August 15, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган рационализаторлик таклифи муваффақиятли амалга оширилди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассислари томонидан, атроф муҳит ҳавосининг глобал исишини олдини олишда ҳисса қўшиш ҳамда иккиламчи энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида, ёзги мавсумда мажмуа "Буғ газ ҳаво таъминоти" цехининг Редукцион совитиш қурилмасидан атмосферага чиқаётган ортиқча паст босимли буғнинг бир қисмини, иссиқлик алмашиниш аппарати ёрдамида совитиб, конденсациялаб, буғ конденсати тизимига қайтариш орқали йўқотилаётган энергия ресурсларидан қайта фойдаланиш имконини берувчи рационализаторлик таклифи ишлаб чиқилди.

Мажмуа раҳбарияти томонидан ушбу рационализаторлик таклифи ижобий қабул қилиниб, таклиф асосида ишчи лойиҳа тасдиқланди ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларига таъсир кўрсатмаган ҳолда лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш бўйича тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Тасдиқланган лойиҳа асосида мажмуа ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда даставвал конструкторлик гуруҳи томонидан қўшимча иссиқлик алмашиниш аппаратини ўрнатиш бўйича қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилди. Ҳосил бўлган буғ конденсатини тизимга қайтариш учун 25 куб.м ҳажмли идиш ўрнатилди. Янги ўрнатиладиган идишнинг чиқиш қисмига идишда йиғилган буғ конденсатини паст босимли буғ конденсати тизимига ҳайдаб бериш учун насослар ва керакли назорат ўлчов асбоблари ўрнатилди.

Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида атмосферага кўп миқдорда иссиқлик чиқиши олди олинмоқда ва энг қувонарлиси ойига ўртача ҳисобда йилдан йилга қимматли ресурсга айланиб бораётган 2338,58 тонна деминералланган сув ресурслари тежалишига эришилмоқда.

Ҳозирги кунда Редукцион совитиш қурилмасида атмосферага чиқаётган паст босимли буғни янги ўрнатилган иссиқлик алмашиниш аппаратига максимал даражада қабул қилиш ва амалиётда аниқланган камчиликларни бартараф этиб, тўлиқ режимга чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|