Аҳмад Аъзам қиссаларининг сюжет-композицион хусусиятлари
«Адабиётшуносликка кириш» китоби муаллифи Дилмурод Қуронов сюжет ҳақида шундай ёзади: «...барча бадиий асарларда ҳам характер ривожланишда, ўсиш ва шаклланишда кўрсатилмайди.. М.Горькийнинг сюжетга берган таърифи универсал бўлолмайди, у айрим типдаги асарларга (масалан, «Қутлуғқон», «Кеча ва кундуз») нисбатангина тўғри келади. Модомики, биз «сюжет» деганда эпик ва драматик асарларга хос сюжетни назарда тутарканмиз, унда сюжет асардаги «бир-бирига боғлиқ воқеалар тизими», ёки «конкрет ҳолат битта воқеанинг ички ривожи» сифатида тушунилгани тўғрироқ бўлади. Шу билан бирга сюжет воқеалари давомида персонажлар характерининг очилиши, шаклланиши ҳам бор нарса. Фақат бунга сюжетнинг бадиий асардаги функцияларидан бири сифатида қараш ҳақиқатга яқинроқ, уни сюжетнинг моҳияти сифатида тушуниш хатодир».
Адабий-бадиий асарларни сюжетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Барча эпик, драматик ва лиро-эпик турдаги бадиий асарларда сюжет мавжуд бўлади. Ҳар бир адабий турда сюжет ўзига хос характерга эга.
Баъзи бир адабиётшунослар сюжетни эпик ва драматик турларга хос деб ҳисоблайдилар. Чунки кўпгина лирик асарларда кўзга яққол ташланиб турадиган сюжет тизими йўқ. Улардаги ҳис-туйғу, ўй-кечинмалар ривожи қайсидир маънода лирик асар сюжетини ташкил қилади. Буни композиция билан алмаштириб тушунтирилади.
Эпик ва драматик турларда сюжет ўзининг мураккаблиги ва мукаммаллиги билан ажралиб туради. Бундай асарлар сюжетини қаҳрамонлар характери намоён бўладиган ҳаётий воқеалар ташкил қилади.
Адабиётшунос Т.Бобоев эпик ва драматик асар сюжетини қуйидагича таъриф-тавсиф қилади: «Асардаги одамларнинг ўзаро алоқалари улар ўртасидаги қарама-қаршиликлар, симпатия ва антисимпатик муносабатлар, умуман кишилар ўртасидаги муносабатлар - у ёки бу характернинг, типнинг тарихий ривожланиши, ташкил топиб боришидир».
Бу таърифдан қаҳрамонларнинг ўзаро мураккаб муносабатлари асар сюжетини ташкил этади деган хулоса келиб чиқади. Қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатлари эса воқеа-ҳодисаларда намоён бўлади. Шу маънода воқеа-ҳодисалар мажмуи асар сюжетини ташкил қилади. Д.Қуроновнинг фикрига кўра эса «сюжет» деганда «бир-бирига боғлиқ воқеалар тизими», ёки «конкрет ҳолат битта воқеанинг ички ривожи»ни тушунамиз.
Бадиий адабиётда сюжет типлари ҳам турлича тасниф қилинган. Масалан, Тўхта Бобоев сюжет типларини хроникали, ретроспектив, концентрик, ассоциатив сюжетга бўлади.
Агар бадиий сюжет хроника тартибида кетма-кет давом эттирилган бўлса - «хроникали сюжет» деб юритилади.
Асосий воқеа кульминациядан бошланадиган, сўнг муаллиф чекиниш усулини қўллаб кульминациягача бўлган воқеа-ҳодисаларни қаҳрамонлар фаолиятлари мисолида кўрсатадиган сюжет тизими «ретроспектив сюжет» деб юритилади.
Бадиий адабиётда шу қадар кучли ва кескин драматизм заминига қурилган сюжетлар бўладики, уларда сюжет унсурларини бир-биридан ажратиш қийин. Сюжетнинг бундай типи «концентрик сюжет» деб аталади. Яна шундай бадиий сюжетлар ҳам бўладики, булар соф ассоциация заминига қурилади. Сюжетни воқеа-ҳодисалар силсиласи эмас, балки қаҳрамонлар қалбида кечган руҳий пўртаналар ташкил этади. Бадиий сюжетнинг бу типи «ассоциатив сюжет» деб юритилади. Адабиётшунос В.Кожинов айтганидек, сюжет - «одамлар ва персонажларнинг ички ва ташқи ҳаракати изчиллиги» экан, «ички ҳаракат изчиллиги» ассоциатив сюжетни келтириб чиқаради. Бунда персонажларнинг ташқи фаолиятидан кўра, ички дунёсидан, қалбида қолдирган асорат ва ғуборларидан, руҳида кечган жараёнлардан, қалб диалектикасидан сюжет келиб чиқади. Бу - ассоциатив сюжет демакдир.
Тўхта Бобоевдан фарқли равишда адабиётшунослар Ҳотам Умуров ва Дилмурод Қуроновлар сюжетдаги воқеаларнинг ўзаро муносабатига кўра хроникали ва концентрик сюжет турларига ажратадилар.
Хроникали сюжетда воқеалар орасида вақт муносабати (А воқеа юз берганидан сўнг Б воқеа юз берди) етакчилик қилса, концентрик сюжет воқеалари орасида сабаб-натижа муносабати (А воқеа юз бергани учун Б воқеа юз берди) етакчилик қилади. Келиб чиқишига кўра хроникали сюжет қадимийроқ саналади. Хроникали сюжет қаҳрамон тақдирини даврий изчилликда, унинг характерини ривожланишда кўрсата олиш жиҳатидан устунлик қилади. Шу боис ҳам катта эпик асарларда хроникали сюжет қўлланилади. Сюжетнинг мазкур типи эпик кўламдорликни таъминлашга ҳам катта имкон яратади. Зеро, бунда асосий сюжет билан барга ёндош ҳолда ёрдамчи сюжет чизиқларини ҳам юргизиш, жуда катта ҳаёт материалини қамраб олиш имкониятлари мавжуд. Хроникали сюжетда асарнинг «бадиий вақт»и исталганча кенгайтирилиши мумкин: унда «параллел вақт»да кечаётган воқеаларни тасвирлаш, ретроспекция усулидан - замондан орқага қайтиш усулидан фойдаланиш имкониятлари анча кенг. Шунингдек хроникали сюжетга қурилган асарга сюжетдан ташқари унсурлар, муаллиф мушоҳадалари, тафсилотларни табиий равишда киритиш, бадиий матнга сингдириб юбориш мумкин.
Концентрик сюжет воқеалари битта асосий воқеа теграсида айланиши билан характерланади. Хроникали сюжетдан фарқли равишда бунда воқеалар етакчилиги кузатилади. Сабаби, концентрик сюжет конфликт асосида сюжетнинг шиддати билан ривожланишини, унинг ечимга томон интилишини тақозо қилади. Сюжетнинг бу тури бадиий асар қурилишининг, мукаммал асарнинг ўқишли ва қизиқарли бўлишига имкон беради. Яъни бу хил сюжет ўқувчи диққатини битта нуқтада тутиб туради, ўқиш жараёнидаги фаоллигини оширади. Бунинг ёрқин мисоли сифатида детектив асарларни кўрсатиш мумкин. Детектив асарларнинг аксариятида сюжет воқеалари конкрет ҳодиса атрофида айланади, ўқувчи хаёлини шу ҳодисанинг сабабларини, қай тарзда юз берганлигини билиш истаги эгаллайди, бу саволларга ўзича жавоб излайди. Ўзи топган жавобнинг қай даражада тўғрилигини билмоқчи бўлади - буларнинг барчаси ўқувчини асрга боғлаб қўяди. Концентрик сюжет нисбатан қисқа вақт ичида кескин воқеаларни қамраши, ёндош сюжет чизиқларини киритиш имкониятларининг камлиги билан ҳам характерланади.
Гарчи, сюжет юқоридагича икки турга ажратилса-да, бу икки турга хос хусусиятлар кўпроқ аралаш ҳолда намоён бўлади. Зеро, хроникали сюжет воқеалари орасида сабаб-натижа (олдин юз берган воқеа кейин юз берган воқеага қисман сабаб бўлиб келади) муносабати концентрик сюжет воқеалари орасида вақт муносабати (натижа сабабдан кейин келади) кузатилиши табиий. Демак, конкрет асардаги сюжет типини белгилашда бу муносабатларнинг қайси бири етакчи мавқега эгалиги эътиборга олиниши лозим. Баъзан асарда ҳар икки типдаги сюжет хусусиятлари уйғун ҳолда намоён бўлади ва айни шу уйғунлик унинг жозибасини таъминлаган муҳим омил бўлиб қолади. Хусусан, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романларида шу хил уйғунликни кўрамиз. Ҳар икки романда ҳам хроникалилик етакчи бўлгани ҳолда, концентрик сюжет хусусиятларидан максимал фойдаланилганки, бу ўринда қоришиқлик ҳар икки типга хос энг яхши жиҳатлардан фойдаланиш асосида асарнинг бадиий мукаммал бўлишига хизмат қилади.
Турмушдаги воқеа-ҳодисалардек сюжет ҳам нимадандир бошланади, ривожланади ва нима биландир тугайди. Шунга кўра сюжетни узвий бўлакларга ажратиб ўрганиш мумкин. Йирик ҳажмли мумтоз асарларда сюжетнинг экспозиция, тугун, воқеалар ривожи, кульминация ва ечим деб номланган асосий унсурлари бўлади. Айрим адабиётларда пролог ва эпилог ҳам сюжетнинг элементи сифатида кўрсатилади. Шунингдек, баъзи асарлар борки, уларда қаҳрамонлар асар сюжетининг вақтидан олдинги (олдинги тарих - «предистория») ёки кейинги ҳаёти (кейинги тарих - «последуюшая история») ҳақида маълумот бериладики, улар ҳам сюжет элементлари қаторида саналади. Бироқ бу унсурлар сюжетга бевосита боғлиқ эмас, балки улар кўпроқ композицияга алоқадор элементлардир.
Экспозиция (лотинча - exposito - тушунтириш) - сюжетнинг кириш, бошланма қисми; асар воқеаси бўлиб ўтадиган жой, қаҳрамонларнинг конфликтгача бўлган пайтдаги қиёфаси, ҳолатини намоён этадиган вазият, шарт-шароит тасвири. Экспозиция ҳаракатни аниқламайди, аксинча, ҳаракт учун фон бўлиб хизмат қилади. Экспозициянинг сюжет тугунидан фарқи шундаки, у тугунга ўхшаб асардаги воқеанинг кейинги ривожига таъсир этмайди.
Турли жанрлардаги асарларда экспозиия турли хил бўлиши мумкин. Чунончи, драматик асарда экспозицион маълумот муаллиф тилидан берилмайди, аксинча у ёки бу қаҳрамон ҳақидаги экспозицион маълумот бошқа образлар нутқи орқали берилади ёки тасаввур қилинади. Кичик ҳикояларда, одатда, экспозиция бевосита тасвирланмайди-ю, аммо китобхон томонидан тасаввур қилинади ва ҳоказо.
Тугун бадиий асар сюжетида конфликт ва ҳаракатнинг пайдо бўлиши, бошланишига сабаб бўладиган воқеа. Тугун ҳаракатни белгилайди, воқеалар ривожига туртки бўлади, унга аниқ йўналиш беради. Кўпгина асарларда асосий воқеа тугундан сўнг юз беради. Тугун китобхонни асарнинг мавзуини тўғри тушунишга ёрдам беради, ўқувчини воқеалар ичига етаклайди, қаҳрамонларнинг тақдири билан қизиқтиради. Тугун айрим ҳолларда, хусусан, баъзи хроникали сюжетларда, шунингдек «ички ҳаракат» динамикаси асосидаги сюжетларда етарлича бўртиб кўринмаслиги мумкин.
Тугун, одатда, асарнинг бошланишида, экспозициядан кейиноқ берилади. Баъзан муайян бадиий-эстетик мақсадни кўзда тутган ҳолда унинг ўрни ўзгартирилиши ҳам мумкин. Шуниси ҳам борки, баъзи катта ҳажмли асарлар сюжетида бир эмас, бир нечта тугунга дуч келишимиз ҳам мумкин.
Воқеалар ривожи - сюжет тугунидан сўнг асарда воқеанинг зўрайиб, кенгайиб, кескинлашиб бориши. Одатда, асарда воқеалар тугундан бошлаб кульминациягача босқичма-босқич ривожланиб, ўсиб боради. Воқеалар ривожи жараёнида образларнинг ўзаро муносабатлари - зиддиятлари, курашлари, симпатия ва антисимпатиялар кўрсатилади, қаҳрамонларнинг характерлари шаклланади, образларнинг энг муҳим хусусиятлари очилади.
Агар китобхон тугун орқали асарда қўйилган муаммо билан танишса, воқеа ривожи орқали эса шу муаммонинг қай даражада ёритилганлигини кузатади.
Кульминация - асардаги воқеалар ривожининг юксак чўққиси. Кульминацияда асардаги конфликт - кураш ғоятда кескин тус олади, қаҳрамон характери ёрқин очилади. Кульминация бадиий асар сюжетининг бошида, ўртасида ва охирида келиши мумкин. Кўп режали асарларда кульминация асарнинг биргина жойида бўлмасдан ҳар бир сюжет линиясининг ўз кульминацияси бўлиши мумкин. Бироқ улар асарнинг умумсюжет оқимига бўйсунган ҳолда бўлиши лозим.
Ечим - асарда тасвирланган воқеаларнинг ривожланиши натижасида юзага келган қаҳрамонларнинг ҳолати, улар ўртасидаги курашнинг хотимасидир. Бироқ буни қоида мақомида тушунмаслик лозим. Сабаби, бу хил ечим кўпроқ макон ва замонда чекланган сюжетларга хосдир. Кўплаб асарларда эса ечимдан сўнг ҳам зиддиятлар, қаҳрамонлар тақдиридаги чигалликлар ҳал қилинмаганича қолаверадики, бу ўқувчини ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Яъни том маънодаги ечимнинг мавжуд эмаслиги асарнинг таъсир кучини, ўқувчининг ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи усулга айланади. Масалан, Пиримқул Қодировнинг «Эрк», Одил Ёқубовнинг «Матлуба», «Қанот жуфт бўлади», Хайриддин Султоновнинг «Саодат соҳили» каби қиссаларда худди шундай ҳолга дуч келинади. Демак, ечим асарда қўйилган конфликтнинг ечими сифатида эмас, балки ундаги воқеалар ривожининг якуни, натижаси сифатида тушунилгани тўғрироқ бўлади.
Пролог - адабий асардаги муқаддиманинг бир тури бўлиб, бундай муқаддима китобхонни муаллиф нияти, асарда тасвирланадиган воқеалардан аввалги воқеаларнинг қисқача мазмуни билан, пьесаларда эса қатнашувчилар билан таништиради. Пролог, одатда асарнинг бошланишида берилади. Аммо ҳамма вақт ҳам шундай бўлавериши шарт эмас.
Эпилог - бадиий асар охирида қаҳрамонларнинг кейинги тақдирини сўзлаб берувчи хотима. Бадиий сюжетнинг барча унсурларини ҳар бир асардан қидиравермаслик керак. Чунки, баъзи асарларда сюжетнинг у ёки бу унсури ишлатилмаслиги мумкин. Бошқа бир хил асарларда эса сюжетнинг унсурларини ажратиб ҳам бўлмайди. Умуман сюжет унсурларининг бир-бирига бирикиш тартиби турли асарларда турлича бўлади. Ёзувчи сюжет унсурларини қай йўсинда жойлаштирса асар қизиқарли ва таъсирчан бўлади, деб ҳисобласа, шу тартибда сюжет яратилади.
Сюжет функциялари ҳақида сўз кетганда, Максим Горькийнинг сюжет ҳақидаги «...у ёки бу характернинг, типнинг тарихий ривожланиши, ташкил топиб боришидир», деган фикрини инкор қилиб, Д.Қуроновнинг: ...сюжет воқеалари давомида персонажлар характерининг очилиши, шаклланиши ҳам бор нарса. Фақат бунга сюжетнинг бадиий асардаги функцияларидан бири сифатида қараш ҳақиқатга яқинроқ», деган фикрини айтиб ўтиш жоиз.
Бундан ташқари асар проблемасини бадиий тадқиқ этишга имкон берадиган ҳаёт материлини уюштириб бериши ҳам унинг функцияси ҳисобланади. Демак, сюжет асарда мавзуни шакллантиргани ҳолда, унинг қандай бўлиши мазмунга, муаллифнинг ижодий ниятига боғлиқ бўлиб қолади. Сюжетнинг бадиий асардаги энг муҳим функцияси - бадиий консепцияни шакллантириш ва ифодалашга хизмат қилишида.
Сюжет - истеъдод, илҳом, иштиёқ, маҳорат, хаёл, фантазия, ижодий дард маҳсули. Умуман айтганда, адабиёт билан турмуш, бадиий сюжет билан ҳаётий материал ўртасидаги эстетик муносабат мана шундан иборат.
Персонажларнинг макон ва замонда кечувчи хатти-ҳаракатлари, руҳиятидаги ўй-фикрлар, кечинмалар ривожига қараб «ташқи ҳаракат» динамикасига асосланган сюжет, «ички ҳаракат» динамикасига асосланган сюжетга бўлиниши таъкидланган.
Ташқи ҳаракат динамикасига асосланган сюжетли асарларда персонажларнинг муайян мақсад йўлидаги хатти-ҳаракатлари, кураши ва тўқнашувлари, ҳаётидаги бурилишлар тўла тасвирланади, шу асосда уларнинг тақдирида, ижтимоий мавқеида муайян ўзгаришлар юз беради. Содда қилиб айтсак, бу хил сюжетли асарларда воқеа тўлақонли тасвирланади, у ўз ҳолича ҳам бадиий-эстетик қиммат касб этади. Келиб чиқиши жиҳатидан сюжетнинг бу тури қадимийроқ, халқ оғзаки ижодидаги сеҳрли эртаклар, ривоятлар, достонлар, шунингдек, мумтоз шеъриятимиздаги достонларнинг ҳам шу хил сюжетга эгалиги бунинг далилидир. Замонавий ўзбек насрида ҳам сюжетнинг бу типи кенгроқ тарқалган: «Ўтган кунлар», «Кеча ва кундуз», «Қутлуғқон», «Меҳробдан чаён», «Сароб» - буларнинг барида ташқи ҳаракат динамикаси етакчилик қилади. Айни пайтда, бу асарларда «ички ҳаракат» динамикаси ҳам кузатилади, бироқ у мавқе жиҳатидан сюжет типини белгилашга ожизлик қилади. Сюжетнинг иккинчи типига асосланган асарлар адабиётимизда анча кейин, 80-йиллардан бошлаб майдонга кела бошлади. Ҳозирча, сюжетнинг мазкур типи насрнинг кичик шаклларида, шунингдек, бир қатор драматик асарларда синаб кўрилди. Шунингдек, Аҳмад Аъзамнинг «Бугуннинг давоми», «Асқартоғ томонларда» номли қиссалари «ички ҳаракат» динамикасига асосланган сюжетли асарлар ҳисобланади.
«Асқартоғ томонларда» қиссасида воқеалар ўз ҳолича эмас, персонаж руҳиятидаги ўзгаришлар, ўй-кечинмалар, ғалаён ва эврилишларга монанд берилади.
Асар бошланмасиданоқ бош қаҳрамон руҳиятидаги ўзгаришлар атрофида ҳаракатланаётган одамларга муносабати, ўй-кечинмалари ички ҳаракат динамикасига асосан бор бўйича ифода қилинади.
Қаҳрамон доим бир хил ўтаётган ҳаётидан қаёқларгадир учиб кетгиси, узоқўлкаларда сайру саёҳатда бўлишни хоҳлайди. Бироқ турмушнинг икир-чикирларига ўралашиб, булар хомхаёл бўлиб кўринади. У ўзини гўё ёлғизланиб қолгандек ҳис этади. Ҳатто ишонган одамлари ҳам унга норози қараб туришгандай. Аёлига ҳам ўзини номуносиб ҳисобланиб, шундоқ ажойиб аёлни алдаб хотин қилиб юргандек ҳис этади.
«Одамнинг умри тасодифлардан тўқилган». Қаҳрамон шундай фикр юритади. Ҳаётида содир бўлган ва содир бўлиши мумкин бўлган воқеаларни таҳлил қилиб, ўзича хулосалар чиқаради. Унинг ҳаётида энг катта тасодиф ёшлигида ажал домидан қутулиб қолиши. Ундан сўнг ўқишга кириши, офият билан учрашуви ва ҳоказо. Бу тасодифлар қаҳрамоннинг ҳаётидан кейинги тасодифларга асос бўлган эди, назарида.
Қаҳрамоннинг рассом дўсти ҳақидаги фикрлари ҳам фақат унинг руҳиятига мос. Яъни, «Исрофилнинг жисми охир бўлгач, бошқа одам суратига кўчади, балки унинг рассомлиги шундандир, ўзини суратларда ҳам қолдирар, - кейин «қиёфасини эслаб юриш учун...»
Қаҳрамон руҳиятидаги воқеалар ривожи давомида ўқувчи унинг талабалик йиллари, дўстлари, ҳаёти, ишдаги ҳамкасблари орасидаги муаммолар билан ўртоқлашади, руҳиятидаги ўзгаришлар қаҳрамоннинг ўзигагина хос эканлигини англайди. Қалб пучмоқлари, атрофдаги яхши-ёмон одамларнинг, воқеаларнинг, хотираларнинг киши онгида қолдирган изи натижасида кўтарилган ғалаёнлар, эврилишлар китобхонни ҳам ўзига жалб қилади. Қаҳрамон ҳолати, руҳиятидаги ғалаёнлар, ўзгаришлар, реал ҳаётдаги воқеалар ривожидан кўра кўпроқ таъсирга эга эканлигига ишонтира олади.
Асар якунида қаҳрамонимиз борлиқнинг кичик бир қисми сифатида намоён бўлади. У ўзини «Маҳди» бўлишида олис аждодлари, минглаб тумонатнинг овозини тинглайди. Ўзининг «Маҳди» эканлигини қуйидагича таъкидлайди: «Маҳди! Дейман энтикиб - асқартоғларим - авлодларимни чақириб боряпман, товушим, ўғилларим, қизимнинг овозида қалтираб акс-садо беради - жўралар узо-оқ яшайман!...
Узо-оқ минговозларни эшитяпман».
«Асқартоғ томонларда» қиссаси сюжетининг бадиий қиммати ҳам ана шунда, яъни инсон руҳиятини ички динамика асосида воқеалар ривожининг берилишидир. Муаллиф асар таъсир йўналишини шунга монанд танлайди.
Таниқли адабиётшунос олим Тўхта Бобоев: «...сюжет қаҳрамон характерини очишга хизмат қиладиган асосий восита ёки асар қаҳрамонлари характерларининг шаклланиш тарихидир»,1-деб таъкидлайди.
Таниқли адабиётшунослар: Ф.М.Головенченко ва М.Қўшжоновлар уқтирганидек, бадиий асар сюжетида характерлар мантиқи ва воқеалар мантиқи бўлади. Чинакам санъат асарида воқеалар, албатта, қаҳарамон характерини очишга бўйсундирилади. Бу ўринда, гап сюжетда воқеа билан характернинг боғланиш даражаси устида кетмоқда, холос. Масалага шу нуқтаи назардан қараганда академик М.Қўшжоновнинг реалистик асарларда сюжетнинг ранг-баранг кўринишлари борлиги ҳақидаги фикрлари эътиборлидир. Чунончи шундай асарлар ҳам бўладики, уларда воқеалар тартиби кўзга яққолроқ ташланиб туради. Одатда, саргузашт характердаги асарлар сюжетида худди шу ҳолат сезилади. Шундай асарлар ҳам бўладики, уларда характернинг ёки воқеалар мантиқининг устунлигини сезиш қийин. Бундай асарларда характер мантиқи ва воқеалар мантиқи қатъий равишда тенглаштирилади. Бошқа бир хил асарларда дастлаб характерлар мантиқи сюжетни бошқарса, кейинроқ воқеалар мантиқи ҳам сюжетга кучли таъсир эта боради. Адабий ижод тажрибасида яна шундай асарлар ҳам учрайдики, уларнинг марказида битта ёки иккита қаҳрамон образи турмайди, балки бутун жамоа, халқ туради. Яна бир хил асарлар ҳам бўладики, уларнинг сюжетида характерлар ҳам шаклан, ҳам мазмунан бирнчи планда туради. Бундай асарларда воқеалар тизмаси у қадар ташкил қилувчилик кучга эга бўлмайди. Асарда воқеа-ҳодисалар характерлар мантиқи асосида тартиблаштирилади. Воқеалар тартиби эса тез-тез ўзгариб, янгиланиб туради. Баъзан бир бобдаги воқеа кейинги бобда давом этмайди. Воқеадан мантиқий воқеа келиб чиқмайди. Одатда автобиографик жанрдаги асарлар сюжет жиҳатидан мана шундай характерга эга бўлади.
Аҳмад Аъзамнинг «Асқартоғ томонларда» қиссасида ҳам сюжет ва характер ўзаро шундай муносабатда тартиблаштирилган. «Асқартоғ томонларда» қиссасини автобиографик асар деб олсак, янглишмаймиз. Чунки унда фақат биргина инсонга тааллуқли ҳаёт, ўй-кечинмалар, ҳис-туйғулар, атрофидаги борлиққа, инсонларга муносабат ёритиб берилган. Қисса бош қаҳрамон томонидан ҳикоя қилинади ва қаҳрамон бор бўйича кўз олдимизда гавдаланади. Қисса бир неча бобларга бўлиб тартиблаштирилган. Бу боблар қаҳрамон руҳиятидан келиб чиқиб бир-бирини тўлдиради. Қисса инсон характерини ўзига хос тарзда ёритиб берганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Қисса бош қаҳрамони жамиятимизнинг оддий бир аъзоси, гўё улардан ҳеч ҳам фарққилмайди. Бироқ унинг фақат ўзигагина хос характери бор. Қисса бошланмасиданоқ бу характер эгаси биз кутмаган тарзда намоён бўла бошлайди: «Йў-ўқ турмушимдан кўнглим тўлмай, ҳаётдан норозилигим ё ишларим юришмай, шу яшаётган жойимда нопойлигимдан эмас, нимаданлигини ўзим ҳам билмайман, тушунтиришим қийин, аммо мудом нималарнидир қўмсайман, аллақаёқларга кетгим, ўша ёқларда ўзимга ҳам номаълум ишларни қилгим, бу ишлардан кўнглим тўлиб, кўкрагимни кўтариб юргим келаверади, лекин ҳеч қаёққа кетмайман, бирон нарса тўғаноқ бўлганидан, кетолмаслигимдан эмас, ўзим, ўзим кетмайман, эҳ-ҳ, кетсамми, а, дейман, кетворсамми, а, дейман...»
Дунёда ҳамма нарсаси бор, ҳар нарсадан, ҳар ишдан кўнгли хотиржам инсон топилмайди. Қаҳрамонимиз ҳам гўё ўтаётган умридан, ҳаётидан кўнгли тўқ, ҳеч нолимайдигандек. Бироқ уни шу ҳолатининг ўзиёқўз ҳаётидан, қилаётган ишларидан қониқмаслик, нолиш эмасми? Қаҳрамон шунинг учун аллақаёқларга кетгиси, ҳеч ким кутмаган ишларни қилгиси келадими?
Қисса қаҳрамонининг теварагидаги одамлар билан бўлган муносабатида ҳам ўз мантиқи бор: «...агар ҳамсуҳбатингиз, қандайдир муҳим, қизиқарли нарсани ҳикоя қилса, сизнинг ҳам шундай гапларни айтгингиз, латифасига латифа билан жавоб қайтаргингиз келади, ундан қолишмасликни истайсиз, бордию шундай гапларингиз бўлмаса, ҳамсуҳбатингиздан катта қарз олиб, бу қарзни қайтаролмасликдан эзилган одамнинг аҳволига тушасиз».
Унинг руҳияти, характери шунчалик мураккабки, ҳатто энг яқин инсони - аёли билан ҳам, ўзича ўйлайдики, аллақандай кўринмас девор, чегара бор, ўрталарида. Чунки аёли Офият учун энг бахтли онлар қизлик пайтида Ҳиндистонда бўлгани. Офият ушбу хотираларини тўлиб-тошиб сўзлайди, турмуш ўртоғига қизиқарли воқеаларни айтиб тўймайди. Қаҳрамонимиз руҳиятида эса ғалаёнлар тугамайди. Офиятни ҳали танимаган, уни кўрмаган онларига ҳам аллақандай рашкка ўхшаш туйғуни ҳис этади: «Ҳиндистон ҳақида гапираётиб, у ерга бордик, бу ерни кўрдик, овқатни қизил қалампир билан қовуришар экан, зўрға едик, деган пайтларида ҳамиша ёнида «бирга юрган киши» бўлганини, гапириб бераётган воқеалари кемтик, чалалигини, ўша кишига тегишли жойларини ташлаб ўтаётганини, хотираларига халал бериб турганимни кўнглим сезиб туради... Офиятнинг айни шу тобда узоқ-узоқларга кетиб, ўша дунёда ҳали менга турмушга чиқмай, мени ўйламай, менсиз эркин, озод яшаётганини кўзларидан кўриб тураман...»
Қаҳрамон ёшликдан бирга ўсган яқин дўсти Исрофил ҳақида ҳам фикр юритар экан, ўзининг характери ва Исрофил характери ўртасида ер билан осмонча фарқ топади. Дўстидан айрилаётгандек, ундан йилдан-йилга узоқлашиб кетаётгандек сезади. Худи у тўхтаб тургану, Исрофил кетиб боряпти. Лекин уларни нимадир боғлаб туради. Қаҳрамонимиз бу ҳақда ўйлар экан, шундай хулосага келади: «Исрофил билан мен икки хил одам бўлиб чиқдик, аммо узоқ, тунлари ухламай лақиллаб ётганимиз, ҳеч адо бўлмайдиган гурунгларимизни қўшиб ҳисобласа, жуда узоқ вақт бир кўнгил мулкида елкадош яшаганимиз хотираси тамом айрилишга изн бермайди. Ҳар қанча узоқлашмайлик, бошқаттан яшамаймиз - ўша дўстликни четлаб ҳам ўтолмаймиз, юракдан чиқариб ҳам ташлолмаймиз».
Қаҳрамон характери юқоридагича ўз томонидан тавсифланади. Асарнинг кейинги бобларида ҳам қаҳрамон характери ривожланишда кўрсатилади. Бироқ унинг характери, ўй-фикрлари тўла ёритилганига қарамай, биз асарни ўқиш давомида инсон характерининг яна қайсидир томонлари айтиб ўтилмаганлигини сезамиз.
«Фабула» лотинча сўз бўлиб, «баён», «ҳикоя» деган маъноларни беради. Адабиётшунос Тўхта Бобоев фикрича, бадиий сюжет организмининг склети, асоси, сюжет учун материал вазифасини ўтайдиган воқеа-ҳодисалар доираси, сюжетнинг мантиқий ҳикоя қилиб берса бўладиган ўзаги. Адабиётшунослигимизда «сюжет» ва «фабула» атамалари ишлатилади: «сюжет» атамаси адабиётшуносликда тўла қарор топган, аммо «фабула» атамасини ишлатишда мутахассислар бир хилликка эришгани йўқ. Чунончи, айрим назарий адабиётларда «сюжет билан фабула бир маънода қўлланилади» деган қараш мавжуд.
Йирик адабиётшунос Иззат Султон ўзининг «Адабиёт назарияси» қўлланмасида «фабула» ҳақида қуйидагича фикр юритган: «Ёзувчи тасвирлаётган воқеа ҳаётнинг ўзида қандай тартибда рўй берганини акс эттирувчи «сюжет»дан фарқли ўлароқ, шу воқеаларнинг бадиий асардаги тасвири тартиби фабула деб аталади».
Сюжет таркибий қисмларининг тартиби ўзгартирилган ҳолатлар «Асқартоғ томонларда» қиссасида анчагина учрайди. Масалан, асар сюжети бошида Маҳди Ашроповнинг аёли Офиятга уйланиши, у ҳақдаги ўй-фикрлари тасвирланади. Яъни ўқувчи учун унинг Офият билан учрашуви, танишуви мавҳум. Мавҳумлик, сирлилик эса китобхонни асарни тезроқўқишга, қандай, қандай қилиб деган саволларга тезроқ жавоб қидиришга ундайди. Бу воқеа билан китобхон асарнинг 6-бобида танишади. Агар дастлаб қаҳрамоннинг Офият билан учрашуви, танишувини, ундан сўнг уларнинг турмуш қургани тасвирланса, асарнинг бадиий қиматига путур етади, чунки бош қаҳрамон характеридан келиб чиқиб тартиблаштирилган воқеалар тизмаси ўзига хос аҳамият касб этган. Сюжет билан фабулани бундай фарқ этиши шу жиҳатдан фойдалики, у ёзувчининг маҳорати, имкониятлари кенглигига диққатни жалб этади. Ҳақиқатан, фабула яратиш маҳорати бадиий ижодда жуда муҳимдир.
Йирик адабиётшунос олим Иззат Султон: «Бадиий асарда фабуланинг вазифаси сюжетнинг таркибий қисмлари ўрнини алмаштириш билангина чекланмайди», дея таъкидлайди. Бадиий асарларда асосий воқеа сюжети тасвирланаётиб, унга алоқаси бир қарашда йўқдек иккинчи бир воқеа кириб келади. Уни «секинлатиш» деб аташади. Бундай «секинлатиш»ни «Асқартоғ томонларда» қиссасида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, асарда қаҳрамонимиз Маҳди Ашроповнинг талабалик йиллари, дўстлари Ҳақберди, Тангир, Ҳасанбой, Сувон, Шоди ака ҳақидаги хотиралари, ўй-фикрлари, руҳиятидаги ғалаёнлар тасвирланаётиб, асарга кириб келган персонаж характерига хос бўлган асар сюжетига алоқаси бўлмаган воқеа кириб келади. Масалан, қаҳрамоннинг Шоди ака билан боғлиқ хотиралари билан танишаётган ўқувчи олис Помир этакларида яшовчи икки қабилага мансуб йигит ва қизнинг фожеасини эшитиб жунбушга келади. Бу ривоятнинг келтирилиши Шоди аканинг ҳаёти фожеасини тасвирлашга замин тайёрлаган. Ёзувчи қисса сюжетидаги воқеаларнинг тартибини ўзгартириб, қаҳрамон руҳиятидаги воқеалар ривожида кутилмаган ва таъсирли бурилишлар ясай олган.
«Композиция» лотинчадан олинган бўлиб, «тузиб чиқиш», «тартибга солиш» деган маъноларни ифодалаб, аниқғоявий-бадиий ният тақозосига кўра бадиий унсурларнинг асар тўқимасидан жой олиши, асар қисмлари, боблари ва эпизодларнинг ўринлашиш тартиби, образларнинг бир тизимга уюшуви, уларнинг ўзаро муомала-муносабатлари, ифодаланиш тарзи, тасвир воситаларининг муайян мақсадга хизмат қилиши, тасвирда мувофиқлик ва меъёрдир.
Композиция бадиий унсур сифатида тасвирланаётган ҳаёт қонунияти, ёзувчи дунёқараши, бадиий метод ва услуб, ғоявий-бадиий ният, адабий тур ва жанрлар табиати билан тавсифланади. Ҳар бир асар ўз композициясига эга бўлганидек, «Асқартоғ томонларда» қиссаси ҳам ўзига хос композицион қурилишга эга ва бу асарнинг ғоявий йўналиши - бош ғояси - шу асар композициясини уюштирувчи куч - композиция маркази мавжуд.
Қисса инсон руҳиятининг биз билмаган, англамаган, тушунмаган, балки тушунишни ҳам истамаган, ўзига хос ўйлари, ғалаёнлари, борлиққа муносабати - «Асқартоғ томонларда» қиссасининг бош ғояси - шу асар композициясининг марказини ташкил этади. Қолган барча унсурлар, боблар, деталлар, образлар, манзаралар, тафсилотлар мана шу композиция маркази тақозоси билан асар тўқимасидан жой олган. Қисса композицияси ўттиз саккиз бобдан иборат. Бу бобларни ўзаро боғлаб турувчи куч - Маҳди Ашропов образидир. Бу ўринда машҳур рус ёзувчиси А.П.Чеховнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: «қаҳрамонлар... ичидан фақат биттасини танлайсан... уни маълум бир ҳолатга солиб, фақат уни тасвирлайсан, таъкидлайсан, бошқалар эса унга фон вазифасини адо этган ҳолда асарнинг барча жойларига сочилади. Бош қаҳрамон гўё ой, бошқа образлар ой атрофидаги майда юлдузлар...»
«Асқартоғ томонларда» қиссаси образлар тизимини Маҳди Ашропов, унинг хотини Офият, дўсти Исрофил, талабалар Ҳақберди, Тангир, Ҳасанбой, Сувон, Шоди ака, Суннатов, Бердиёров ташкил этади. Шулардан фақат Маҳди Ашропов образи қисса марказида туради, қолганлари эса унинг характерини, руҳиятини ёритишда кўмаклашган. Қиссадан кузатилган мақсад - Маҳди Ашропов каби инсонларнинг, умуман инсон руҳиятининг бор пучмоқлари-ю, исён-ғалаёнлари билан кўрсатиш. «Асқартоғ томонларда» композицияси мана шу мақсадга хизмат қилдирилган.
Бадиий асар тўқимасида шундай унсурлар ҳам борки, уларни баъзан адабиётшунослар «асарнинг сюжетидан ташқари унсурлари» деб аташса, бошқа бирлари «комозиция воситалари» деб юритишади. Улар асар қисмларини, манзараларини бир-бирига боғлашга, яъни композицияга хизмат қилади. Бу воситалар асар сарлавҳаси «Асқартоғ томонларда» - Аҳмад Аъзам қиссасининг рамзий фалсафий номи. Бундай дейишимизнинг боиси ҳали китобхон асар контекстидан хабардор бўлмай туриб, бу номни маълум бир жойда кечган воқеа-ҳодисалар ҳақида деган тасаввур пайдо бўлади. Асар матни билан танишганидан сўнг эса асар сарлавҳаси маълум бир фалсафий маъно ташиётганлигини англайди. Сарлавҳанинг фалсафий маъноси айниқса қиссанинг ўттиз саккизинчи бобида яққол ифодасини топган: ««Маҳди!» дейман энтикиб - асқартоғларим - авлодларимни чақириб боряпман, товушим, ўғилларим, қизимнинг овозида қалтираб акс-садо беради - жўралар узо-оқ яшайман!...Узо-оқ минговозларни эшитяпман !...»
«Асқартоғ томонларда» қиссасига муаллиф томонидан танланган эпиграф ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу қиссага Аҳмад Аъзам Алишер Навоийнинг:
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳарне истарсен - ўзингдан истагил...
байти эпиграф қилиб олинган. Бу эпиграф асар бобларида ифодаланган мазмунга билвосита алоқадор, гўё асарга ғоявий йўналиш беради. Навоийнинг ушбу байти инсоннинг ўз руҳиятини ўзи таҳлил қила олиши, характерини яхши томонга йўналтириши ва шулар орқали минглаб одамларни англашга ундайди. Муаллиф бош қаҳрамон Маҳди Ашропов образи орқали бу эпиграф моҳиятини янада чуқурроқ таҳлил қилган.
«Асқартоғ томонларда» қиссасида асарнинг сюжет йўналиши билан бевосита боғлиқ бўлмаган, аммо асар мазмунидан келиб чиқаётган зарур ғояни таъкидлашга ёрдам берадиган қўшимча воқеа - «қистирма эпизод» ҳам мавжуд. Бу қиссадаги персонаж Шоди ака тилидан берилган Помир этакларида яшовчи қабила ва ўша қабилалик қиз ва йигит фожеаси-афсонаси. Бу қистирма эпизоднинг асар композициясига киритилиши Шоди ака образи, унинг руҳияти ва фожеасини тўлароқ англашимизга хизмат қилади.
Аҳмад Аъзамнинг «Асқартоғ томонларда» қиссасидаги сюжет ва композициянинг яратилиши, шу тартибда асар ёзиш ўзбек адабиётида янгича усул ҳисобланади. Асарда сюжет унсурлари алоҳида-алоҳида кўзга ташланиб турмайди, чунки асарда инсон руҳияти образи яратилган. Руҳият эса доимо ўзгаришда. Шунинг учун ҳам қаҳрамоннинг ҳар бир кечинмаларида ўзига хос экспозиция, тугун, кульминация ва ечим мавжуд. Қаҳрамон руҳияти боблар орқали ривожлантирилиб борилар экан, сюжет унсурлари доимо бир хил вариантда бўлмайди.
Шундай қилиб, бу қиссада сюжет ҳам, композиция ҳам асосан бир мақсадга, яъни у ҳам бўлса қаҳрамон характерини очишга, асар ғоясини ёрқин ва жозибали ифодалашга хизмат қилган.
Аҳмад Аъзамнинг «Бу кунннинг давоми» қиссаси ҳам худди «Асқартоғ томонларда» қиссасидаги каби сюжетга эга. Чунки «Бу кунннинг давоми» қиссасининг сюжетини ҳам воқеа-ҳодисалар силсиласи эмас, балки қаҳрамон қалбида кечган руҳий пўртаналар ташкил этади. Ушбу қисса қаҳрамони ўттиз ёшлар чамасидаги, ҳали уйланмаган бир йигит. Қисса қаҳрамони «Асқартоғ томонларда» қиссаси қаҳрамони Маҳди Ашроповга ўхшайди, худди у каби ўтаётган умридан, ҳар бир кунидан маъно-мазмун истайди. Доим бир хил ўтаётган ҳаётидан гўёки кўнгли тўлмайди: «Квартирангга борасан, ишга келасан, ишга келасан, квартирангга борасан, торгина йўлингдан чиқмайсан; тегрангда дунё, катта ҳаёт, сен эса йўлоғингда димиқиб, жасадингни судраб бориб-келаверасан: олдинда ўзингни нималар кутаётганини билишга уринасан...»
Асар сюжети қаҳрамоннинг ҳис-кечинмалари, руҳияти, ўз олами ва ўзгалар олами билан муносабатидан ташкил топган, яъни ички ҳаракат динамикасига аосланган.
Асар бошланмасиданоққаҳрамон ўз олдига уйланиш ва уйланмаслик масаласини қўяди. Қишлоқда қолган ота-онаси, уларнинг қийин-қистовларини ўйлаганда шарт уйланиб юборгиси, одамларнинг «қачон, қачон...», деган сўровларидан қутилгиси келади, кутилмаганда фикридан қайтиб: Э тавба, дейсан, ким уйланиши керак ўзи: уйланмаган йигитми ё уйланган одамларми?» Шундай дея тез фурсатда ўзгариб, ўзини оқлай бошлайди.
Кўриниб турганидек, ички ҳаракат динамикасига асоланган сюжет инсон руҳиятини шаклланган ва мудом шаклланишда бўлган характерини очиб беришга қаратилган бўлади. Қисса қаҳрамони характерини, теварак- атрофдаги инсонларга бўлган муносабатини кўрадиган бўлсак, муаллифнинг характер яратишдаги (ҳеч кимга ўхшамаган йўлдан бориб) маҳоратига қойил қоламиз. Бундай дейишимизга сабаб, ўзбек прозасида инсон руҳиятини мукаммал тарзда очиб, уни бор ўйларию, пўртаналари билан кўрсатадиган асарлар деярли йўқҳисобида эди. Қисса қаҳрамони характерида қайсарлик, дангасаликка ўхшаш ҳолатними, ишқилиб, бир одамда бўлган ҳамма яхши-ю ёмон хислатларни топамиз. Оддийгина бир вазиятда қаҳрамоннинг телефон қилишимни кутинг деган қизни телефонини кутиб хунобининг ошиши, гарчи ўзига бемаънидек туюлса ҳам, телефонга тикилганча хаёлан дағдаға қилади, ўша қизнинг шаънига уни пастга уриб анча-мунча гапларни тўкиб солади. Шу билан анча ҳовуридан тушадигандек. Қаҳрамоннинг ҳамкасби Собир билан бўлган муносабатида ҳам инсон характерининг ўзгарувчан қиёфасини кўришимиз мумкин. Бироз дам олгани чиққан одам учун ҳамкасбининг ҳам чиқиши ғашини келтиради: Ана, Собирвой ҳам чиқдилар. Битта керишинг, битта керишинг... Э раҳмат-э, ака! Ҳозир қўлларини силкитадилар. Ҳа, ана силкитдилар. Энди биз томонга келадилар. Ҳа, шундай: кўп ишлаб чарчагандек. Девордан бошқа нарсани кўрмасангиз ҳам у ёққа, энди бу ёққа кўз ташланг, баракалла...келдингизми энди уф тортинг, тартиб бузилмасинда, яхши, хўп ана, энди сигарет сўранг, сўрайверинг, ўрганиб қолганмиз, заҳарни ҳам қизғанамизми-я...
Кўриниб турганидек бу ҳол жуда кўп маротаба такрорланган. Шунинг учун ҳам асарга кириб келаётган персонаж қандай ҳаракатланиши қаҳрамонимиз учун кундай равшан.
Юқорида келтирилган асар парчаси орқали китобхон нафақат қаҳрамоннинг муносабатини, балки янги персонаж учун ўзининг муносабатини ҳам белгилаб олади. Қаҳрамоннинг «...заҳарни ҳам қизғонамизми-я...» деган жумласидан аччиқ кинояни ва уни сўрагувчи инсоннинг бироз сурбетлигини сезамиз. Бироқ асар қаҳрамони ушбу ҳолатларга ўзида кўникма ҳосил қилган. У ҳар чиққанида Собирни кўрмайин, деб юрагини ҳовучлаб турса ҳам, чиқмаса ўзини ноқулай сезади ва у ҳақда бошқача ўйлай бошлайди: ...нима ҳам қилсин, дардини ҳаммага ҳам ёравермайди-ку, ишонгани ростдан ҳам меҳнаткаш, ўлиб-тирилиб ишлайди, лекин директор билан ораси чатоқ, довон ошай деб турибди, бир ҳимо берилса, бас эди... То сигаретни ёлғиз чекиб бўлгунча Собирвой - Собир тўрамга, ёзғириш - меҳрга айланади».
Инсон табиати ажойиб тилсимот, бир ёққан нарса баъзан ёқмайди ёки олдидан оқаётган сувнинг қадри оқмаётганда билинади. Шу сабабли Собир у сигарет чекаётганда чиқмаса - яхши одам, чиқса - ёмон.
«Бу куннинг давоми» қиссаси сюжетининг асосини қаҳрамон характери, руҳиятининг ғалаёнлари ташкил этади ва сюжетни ҳаракатлантириб туради. Шу томондан қарасак, қаҳрамон руҳиятидаги ҳар бир ўзгаришнинг ўз экспозицияси, тугуни, воқеалар ривожи, кульминацияси ва ечими бор. Масалан, «Кун ўтиб кетяпти» - экспозиция, «Нимадир қилиш керак» - тугун, воқеалар ривожи: Дангасаманми? Унда дангасаликдан қийналмаслигим, куним ўтганига шукур қилиб, оёқни кўтариб ётаверишим керак эди. Мен эса ношукурман. Ўзимдан норозиман. Кульминцион нуқта: Бу юришимдан, ҳаётимдан норозиман. Ечим: Аммо, қизиқ, бу норозилигим яшашимга ҳалақит бермаяпти, қандайдир ўнғай: ҳаракатсиз ётсам ҳам, бу ҳарактсизликдан норозиман-ку, деб ўзимни оқлайман; совуқ кунларимда норозиликни пўстин қилиб кияман-да, унинг ичида бўғриқиб, иссиққина юравераман.
Қисса қаҳрамонининг олида турган энг катта муаммо, яхши бир қиз топиб уйланиш, лекин у шунчаки уйланиш эмас, агар шунчаки уйланиш керак бўлганда эди, онасини хафа қилмай, у топган бирон-бир қизга уйланиб қўя қолар эди. Ҳар бир турмуш остонасида турган йигит-қизнинг севги, муҳаббат, оила ҳақида ўз ўйлари, ҳис-туйғулари ва албатта, орзулари бўлади. Қаҳрамонимизнинг ҳам бу ҳақда ўз ўйлари бор:
Ўртаниб, куйиб, ёниб, бутун вужудинг билан қаттиқ севсанг. Севги кўксингда қамалиб ётган исённи шивирлайдиган имконга айлантирса...
Ёрилиб кетаёзган кўнглингга таскин бериб, секин-секин, осуда-осуда шивирласанг Унга...
Сокин ҳайқириқ билан тўйиб йиғлаган одамдек енгил тортиб шивирласанг Унга... Совуқ, дилдираб турган чўққингдан унинг майин илиқ кўнглига қулаб тушсанг...
Даминг қайтиб кетса севгидан...
Юрагинг гур-р этиб аланга олса...
Қисса сўнггида қаҳрамон ўз ҳаётидан, характери устидан, бу яхши-ю, бу ёмон тарзида таҳлил қилади, фалсафий мушоҳадалар юритади. Чунки ҳар бир одам ўзи сезмаса ҳам, файласуф ҳисобланади. Ахир ҳар бир инсоннинг яшаш мантиқи ўзигагина хос бўлади. Шундан келиб чиқиб қаҳрамон руҳиятида, характерида яхши томонга оғиш, ўзгариш бошланади: Юрасанми собирларга қўшилиб, аввалбойларни ғийбат қилиб. Атрофингга кўзингни каттароқ очиб қара... Ҳикмат. Яшаш илми сенинг диссертациянгдан чуқурроқ... Табиат одамни меҳрли қилиб яратган: ўзга вужудга бағишлашим учун. Ўзида меҳрини тўплаб, ҳеч ким, ҳеч нарсага ҳаржламай юрган одам дард топади. Ўзини ёмон кўриш дардини... Сенга меҳр кўргазганлар кўп-ку. Яхши одамлар ичида яшаяпсан. Султон акага қўрс гапириб юборганинг сабаби ҳам, унинг эртага сени кечириб юборишини билганингдан: у ҳам сенга меҳр қўйган. Хусаиновни ҳам ўзинг қийналган пайтингда йўқлаб борасан - биласан-ки, у ҳам сенга меҳрини беради. Лекин ўзинг ҳали бировга тузукроқ меҳр кўргизганинг йўқ. Бу ёмон!
Бироққаҳрамон ҳеч қанча вақт ўтмай яна аввалги ҳолатига қайтади: Ҳаммаси ҳавойи гаплар - бугун ҳаётни қайта қуришга сўз берасанда, эртага кечагидек яшайверасан, деб ўйлади у, кўнглининг туб-тубидан ўрмалаб келаётган иккиланиш билан...
Кўриб турганимиздек, қисса қаҳрамонининг руҳияти ва характери асар сюжетига сингдирилиб, уни тўлдириб турган асосий воситага айланган. Асар сюжети воқеалари давомида қаҳрамон характерининг ўзига хос томонларини, характер яратишдаги муаллиф маҳоратига билвосита гувоҳ бўлдик. Ушбу қисса сюжети ва танланган характер бир-бири билан мутаносибликда, кутилмаган бадиий қимматга, аҳамиятга эга бўлган асарни ташкил қила олган.
Таниқли адабиётшунос В.В.Кожинов «Сюжет, фабула, композиция» номли мақоласида фабула масаласига анча аниқлик киритган: «Биз сюжет деганда асардаги бир бутун ҳаракатни, тасвир этилган хатти-ҳаракатлар занжирини; фабула деганда эса қайта ҳикоя қилиб бериш мумкин бўлган воқеалар тартибини тушунамиз». Ўзбек олими Д.Тўраев фикрича, «...фабула - реал ва ҳаётий фактлар занжири бўлиб, бадиий асар сюжети учун асосдир».
Адабиётшунос олим Д.Қуронов «сюжет» ва «фабула» атамаларини қуйидагича фарқлайди: «...айрим адабиётшунослар бу икки истилоҳни синоним сифатида ишлатсалар, бошқалари фарқлайди. Хусусан, рус формал мактаби вакиллари «фабула» деганда, асарда тасвирланган воқеаларнинг ҳаётда юз бериш тартибини тушунадилар. Воқеаларнинг ҳаётда юз бериш тартиби билан уларнинг асарда жойлаштирилиш тартибини фарқлаш бадиий асар қурилишини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади».
Биз ҳам ушбу адабиётшунос фикридан келиб чиқиб «Бу куннинг давоми» қиссасидаги сюжет фабуланинг ўзаро муносабати ва ўртасидаги фарқларини кузатамиз.
Қисса қаҳрамонининг дастлабки ҳолатини кузатсак. У кимнингдир телефонини кутмоқда. Аниқроғи бир қизнинг. Қиз эса уни кўп кутдирмоқда. Хона дим. Йигит бироз чалғиш учун ташқарига чиқади ва унинг ҳамкасби Собир билан кечган суҳбати берилади. Шу ўринда жумбоқли бир савол туғилади. Қаҳрамон учун у қиз ким, нима учун унинг телефон қилишини интизорлик билан кутяпти?
Йигит ҳамкасби билан андармон бўлган бир пайтда китобхон хаёлини ушбу саволлар банд этади. Суҳбат тугагач, хонасига қайтган қаҳрамон яна ўша нотаниш қизни ўйлай бошлади: «Энди телефон қилмаса керак. Исмини айтмаганидан, адресини бермаганидан маълум эди-я, ўзи. Нимасини кутяпти? Лекин нега қиз унинг телефонини ёзиб олди? Ё кейин ортиқча хиралик қилдимми? Йўқ. Фақат «Исмингизни айтмадингиз ҳам», деди. «Исмимни кўчада айтмайман. Ё сизга кўчада қолган исм керакмиди?», деди қиз. «Қачон телефон қиласиз?», деган сўровига «Кутинг», деди. «Ё телефон қилмайми?» деб жилмайди. Ғамзамиди ё масхарамиди, барибир, ширин эди».
Муаллиф дастлаб бу икки ёшнинг учрашуви суҳбатини берганида, ундан сўнг эса асар бошланмасидаги ҳолат жойлаштирилса, асар бадиийлиги йўқолади дейишимиз бироз нотўғри бўлади-ю, бироқ таъсир этиш, ўқувчи диққатини бир нуқтада ушлаб туриш аҳамиятини йўқотади. Ушбу қиссада фабула қисса сюжетига шу даражада сингдирилиб юборилганки, баъзи бир ўринларда улар ўртасидаги фарқ сезилмайди.
Муаллиф қисса қаҳрамонининг руҳиятидан келиб чиқиб воқеаларни инсон характерини тўлароқ очиб бериш мақсадида сюжет ва фабула мутаносиблигида юксак бадиий самарага эришган.
Аҳмад Аъзам ҳеч кимга ўхшамаган ўзига хос ижодкор. У яратган асарлар ҳам бошқа ижодкорлар яратаётган асарлардан тубдан фарққилади. Чунки Аҳмад Аъзам ўз эътиборини бошқа ижодкорлар каби инсоннинг реал ҳаётига, ижтимоий дунёга эмас, балки бир қарашда, бир сўзлашда билиб бўлмайдиган инсон руҳиятига, ўзигагина хос характерига қаратади. Натижада у яратган асар қаҳрамонлари идеал қаҳрамон сифатида эмас, жамият, борлиқнинг бир бўлаги, оддий, ўзининг ҳис-туйғулари, ўйлари, атрофидаги оламга, одамлар ўртасидаги муносабатларига ўз нуқтаи назаридан ёндаша оладиган инсон сифатида намоён бўлади.
Аҳмад Аъзам қаҳрамонлари руҳиятидан кимларнидир ахтаради, ўз-ўзини англашга ва шу билан теварагидаги олам жумбоқларини тушунишга интилади. Адибнинг ҳар бир асари қаҳрамони ҳаётдан ўз ўрнини, мавқеини, ўзини тушунадиган инсонларни излайди, олдига қўйган мақсадлари учун кураша олади. Ҳаётда доимо ўзига ишонч, озод, эркин кўнгил ва тоза руҳ, виждон билан яшашни хоҳлайди. Муаллиф мана шундай характердаги инсонларнинг руҳиятини китобхон тасаввурида тўла жонлантириб бериш учун бошқаларникига ўхшамаган йўл тутадики, бу унинг асарлари «тили»дир.
Аҳмад Аъзам асарларининг тил қурилиши анча мураккаб. Шунинг учун ҳам бадиий адабиётдан етарлича хабардор бўлмаган ўқувчи учун унинг асарлари тилини тушуниш қийин. Юқорида айтиб ўтилганидек муаллиф ўз асарлари орқали инсон руҳиятини очиб беришга ҳаракат қилади. Инсон руҳияти эса жумбоқларга, ғайритабиий эврилишларга, таъсирларга жуда бой.
Адиб асарлари қаҳрамонларининг руҳияти ҳам жумбоқларга, ўзига хос муаммоларга эга. Масалан, Аҳмад Аъзамнинг «Асқартоғ томонларда» қиссасининг тили асар бош қаҳрамони Маҳди Ашропов тили, руҳиятидан келиб чиқиб ифода этилган. Асар қаҳрамони руҳияти асарда тўлақонли ёритиб берилган.
«Бу куннинг давоми» қиссаси ҳақида ҳам юқоридаги фикрларни айтишимиз мумкин. Бироқ бу қиссанингасар тили «Асқартоғ томонларда» қиссасининг асар тилидан айрим жиҳатлари билан фарқланади. Буни биз икки асар қаҳрамони характеридан келиб чиқиб фарқлашимиз мумкин. «Асқартоғ томонларда» қиссасининг қаҳрамони «Бу куннинг давоми» қиссасининг қаҳрамонидан фарқли равишда бирмунча ёши катта, ҳаёт тажрибаси кўпроқ инсон. Шунинг учун бу асар тили қурилиши шунга монанд. Яъни қаҳрамон маълум бир ҳаётини яшаб қўйиб, ортига назар ташлайди ва кўнглида қилган ҳамда қила олмаган ишларини, йўлида учраган инсонлар билан қилган муносабатини таҳлил қилади. Натижада у ўз-ўзини ва шу орқали бошқаларни ҳам англашга муваффақ бўлади. Жамиятда ҳам унинг ўз ўрни, фаолияти, овози борлигини юракдан ҳис этиб, ўтаётган умри маъносиз эмаслигидан ички бир қониқиш ҳосил қилади.
«Бу куннинг давоми» қиссасининг тили ҳам ўзига хос тарзда ифодаланган.