"Шўртан ГКМ" МЧЖда ISO 45001 халқаро стандарти бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда
Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мамлакатимизда узлуксиз таълим тизими турларидан бири ҳисобланиб, унинг асосий вазифаси халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишловчи мутахассислар ва раҳбар ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштиришдан иборатдир. Кадрларнинг рақобатбардошлик сифатлари ҳамда билим ва кўникмаларини замон талабларига жавоб бера оладиган даражада бўлишини таъминлаш ҳозирги кунда ўта муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-309-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва Ўзбекистон Республикаси Стандартлар институти ўртасида тузилган шартнома асосида мажмуа ходимларининг малакасини ошириш мақсадида “Шўртан ГКМ” МЧЖда ISO 45001 – “Соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги бошқарув тизими” стандарти бўйича ўқув семинар-тренинг курслари ташкил этилмоқда.
Ушбу ўқув курслари давомида тингловчилар корхоналарда Соғлиқни муҳофаза қилиш тизими ички меҳнат тартиб қоидаларини ташкил этиш ва ўрнатиш, меҳнат хавфсизлигини бошқариш фаолияти тўғрисида билим ва кўникмаларини оширадилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки ИСО 45001 халқаро стандартининг асосий мақсади иш жойидаги хавфсизлик муаммоларини минималлаштириш, юзага келиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш, корпоратив жавобгарликни намойиш этиш ва корхона учун энг муҳим бойлик бўлган ходимларнинг соғлиқларини сақлашдир.
Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари ҳар бир ходимнинг мутахассислиги бўйича сўнгги фан ютуқлари, янгиликлари билан танишиш, уларни ўзлаштириш, янги амалий иш усуллари, илғор иш тажрибаларини ўрганишдан иборат илмий назарий ҳамда амалий тайёргарлик жараёни ҳисобланади.