"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёни бошланди
Жорий йилнинг октябрь ойида Шўртан газ кимё мажмуасида, технологик жараёнларининг иш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида бир қатор қурилма ва ускуналарда жорий таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириш ишлари режалаштирилган эди.
Айни вақтда, режали жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинаётган газ босқичма-босқич камайтирилиб, технологик қурилма ва жиҳозларда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу жорий таъмирлаш ишларида амалга оширилиши лозим бўлган жами 941 та ишлар учун қайдномалар ҳамда таъмирлаш учун барча ҳужжатлар тайёрланиб рўйхатдан ўтказилган ва бош мутахассислар томонидан тасдиқланган.
- Этилен ишлаб чиқариш цехида 228 та;
- Полиэтилен ишлаб чиқариш цехида 160 та;
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехида 87 та;
- Назорат ўлчов асбоблари ва автоматика цехида 221 та;
- Электр таъминоти цехида 171 та;
- Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехида 2 та;
- Ички сув таъминоти цехида 64 та;
- Оқова сувларни тозалаш цехида 8 та банддан иборат профилактик кўрик ўтказиш, таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, камчиликлар қайдномалари асосида профилактик-таъмирлаш ишлари вақтида бажариладиган ишлар рўйхати, тармоқ жадвали ва таъмирлаш вақтида зарур бўладиган материал-техник ресурслар, асбоб-ускуналар ва махсус техникалар рўйхати шакллантирилган.
Бундан ташқари, таъмирлаш ишлари ҳажми катта эканлигини инобатга олган ҳолда ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида халқаро компания вакиллари ва турдош корхоналардан ёрдамчи ишчи кучи ва махсус техникалар жалб қилинган.
- "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ мутахассислари иштирокида EA-1706A/B/C, EA-1821A/B/C, EA-1118, EA-1119, EA-1501A/B/C/D ва бошқа иссиқлик алмашиш аппаратларини ювиш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
- "Trubodetal" UK мутахассилари билан мажмуа технологик кувурларининг пайванд чокларига термик ишлов бериш ишлари олиб борилади.
- Мажмуанинг ВА-1101, ВА-1102, ВА-1103 печ пиролизларининг трансфер қувуридаги 2 дискли задвижкаларини монтаж ва ростлаш (наладка) ишларини ҳамкорликда бажариш учун "ZMK Technologies GmbH" (Германия) компанияси мутахассислари жалб қилинган.
- Авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка (HIMA) бошқарув тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида «HIMA Middle East FZE» компанияси мутахассислари иштирокида бошқарув тизимларининг модернизация ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехи PA-6101AX/BX қозонларининг автоматлаштирилган бошқарув тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси юзасидан «Mechanics» МЧЖ компанияси мутахассислари иштирокида ушбу ишларини амалга оширишга келишилган.
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехи Демин сув олиш қурилмасининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш лойиҳаси юзасидан “Aquatech International LLC” АҚШ компанияси мутахассислари иштирокида бошқарув тизимларининг модернизация ишлари амалга оширилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, режали жорий таъмирлаш ишлари ва модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларида келгусида вужудга келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда технологик қурилма ва ускуналарнинг узоқ муддат сифатли ва самарали ишлашини таъминлаш учун хизмат қилади.