"Шўртан ГКМ" МЧЖда Жанубий Кореянинг “GDM ECO” компанияси мутахассислари билан учрашув ўтказилди
Сўнгги йилларда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа атрофида "Яшил белбоғ" яратиш, саноат чиқиндилардан иккиламчи мақсадларда фойдаланиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида, жорий йилнинг 12 март куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Жанубий Кореянинг "GDM ECO" Co.Ltd. компанияси ижрочи директори Lee Jang Youl бошчилигидаги делегация аъзолари ва мажмуа вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида мажмуанинг Этилен ишлаб чиқариш цехидаги Олтингугурт олиш қурилмаси иш самарадорлигини ошириш ҳамда Оқова сувларни тозалаш цехида тозаланган оқова сувларни иккиламчи мақсадда фойдаланишга йўналтириш бўйича "GDM ECO" компанияси вакиллари билан ўзаро фикрлар алмашилди.
Маълумот учун, Жанубий Кореянинг "GDM ECO" Co. Ltd. компанияси Кореяда атмосфера ва ҳавони ифлослантирувчи моддаларни ушлаб қолувчи ускуналарни ишлаб чиқариш, ўрнатиш, лойиҳалаш ва ер-сув ресурслари ҳамда бошқа экология ва атроф муҳит фаолияти билан боғлиқ масалалар билан шуғулланиб келади.