October 22, 2025

Хаттотлик мактаблари тарихи фанидан "Очиқ дарс"

Аждодларимиз томонидан турли даврларда ёзиб қолдирилган қўлёзмалар халқимизнинг ўтмиш маданияти, тарихи ва турмуш тарзини ўрганишда қимматли маълумотлар берувчи ишончли манба, ҳужжатдир.

Бизнинг тарихимизга оид салмоқли тарихий манбалар аввал араб тилида яратилган бўлса, айниқса давлат раҳбарлари ёки ҳокимлар араб бўлганларида, кейинча форсий тилда битилдиким, бу тил илмий доиралар, мадраса ва мактабларда умумий тараққиёт даражасини белгиловчи зарурат сифатида ўргатилар ва ХIХ аср охиригача зиёли оилаларда араб тили дин ва “Қуръони карим” тили сифатида, шеърият ва бошқа соҳалар учун форсий ва туркий тиллари истифода этилар эди.

Манбаларни моддий-техник маълумотларига қараб таҳлил этиш ҳақида манбашунос олим А. Мадраимов: “Манбаларни моддий-техник маълумотлари деганда қўлёзма китоб ёхуд ҳужжат битилган қоғознинг ўлчами, қоғози, варақлар сони, муқоваси, матн ўлчами, хати, сиёҳи, хаттоти, асар номи, муаллифи, китобат тарихи, жойи каби маълумотлар назарда тутилади. Бу маълумотлар асар ёзилиш сабаблари, унинг ёзилган жойи ва ўша вақтдаги техник тараққиёт ва ижтимоий-сиёсий муҳитни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Бу маълумотларни аниқламай туриб, асарда баён этилган воқеалар ҳақида, умуман қўлёзма асар ҳақида тўғри ва тўла тасаввурга эга бўлиш, унинг хусусида фикр билдириш мумкин эмас” – деб маълумот келтирган.


Маълумотлар келтирилмаган тақдирда, асарнинг матни, ёзилиш ва китобати тарихи, қоғози, хати ҳамда тили ва тил услубига қараб тахминан аниқланади. Бундай маълумотларни аниқлаш тадқиқотчидан катта ҳаётий тажриба ва юксак малакани талаб қилади. Бу анча қийин ва масъулиятли ишдир. Бундай масалаларни машҳур китоб билимдонлари Ибодулла Одилов, Абдуқодир Муродов, Абдулла Носиров каби юксак малакали мутахассисларгина бир неча ёзма манбаларни солиштириш, қиёслаш асосида ҳал қилишлари мумкин.

Кўп ҳолларда эса муаллиф ўзининг ҳақиқий исмини айтмай, “фақир-у ҳақир”, “ожиз ва хоксор”, “бу ғариб банда” деб аташ билангина кифояланади. Бундай ҳолларда асар варақма-варақ, сатрма-сатр, алоҳида эътибор ҳамда синчковлик билан ўрганилиши лозим. Шундай ҳам бўладики, асарнинг бирон ерида муаллиф ўзи, отаси ёки яқинлари ҳақида бир-икки калима айтиб ўтади. Ёки баён этилаётган воқеага ўзининг муносабатини (масалан, “Абдуллоҳхон тахтга ўтирган вақтда камина Ҳофизи Таниш ибн Мир Муҳаммад 33 ёшда эдим”) билдиради.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин шу илм ва фан, маънавий меросни ўрганишда ижобий ўзгаришлар рўй берди.

Бухорода мустақилликнинг илк йилларида “Диний-маданий, маънавий-маърифий” муҳитни ҳудудда сақлаб қолиш мақсадида унинг ривожи учун янги музей филиаллари ташкил этилди, шулар жумласида Арки Олийнинг ичида жойлашган “Масжиди Жомеъ” (1991) инсонларни эзгуликка бошловчи муқаддас калом “Қуръони карим музейи” XVII – XX асрда машҳур бухоролик хаттотлар томонидан кўчирилган Қуръони карим, ҳадис ва қитъалар ижод намуна экспонатлари билан бойитилди.


Бухорода хаттотлик мактабининг анъанавийлигини қайта тиклаш ва сақлаш мақсадида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Мустақиллик йилларида аждодлардан қолган санъат даражасига кўтарилган хаттотлик маданий ҳаётда ҳам ўз ўрнига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратилди. Ушбу соҳанинг ўзига хос устоз-шогирд анъанаси вужудга келиб, бу йўналишда бир қатор хаттотлар фаолият юритдилар ва улар ижоди давом этмаса-да қуйида шундай хаттотлар ҳақида мухтасар фикр юритилади.

Хаттотлик санъати юртимизда Абдулғафур Раззоқ Бухорий каби фидойи олимлар хизмати туфайли ҳамон давом этяпти. Бу жиҳатдан, Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Муҳиддин Нўъмонов, Ислом Муҳаммадов, Давлат Сафаров, Ҳусен Жўраев, Абдулҳаким Раззоқов, Жаҳонгир Ашуров ва Акмал Муҳиддинов каби Абдулғафур домладан сабоқ олган моҳир хаттотларнинг ишлари эътиборга лойиқ. Аждодларимизнинг хаттотлик борасидаги тажрибасини ушбу авлод ихлос билан ўрганиб, унинг янгидан-янги қирраларини очмоқда. Ҳозирга келиб, хаттотлик фан даражасида эътироф этилиб, халқаро майдонда кўргазма, фестивал, беллашувлар ўтказилмоқда. Уларда ҳам бу хаттотлар муваффақиятли қатнашишяпти. Шундай хаттотлардан баъзилари ҳақида маълумотлар бериш муҳимдир.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз диний, илмий ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш, ёш авлодни уларнинг эзгу анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ва бу хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ана шу вазифаларни самарали ҳал этиш мақсадида 2022 йил 10 февраль Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-126-сонли қарори қабул қилинди.

Сўзимиз сўнггида, Бухоро қозикалони, хаттот ва китобсевар Шарифжон махдум Садр Зиё: “Замонанинг сустлиги, котибларнинг ноёблиги ва хаттотларнинг йўқлиги сабабли ушбу кунларимизда ўтган аср, кечган замонларнинг машҳур котиблари номи бутунлай кўринмай қолди ҳамда исмлари унутилди. Бирор котибни билувчи ёки ёзувини танувчи, уларнинг хушхатлиги қадрига етувчи бирон киши топилмаяпти. Бу каби бефарқлик ва лоқайдлик кун сайин ортиб, борган сари, аксинча, мазкур ҳолнинг яна ҳам авж олаётгани мушоҳада этилмоқда. Ана ўша муҳтарам котиблар номини тирилтирмоқ ҳамда буюк ўринбосарлар номини бошқаларга билдирмоқ илинжида ўз шахсий кутубхонамдаги китобларни ушбу тариқа номма-ном тилга олмоққа ихтиёр этилди. Аллоҳ мададкор бўлсин[1].” – дея ибратомуз насиҳат қолдирган.


[1] Шарифжон Махдум Садр Зиё. Тазкират ул-хаттотон. ЎзФАШИ, инв. № 1304. вар. 15. بنابر فترت زمان و ندرت كاتبان و فقدان خطاطان كار بجاى رسيد كه در اين اوان احوال كاتبان مشهور هر عصر و زمان تماما مصتور نامشان جملة مترك كشت. كسى نشد كه كاتبى را داند يا خط اورا شناسد يا مبلغ خوش خطىء انرا فهمد. روز بروز اين داورى توايد يوما فيوما اين معنى در ترقى نعرض احياء نام ان كاتبان ذى احترام و داستن اخلاف عظام نامكوى كتابها را بدينظريق اختيار نمود و به نستعين.