Fan
October 7, 2020

Илм фанми ёки дин?

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессорларидан бирининг ҳикоя қилишича, унинг палеонтологияга оид маърузаларидан бири чоғида дунё илм-фанидаги эволюция назариялари борасида сўз кетади. Маърузада Чарльз Дарвиннинг "Турларнинг келиб чиқиши” асарини четлаб ўтишнинг иложи бўлмаганидек, замонавий фанда бу назарияга киритилган аниқликлар, антропогенезга (“яратилишнинг гултожи” бўлган инсоннинг келиб чиқиши ҳақидаги назариялар) оид янги ғоя ва тахминлар ҳақида гапирмаслик ҳам имконсиз эди. Шунда талабалардан бири (жуда диндор бир йигит) аччиқланиб кетиб, маърузани бўлади ва ўқитувчига Дарвиннинг номини тилга олмасликни, унинг асарлари ўрнига Қуръонни ўқишни маслаҳат беради. Тутақиб кетган талабадан Эйнштейн, ҳатто асртрофизика (коинотнинг тузилиши ҳақидаги фан) ҳам “атеистлар фани” сифатида маломатга қолади. «Қуръонда ҳамма нарсага жавоб бор» – таъкидлайди йигит. Ҳамкасбимиз диндор инсоннинг ҳиссиётларига дахл қилмай туриб баҳсни давом эттириш мумкин эмаслигини тушунарди. Боз устига, мавжуд қонунларга кўра бу йигит Миллий университет магистратурасига Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги Олий ислом институтининг битирувчиси ўлароқ ўқишга кирган эди.

Ҳамкасбимиз таъкидлашича, бундай можаролар унинг маърузалари жараёнида тез-тез рўй берар экан. Бунинг устига, эътирозлар ёлғиз мадраса ёки Ислом институти битирувчилари тарафидангина билдирилмас экан. Талабалар орасида диндор ёшлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Эътиборлиси шуки, мазкур ўқитувчи машҳур олим бўлиб, Сорбоннада, АҚШ ҳамда Канадада ва ҳатто Бирлашган Араб Амирликлари университетларида маърузалар ўқиган. Охирги ҳолат алоҳида эътиборга молик, зеро у ислом мамлакатидир. “У ердаги талабалар Дарвиннинг ёки антропогенез ҳақидаги фаннинг бошқа йирик намояндалари номининг тилга олинишига қандай муносабатда бўлишади”, деган саволимизга жавобан профессорнинг айтишича, улар буни хотиржам қабул қилишар ва ҳатто бу назариялар, уларга қўшимчалар ёхуд раддиялар тўғрисида баъзи ҳолларда унинг ўзидан-да яхшироқ билишар экан. Энг асосийси, бу ҳол диний апологетика ва муросасизликдан келиб чиқувчи “мафкуравий зиддият” туғдирмас экан. Суҳбатимиз давомида ҳамкасбимиз бизнинг олдимизга табиий саволларни қўйди: нега ислом давлатида бу каби назариялар эътирозсиз ўрганилгани ҳолда, таълим дунёвий характерда бўлган бизнинг юртимизда диндор талабалар бундай таълимотларни нафрат билан қарши олишади? Ҳолбуки, Бирлашган Араб Амирликлари ёки унга ўхшаган ислом мамлакатларида астрофизика ёки антропогенез таълимотини ҳақиқат ўрнида қабул қилишади, деб бўлмайди. Шунга қарамай, булар ўқув дастурларига киритилган бўлиб, на ўқитувчи, на уларнинг талабалари – ҳеч кимнинг хаёлига палеонтология, фалсафа, физика ва унинг бўлимларидан “атеистлар фани” сифатида воз кечиш фикри келмайди.

Хаёлимизга келган ягона нарса шу бўлдики, ҳамкасбимизга юртимизда ва умуман минтақада исломнинг қайта тикланиши кўп ҳолларда консерватив (баъзида агрессив) шаклларда кечаётганини, бунга эса яқин ўтмишдаги атеистик сиёсат учун ўзига хос қасос сифатида қараш мумкинлигини тушунтирмоқчи бўлдик. Аммо нафсиламрини айтганда, бу каби ҳолатлар билан биз ва бошқа ҳамкасблар ҳам рўбарў келаётир ва муаммо аслида бундан ҳам мураккаброқ эканини яхши англаймиз.

Зикр этилган майда зиддиятлар бугунги кунда кўплаб соҳаларда кундалик воқеликка айланмоқда. “Ислом динининг тикланиши”га фақат миллий мафкуранинг бир қисми ёки маънавий компоненти сифатида умид боғлаш ўзини оқламади. Аксинча, турли доираларда ислом динини ўртага қўйиб гапиришга берилиш (жумладан, баъзи мансабдор шахслар тарафидан) барча, айниқса мафкура ва таълим соҳаларида бевосита ёки билвосита равишда тўқнашуву баҳсларнинг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Диннинг ҳаётимизга қайтиши билан боғлиқ “қўшимча”, аммо тамомила табиий ҳодисалар, хусусан, ёшларимизнинг муайян қисми орасида ислом динининг экстремистик руҳдаги талқинларига мойиллик борлиги, бошқарувнинг дунёвий шаклига, миллий урф-одатларга ва ҳоказоларга тоқатсизлиги ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Устига-устак, кузатишларимизга қараганда, кўпинча биз бир қисм ёшларнинг (жумладан, ОТМларда ҳам) шу қадар диний маргиналлашувига дуч келмоқдамизки, кенг маънода мамлакат хавфсизлиги тўғрисида гапириш ўринли бўлади.

Талабалар салмоқли қисмининг диндорлиги – давр белгиси, бу йигит ва қизлар ҳам жамиятимизнинг бир бўлаги, мамлакатнинг ўз ҳуқуқ ва дунёқарашига эга бўлган фуқароларидир. Лекин улар дунёвий ОТМни битириб, бошқа муассасаларга ўқитувчи, мутахассис сифатида ишга жойлашяпти. Айнан улар ўз шахсий мафкураси ва сингдирилган ақидаларидан келиб чиқиб, таълим соҳасидаги ёндашувларни ўзгартириш бўйича ташаббус кўрсатмоқдалар, ўз (асосан диний-апологетик) тасаввурларини зўрлаб ўтказишга уринмоқдалар, айрим фанларнинг таълим дастурларига киритилишига монелик қилмоқдалар, диний мафкурани кучайтириш талаби билан чиқмоқдалар ва ҳоказо. Ваҳоланки, кузатишларимизга қараганда, бу талабалар ҳамда ёш тадқиқотчилар қатлами кўп ҳолларда ислом асосларини етарли даражада чуқур билмайди ва тушунмайди, уларнинг жаҳдлари эса чуқур билимга асосланган ҳаракатлардан кўра кўпроқ ҳиссиётлар тўлқинига ўхшайди. Уларнинг замонавий илм-фан, шу жумладан тарих фани ҳақидаги тасаввурлари анча саёздир. Бироқ, кўпинча бўладигандек, улар билим кемтиклигини ортиқча сўзамоллик, етарли тасаввурга эга бўлмасалар-да, “аждодларимизнинг муқаддас мероси” ҳақидаги ўзларича тушунган мафкуравий қолипларга мурожаат билан тўлдирмоқдалар.

Тан олишимиз жоизки, бугунги кунда ислом ҳаётимизнинг барча жабҳаларига, хусусан, илм-фан ва таълимга ёппасига кириб келди. Ҳатто ўзимизга ҳисоб берган ҳолда яширмасдан айтиш мумкинки, биз шакллари ва оқибатлари қоронғу бўлган бир жараённи – исломнинг қайта туғилишини бошдан кечирмоқдамиз. Хўш, бу жараёнлардан нима кутишимиз мумкин? Улар ёшларимизга қандай таъсир кўрсатяпти? “Диний компонент”нинг ёппасига фан ва таълимга кириб келишининг оқибати қандай бўлади? Таълим соҳаси ва академик фанлар консерватив диний мафкура билан муваффақиятли рақобатлашуви ёхуд ҳеч бўлмаганда у билан зиддиятсиз яшай олиши учун қандай муқобил таклифларни тақдим этиши лозим? Эртага янада жиддийроқ муаммоларга тўқнаш келмаслик учун бу саволларга биз бугун жавоб бермоғимиз жоиз.

Аввал-бошдан ўқувчиларни огоҳ қилмоқчимиз: бизда исломофобияни қўзғатиш истаги йўқ, диндорларнинг иззат-нафсига тегиш, табиий саналмиш дин эркинлиги ҳамда диний таълим ҳуқуқига шак келтириш фикридан ҳам батамом йироқмиз. Айни пайтда биз жуда чекланган (мутахассислар таъбири билан айтганда, маргинал) равишда, баъзан эса ҳатто агрессив идрок этилган ислом дини юртимизнинг таълим жараёнига, ижтимоий ва бошқа илм-фан соҳаларига таъсир ўтказишига ҳам қаршимиз. Биз иқтидори чекланган ўқувчи ҳамда талабалар етиштирилишига, уларнинг илмий ёки лоақал соғлом ва теран фикрлашдан мосуво қилинишларига, бунинг оқибатида эса мамлакат фани ва иқтисодиётини ривожлантиришга қодир бўлган рационал фикрловчи профессионалларни тарбиялаш ва илм беришга қаратилган таълим ғоясининг барбод қилинишига қаршимиз. Шу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар бизни “қўлга қалам олишга” ҳамда тажрибаларимиз, хавотирларимиз билан ўртоқлашишга мажбур этди.

Ибтидо. Муаммоларнинг келиб чиқиши.

1980-йилларнинг охирларидаёқ Марказий Осиё минтақасида ва мамлакатимизда диннинг мисли кўрилмаган кенг қулоч ёзиши кузатила бошландики, у тезда ижтимоий соҳага ўз таъсирини қатъий равишда тиклади. Гап биринчи навбатда мамлакат фуқаролари орасида устун дин бўлмиш ислом ҳақида кетмоқда. Бироқ ижтимоий соҳадаги ижобий жиҳатлар билан бир қаторда (оилавий ёки ижтимоий одоб-ахлоқ қоидаларини тиклаш ва бошқалар), уламоларнинг бошқа иддаолари – кўпхотинлиликни, қизларни эрта турмуш узатишни тиклаш, аёлларга нисбатан чекловлар, уларнинг ижтимоий ролини пасайтириш, миллий урф-одатлар ва байрамларни рад этиш ва ҳоказолар ҳам кузатилди. Бу каби муаммоларни биз диний мафкурага асосланувчи муқобил ёндашувлар шаклланган таълим ва илм-фан соҳасида ҳам кўрамиз.

Булар – бугунги кунимиз воқеликлари бўлиб, уларнинг тадрижий ривожи баъзи сабаблар орқасида пайдо бўлган ва ҳали тўла англаб етилмаган айрим маҳаллий можароларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун, келинглар, аввало ҳаётимизнинг турли соҳаларида, шу жумладан, кундалик ижтимоий меъёрлар, таълим, мафкура ва ҳаттоки сиёсатда ислом динининг тикланиш жараёнлари билан боғлиқ умумий контекстни, қисқача бўлса-да, аниқлаб олайлик. Чунки дин ролининг тикланиши асосан тинч шакллар касб этишига умид қилган ҳолда, жамиятнинг аксарият қисми динни ижобий қабул қилди.

Мустақилликнинг деярли биринчи кунлариданоқ ислом дини маънавий мероснинг бир қисми деб эълон қилинди. Исломнинг жонланиши билан бир вақтнинг ўзида унинг тезкор сиёсийлашуви, (ўз ҳаракатларини исломий ақидалар билан асослашга уринган ва уринаётган) экстремистик ташкилотларнинг пайдо бўлиши ва ҳаттоки маҳаллий ҳокимиятни эгаллаши (Наманган, 1991-92) юз берди. Мамлакат раҳбарияти олдида диний эркинликнинг чекланишига йўл қўймаган ҳолда бундай ҳодисаларга қарши туришдек ўта мушкул вазифа турарди. Уламолар орасидаги ички низолар масалани янада чигаллаштирар, уларнинг турли гуруҳлари шариатни ҳуқуқий тизимнинг асосига айлантириш ва ҳатто унга ҳатто сиёсий мақомни қайтаришни талаб қилишарди.

Янада мушкулроқ вазифа сифатида диний сиёсатда, айниқса диний экстремизм мафкурасига қарши курашиш соҳасида аниқ стратегияларни ишлаб чиқиш масаласи юзага чиқди. Бу соҳада бир нечта ёндашувлар шаклланган бўлиб, улардан бири аҳолининг, айниқса ёшларнинг диний саводсизлиги экстремизмнинг асосий сабаби эканига урғу беради. Бунда диний саводсизлик, бирон-бир ишончли далилларсиз, мусулмонларнинг муайян қисмининг экстремизм мафкурасига берилиб кетишида асосий сабаблардан бири сифатида қабул қилинади. Айнан шу ёндашувга кўра, диндан саводи бўлган мусулмон экстремизмга қарши иммунитетга эга эмиш. Аммо бу диний билимлар қандай «ишлайди», мафкуравий жиҳатдан аслида нима беради – булар мутлақо тадқиқ этилмаган муаммолардир. Бунинг устига, маҳаллий ва хорижий мутахассислар тадқиқотлари шуни кўрсатадики, диний саводхонлик (дунёвий маълумоти жуда заиф бўлган ҳолда) кўпинча экстремистик гуруҳларга кириб қолишга рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Яхшигина исломий маълумотга эга бўлган ёшлар ушбу бузғунчи гуруҳларнинг интеллектуал элитасини ташкил қиляпти. Бу ерда биргина фактни келтириш етарлидир. Медиамаконда жиҳодни тарғиб қилувчи ташвиқотчилар орасидаги 80 фоизгача агентлар ёки блогерлар ўз пайтида мамлакатда рўйхатдан ўтган исломий таълим муассасаларида таҳсил олишган.

Ислом дини мафкура, тарих ва маданиятнинг бир қисми сифатида

Мафкура соҳасидаги вазият янада мураккаброқ бўлди. Бу ерда асосий вазифа ислом динининг хайрихоҳ шаклларидан фойдаланган ҳолда терроризмнинг динга асосланган далилларини енгишга қаратилган эди. Худди шундай ҳолат Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатларда ҳам юзага келган эди. Жамоат арбоблари, сиёсатчилар ва минтақа давлатларининг аксарият уламолари бир овоздан ҳақиқий ислом тинчлик ва яратувчилик дини эканига, террорчилар исломдан фақат ниқоб сифатида фойдаланишларига ва шунга ўхшаш нарсаларга ишонтиришга киришдилар. Бу ҳаммага маълум далиллар бўлиб, улар камдан-кам ҳолда эътирозга сабаб бўларди. Натижада, баъзи амалдорлар янада фаолроқ равишда исломий гапларни, баъзан эса ҳадисларни шарҳлаш тарзидаги далил-исботларни қўллашга киришдиларки, бу, юмшоқ қилиб айтганда, бемаънилик касб эта бошлади. Уларнинг ўз рейтингини оширишга қаратилган бундай расмий чиқишларининг салбий оқибатлари ўша пайтнинг ўзидаёқ кўриниб қолган эди. Ҳолбуки, турли даражадаги мансабдор шахсларнинг ўз рейтингини кўтариш мақсадида диний далилга мурожаат қилишини стретегик жиҳатдан ўйлаб қилинган ҳаракат, деб баҳолаб бўлмайди.

Зўравонликка асосланган экстремизм мафкурасига қарши курашда исломий риторикага берилиш, фикримизча, аслида самаралироқ бўлган далилларни иккинчи даражага суради. Масалан, диний далиллар келтириш аниқ устун бўлгани ҳолда биз терроризм – бу қонуннинг энг оғир бузилиши эканлиги ҳақида деярли гапирмаймиз. Бошқача айтганда, ҳуқуқий маданият тўғрисида деярли ҳеч ким оғиз очмаяпти. Ислом цивилизациясининг асосини ташкил этган ислом маданияти ва санъати (бу тушунчаларнинг кенг қамровли маъносида) хусусида эса ундан-да кам сўз юритилмоқда; улар ҳақида минтақа илоҳиётшуносларининг ўзи жуда оз тасаввурга эга.

Ички сиёсатни ҳал қилувчи сиёсий элита олдида бир савол кўндаланг бўлди: ижтимоий ҳаётга кўпинча муқобил, баъзида эса ўта консерватив шакллардаги ислом ақидапарастлиги тобора устунлик қилаётган параллел мафкура ўлароқ кириб келган исломнинг шундай шиддатли эволюциясини қандай қилиб назардан қочирмаслик мумкин? Таҳлилчилар ҳозирнинг ўзида исломнинг бундай чекланган ва консерватив ривожида бир қатор муаммоларни кўрмоқдалар. Улар шу нарсани назарда тутадиларки, мафкура соҳасига айнан исломий далилларнинг кенг миқёсда жалб этилиши таълим ва маданият соҳасида исломий апологетика таъсирини вужудга келтирди, бу эса ўз-ўзидан интеллектуал исломийлашув ҳодисасини пайдо қилди. Натижада ислом маданий ва маънавий мерос ёки тарихий цивилизация сифатида эмас, балки асосан диний мажбурият, ақидавий кўрсатмалар ва умуман мафкура сифатида қабул қилина бошлади.

Жиҳодчиликка асосланган террористик мафкурани енгиб чиқиш истаги шунга олиб келдики, ислом (ёки сўнгги 10-15 йиллик таъбирга кўра, «тинч ислом») барча даражаларда рағбатлантирила бошлади. Бироқ «тинч ислом», «маърифатли ислом», «ислом мероси» каби тушунчалар ёки шунга ўхшаш атамаларни шакллантириш, уларга аниқ маъно-мазмун бериш ҳозирча имконсиз бўлиб қолмоқда. Бунда мазкур ғоя ташаббускорларининг ушбу диннинг хусусиятлари, унинг тарихи, жамият ҳаётидаги аҳамияти ва ўрни ҳақида ниҳоятда юзаки тушунчага эга эканликлари намоён бўлди. Бу диннинг ижтимоий ёки сиёсий жиҳатларини инобатга олмаган ҳолда, «исломнинг маънавий мероси» амалий маънода (экстремизм мафкурасига қарши восита сифатида) қарала бошланди. Масалан, диншунос олимлар ва исломшунослар нуқтаи назарига кўра, диний матнлардан бугунги кун учун яроқли бўлган «азалий донолик» кутиш динни, унинг ақидавий хусусиятларини, ижтимоий ёки сиёсий контекстларини батамом бузиб кўрсатишдир. Ҳолбуки, биздаги таълим муассасаларида диншунослик ёки фалсафада қўлланувчи тадқиқот усуллари кўпинча диний ақидаларга таянади.

Хуллас, динни бундай янглиш тушуниш асосида стратегия қуриш мафкуравий ишларда ҳам, ҳам таълим, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда ҳам жиддий хатоларга олиб келади. “Умуммусулмон бирлашуви” деган бугунги куннинг воқелигига айланиб бўлган ҳаракатни назарда тутсак, ислом риторикасига берилиш миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга нисбатан бир ножоиз муқобилликнинг кучайишига олиб келади.

Исломни “мерос” ўлароқ тушуниш бир хил эмас ва жамиятнинг турли қатламларида ҳар хил тушунилади. Табиийки, уламолар, ўзларининг диний апологетикасидан келиб чиқиб, «аждодларнинг диний мероси”ни сўзма-сўз қабул қилишади. Яъни, ақидавий кўрсатмалар ёки хулқ-атвор меъёрлари, маросимий мажбуриятлар ва ҳоказолар сифатида. Бу диний мафкурадан бошқа нарса эмас.

Шу билан бирга, аҳолининг асосий қисми миллий урф-одатлар ёки бўлмаса дунёвий қадриятлар, масалан, ўзларининг исломгача бўлган ва бошқа анъаналаридан олинган байрамларини (Наврўз, Сайил, Янги йил, 8-Март ва бошқалар) тан олган ҳолда ўзларини мусулмон деб билишади (маданий жиҳатдан, ўзини англаш/идентиклик белгиси сифатида). Яқинда интернетда ушбу байрамларнинг Ўзбекистон мусулмонлари учун мақбуллиги хусусида кечган қизғин мунозараларни эслатиб ўтамиз. Бунда имомларимизнинг салмоқли қисми бу байрамларга қарши фикр билдирган бўлса, оддий одамлар бу тақиқни қабул қилишмади. Ушбу воқеа беихтиёр Афғонистондаги Толибон ҳаракати раҳбарлари томонидан исломни «янгиликлардан» (бидъадан) тозалаш мақсадида Наврўзни тақиқлаши афғон жамиятида қаршиликларга сабаб бўлганини ёдга туширади. Афғонистондаги аксарият мусулмонлар ҳам ушбу тақиқни қабул қилмадилар.

Бинобарин, тарғибот ёки таълим сиёсатида ўз миллий урф-одатларига содиқ бўлган айни шу аҳоли қатламига, уларнинг динни маданий мероснинг бир қисми ўлароқ қабул қилишларига, уларнинг бағрикенглигига қараб иш тутиш муҳимроқдир. Мутахассислар ушбу ҳодисани аралаш идентиклик деб аташади. Бу идентиклик ижтимоий ёки сиёсий агрессия бўлмаган ҳолдаги табиий бағрикенгликнинг негизини ташкил этади. Аҳолининг бу қисмига Мустақилликнинг бошланиши билан берилган диний эркинликлар (масжидлар ва диний муассаларнинг очилиши, сиёсатда атеизмдан воз кечиш ва бошқалар) етарли. Ростдан ҳам, уларга қараб иш тутиш маъқулроқ эмасми? Бунда шуни эътиборга олиш керакки, тарихимизни исломгача бўлган давр илдизларидан озиқланувчи миллий урф-одатлар, ривоятлар, афсоналар, адабий ижоднинг бир қисми бўлган маданий ва цивилизацион мерос сифатида деярли тарғиб қилинмаган ҳолда фақат қулёзма мероси (илоҳиётга оид асарлар ва матнлар)ни ўта консерватив, тор шаклларда нашр қилиш, кўпайтириш ва ташвиқ қилиш таъсири остида аҳолининг бу қатлами ҳеч бир муболағасиз сийраклашиб бормоқда.

Шу маънода исломгача бўлган тарихимиз ҳақидаги баҳслар жуда муҳимдир. Ҳозирнинг ўзида баъзи олий таълим муассасаларида, хусусан Ислом академиясида у даврни “жоҳилия” даври, Марказий Осиёнинг араблар томонидан забт этилишини эса “фатҳ” (ғалаба) дея талқин қилишга чақириқлар бўляпти. Бу билан улар анча мукаммал дин ва маданият “ғафлатда” ётган “ёввойи цивилизация”, паст маданият вакиллари устидан ғалаба қозонди, демоқчи бўладилар. Аммо эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон тарихининг бу даври оламшумул аҳамиятга эга бўлган маданий ва маънавий ютуқлар билан ажралиб туради. Айнан ўша даврда дунёга машҳур бўлган давлатлар ва шаҳарлар, масалан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Жиззах, Хива ва бошқаларга асос солинди, аммо нима учундир биз уларнинг тарихини фақат ислом тарихи билан боғлашни афзал кўрамиз. Ваҳоланки, ислом сиёсий тизими ва умуман маданияти ўз даврида исломгача бўлган цивилизацияларнинг, шу жумладан Марказий Осиёнинг кучли таъсири остида шаклланди, ҳатто улар ҳисобига бойиди. Назаримизда, бу далилларни инкор этиш ва шу асосда тарихий меросимизни жиддий чеклаб, «жоҳилия» ёки «фатҳ» сингари соф диний атамаларни мафкуравий ва ҳатто сиёсий маънода тиқиштириш номаъқулдир.

Замонавий исломда янги тушунчалар пайдо бўлдики, агар ақидавийлик табиатини ёки ушбу диннинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олсак, улар, юмшоқ қилиб айтганда, анча муваффақиятсиз туюлади. «Соф ислом», «ҳақиқий ислом» ёки ҳатто «дунёвий ислом» каби иборалар айниқса бемаънидир. Бироқ исломнинг («яхши» ва «ёмон» нуқтаи назаридан) турли хил талқинлари кўпинча ташқи кузатувчи ёки экспертларнинг тўқимаси эмас. Бундай қолиплар ҳар қандай диннинг ичида мавжуд. Бу ўзига хос «тарихий сарқит»дир ва у конфессиялар ичидаги мубоҳасаларнинг хусусиятига асосланган бўлиб, улар кўпинча дин пешволарининг ўз гуруҳ/корпоратив манфаатларини таъминлаши йўлида уларга восита бўлиб хизмат қилади.

Асосий муаммо дин шаклларининг айнан мана шундай иккиланган (бинар) таърифидан келиб чиқиб, уни исломни тушунишдан йироқ бўлган экспертлар ва амалдорлар муомалага олиб кирадилар, дин ҳимоячилари эса бажонидил ўзлаштирадилар. Бунда Ҳанафия мазҳаби ва Мотурудия эътиқоди (ақидаси) ўша «яхши ислом» ёки «ҳанафий ислом» намунаси сифатида қабул қилинади. Бироқ шу пайтгача ҳеч ким ва ҳеч қаерда бир қатор саволларга асосли жавоб бермаган: нега ва нимаси билан бундай ислом яхши? Нима сабабдан кўп сонли ҳанафий уламолар (шунингдек, бошқа сунний уламолар) ИШИД/ДАИШ каби тақиқланган ташкилотлар мафкурасини қўллаб-қувватлашди? Нега ҳеч қачон ҳанафийликдан воз кечмаган Мулла Умар (“Толибон”нинг маънавий раҳбари) каби манфур шахс ҳар хил тоифадаги террорчиларни, шу жумладан машъум “Ўзбекистон исломий ҳаракати”ни қўллаб-қувватлади? Бунда у айнан ҳанафий мазҳаби мактабига мос келувчи далилларни келтириб, ёзма манбаларга ҳаволалар ҳам берди. Бундай саволлар кўплаб пайдо бўладики, уларнинг барчаси маънавий меросни тушунишда ягона, аммо тиқиштирилган ориентир сифатидаги «яхши, ҳанафий ислом» борасида шаклланган ижобий тасаввурларимизни деярли буткул бузади.

Биз исломофобияни келтириб чиқариш ёки сунний исломнинг озми-кўпми либерал шакли бўлган Ҳанафия асосларини шубҳа остига қўйиш фикридан йироқмиз. Биз фақат диншунослик асослари, қолаверса, элементар мантиқ ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз, холос. Таъкидлаймизки, гап дин тўғрисида, бизнинг ҳолатда ислом тўғрисида, унинг барча тарихий ҳамда ақидавий воқеликлари ва турли матнларида, хусусан, Қуръон ва ҳадисларда қайд этилган мероси (жумладан, унинг бошқа тоқатсиз ва ҳатто агрессив компонентлари) ҳақида кетяпти. Диндаги “яхши” жиҳатларни унинг “ёмон”, яъни нотолерант ёки, айтилганидек, агрессив томонларидан ажратишга урунишимиз эса омадсизликка маҳкумдир, чунки уламоларнинг ўзлари динни ҳаётнинг ҳар қандай шароити, инсон фаолиятининг барча жабҳалари учун ягона ва бўлинмас қоидалар мажмуи сифатида қабул қиладилар. Исломнинг маҳаллий шаклларидаги ислоҳотларнинг тугалланмагани замонавий исломнинг муҳим хусусиятидир. Диний ақидалар фақат ташқи қобиққа, айрим дин пешволарнинг ўзини “тўғри ислом”нинг ашаддий тарафдори, жамоани офат ва бошқа нарсалардан қутқарувчи қилиб кўрсатиш йўсинига айланади (булар ислом тарихида тамомила одатий ҳолатлардир). Лекин бу воқеликлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб келиб, давлатнинг бағрикенглик сиёсати ва мафкурадаги рационалликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаряпти.

Биз эслатиб ўтамиз ва шуни тушунишга чақирамизки, гап кичик бир исломий жамоа шафқатсиз рақобат шароитида географик ва маънавий маконни эгаллашга мажбур бўлган даврларда пайдо бўлган дин тўғрисида кетяпти. Ўз тарихининг Мадина даврида эса ёш дин вакиллари ўзларининг кечаги диндошлари – насронийлар ёки яҳудийлар билан қонли курашда ўзларининг ҳаётий кучга эгалигини исботлашди. Қуръон ва Суннадаги нотолерант даъватларнинг катта қисми ана шундан келиб чиққан. Кўпинча «муқаддас уруш»га мисол сифатида қўлланадиган ислом тарихининг ушбу қисми, ота-оналарга ҳурмат кўрсатиш ёхуд жиҳодда қатнашиш ҳукми нечоғли қонуний ҳисобланса, шу даражада қонуний ҳисобланади. Аммо бу воқеликларни замонавий мафкурага кўчириб ўтказиш (сўзма-сўз маънода) шунчаки конфессионал ихтилоф туғдириш билан чекланмайди (оддий конфессиялараро толерантлик ҳақида бу ерда гап ҳам бўлиши мумкин эмас!).

Замонавий дунё воқеликлари исломдаги тийиб турувчи энг муҳим омиллардан бири – диний билимлар, айниқса Қуръон ва Сунна (ҳадислар)га оид билимларнинг иерархиклиги ва элитарлигини барбод қилди. Назарда тутилаётган нарса шуки, мазкур тарихий ва ақидавий жиҳатдан мураккаб бўлган матнларни шарҳлаш ҳуқуқи фақат анъананинг эътироф этилган билимдонларига (муфассирлар ва муҳаддислар) берилган, улар эса шарҳ бериш ҳуқуқини билимларни узатувчилар силсиласи ўтмишдаги буюк уламоларга боғланувчи нуфузли устозлардан олган эди. Бу бошқа исломий илмларга ҳам тегишли бўлган. Шаклланган анъанага кўра, ушбу улкан билимлар мажмуаси тор доирадаги илоҳиётшунос уламолар орасида муҳокама қилиниши керак эдики, бу уламолар ўзларининг билимларига таяниб, ялпи якдиллик (ижмо) билан жамоа учун муҳим бўлган қарорлар қабул қилиш бўйича махсус ҳуқуққа эга эдилар. Замонавий дунёда эса ушбу матнлар турли хил таржималарда, одатда шарҳланмаган ҳолда кенг тарқалди ва диний билимларга эга бўлмаган диндорлар оммаси орасида ёйилишда давом этмоқда. Бу эса оддий мусулмонлар, айниқса, зарур диний билимларга эга бўлмаган амалдорлар ва дунёвий илмлар вакиллари эмас, балки махсус тайёргарлиги бор уламоларнинггина бундай матнлар билан иш кўришига асосланган анъанани бузди. Айни пайтда, ҳозир Интернет макони Яқин Шарқда жанг қилаётган ёшларнинг баёнотларидан иборат постлар ва репостларга тўла. Одатда улар бир қўлида Қуръон ёки ҳадис тўпламлари, иккинчи қўлида эса автомат ушлаган ҳолда «муқаддас жиҳод» ниқоби остида ушбу қонли урушларда қатнашаётганлари қонуний эканини исботлашга урунмоқдалар. Эътиборлиси шуки, ушбу тўпламларнинг барчаси расмий равишда нашр этилган, шу жумладан бизнинг мамлакатда ҳам. Бундай матнларга йўл топган бу ёшлар мазкур китобларнинг барчаси расмий равишда нашр этилган, демак, уламолар биз тарафда, деган мулоҳазага таянган ҳолда мутакаллимларнинг шарҳларига муҳтож бўлмай қолдилар. Шунинг учун ҳам биз ўзимизга ҳисоб беришимиз керакки, махсус диний матнларни нашр ва ташвиқ қилиш воситасида “тўғри/дунёвий исломга ўргатиш” кўринишидаги бундай диний мафкуранинг сингдирилиши орқасида биз доимо экстремистик мафкураларнинг тикланиши ёки ҳатто янгидан пайдо бўлиши учун қулай заминга эга бўлишга маҳкуммиз. Биз бу ҳақда жиддий ўйлашимиз керак, зеро, англашимизча, вазият аллақачон издан чиқиб бормоқда.

Бу жуда юзаки ва қисқа шарҳ бўлса-да, қуйидаги саволни қўйиш учур етарлидир: таълим, илм-фан ва мафкура соҳаларидаги бу каби стратегиялар нималарга олиб келди ва олиб келади? Диний маълумотга эга бўлган гуманитар соҳа вакиллари дунёвий институтлар дипломларига эга бўла туриб, таълим муассасаларининг консерватив шаклларда исломлаштирилиши жараёнига тортилганлари аллақачон сезилиб турибди. Бунинг устига, улар мафкурани исломлаштиришнинг яна бир ва ҳатто энг фаол кучига айландилар. Амалда бу жараён ҳам тартибсиз кечмоқда ва унинг оқибатлари ҳали аниқ эмас. Диншунослик, шарқшунослик, фалсафа ёки мантиқ каби илмлар жиддий равишда исломлаштириляпти, улар таълимдаги илмий қоидаларнинг ноаниқлиги, ижтимоий фанларни ривожлантиришдаги аниқ стратегиянинг йўқлиги ва бошқа муаммолар (биз улар ҳақида бошқа мақоламизда сўз юритмоқчимиз) сабабли илмий моҳиятини, холислигини йўқотиб бормоқда. Бунга амин бўлиш учун ижтимоий фанлар бўйича ёзилган айрим диссертацияларни кўриб чиқиш кифоя.

Дин ва таълим мутаносиблигига тегишли муаммонинг халқаро контексти ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Турли мамлакатлар олимларининг бу муаммога оид фикрлари турлича. Умуман олганда, табиий фанлар вакилларининг катта қисми (97% гача) илм-фан ва динни (диний илмларни) аралаштиришга қатъиян қарши. Гуманитар соҳа (антропология, фалсафа, тарих ва бошқалар) намояндалари орасида ихтилофлар кучлироқ. Шунга қарамай, ушбу соҳа олимларининг аксарияти замонавий дунёда диний илмлар дунёвий илмларнинг рационалистик ёндашувлари таъсирига кўпроқ тушади ва шу тариқа ислоҳотга ҳамда ўрта асрлар қарашларидан халос бўлишга рағбатлантиради, деган андишада диний ва дунёвий илмларни бир-биридан ажратиш, аммо улар орасига чегара қўймасликни ёқлайдилар. Бироқ бизнинг шароитимизда, афсуски, бунинг акси бўлмоқда: дунёвий илмлар (ёндашувлар ёки методологиялар) орқага чекиниб, ўз ўрнини диний илмларга бўшатиб бермоқда. Бунга яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, бизнинг тарихимизда ҳам буюк алломалар (ал-Фарғоний, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Мирзо Улуғбек ва бошқалар) диндор бўлган ҳоллар бор ва бу уларнинг кашфиёт қилишларига тўсқинлик қилмаган. Ҳа, шундай, лекин икки ҳолат мавжудки, бизнинг уламоларимиз уларни ё билишмайди, ё онгли равишда инкор этишади. Бу олимларнинг аксарияти динда рационализмни афзал кўришар ва, мисол учун, мўътазилияга, яъни рационализмга эргашарди. Аммо аксарият уламоларимиз учун «мўътазилизм» бу исломдан чекинишдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва умуман минтақа уламолари орасида ушбу олимларнинг асарларини ўқий ва тушуна оладиган одамни топиш мушкул. Бу билим ва динни идрок этишнинг мутлақо бошқа даражасидир! Демак, бу қиёс ҳам мамлакатимиздаги исломнинг ҳозирги ҳолати фойдасига ишламаяпти.

Биз диннинг нафақат ижтимоий ҳаётда, балки мафкура ёки гуманитар фанларда ҳам ўзига яраша ўрнига эгалик қилиш ҳуқуқини тан олмаслик фикридан йироқмиз. Биз фақат таълим ва илм-фандаги эътибор ҳамда ёндашувларни аниқ ажратиш кераклигига аминмиз. Ўйлаймизки, ҳозирги кунда “илоҳиётшунослик магистри/доктори/профессори” илмий даражаларини олишга мўлжалланган теологик йўналишдаги диссертациялар ҳимояси учун (дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби) Ислом академияси ҳузурида илоҳиётшунослик бўйича Ихтисослашган кенгаш тузиш учун мамлакатда барча шароит (тадқиқотчилар, билимли уламолар, олимлар ва бошқалар) пишиб етилди.

Шунда диний руҳда тарбияланган ёшлар диний апологетика ва идрокка асосланган диний ёндашув ва тасаввурларига янада эркинроқ эргашиш учун альтернатива ҳамда имкониятга эга бўладилар. Бошқача қилиб айтганда, бундай бўлиниш замонавий академик илм-фан ҳамда таълим самарадорлигини оширишга кўмак беради.

Бу – илоҳиётшунослик фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилган киши дунёвий фанларга ихтисослашган кенгашларда диссертация ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўла олмайди, дегани эмас; илмий диссертацияларга қўйиладиган қоидалар ва талабларни қабул қилган тақдирда, албатта. Бошқача айтганда, гап ўзаро изоляция ҳақида эмас, балки турли ёндашув ёки илмий усулларни бир-биридан ажратиш ҳақида боряпти.

Ҳар ҳолда биз ишонамизки, диний негизга эга бўлган терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида таяниладиган регуляторларнинг (нафақат диний) яроқлилиги масаласини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Бу «исломий восита»га (шартли айтганда) бунчалик ишониш учун биз исломни етарлича даражада биламизми, ёки уламоларимизнинг ўзларининг мотивацияларини яхши тушунамизми? Бизнинг «ислом мероси»га бўлган «эҳтиёткорона стратегиямиз» исломнинг интеллектуал ва мафкуравий монополиясига олиб келмасмикин? Барча уламолар, яна шартли равишда айтадиган бўлсак, «руҳонийларнинг итоаткор синфи» бўлишни истайдиларми ёки исломнинг каломий, ижтимоий ва сиёсий хусусиятлари уларни жумладан сиёсий майдонда мустақил рол ўйнашга руҳлантирадими? Ислом доктриналарида бундай бўлиши учун асослар етарлича топилади. Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, одатдаги одоб меъёрларидан ташқари, исломий бошқарув шакллари мақомини ва ҳатто зўравонликка асосланган жиҳод шаклларини қонунийлашишга қаратилган далилларни ҳам ўз ичига олувчи исломнинг асосий манбалари – Қуръон ва Суннат (яъни, ҳадислар) анча мураккаб ва зиддиятли матнлардир. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги ва минтақадаги мавжуд сиёсий ва диний вазият бу каби саволларни тобора кўпроқ туғдирмоқда. Бир масалда айтилганидек, оловдан сув ёрдамида қутулишга уриниб, шу сувга чўкиб кетмаслик учун биз бу саволларга шу ерда ва ҳозироқ жавоб беришимиз лозим.

Бахтиёр Мираимович Бабаджанов, доктор исторических наук, ведущий научный сотрудник Института востоковедения АН РУз

Мадаева Шахноза Амануллаевна, доктор философских наук, профессор, заведующая кафедрой «Философия и логика» Национального университета Узбекистана им.Мирзо Улугбека

https://nuz.uz/uz/zhamoat/1190672-%d1%9ezbekistonda-mafkuramadaniyatfan-va-din-chegarani-kaerda-va-kandaj-kujish-mumkin.html?fbclid=IwAR33IqvEg9je7b-P9Er6gDkBXKK1i3hw3GZB9Eel5yOkyHnMxYgyQbwDQuo