August 17, 2020

Пандемия шароитида аграр соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

2020 йилнинг 17 август куни Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда қўмита аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, мутасадди идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, жорий йилда бутун дунёда юз берган пандемия билан боғлиқ вазият нафақат одамлар саломатлигини, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш вазифасини ҳам долзарб масалалар қаторига қўйди. Шу жиҳатдан ҳозирда юзага келган шароитда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бу соҳада режалаштирилган кўрсаткичларга эришиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, шу пайтгача амал қилаётган карантин чораларига қарамай, мамлакатимизда мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, мамлакатимиз аҳолисини мева-сабзавот, полиз, картошка маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва экспорт прогноз кўрсаткичларни бажариш мақсадида бир қатор қарор ва дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Унга асосан республика бўйича жами 2 млн 857 минг тонна мева, 1 млн 690 минг тонна узум, 11 млн 974 минг тонна сабзавот, 2 млн 916 минг тонна картошка, 2 млн 504 минг тонна полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогноз кўрсатгичлари белгиланган.

Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш мақсадида очиқ майдонларга жами 387,7 минг гектар шундан 137,3 минг гектар сабзавот, 29,5 минг гектар картошка, 61,8 минг гектар полиз, 82,3 минг гектар дуккакли ва 76,8 минг гектар мойли экинлар экилди. Шунингдек, боғ-токзорлар қатор орасига ҳам тегишли қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган.

Ҳудудларнинг ички имкониятлари ҳамда тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, жорий йилда такрорий экин сифатида 42,5 минг гектар майдонларга картошка экиш белгиланиб, 14,5 мингта фермер ва қишлоқ хўжалик корхоналари кесимида жойлаштирилди.

Бунинг учун уруғлик картошка талаб этилиши шундан, 100,8 минг тоннаси ҳудудларда мавжудлиги ва 33,1 минг тонна етишмаслиги ҳисоб-китоб қилинди. Етишмайдиган уруғлик картошкани 21 та импортёр корхоналар томонидан четдан олиб келиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда импортёр корхоналар томонидан маҳсулот фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Аграр соҳанинг тегишли тармоғини ривожлантириш мақсадида Картошка етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди ҳамда Республиканинг 40 та тумани ушбу маҳсулотни экишга, шундан 23 та туман уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилди.

Бундан ташқари Республикада мева ва узум маҳсулотлари ҳосилдорлигини ва сифатини ошириш мақсадида барча тоифадаги хўжаликларидаги 270 минг гектар (190,2 минг гектар фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида) боғлар мавжуд ҳамда 128 минг гектар (89,8 минг гектар фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида) майдонда токзорлар мавжуд бўлиб, жорий йил баҳор ойларида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида илғор агротехник тадбирлари ўтказилди.

Шу жумладан, қатор ораларини ҳайдаш, суғориш, маҳаллий ўғит чиқариш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов бериш тадбирлари ўтказилди.

Республикада мева-узум маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ички бозор талабини қондириш ва экспорт хажмларини ошириш мақсадида жорий йилда 26 минг гектар, шундан, баҳор ойларида 18,5 минг гектар майдонда интенсив боғ барпо этиш ва 22,2 минг гектар, шундан, баҳор ойларида 12.7 минг гектар майдондаги яроқсиз боғларни бузиш белгиланганлиги йиғилишда қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш, мева-сабзавотчилик кластерларини кўпайтириш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам арофлича таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Манба: Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси СенатинингАхборот хизмати. 17.08.2020.

@deputat_egamberdiyev

Манба: Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси СенатинингАхборот хизмати