1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана тарихи 1925 йилга бориб тақалади. Ўша йилда турли давлатлар иштирокида Женевада илк маротаба болалар фаровонлигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилади. Конференцияда иштирокчи мамлакатлар болалар куни сифатида алоҳида санани танлашга келишиб олади. Бироқ қайсидир алоҳида сана таклиф қилинмайди, ҳамма ўз маданиятига мос санани танлаши тавсия қилинади.
1950 йилдан бошлаб эса 1 июнни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бу сана байрам қилина бошланади.
Бундан ташқари, БМТ томонидан белгиланган 20 ноябрь санаси ҳам Халқаро болалар куни ҳисобланади. Айрим давлатларда болалар куни эмас, болалар ҳафталиги тарзида ҳам нишонланади.
Дунё бўйлаб болаларнинг соғлом катта бўлиши ва сифатли таълим олишига камбағаллик, очлик, турли иқтисодий ва сиёсий инқирозлар таъсир ўтказади. Тўйиб овқатланмайдиган, сифатли таълимдан бебаҳра, мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган миллионлаб болалар бор.
Гарчи кунлар ҳар хил бўлса-да, бу саналарнинг ҳаммаси ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқиши, терисининг рангидан қатъий назар, алоҳида сана белгилаш орқали болаларни ҳимоя қилиш, уларни сифатли тиббий хизмат, таълим, етарли озиқ-овқат билан таъминлаш борасида халқаро эътиборни қаратиш мақсад қилинган.
Юртимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ.
Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Ўзбекистонда ҳам фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда.
Мамлакатимизда 1992 йил 9 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг ратификация қилиниши болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий мақомини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат орқали Ўзбекистон халқаро конвенция қоидалари ва принципларига риоя этиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш бўйича мажбуриятларни ҳамда жаҳон ҳамжамияти олдида жавобгарлик масаласини ўз зиммасига олди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб оила, она ва бола муҳофазасига давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида ёндошилди.
«Болаларни ҳимоя қилиш куни» байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини болаларнинг юзида табассумни кўриш, уларнинг бахти-иқболи, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ жамоаси болажонларни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклайди!