Ишчи-ходимларга хуш кайфият улашилди
Аввал хабар қилганимиздек, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда, технологик жараёнларининг иш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида мажмуанинг бир қатор қурилма ва ускуналарида жорий таъмирлаш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу таъмирлаш ва модернизация ишлари кўлами кенглиги ҳамда кўплаб мажмуа ишчи-ходимлари таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги инобатга олиниб, мажмуа маъмурияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида мажмуага қарашли ишчилар шаҳарчасида, ходимларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш ва уларга яхши кайфият улашиш мақсадида концерт дастури ташкил этилди.
Концерт дастури давомида Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага бирдай аъло кайфият улашди.
Ушбу концерт дастурида, мажмуа таъмирлаш ишларига жалб этилган чет эл компаниялари мутахассислари ҳам иштирок этиб, ўзбек миллий куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишди.
Дастур давомида ташкилотчилар кутилмаган совға уюштиришиб, Германиядан ташриф буюрган мутахассис Ян Шнайдернинг таваллуд айёми муносабати билан, меҳмонни саҳнага таклиф этишди ва мажмуа жамоаси номидан табриклаб, унга ўзбек миллий тўнини совға қилишди.
Кутилмаган табрик ва қутловлардан лол қолган Ян Шнайдер ушбу эътибор ва эътироф учун мажмуа жамоасига ўз миннатдорчилигини билдиргани ҳолда Ўзбекистоннинг ўзига хос табиати, Ўзбек миллий таомлари ҳамда Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ҳақидаги илиқ фикрларини билдирди.
Шунингдек, дастур давомида қизиқарли шоулар уюштирилиб, фаол иштирок этган ишчи-ходимлар мажмуа маъмурияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.