April 19, 2023

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди

Барчамизга маълумки, 2023 йил 30 апрел, якшанба куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш белгиланди. Шу муносабат билан, юртимиз бўйлаб “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари” шиори остида тарғибот тадбирлари самарали ўтказилмоқда.

Жумладан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда 2023-йил 19-апрел куни Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари” мавзусида тарғибот тадбири ва концерт дастури бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда, пойтахтдан ташриф буюрган Республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган таниқли санъаткорлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, Мажмуа ишчи-ходимларига янгиланаётган Конституциянинг муҳим жиҳатлари, мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва ўзгаришлар халқимизнинг турмуш тарзини янада фаровонлашишига, инсон қадрини бунданда юксалишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Тадбирда сўз олганларнинг барчаси жорий йилнинг 30 апрел куни республикамизда бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида барчани ўзларининг фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фаол иштирок этишга чақирди.

Шундан сўнг, санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилиб ишчи ходимларга ҳуш кайфият улашилди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|