April 29

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган.

Ушбу кун муносабати билан “Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда саноат корхоналарида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларга чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазасига эътиборни янада кучайтириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти, мажмуа Касаба уюшма қўмитаси вакиллари ҳамда мажмуанинг барча цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан ишчи-ходимлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Ш.Асланов ва мажмуа Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси бошлиғи У.Ҳайдаров сўзга чиқиб корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини тўғри ташкил этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларида вужудга келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, хавфсизлик техникаси чораларини кўриш ҳамда бу борада ишчи-ходимларга яратилган шароитлар ва бошқа шу каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтишди.

Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси хизмати ходимлари фаолиятига бағишланган видеолавҳа ва хизмат ходимлари томонидан тайёрланган, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги акс этган таъсирли видеолавҳалар намойиш этилди.

Тадбир сўнгида мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан, мажмуада йиллар давомида меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этган, меҳнат қонунчилиги талабларини бузмаган ҳамда меҳнат муҳофазаси соҳасининг ривожи учун муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган бир гуруҳ ишчи-ходимларни рағбатлантириш мақсадида, эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирдан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|