"Шўртан ГКМ" МЧЖда барча турдаги ёритиш чироқлари янги энергия тежамкор чироқларга алмаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги ПФ-220-сонли фармони ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ишлаб чиқилган "Ички ва ташқи технологик қурилмаларини модернизация қилиш ҳамда уларни техник янгилаш бўйича чора-тадбирлар режаси" ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мажмуа Электр таъминоти цехининг 2023 йил учун ишлаб чиққан Электр қурилмалари ва ускуналарини режали профилактик таъмирлаш бўйича йиллик жадвали асосида технологик зоналарда ўрнатилган барча ёритиш чироқлари янги энергия тежамкор "LED" ёритиш чироқларига алмаштирилмоқда.
Маълумки, энергия тежовчи чироқлар электр энергияси истеъмоли жиҳатидан анъанавий чўғланма лампаларга нисбатан тежамкордир. Уларни ҳам икки турга бўлиш мумкин: симоб буғи асосида ёритувчи (люминесцент) ҳамда ёруғлик-диодли (LED) лампалар. Булар орасида LED-чироқлар энг тежамкори ва хавфсизи ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, мажмуада амалга оширилаётган ёритиш чироқларини янгилаш ишлари ўз навбатида келажакда сезиларли даражада энергия тежамкорлигига ҳамда хавфсизлик даражасининг ошишига олиб келади.
Шунингдек, энергия йўқотилишини олдини олиш ва ускуналар иш режимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Электр таъминоти цехининг Электротехника лабораторияси ходимлари томонидан мажмуанинг барча электр қурилмаларида кенг миқёсдаги жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мажмуага қарашли объектлардаги ва технологик зоналардаги мураккаб тузилишга эга бўлган барча электродвигателлар босқичма-босқич таъмирланмоқда;
Ички сув таъминоти цехи БНС-2 насос станциясини электр энергия билан таъминловчи 6/0.4 кВ трансформатор подстанциясида ўрнатилган реактив қувватни компенсацияловчи ККУ-2 конденсатор батареялари кўп йиллар ишлаши натижасида маънан эскирганлиги натижасида янгисига алмаштирилмоқда;
Мажмуа ҳудудидаги барча электр кабелларида таъмирлаш ҳамда маънан эскирган кабелларни янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда;
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, электр энергия сарфида ортиқча энергия йўқотилишининг олди олиниб, электр жиҳозлар ва ускуналар иш фаолиятидаги фавқулодда узилишларнинг олди олинади.