"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёни бошланди
Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Шўртан газ кимё мажмуасида, технологик жараёнларининг иш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш ҳамда "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг алоҳида муҳим объектларининг барқарор ишлашини ҳамда куз-қиш мавсумида республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини углеводород хом ашёси ва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бир қатор қурилма ва ускуналарда жорий таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириш ишлари режалаштирилган эди.
Айни вақтда, режали жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида қабул қилинаётган газ босқичма-босқич камайтирилиб, технологик қурилма ва жиҳозларда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу жорий таъмирлаш ишларида амалга оширилиши лозим бўлган жами 1683 та ишлар учун қайдномалар ҳамда таъмирлаш учун барча ҳужжатлар тайёрланиб рўйхатдан ўтказилган ва бош мутахассислар томонидан тасдиқланган.
- Этилен ишлаб чиқариш цехида 380 та;
- Полиэтилен ишлаб чиқариш цехида 187 та;
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехида 127 та;
- Назорат ўлчов асбоблари ва автоматика цехида 756 та;
- Электр таъминоти цехида 173 та;
- Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехида 7 та;
- Ички сув таъминоти цехида 52 та;
- Метрология хизматида 1 та банддан иборат профилактик кўрик ўтказиш, таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, камчиликлар қайдномалари асосида профилактик-таъмирлаш ишлари вақтида бажариладиган ишлар рўйхати, тармоқ жадвали ва таъмирлаш вақтида зарур бўладиган материал-техник ресурслар, асбоб-ускуналар ва махсус техникалар рўйхати шакллантирилган.
Бундан ташқари, жорий йилги таъмирлаш ишлари жараёнида мажмуада катта ҳажмдаги модернизация ишлари амалга оширилиши режалаштирилганлигини инобатга олган ҳолда ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида халқаро компания вакиллари ва турдош корхоналардан ёрдамчи ишчи кучи ва махсус техникалар жалб қилинган.
- "HONEYWELL" EOOD (Болгария) компанияси мутахассислари иштирокида мажмуадаги "Honeywell" автоматлаштирилган бошқарув тизимида модернизация ишларини амалга ошириш;
- "Aquatech International" LLC (АҚШ) компанияси мутахассислари билан Буғ газ ҳаво таъминоти цехидаги Демин сув олиш қурилмасининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари режалаштирилган;
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехидаги Азот ва ҳаво олиш қурилмасининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш ишларини ҳамкорликда бажариш учун "PROMKIPAVTOMATIKA" МЧЖ компанияси мутахассислари жалб қилинган;
- "WINDMÖLLER & HÖLSCHER KG" (Германия) компанияси мутахассислари иштирокида Полиэтилен ишлаб чиқариш цехидаги Плёнка ишлаб чиқариш қурилмасининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш кўзда тутилган;
- "SIEMENS" (Швеция) компанияси мутахассислари иштирокида Этилен ишлаб чиқариш цехидаги Газларни ажратиш технологик қурилмасида (GT-1801 газтурбина) таъмирлаш ишларини ўтказиш;
- "Technokon" (Туркия) компанияси мутахассислари иштирокида Этилен ишлаб чиқариш цехи ҳамда Полиэтилен ишлаб чиқариш цехларида ўрнатилган "Masoneilan" компаниясининг бошқарув клапанларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
- "VEINFURT s.r.o." (Чехия) комранияси мутахассислари билан ҳамкорликда Этилен ишлаб чиқариш цехи ва Буғ газ ҳаво таъминоти цехидаги "Peak-200" бошқарув панелини ишга қушиш;
- Этилен ишлаб чиқариш цехидаги Иссиқлик жараёнлари қурилмасида пиролиз печни конвектив ва радиант қисмидаги очиқ оловга чидамли ҳимоя қопламаларини таъмирлаш мақсадида очиқ оловга чидамли ғиштларни ишлаб чиқарувчи "Thermal Ceramics M.E." ("Дубай" БАА) компанияси мутахассислари иштирокида янгисига алмаштириш ишлари;
- Полиэтилен ишлаб чиқариш цехидаги Реакция қурилмасида ишлатилаётган GA-2104 насосида тўлиқ таъмирлаш ишлари ўтказиш мақсадида "SHIN NIPPON Machinery" Co.Ltd (Япония) ва "John Crane Middle East F.Z.E" ("Дубай" БАА) компаниялари мутахассислари жалб қилинган;
- "LINDЕ" (Германия) компанияси мутахассислари иштирокида Буғ газ ҳаво таъминоти цехидаги Азот ва ҳаво олиш қурилмасининг Турбодетандир системасида таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва цехлардаги бир қанча бошқа ускуна ва жиҳозларни ўз мутахассисларимиз кучи билан таъмирлаш режалаштирилган.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, режали жорий таъмирлаш ишлари ва модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларида келгусида вужудга келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда технологик қурилма ва ускуналарнинг узоқ муддат сифатли ва самарали ишлашини таъминлаш учун хизмат қилади.