May 29, 2023

31 май - Халқаро чекишга қарши курашиш куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1988 йилда 31 майни "Халқаро чекишга қарши курашиш куни" деб эълон қилган. Халқаро чекишга қарши курашиш кунининг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талафотларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Тамаки маҳсулотлари, жумладан, сигаретанинг инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши барчамизга маълум. Чекиш туфайли инсоннинг ўзи ва атрофдагилари соғлиғи қандай зиён кўришини яна бир бор эслатиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Тадқиқотлар натижасига кўра никотин инсон организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби ўзига ўргатиб қўяди, шу тарзда тамакига жисмоний боғлиқлик шаклланади.

Доимий никотин оқимига ўрганиб қолган одам тамакидан фойдаланишни тўхтатса, ташвиш ва хавотирга тушиб қолади. Бора-бора чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, чекиш таъсири остида 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон)ларнинг организмда ривожланиши кучаяди.

Тиббий тадқиқотлар бўйича Британия кенгаши олимларининг кўп йиллик изланишлари хулосаларида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган. Юрак ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келади. Статистик маълумотлар ҳар бир чекувчи одам ўз ҳаётини 18 йилга қисқартиришини кўрсатади.

ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотининг инсон организмига зарарли таъсиридан ҳар йили сайёрамизнинг 6 миллионга яқин аҳолиси вафот этади. Уларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаганлар(пассив чекувчилар)дир. Ачинарлиси шуки, болалар пассив чекувчилар бўлиб қолмоқда. Яъни, улар атрофидаги одамларнинг чекиши оқибатида тамаки тутуни аралаш ҳаво билан нафас олишади. Илмий тадқиқотларда ҳатто пассив чекиш ҳам одамда касалликка чалиниш, ногиронликка йўлиқиш ва ўлим хавфини ошириши исботланган.

Республикамизда ҳозирги вақтда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш “Тамаки ва алкоголь маҳсулотларни истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш тўғрисида”ги қонун ва бошқа алоҳида норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Мазкур қонунда тамаки маҳсулотларини балоғат ёшига етмаган шахсларга сотишни тақиқлаш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг инсон саломатлигига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувнинг бўлиши, бундай маҳсулотларда инсон соғлиғи ва ҳаётига зарарлилик даражасига рухсат берувчи норманинг киритилиши, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни реклама ва тарғибот қилишга йўл қўймаслик, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблар мавжуд.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс тамаки маҳсулотларини жамоат ва транспортнинг рухсат этилмаган жойларида истеъмол қилишни ман этади. “Реклама тўғрисида”ги қонун тамаки ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишни тақиқлайди.

Келажагимиз учун дахлдор қонун лойиҳаси аҳоли саломатлиги, фарзандларимиз тарбияси ва миллат генофонди учун муҳим масалаларни ҳал этишда долзарб аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, бугун Халқаро тамакисиз яшаш куни. Тамакисиз яшаш кунлик амалиётимизга айланса, ҳаётимиз янада фаровон, тану-жонимиз соғ, умримиз узун, оиламиз тинч бўлади.

Мақола интернет тармоқларидан олинган маълумотлар асосида Ижтимоий ривожлантириш хизмати мутахассиси Ш.Худойберганов томонидан тайёрланди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|