагида қолиб, аёзли тунларда музлаган эди. Қоплар совуқни ўтказмайдиган даражада қалин эмас эди. Шунинг учун картошкалар музлаб, қорайиб кетган эди. Бир қоп картошкадан фақат бир неча донасинигина ишлатиш мумкин эди. Қуруқ сомондан бошқа егулик ҳеч вақо йўқ эди. Ҳайвонларнинг юзлари бурушиб кетганди. Кайфиятлари тушкун эди. «Ҳайвон ферма»сидаги бўладиётган воқеаларни ташқи оламдан яшириш керак эди. Одамлар эса шамол тегирмонининг инқирозидан илҳомланиб янги-янги ёлғонларни тўқишарди. Ер юзидаги фермалар бўйлаб «Ҳайвон ферма»сидаги яшаётган ҳайвонларнинг очлик ва касалликдан қирилиб кетаётганлиги, бир-бирларини аёвсиз ўлдираётганлиги, ҳайвонхўрлик ва болахўрлик авж олганлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди.

“Ҳайвон ферма”сидаги ҳақикий аҳвол бошқа фермаларга маълум бўлиб қолса, натижаси ёмон бўлишини биларди. Шу сабабдан «Ҳайвон ферма»сидаги яшаш шароитининг яхшилиги ҳақида одамларда таассурот уйғотмоқчи бўлди. Бу ниятни амалга ошириш учун мистер Вимпелдан фойдаланишга қарор қилди. Ҳар ҳафтанинг бошларида келиб-кетиб юрган мистер Вимпел билан ҳайвонлар орасида деярли алоқа бўлмасди. Наполеоннинг кўрсатмаларига кўра ҳайвонлар мистер Вимпелнинг олдида асосан фермадаги тўкин-сочинлик ҳақида гаплашадиган бўлиб қолишди. Айниқса, ўзларига берилаётган улушларнинг кўпайтирилгани ҳақида тинмай сўзлашарди. Наполеон ҳайвонлар ётадиган бинолар ичидаги супаларга қоқилган охурларнинг ичини қум билан салкам тўла қилиб тўлдиришга буйруқ берди. Қумнинг устига эса охурларни тўлдириб ғалла тўкиб қўйишди. Наполеон мистер Вимперни атайлаб бино ичидаги супаларга қоқилган дон тўла охурлар орасидаги олиб ўтарди. Мистер Вимпер ем тўла охурларни кўра ва алданганлигини сезмасди. Фермадан чиқиб Наполеон мўлжаллагандай, ҳайвонларнинг овқатдан камчилиги йўқ эканлиги ҳақида хабар берарди. «Ҳайвонлар ферма»сида бўлаётган очарчилик ҳақидаги гапларнинг бекорлигини тасдиқларди.

Январь ойининг охирларига келиб ғалла сотиб олиш зарурияти сезилиб қолди. Наполеон ферма ҳовлисида камдан кам кўринарди. У тўрт томонидан жаҳлдор ва кучли итлар билан қаттиқ қўриқланаётган уйида туну кун ўтирарди. Ферма ҳовлисига чиққан пайтларида бўрисифат олти ит атрофини ўраб оларди. Наполеон салобат билан салмоқли қадам ташлар, ҳайвонларнинг бирортаси унга яқинлашмоқчи бўлганида итлар тишларини кўрсатиб иррилларди. Одатда Наполеон якшанба кунлари эрталаб кўринмасди. Бир чўчқа унинг буйруқларини Скуийлирга, Скуийлир эса бошқа ҳайвонларга етказарди.

Якшанба кунларининг бирида Скуийлир тухум туғишга келган товуқларга ўз тухумларини зудлик билан топшириш ҳақидаги янги қарорни эълон қилди. Наполеон Вимпер орқали ҳар ҳафтада тўрт юзтадан тухум сотишга шартнома тузганди. Тухумларга тўланадиган нарх эса Наполеон кутгандан кўра юқорироқ эди. Агар бундан фойдаланилмай қолса, иссиқ кунлар бошланиб, тухумга тўланадиган нарх пасайиб кетарди. Ферма ҳайвонлари учун сотиб олинадиган ғалла ва дон маҳсулотларининг пули сотилган тухумлар ҳисобидан тўланиши мўлжалланган эди. Бу қарорни эшитган товуқлар ваҳима билан бақир-чақир қилишди. Бу «қурбонлик» ферманинг оёққа туриши ва ҳайвонларни қишдан эсон-омон олиб чиқиш учун кераклиги ҳақидаги тушунтиришларига қарамай кўпайишлари учун иссиқ, пана, ишончли жойлар тайёрлаётган эдилар. Ҳозирги тухумларини тортиб олиш келгуси авлодларига қирон солиш билан тенглигини англаб турардилар. Жоунз қувилгандан бери «Ҳайвон ферма»сида атиги бир мартагина норозилик билдириб тўполон қилинган эди. Лекин у дарҳол бостирилганди. Ҳозир ҳам товуқлар томонидан тайинланган уч ёш раҳбар Наполеон қарорига товуқларнинг қаршилигини билдиришди. Қолган товуқлар фермада ўрнатилган ёғочларнинг устига чиқиб олишиб, бор овозлари билан қичқиришарди. Ёғочлар устида туриб тухумларини туғиб юборишди. Ерга тушган тухумлар чил-парчин бўларди. Наполеон тезлик билан чора кўра бошлади. Товуқларга берилган жазолар раҳмсизлик билан амалга оширилди. Аввало товуқларга тухум туғишни тўхтатишга буйруқ берди. Сўнгра берилаётган озуқа тегиши ҳам тўхтатилди. Товуқларга ёрдам берган ҳайвонларга ўлим жазоси эълон қилинди.

Ҳайвонларга уларнинг ўнг ва чап томонида жойлашган Фоксвуд ва Пинчфийлд фермаси томонидан Сноуболнинг яширилганлиги ҳақидаги хабарлар етиб келди. Бу вақтга келиб Наполеоннинг бошқа фермалар билан муносабати анча яхшиланган эди. Ферма ҳовлисида кўп йиллардан бери сақланаётган ёғочлар бор эди. Улар қуруқшаб кетганди. Мистер Вимпел ёғочларни сотишга маслаҳат бериб, мистер Пилкингтин билан мистер Фредрик сотиб олишга розилигини айтди. Наполеон ҳам ёғочларни сотишга кўнганди. Лекин фермерлардан қайси бири билан алоқа қилишни билмасди. Фредрик билан алоқа қилиб бўлмасди. У ўз фермасида «Ҳайвон ферма»сининг душмани бўлган Сноуболни яширганлигини биларди. Пинчфийлд билан савдо муомаласига киришай деб турганда Сноуболнинг айнан Пинчфийлда эканлиги ҳақида хабар топди.

Баҳорнинг илиқ кунларида «Ҳайвон ферма»сида ваҳималик воқеалар юз бера бошлади. Сноубол зулмат қоплаган тунда «Ҳайвон ферма»сига ўрмалаб келиб зарар етказарди. Маккажўхори ўғирлар, сут тўлдирилган пақирларни оғдарар ва тухумларни синдирарди. Ҳайвонлар тунларни уйқусизлик билан ўтказшарди. Ваҳима билан тонг оттиришарди. Сноубол уруғ экилган далаларни аёвсизлик билан топтарди. Мева дарахтларининг пўстлоғларини ғажиб ташларди. Фермадаги бўлаётган ҳар бир кўнгилсиз воқеа Сноубол билан боғланарди. Ҳайвонлар ҳатто деразанинг кўзи синганида ҳам, зовурлардаги сувлар хас-хашак тушиб тўсилиб қолганида ҳам Сноуболнинг келиб кетганлиги ҳақида гапиришарди. Ҳатто молхона эшигининг калити йўқотиб қўйилганида ҳам Сноубол келиб калитни қудуққа ташлаб юборганига ҳайвонлар ишонган эдилар. Калитни дон солинган қопнинг тагидан топиб олганларида ҳам Сноубол ва калит ҳақидаги гаплар тўхтамасди. Бунга ҳамма ҳайвонлар ишонишарди. Сигирлар ярим тунда қаттиқ уйқуга кетганларида Сноубол супаларига ўрмалаб келиб сутларни соғиб кетаётганлиги ҳақида якдиллик билан гапиришарди. Каламушларнинг Сноуболга ёрдам бераётганлари ҳақида овозалар тарқалди. Наполеон фермада рўй бераётган воқеаларни текширишга буйруқ берди. Ўзи эса шахсан итлар қуршовида ферма атрофини ўралган тўсиқларнинг ички ва ташқари томонидан айланиб текширди. Бошқа ҳайвонлар эса Наполеонга ҳурмат кўрсатиш мақсадида анчагина масофа оралигида унга эргашишарди. Наполеон баъзан тўхтаб, Сноуболнинг изларини аниқлаш учун ерни искарди. У молхонани, товуқхонани, сабзавотлар турадиган омборхонани, экинлар эқиладиган ер майдонини, хуллас, ферманинг ҳар бир бурчагини синчковлик билан жиддий искаб чиқди. Деярли ҳамма жойдан Сноуболнинг изларини топди. Наполеон бурнини ерга қадаб туриб бир неча марта чуқур нафас олиб ерни ҳидларди-да, сўнгра даҳшатли овоз билан бақирарди. «Сноубол! У бу ерда бўлган! Унинг исини аниқ билаяпман!». «Сноубол» деган номни итлар эшитишиб қонлари қайнаб кетарди, курак тишлари кўринадиган даражада оғизларини очишиб вовуллашарди. Ҳайвонлар бутунлай ваҳимада қолган эдилар. Уларга Сноуболнинг номини эшитиш- дан ҳам қўрқардилар. Унинг устига ҳар хил овозаларнинг тарқалиши ҳайвонларни безовта қиларди. Скуийлир ҳамма ҳайвонларни йиғди. Унинг юзларида ваҳимали ифода қотиб қолган эди. Ўрганиб чиқилган масала бўйича ахборот бермоқчи эканлигини жиддий туриб эълон қилди:

-   Ўртоқлар,-деди Скуийлир, оғирлигини гоҳ, у оёғига, гоҳ бу оёғига ташлаб туриб асабий товущда, - атрофимизда ноҳуш воқеалар бўлаётганлиги ҳаммамизга маълум. Буларнинг ҳаммаси Сноубол томонидан уюштирилган фитналардир. У Пинчфийлд фермасининг соҳиби Фредрикка сотилган. Улар ҳамкорликда «Ҳайвон ферма»сига ҳужум қилиш учун тайёргарлик кўришаяпти. Ўртоқлар, биз эгалик қилаётган фермани қўлимиздан тортиб олиб, яна устимиздан ҳукмронлик қилишмоқчи. Бунинг учун улар аллақачон ҳужум режасини тузиб чиқишган, Сноубол раҳбарлик қилади. Ундан ҳам ёмонроқ бир масалага эътиборингизни тортмоқчиман. Сноуболнинг ҳужуми умумҳайвоний манфаатлар учун эмас, балки ўзининг шахсий манфаати туфайли қилинаётган ҳаракатдир. Бу ишга уни мажбур қилган аҳмоқона мағрурлиги эканлигини англаб етишингиз керак. Сноуболнинг шу даражага келиб қолиши сабабларини биласизми? Йўқ, билмайсиз! Сноуболнинг ҳамиша Жоунз билан ҳамкорлик қилиб келганлигини, Сноубол Жоунзнинг ҳайвонлар орасидаги жосуси бўлганлигини унитилган қоғозлар ичидан топилган янги ҳужжатлар асосида аниқланган янги далиллар исботламоқда. Ўртоқлар, қўлимиздаги мавжуд кўп муаммоларни ойдинлаштириш учун ёрдам бермоқда. "Молхона жангги"да биз ҳайвонларнинг мағлуб бўлишимизга Сноубол томонидан жиддий ҳаракат қилинганлиги маълум бўлиб қолмоқда. Сизлар, буни албатта сезган бўлишларингиз керак. Ҳайриятки, унинг уринишлари бефойда кетиб, бу аёвсиз жангда ғолиб чиқдик. Ҳайвонлар Скуийлирнинг гапларини эшитаётган қулоқларига ишонишмасди. Улар донг қотиб қолган эдилар. Бу эшитаётган хабарлари олдингиларига қараганда минг баробар ёмонроқ эди. Шамол тегирмонини вайрон қилишдаги Сноуболнинг "хизматларига" ҳайвонлар эндигина ишонишаётганди. Буниси эса ошиб тушди. Берилган маълумотларни ўзларига сингдиришлари бир мунча қийин бўлди. Чунки "Молхона жанги"да Сноуболнинг яғринига ўқ тегиб, оғир ярадор бўлганлигини улар ҳали унутмагандилар. Жанг майдонидан чекинмай одам-душманларга қарши қаҳрамона курашган Сноубол ҳайвонларни руҳлантириб юборган эди. Жанг майдонидаги манзараларни хаёлларида тикладилар. Йўқ, Сноуболнинг жосус бўлганлигига ишониш қийин эди. Кўз олдиларига келтирган манзараларда Сноуболнинг шубҳалантирувчи бирор ҳаракати кўринмасди. Боксэрнинг калласи ғовлаб кетди. Миясида жавоб топиш мушкул бўлган саволлар ғужғон уйнай бошлади. Туёқларини кўксининг остига босиб, кўзларини маҳкам юмиб, ётиб олган ҳолда зўр бериб ўйланарди. Фикрларини тартибга солишга ҳаракат қиларди. Ниҳоят :

-Бунга ишонмайман. Айтилган гаплар асосли эмас,-деди Боксэр. Сноубол «Молхона жангги»да ботирлик билан курашган эди. Буни ўз кўзларим билан кўрганман. Унинг устига биринчи даражали «Қаҳрамон Ҳайвон» ордени билан мукофотланган эди-ку! -деди Боксэр. Ҳамма ҳайвонлар Сноуболнинг яғринидан қон оққанлигини кўрганмиз.

-Бу ўзаро келишиши натижаси бўлган, - деди Скуийлир. Аслида Жоунзнинг ўқи унинг орқасини ялаб ўтган, холос. Агар сизлар озгина бўлса ҳам ўқишни билиб саводингизни чиқарган бўлганингизда келишув ҳужжатини кўрсатган бўлардим. Ўзингиз уни ўқиб кўриб, бу гапларга ишонч ҳосил қилардингиз. Ҳужжатлардаги келишувга биноан яраланиш кескин дақиқаларда чекиниб вақтинчалик фермани ҳайвонларга қолдириш учун берилган белги эди. Бу фитна ҳақиқатдан ҳам ўзини оқлаганди. Ўртоқлар, аслида қаҳрамонлик кўрсатган ҳурматли раҳбаримиз Наполеон бўлган. Акс ҳолда Сноубол ғалаба қозонган бўларди. Бўлиб ўтган воқеаларни бир эслаб кўринг. Жоунз ва унинг хизматкорлари фермага бостириб келишганида Сноубол уларга қарши чиқиш ўрнига айланиб қочиб қолди. Баъзи ҳурматли ҳайвонларимиз ҳам унга эргашган эдилар. Жангнинг кескин дақиқаларида доно раҳбаримиз ўртоқ Наполеон ҳайвонлардаги қўрқувни енгишга ёрдам берган. «Инсонларга ўлим!" деб ҳайқириб олдинга ташланиб, ўткир тишларини Жоунзнинг оёқларига ботирганди. Ўйлайманки, албатта, бу воқеа эсингиздан чиқмаган! Хотирангизда ҳали узоқ вақт сақланиб қолади»!- деди Скуийлир, оғирлигини у оёғидан бу оёғига ташлаб туриб Скуийлир жанг манзараларини муфассал, ипидан игнасига қадар тасвирлаб Наполеоннинг жангда кўрсатган қаҳрамонликларини ҳайвонлар хаёлида тиклашга ҳаракат қиларди. Унинг сўзларини эшитиб турган ҳайвонлар тасдиқ аломатини билдириб бошларини қимирлатдилар. Гўё воқеаларни ғира-шира эслагандай қилиб ўзларини кўрсатадилар. Лекин ҳар ҳолда жанг майдонини айланиб қочиб бораётган Сноуболни ёдларига туширишди. Боксэр ҳеч тушунолмай қийналарди, шунинг учун сал озгина ноқулайлик билан:

-Сноуболнинг жанг майдонида сотқинлик қилганига ишонолмаяпман, - деди.

«Ҳайвон ферма»сидаги кейинги пайтларда рўй берган воқеаларда ҳақиқатдан ҳам душманлик қилинган бўлиши мумкиндир. "Молхона жангги"да эса_ботир сафдош ва қаҳрамон жангчи бўлганига ишонмасдан иложим йўқ.

- Раҳбаримиз ўртоқ Наполеон, - деб сўзлай бошлади Скуийлир сокин ва қаътийлик билан баланд овозда, - қўзғалон ҳақида ҳар хил фикр ва хулосалар сурилмасдан илгариёқ Сноубол Жоунзнинг жосуси бўлганлигини айтган эдилар. Менинг эсимда турибди, ҳа.

- Бу бошқа гап, - деди Боксэр. Агар ўртоқ Наполеон шундай деяётган бўлса бу жуда тўғри ва асосли фикрдир. Ўртоқ Наполеон ҳамиша ҳақ ва тўғри гапни айтадилар.

- Ҳа, бу асосли фикр, - деди Скуийлир Боксэрга дадил қараб. Унинг кўзлари бир ёниб ўчган юлдуздай совуқ ялтираб кетди. Бир дақиқа жимликдан сўнг:

- Ўртоқлар, - деди,-биз жуда ҳушёр бўлишимиз керак. Орамизда Сноуболнинг маҳфийлари борлигини, улар бизнинг қаторимизда ўтирганлигини ҳеч бир ҳайвон инкор этолмайди. Скуийлир фермадаги ҳайвонларнинг ҳушёр бўлишлари лозимлигини яна бир бор таъкидлаб, уларни қаттиқ огоҳлантирди.

Орадан тўрт кун ўтгач, тушликдан сўнг Наполеон ҳамма ҳайвонларни ферма ҳовлисига йиғишга буйруқ берди. Ҳайвонлар тўпланиб бўлганларидан сўнг, Наполеон ўз уйидан чиқди. У кўксига орденларини (яқиндагина ўзини-ўзи биринчи даражали "Қаҳрамон Ҳайвон", иккинчи даражали "Қаҳрамон Ҳайвон" орденлари билан мукофотлаган эди) тақиб олганди. Уни тўққизда катта ва баҳайбат ит ўраб олганди. Итлар ҳайвонларнинг суяк - суякларигача титроқ солувчи товуш билан ирриллардилар. Ҳайвонларнинг этлари сесканиб кетди. Қўрқанларидан бир-бирларининг пинжига суқилишди. Ҳозир қандайдир даҳшатли воқеа юз беришини кута бошлашди. Наполеон йиғилганларни қонга тўлиб кетган қаҳрли кўзлари билан бир-бир кузатиб чиқди ва ўткир чийиллаган товуш чиқарди. Итлар жон -жаҳтлари билан олдинга сакрадилар. Тўрт ёш чўчқанинг қулоқларидан тишлаб, судрашди. Оғриқ зўри ва даҳшатдан чийиллаётган чўчқаларни Наполеоннинг оёқлари остига келтириб ташладилар. Уларнинг қулоқларидан қон оқарди. Итлар қон лаззатини туйиб янада ваҳшийлашди. Чўчқалар ўзларини айбдор деб ўйлашиб қўрқувдан титрашарди. Наполеон ўз гуноҳларини ихтиёрий равишда буйниларига олишга чўчқаларни ундади. Улар Наполеоннинг «Якшанба кунлари мажлисларни бекор қилиш» ҳақидаги қарорига эътироз билдирган тўртта ёш чўчқалар эди. Чўчқалар Сноубол фермадан қувилгандан буён яширин алоқа қилганликларини, шамол тегирмонини вайрон қилишда ҳамкор эканликларини, «Ҳайвон ферма»сини мистер Фредрикга ўтказишга рози бўлганликларини тан олишди. Шунингдек, Сноуболнинг Жоунз ҳукмронлиги даврида жосус бўлганлигини, буни унинг ўз оғзидан эшитганликларига иқрор бўлишди. Тўрт ёш чўчқа ҳамма "жиноятларини" бўйинларига олганларидан сўнг итлар дарҳол ўткир тишларини уларнинг кекирдакларига ботириб, бошларини узиб ташлашди. Наполеон ҳайвонлар юрагига ваҳшат солувчи овоз билан сотқинлик қилган ҳайвонлар уларнинг орасидан яна топилишини эълон қилди. Тухумлар билан боғлиқ бўлган товуқларнинг «ўзбошимчаликлари»га раҳбарлик қилган уч товуқни итлар тишлаб олиб келтиришди. Бу товуқлар чошгоҳ пайтлари йиғинлар ўтказиб Наполеоннинг буйруқларига қарши чиқишга ундаганлигига қолган товуқлар гувоҳлик беришди. Улар ҳам раҳмсизлик билан бўғизландилар. Кейин эса бир ғоз ўтган йил ҳосилидан олти дона маккажўхори зўғаталарини ўғирлаб тунда еганлигига иқрор бўлди.

Сноубол томонидан онги заҳарланган бир қўй эса сув ичиладиган қудуққа сийиб юборганига, яна бир қўй Наполеоннинг ғояларига ўзини бағишлаган ва сидқидилдан хизмат қилган икки қўй ҳамда тумов касаллигидан азоб чекаётган бир қўчқорни олов атрофида айлантириб ўлдирганига иқрор бўлди. Ҳаммалари ўлдирилди. Жиноятларни бўйинга олиш ва жозолаш узоқ вақт давом этди. Мурдалар Наполеон оёқлари остига ташланаверди. Ҳаво Жоунз қувилганидан бери ҳайвонларга нотаниш бўлиб қолган қон ҳиди билан оғирлашди. Уч ит тўсатдан Боксэрга ташланди. Ўзига қараб учиб келаётган итларни кўрган Боксэр улкан орқа туёқларини ерга маҳкам тиради. Олдинги оёқлари билан ҳавода учиб келаётган итлардан бирини ушлаб олдинги туёқлари остига олди. Ит жон аччиғида вангиллади Қолган икки ит эса думларини қисиб орқага чекинишди. Боксэр туёқлари остида ётган итни ўлдирайми ёки ўлдирмайми деган маънода Наполеонга кўз тикди. Наполеоннинг рангида ранг қолмаган, юзи ўлган чўчқанинг юзига ўхшаб кўкариб кетган эди. "Итни қўйиб юбор", - деб кескинлик билан буйруқ берди. Боксэр туёқларини кўтарди. Кўк рангдаги хол-хол доғлари бўлган ит унинг оёқлари тагидан судралиб чиқди. Ҳамма ҳайвонлар воқеани қандай тугашини сабрсизлик билан кутишарди. Орага оғир сукунат чўкди. Итлар ва чўчқалардан ташқари юрагини олдириб қўйган ҳамма ҳайвонлар тарқала бошлашди. Улар зўр-базўр судралиб боришарди. Қўрққанларидан титраб-қақшардилар, ўзларини ниҳоятда ҳимоясиз ва ғариб сезишарди. Сноубол билан ҳамкорлик қилган ҳайвонларнинг хиёнаткорлиги ва улардан аёвсиз қасос олинганлигидан бошлари қотган эди. Улар қонли воқеаларни жуда кўп бошларидан ўтказган бўлиб, лекин бунақасини биринчи бор кўриб туришлари эди. Ҳайвонлар ўзларини-ўзлари жазолаб, ўлдираётган эдилар. Мистер Жоунз фермадан қувилгандан бери ҳайвонкушандалик бўлмаганди, ҳаттоки зараркунандалик қилган каламушлар ҳам ўлдирилмаганди. Ҳайвонлар ярми тугатилган шамол тегирмони жойлашган тепаликка ўрмалаб чиқдилар. Музлаб бораётган таналарини иситиш учун бир-бириларининг пинжига кирдилар. Кловир, Мюриел, Бенямин ва сигирлар, қўйлар, ғозлар, товуқлар - ҳаммалари шу ерга тўпланишди. Фақат ҳамма ҳайвонларни йиғишга буйруқ берилишидан олдин йўқолиб қолган мушук кўринмасди, холос. Бир неча дақиқалар ўтса ҳам ҳеч қайси ҳайвондан садо чиқмасди. Боксэрнинг оёқлари танасини аранг кўтариб турарди. Асабларининг таранг тортилганлиги юзида акс этарди. Узун қора думи деворга осилган соатнинг тошлари каби у ёқдан бу ёққа бориб келарди. Бирданига заиф товуши билан гапира бошлади:

- Мен ҳеч нарсани тушунмаяпман, фермамизда шундай воқеалар рўй бераётганига ишонгим келмайди. Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз, ҳамма воқеалар масъулиятсизлигимиз туфайли келиб чиқди. Камчиликларимизни тугатишимиз керак. Фақат ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш билангина айбимиз ва гуноҳларимизни ювишимиз мумкин. Эртадан бошлаб мен барвақтроқ туриб бир соат олдин иш бошлайман. Боксэр салмоқдор қадамлар билан тош конига қараб юрди. Тўплаб қўйилган тошлардан икки ҳайвонга мўлжалланганини бирлаштириб туриб, шамол тегирмони томон судрай бошлади. Ҳайвонлар эса Кловир атрофига ўрмалаб келиб, унга ёпишиб олдилар. Улар ётган баланд тепаликдан атроф кафтдек кўриниб турарди. Ҳайвонларнинг кўпчилиги табиатни завқ билан томошо қила бошлашди. Катта йўлга туташиб кетган ям-яшил яйловлар, пичан далалари, тўнтариб қўйилган кўк-кўк осмонга ўхшаб кетувчи сув тўлдирилган ҳовуз ва ҳайдалган ерлар жуда гўзал эди. Ўзлари экиб парвариш қилган, ҳозир бўйи чўзилиб қолган буғдойлар, мўридан буралиб-буралиб чиқаётган тутунлар, молхонанинг қизил туника қоқилган томлари эртаклардагидай сеҳрли эди. Бу кун баҳорнинг мусаффо ва кўркам кунларидан бири эди. Ер устида солланиб турган майсалар ва ферма атрофидаги тўсиқлар қуёш нурида товланарди. Ҳайвонлар учун ҳеч қачон табиатнинг манзаралари бу қадар гўзал ва оромбахш бўлиб туйилмаган эди. Завқларини уйғотадиган фермани ўзлариники эканлиги ёдларига тушиб ҳайратландилар. Тепаликдан пастга қараб, тикилиб турган Кловирнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Юраги тўлиб кетганлигидан гапиролмасди. Ахир фермадаги инсон ҳукмронлигини ағдариб юборишдан мақсадлари бу эмас эди-ку!. Ахир қирғин-баротлар бўлишини орзу қилмаган эдилар!. Нега шундай бўлди?!. Нега бегуноҳ ҳайвон қонлари дарёдек оқмоқда?!. Ахир озод ва бахтиёр кунлар келиши ва тўкин-сочинлик, фаровонлик бўлиши учун курашган эдилар-ку!. Қари майор қўзғалонга даъват этганида бундай хунрезликлар ҳақида огоҳлантирмаганди. Ахир кекса майор ҳамма ҳайвонлар очлик ва хипчинлардан озод бўлиб тенг ҳуқуқли бўлган, ҳар бир ҳайвон қобилиятига қараб ишловчи, эҳтиёжига яраша кун кўрувчи, кучлилар ожизларни, майор нутқ сўзлаган тунда Кловир оёқлари билан етимларни ҳимоя қилгани каби, ҳимоя қилувчи ҳайвон жамоасининг бунёд бўлиши ҳақида сўзлаган эди-ку!. Наҳотки, уларнинг ўрнига ақл бовар қилмайдиган қатағонлик воқеалари рўй бераётган бўлса! Наҳотки ҳар бир ҳайвон эркин фикр юритолмайдиган, ҳар бир бурчакни жаллод болтаси каби тишларини кўрсатиб иррилаётган итлар қўриқлайдиган, англаб олишга ақлнинг кучи етмайдиган, қилмаган гуноҳларига ҳайвонларнинг ўзлари иқрор бўладиган, ҳайвонлар дўстларини ҳам сотиб юборадиган, ҳар бир ҳайвон яқинларидан ҳам ҳадиксирайдиган замон келган бўлса?! Кловирнинг дилида исёнкорлик йўқ эди, қони ҳам қасос ўти билан кўпирмасди. Чўчқаларга бўйсунмаслик ҳақидаги фикрлар ўйини ҳам йўқ эди. Ҳаттоки ҳозирги аҳволимиз Жоунз давридагига нисбатан ва бошқа фермадаги ҳайвонлар кўраётган кундан яхшироқ ўйларди. Жоунзнинг фермага қайтиб келмаслиги учун худди шундай қонли воқеалар заруриятдир деб ўйларди. Кловир «Ҳайвон ферма»сининг ғояларига содиқ эди. Бутун кучи борича жон-дили билан ишларди. Берилган буйруқларни сўзсиз бажарарди. Наполеоннинг раҳбарлигини тўлалигича тан оларди. Бошларига энг оғир кунлар тушган пайтларда ҳам Кловир ва бошқа ҳайвонлар келажакка умид билан қараб яшадилар ва ишладилар, Жоунз ва одамларнинг ўқларига кўксиларини тутиб бердилар, шамол тегирмонини кўрдилар - ҳаммаси бугунги рўй бериб турган воқеалар учун эмас эди. Кловирнинг бошида шунга ўхшаш фикрлар ғужғон ўйнарди, лекин буларнинг ҳаммасини ифодалаш учун сўзлар топа олмаса-да бутун вужуди билан ҳис этиб турарди. Ниҳоят, ҳамма-ҳаммасини ўзида мужассам этувчи «Англия ҳайвонлари» қўшиғини бошлаб юборди. Бошқа ҳайвонлар Кловирга қўшилишди. Гимнни уч марта қайтаришди. Уни салмоқ билан куйлашарди. Ғам-ғуссага тўлиб кетган овоз билан куйлашди. Оҳангини ҳақикий санъаткорлар каби жойига қўйиб куйладилар. Авваллари ҳеч қачон бу қадар берилиб куйламагандилар. Қўшиқ учинчи маротаба куйланиб тугаши биланоқ муҳим бир фикрни айтмоқчи бўлгандай Скуийлир икки ит қоровуллигида ҳайвонларга яқинлашди. Ўртоқ Наполеоннинг махсус қарорига асосан «Англия ҳайвонлари» гимнининг бекор қилинганлиги ва уни куйлаш маън этилганлигини эълон қилди. Ҳайвонлар таажжубланишди.

- Нега? Нима учун? - ҳайрат билан сўради Мюриэл.

- Ўртоқ, «Англия ҳайвонлари» қўшиғи ҳозирги кунимизда биз учун керак эмас, - деди ўта жиддийлик билан Скуийлир. Бу гимнда қўзғалончилар ҳаракати ифодаланган эди. Қўзғалон амалга ошди, мақсадларимиз рўёбга чиқди. Сотқинларнинг қатл этилиши бизнинг мақсадимиз йўлидаги қилинган охирги ва энг сўнгги ҳаракат бўлди. Ташқи ва ички душманларимиз мағлуб бўлишди. «Англия ҳайвонлари» гимнида келажакда бунёд этилиши керак бўлган мукаммал ҳайвонлар жамоаси иштиёқи ифодаланган эди. Ҳозирга келиб бизнинг орзуларимиз амалга ошиб, ана шундай ҳайвонлар жамоаси вужудга келди. Равшан кўриниб турибдики, энди бу гимн ўзини оқламай қўйди. Ҳайвонлар ниҳоятда қўрқиб турган бўлишларига қарамай эътироз билдиришмоқчи бўлдилар. Лекин одатдагидай, қўйлар марашни бошлаб юборишди: Икки оёқлилар - душман, тўрт оёқлилар - дўст». Қўйлар марашни тугатишгандан кейин эса муҳокамага ўрин қолмаган эди. Бу воқеадан кейин «Англия ҳайвонлари» гимни куйланмади. Унинг ўрнига шоир Минимоснинг:

Ҳайвон фермаси, Ҳайвон фермаси!

Мендан сенга зарар етмасин!

деган сўзлар билан бошланувчи гимни яратилди. Якшанба кунлари эрталаб «Ҳайвон ферма»си ҳовлисида байроқ баланд кўтарилганидан кейин шу гимн куйлана бошлади. Лекин ҳайвонлар назарида унинг сўзлари ҳам, оҳанги ҳам олдинги гимнга тенг келолмасди. Бу гимндан негадир ҳайвонларнинг кўнгли тўлмасди.