ДУНЁНИНГ БУГУНГИ ҚИЁФАСИ: ЖЎН, СИЙҚА, ЕНГИЛ-ЕЛПИ
ПРИМИТИВЛИК. АВТОФИЛИЯ
Автофилия – АҚШ да пайдо бўлган ва бутун дунёга тарқалган оғир руҳий хасталик, унинг моҳияти ўз автомобилига бўлган ғайритабиий меҳр қўйишдан иборат. Автомобиль транспорт воситасидан муҳаббат ва сиғиниш тотемига айланади. Тез-тез қиммат машина сотиб олиш инсон ҳаётининг асосий мазмунига айланади. Бундай одам ҳашаматли машинага эга бўлиш учун ҳамма нарсасидан воз кечишга тайёр бўлади. Унинг учун автомобилнинг транспорт воситаси сифатидаги вазифаси иккинчи, учинчи... ўнинчи ўринга тушиб қолади. Муҳими – обрў, қиймат. Одамлар машинани вазифаси ёки қулайлиги учун эмас, балки ўзлари мансуб доирадаги кишиларда шундай машина борлиги учун сотиб оладилар.
Гап шундаки, аслида НАТОга аъзо давлатларда ишлаб чиқарилган автомобилни сотиб олган одам бу ҳаракати билан НАТОни қўллаб-қувватлайди. Бу машиналарга сарфланган маблағнинг бир қисми ўша давлатлар бюджетига ўтади ва маълум миқдордаги улуш армияни қуроллантиришга ажратилади. Ҳатто жадвал ҳам тузиш мумкин: “Мерседес” енгил машинасини сотиб олган одам ўз хариди билан танк учун бир нечта снарядга тўлов қилган, “Жип” сотиб олгани эса қисман танк ишлаб чиқаришга пул тўлаган бўлади. Тасмалар, сўзлар, телевизордаги муҳокамалар, намойишлар– булар ҳаммаси шунчаки қуруқ гап. Ўз ҳаракатлари билан одамлар рақиб армиясини қуроллантиришади, кейин эса...
ПРИМИТИВЛИК. ИСТЕЪДОДСИЗ ШАХС – ЗАМОНАВИЙ ЖАМИЯТНИНГ КУМИРИ
Бугунги замон – истеъдодсизлар байрами даври. Жамиятга даҳолар, қаҳрамонлар керак эмас, унга моҳир банкирлар керак. Албатта, афкор омма даҳо ва қаҳрамонларнинг пайдо бўлишини олқишлайди, аммо бу сўзларга бутунлай бошқа мазмун юкланган. Истеъмолда “гениал муттаҳам”, “гениал маньяк” каби иборалар пайдо бўлди. Бугун театр саҳналарида янги “қаҳрамон”лар пайдо бўлди: Европа театрларидан бирида ХХ асрнинг “гениал” жиноятчилари ҳақидаги балет томошасининг премьераси муваффақият билан ўтди.
“Эҳтиёж жамияти” ва мумтоз либерализмнинг энг жонкуяр ҳимоячиларидан бири Л.Мизес тан олади: “АҚШнинг олий доираси деб аталадиган жамияти деярли энг бадавлат уруғлардан таркиб топган. ...Бу жамиятнинг катта қисмини на китоб, на оламшумул ғоялар қизиқтиради. Мулоқот, учрашув чоғларида, агар қарта ўйнашмаса, ғийбатлашишади ёки маданий масалалардан кўра спорт ҳақида кўпроқ суҳбатлашадилар. Аммо ҳатто китобга бегона бўлмаганлари ҳам ёзувчи, олим ва рассомларни зерикарли одамлар, деб ҳисоблашади. Олий табақа ва заковат аҳлини бугун ўтиб бўлмас жарлик ажратиб турибди”.
Истеъдодсизлик бугун ҳокимият тепасида эканлигининг ҳеч бир фожиали жиҳати йўқ. Албатта, бунинг бирор яхши томони ҳам йўқ, аммо вазиятнинг бутун фожиаси бошқа нарсада: ҳокимият эҳроми эндиликда истеъдодлилар учун бутунлай ёпиқ. Улар ҳозирги жамият учун керак эмас, бундай одамлар жамиятга халал беради.
Асл даҳолар ғойиб бўлганича йўқ. Эҳтимол, улар аввалгидан ҳам кўпроқ туғилаётгандир. Улардан айримлари маданият соҳасида фаолият юрита олади, бироқ истеъдодсиз, эси паст одамларнинг бошқарувига таъсир ўтказа олмайди. Буюк инсон бугун қобилиятидан фойдаланиб, истеъдодсизлар орасидан ўзига жой ажратиб олиши мумкин, холос. Ўз даврида атоқли одамларни бутун омманинг ҳурмат-эътибори чулғаб олганди, бугун эса шундай ҳурмат истеъдодсизлик ва мешчанликка қаратилган. Кўчмас мулк, автомобиль ва ўйин-кулги – мана замонавий жамиятнинг идеали. Қачондир эркаклар ўз ихтиёри билан урушга жўнаган, бугун эса улар ҳарбий хизматга боришдан қўрқишади.
Жасорат, қатъият, ватанпарварлик, дўстлик, ҳалоллик, идеалга ишонч, муҳаббат, жамият тақдирига дахлдорлик бугун доимий равишда ҳар бир соҳада истеъдодсизликка йўл бўшатади. Замонавий “эҳтиёж жамияти”нинг мақсади – хотиржам, тўқ ҳаёт. Бугунги даврга нотавонлар тантанаси даври, деб таъриф берса бўлади.
Қатъият ва жасоратнинг нархи оммавий, умумий даражада тушиб, арзонлашиб кетди, уларнинг ўрнини тақлид ва бирхиллилик, иккиюзламачилик ва тижорий таваккалчиликни юксак баҳолаш эгаллади. Бу жамиятда қатъиятли бўлиш бефойда, бу жамият бошқача қонунлар асосида яшайди. Шўро даврини эслаш ўринли: айримлар коммунистик ғояларни изчил ёқлаганлари ҳолда, бошқалар, бунинг учун қаттиқ жазолашларини била туриб ҳам, антикоммунистик қарашларини билдиришдан тўхтамадилар. Бугун-ку, ҳеч ким ҳеч нарса учун таваккал қилмайди. Ҳаммаси сотилади ва сотиб олинади: қарашлар ҳам, сиёсат ҳам, партиялар ҳам.
Тадқиқотчи А.Г.Здравомыслов қайд этганидек, бугун “омма онгидан имкон қадар одамни доимий қолоқлик доирасидан кўтара оладиган қаҳрамонона, “идеал” тасаввурни ўчириш ва уни тор фикрли одамга, фақат уй-жойи, мол-мулки, бир парча ери, автомобили, қулайликлар ва бошқа шу кабилар устидагина бош қотирадиган одамга айлантириш”га уринадилар. Бу жараённинг натижаси эса 2002-2003 йилларда Буюк Британия мактабларида юқори синф ўқувчилари ўртасида сўров ўтказилганида маълум бўлди: футболчи Бекхэмнинг фамилиясини қийин бўлишига қарамай, аксарият ўқувчи тўғри ёза олди. Битта фамилияни ёзишда эса улардан кўпчилиги қийналади. Бу – Шекспир фамилияси. Ва бу - Буюк Британияда...
2007 йил бошларида Эрон ўзига тегишли ҳудудий сувлардабритан денгизчилари ва сараланган пиёда аскарлари тушган разведка катерини қўлга туширди. Равшанки, асирларни тез орада қўйиб юборишади, Эрон Буюк Британия билан уруш ҳолатида эмас, қолаверса, ортиқча чигаллик юзага келишидан манфаатдор ҳам эмас. Албатта, буни ҳарбийларнинг ўзлари ҳам яхши тушунишади. Бироқ ҳаммалари биргаликда телекамера қаршисида айғоқчи эканликларини тан олишади, Эрон халқи ва шахсан унинг президентидан кечирим сўрашади. Ватанларига тавба-тазарру бидирилган мактуб йўллаб, Эронни кўкларга кўтариб мақтайдилар ва Буюк Британия сиёсатини қоралайдилар. 13 кундан сўнг улар олдиндан айтилганидек, озод қилинади.
Ватанга қайтгач, улар берган баёнотларини рад этишади. Ҳарбий хизматчилардан бири – 26 ёшли Фэй Терни хонимнинг Эрондаги ўша баёнотга нима учун қўшилганига берган изоҳи одамни тўлқинлантирадигандай туюлади: “аввалига рад этган, лекин кейин 8 майда қизининг туғилган куни эканлиги ва уйда бўлишга ваъда берганини эслаб, у таслим бўлади ва талаб қилинган ишни бажаради”. Начора, ваъдани бажариш шарт, зобитлик ор-номуси бор, ахир!
Агар ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган бўлсак, у ҳолда британ денгизчилари сотқин бўлиб чиқади, ҳатто энг бориб турган хиёнаткордирлар. Бироқ хоинлик ҳозир урфда. Ўз ватанида улар омманинг нафратига эмас, ҳурматига сазовор бўлди, дарров “қаҳрамон” деб атала бошланди. Бундай қаҳрамонлик маълум маънода ўз муайян баҳосига эга, албатта ва ўша ҳарбийлар қўллари қўлларига тегмай, интервью пуллашни бошлаб юборишди. “Observer” ҳафталигининг хабарига кўра, денгизчи жаноб ва хонимлар мазкур савдо ортидан умумий қийматда салкам 500 минг доллар ишлаб олишган. Тахминларга кўра, энг йирик нархдаги шартномани Терни хоним тузган – у ўзи ҳақидаги ҳикоянинг муаллифлик ҳуқуқини ITV телекомпанияси ва яна бир британ газетасига 150 минг фунтга сотган.
“Sunday Times” газетасида келтирилишича, асирликдан озод қилинган ҳарбий хизматчилардан бир нечтаси Ироқ ва Афғонистонда жароҳат олган аскарларга қараганда кўпроқ пул олишган. Масалан, жангда қўлидан айрилган одам учун тўланадиган тўловнинг муқобил қиймати 57 минг 500 фунтни ташкил этади. Демак, урушда бир қўлидан айрилган аскар, Терни хоним тузган битта шартномадаги сумма билан қиёслаганда, деярли уч марта кам ҳақ олади.
Хоинлик учун ҳамиша жуда сахийлик билан ҳақ тўланган. Унинг бугунги кундаги фарқи эса шундаки, хиёнат қаҳрамонлик, жасоратга тенглаштирилади. Бу жамият бунинг аслида нима эканлигини ё тушунмайди, ё бундан-да баттар бирор нимани англаши мумкин, холос.
ПРИМИТИВЛИК. НИМА ЯХШИЮ НИМА ЁМОН?
Бугун луғатдаги сўзлар ўзгача мазмун касб этмоқда... Порнографик фильм “дадил тажриба”, деб аталади. Ахлоқан айниган одам ҳақидаги қиссага “очиқ адабиёт”, деб қаралади. Бугунги даврнинг ғурури, дадиллиги, очиқлиги, мана, қандай кўринишда! “Қаҳрамонлик” деган сўз “қаҳрамонлик кўрсатмоқ” деган ибора билан ўрин алмашди. “Қаҳрамонлик кўрсатиш шарт эмас”, дейди “Бумер-2” фильмидаги бир персонаж. “Аҳмоқона қаҳрамонликнинг кераги йўқ”, дея унга жўр бўлади “Гарри Поттер” фильмидаги яна бир персонаж. Умуман, “аҳмоқона қаҳрамонлик” деган жумла замонавий тиллардаги турғун бирикмага айланди.
Бугун тушунчаларнинг алмашиниш жараёни бошланган: ватанпарварлик тарғиб этилади, аммо Ватан фақат даромад олинадиган жой, деб тушунилади; қатъият бор овозда мақталади, аммо бу - қуруқ сафсатабозлик; муҳаббат кўкка кўтарилади, бироқ шу билан бирга, у кетма-кет вафосизликлар билан уйғунлашаверади, деб ҳисобланади – айтишганидек, “қинғир қадам никоҳни мустаҳкамлайди”. Лихтенберг таъкидлагани каби, қип-қизил ёлғон эмас, унинг ҳақиқат билан аралашмаси кўпроқ хавфли – бундай ёлғонни одам ўзига осонроқ сингдиради ва демакки, тезроқ йўлдан озади.
Жамият қадриятларининг ҳаммасида емирилиш юз бермоқда – бу жараённи қурама маданиятнинг пайдо бўлиши, деб ҳам атайдилар. Бунинг моҳияти шундаки, қадриятлар бутунлиги ва аҳамиятига путур етади, илгари муҳим ижтимоий мазмунга эга саналган қадри баланд тушунча ва тасаввурлар кам аҳамиятли, баъзида эса умуман бемаъни тушунча ва қарашлар билан тенг даражага тушиб қолади. Банкни устамонлик билан ўмарган одам зўр асар ёзган одам билан тенг баҳо олади. Культурист, яъни ўз танасининг чиройли, бақувват бўлиши учун жон куйдирадиган кишининг сиёсатчидан кам жойи йўқ. Ахлоқан бузуқ одам давлат томонидан рисоладаги одам каби ҳимояланади. Энг ачинарлиси, аксарият замонавий фильмларга кўра шундай ахлоқан бузуқ одамлар билан курашадиган киши бориб турган тентак. Бундай жамиятда одам нима яхшию нима ёмонлигини тушуна олмайди, шунингдек, қайси касбни қилгани маъқул эканлигини ҳам – культурист бўлсинми ёки сиёсатчими? Банк ўғрисига эргашсинми ёки айниган кимсагами?
ПРИМИТИВЛИК. ИККИ КАРРА ИККИ НЕЧАГА ТЕНГ?
Америкадаги энг яхши коллежлар битирувчилари билан ўтказилган сўров натижаларидан бизга маълумки, уларнинг аксарияти АҚШдаги фуқаролар уруши кимлар ўртасида ва қачон бўлганини билмайди. "Washington ProFile” нашри АҚШ таълим тизими ҳақида ачинарли хабарларни эълон қилди. Америка ўқитувчилар федерациясининг маълумот беришича, бир ўқув йили давомида ўқувчиларнинг тарих борасидаги билим даражаси 17 фоиздан 11 фоизга пасайган. 8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра ўсмирларнинг кўп қисми Иккинчи жаҳон урушида қайси давлатлар қатнашгани ҳақида умуман маълумотга эга эмас. Дарсликларда эса ноаниқлик ва хатоликлар юқори кўрсаткични ташкил этади. Бир дарслик саҳифасида маълумот берилишича, биринчи атом бомбаси Японияга эмас, балки Кореяга ташланган. Мана бу иборани эса нодонликнинг чўққиси дейиш мумкин: “Наполеон Ватерлоо ёнидаги жангда мағлубиятга учраган”.
2002 йилда АҚШ Миллий жуғрофия жамияти 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган америкаликлар ўртасида сўров ўтказиб, шундай натижани аниқлади: 87 фоиз киши дунё харитасидан АҚШ бир пайтлар эгаллашни истаган давлат - Ироқни топа олмаган, 29 фоиз иштирокчи эса Тинч океанини кўрсатиб беролмаган. 11 фоиз қатнашчи харитадан АҚШни топа олмаган. Яна қайтарамиз, америкаликларнинг 11 фоизи харитадан ўз юртини топиб кўрсата олмайди. Бироқ улардан 55 фоизи ватанпарварларча АҚШ ернинг қоқ марказида жойлашган, деб ҳисоблайди. Қолаверса, замонавий картография мутахассислари жамоатчиликнинг энг кичик инжиқлигига ҳам зукколик билан жавоб қайтарган ҳолда мана нималарга қодир: АҚШда дунёнинг жуғрофий харитаси ишлаб чиқилди, унда АҚШ қоғознинг қоқ марказида жойлашган, Африка ва Австралия эса умуман кўринмайди. Тўғри-да, одамларни борлигини ўзлари билмайдиган яна иккита қитъа мавжудлигини айтиб қийнашнинг нима кераги бор? Бечора янкилар учун миллий хавфсизликка доимий қутқу солиб турган Осиё ва унинг Афғонистону Ироғи ҳам етиб ортади... Хўш, нега бундай бўляпти? Ахир Америкада таълим учун етарли вақт сарфланса, малакали ўқитувчилар дарс берса, бунинг устига. америкаликларнинг ахборот олиш имкониятлари катта бўлса (катта жамғармага эга кутубхоналар, архив ва Интернет)?!
Бизнинг тафаккуримизда қадрият тушунчаси катта роль ўйнайди. Айнан у токчаларига билимлар сараланиб жойланадиган ўзига хос жавонни ҳосил қилади. Агар жавон ҳам, токчалар ҳам бўлмаса, ҳамма гап бир қулоқдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаверади. Шу боис, ақлли одам – бу фақат юксак ақл-идрокка эга бўлган одам эмас, балки қадриятлар билан узвий боғланган, уларни англай олган кишидир. Биз тўғри қарор ҳақида гапираётган эканмиз, шубҳасиз, соғлом фикр хусусида сўз юритаётган бўламиз. Қалб – англашга йўл бошловчи ришта. Заиф қалб заиф ақл-идрок, демакдир, заиф одам, демакдир...