December 12, 2020

Муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилишда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг тутган ўрни: миллий ва хорижий тажриба

Муаллифлик ҳуқуқини муҳофазасини таъминлаш бугунги кунда жаҳонннинг кўплаб мамлакатларида долзарб аҳамиятга эга. Айниқса, бу масала телекоммуникация тармоқларининг кенг тараққий этиши шароитида янада ўз аҳамияти ва долзарблилигини ошириши айни ҳақиқатдир.

Ҳозирги кунда жуда кўплаб мамлакатлар ва фаолияти муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасини таъминлашга қаратилган халқаро ва ноҳукумат ташкилотлари томонидан муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасини таъминлаш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасини таъминлашнинг энг муҳим воситаларидан бири бу муаллифлик шартномасидир. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади[1].

Шартнома муаллифлик ҳуқуқида муҳим ўринга эга бўлган тушунчалардан биридир. Зеро, муаллифлик шартномасига доир қоида ва нормалар Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 38-42-моддаларида ўз ифодасини топган. Хусусан 38-моддага кўра, муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин. Мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фақат ушбу ҳуқуқлар ўтказилаётган шахс асардан муайян усулда ва шартномада белгиланган доирада фойдаланишига рухсат беради.

Муаллифлик шартномасини тузиш жараёнида қуйидагилар шартномада бевосита акс этиши керак.

- асардан фойдаланиш усуллари (муаллифлик шартномаси асосида ўтказиладиган конкрет ҳуқуқлар);

- асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.

Муаллифлик шартномаси тарафлар зарур деб топган бошқа шартларни ҳам назарда тутиши мумкин.

Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 1289-моддасига кўра, буюртманинг муаллифлик шартномаси асосида яратилган асар шартномада назарда тутилган муаддатларда буюртмачига берилиши лозим. Агарда шартномада унинг бажарилиш муддати белгиланмаган бўлса ёки муддатни аниқлашни имкони бўлмаса мазкур шартнома тузилмаган деб ҳисобланади[2].

Муаллифлик шартномаси юридик назария ва амалиётдан келиб чиқиб, одатда қуйидагича туркумланиши мумкин:

1. Асарнинг тури ва ундан фойдаланиш усулидан қатъий назар:

- адабий асарларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича шартномалар;

- мусиқий асарларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича шартномалар;

- архитектура асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича шартномалар;

- бошқа (аудиовизуал, график-тасвирли в.б.,) асарларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича шартномалар.

2. Асарни тайёрлаш даражасига кўра:

- буюртманинг муаллифлик шартномаси;

- тайёр асар учун муаллифлик шартномаси.

Шунингдек, муаллифлик шартномаси қайта ишланган ва қайта ишланмаган асарларга ҳам ажратилиши мумкин.

3. Тақдим этилаётган ҳуқуқнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда

- мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси;

- номутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномасига бўлинади.

4. Асардан фойдаланиш усулидан келиб чиққан ҳолда

- нашриёт муаллифлик шартномаси;

- сценарий муаллифлик шартномаси;

- қўлёзмани депонентлаштириш муаллифлик шартномаси;

- манзарали-амалий санъат асарини саноатда фойдаланиш муаллифлик шартномаси;

- асарни эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш беришнинг муаллифлик шартномаси;

- бадиий асар буюртмасининг муаллифлик шартномаси;

- намойишнинг муаллифлик шартномаси.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга ўтказилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, агар фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин. Грузиянинг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ эса мазкур муддат уч йилни ташкил этади. Бу муддат Россия Федерацияси, Арманистон, Озарбайжон Республикасида беш йил, Молдовада эса уч йилни ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 357-моддасига асосан, қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келиши мумкинлиги белгиланган. Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги муддатигача амал қилишлиги белгиланган. Шу ҳамда муаллифлик ҳуқуқи йўналиши бўйича келгусида турли мулкий масалалар келиб чиқиш эҳтимоли нуқтаи-назаридан давлатларнинг миллий қонунчиликларида муддатларнинг белгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Худди Ўзбекистон қонунчилигида белгилангани каби, Грузия қонунчилигида ҳам муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартномага биноан бошқа шахсга ўтказилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши фақатгина Грузия ҳудуди ҳудуди билан челанишлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса – суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади[3].

Ўз навбатида “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунда аудиовизуал асар яратиш ва ундан фойдаланишга оид муаллифлик шартномасининг ўзига хос хусусиятлари бўйича нормалар ўрнатилган. Унга кўра, аудиовизуал асар яратиш ва ундан фойдаланиш учун муаллифлик шартномасини тузиш, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, бу асар муаллифлари томонидан аудиовизуал асарни тайёрловчига такрорлаш, тарқатиш, прокатга бериш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига такроран юбориш, аудиовизуал асарни барчанинг эътиборига етказиш, шунингдек аудиовизуал асарга субтитр қилиш ва матнни дубляж қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқларнинг ўтказилишига олиб келади. Кўрсатилган ҳуқуқлар аудиовизуал асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи амал қиладиган муддат мобайнида амалда бўлади.

Аудиовизуал асар таркибига кирадиган асарлардан фойдаланиш муаллифлик шартномаси асосида ва қонунда назарда тутилган бошқа асосларда амалга оширилади. Асарни аудиовизуал асар таркибига киритишга ўз розилигини берган ҳуқуқ эгаси, агар аудиовизуал асарни тайёрловчи билан тузилган муаллифлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, аудиовизуал асардан фойдаланишни тақиқлашга ёки бирон-бир тарзда чеклашга ҳақли эмас.

Аудиовизуал асарга таркибий қисм бўлиб кирган, ҳам илгари мавжуд бўлган, ҳам унинг устида ишлаш жараёнида яратилган асарларнинг муаллифлари, агар аудиовизуал асарни тайёрловчи билан тузилган муаллифлик шартномасида бошқача қоида шартлашилган бўлмаса, ҳар бири ўз асарига нисбатан муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.


[1] Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. Т.; “Адолат”нашриёти. 2015 й. 153-б.

[2] "Гражданский кодекс Российской Федерации (часть четвертая)" от 18.12.2006 N 230-ФЗ (ред. от 23.05.2018).

[3] Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. Т.; “Адолат”нашриёти. 2015 й. 168-б.

Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя

этилишини мониторинг қилиш бўлими

бош мутахассиси Худжанов Дилшод