"Шўртан ГКМ" МЧЖда Операцион самарадорлик хизмати ташкил этилди
Ҳозирги кунда, кўпгина ривожланган давлатларда ёқилғи энергетика соҳасида янгича бошқарув тизимлари жорий этилган. Шу жумладан, МДҲ давлатлари ёқилғи энергетика соҳаси ва бошқа соҳаларда фаолият юритадиган 150 дан ортиқ йирик компанияларда ҳам операцион самарадорлик индекслари ва KPI тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ўз навбатида корхоналарда ишлаб чиқаришнинг ўсиши, операцион харажатларнинг қисқариши, таъмирлаш вақтини мақсадли амалга оширилиши, ноликвид товарларнинг қисқариши ва захиралар айланмасининг факторли таҳлилларини олиб бориш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрьдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4388-сонли қарори ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йил 14 сентябрьдаги 404-сонли бошқарув қарори асосида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Операцион самарадорлик хизматини ташкил этилиши ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлардан биридир.
Операцион самарадорлик хизмати томонидан мажмуадаги махсус самарадорлик индекслари асосида мажмуа фаолиятини баҳоланиши ва факторли таҳлил ўтказилишини таъминлаш, жараёнларнинг операцион самарадорлигини ошириш бўйича тегишли мутахассислар иштирокида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, махсус самарадорлик индекслари асосида мажмуа таркибий бўлинмалари учун асосий самарадорлик (KPI) кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида рағбатлантириш тизимининг юритилишини назорат қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича фаолиятлар олиб борилади.
Хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ишлаб чиқариш вақти самарадорлик индекси, технологик самарадорлик индекси, энергия сиғими индекслари ҳамда товар захиралари айланмаси кўрсаткичлари индекслари ҳисобланиши йўлга қўйилди ва асосий самарадорлик (KPI) кўрсаткичлари тизими ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар бир корхона ишлаб чиқариш даври мобайнида энг яхши эришган кўрсатгич корхона учун эталон ҳисобланади. Операцион самарадорликка эришиш учун корхонанинг ҳар бир ходими, у раҳбар, муҳандис ёки оддий ишчи-хизматчи бўлишидан қатъий назар корхона учун муҳим аҳамият касб этади. Корхонанинг ишчи кучи потенциалидан тўғри фойдаланиш корхонанинг муваффақиятини таъминлайди ва самарадорликка эришишига туртки бўлади. Ҳар бир берилган яхши ғоя ёки эзгу амал корхонани самарадорликка эришишига, ҳар бир қилинган кичик хато корхонага катта зарар етказишига олиб келиши мумкин. Зеро корхонанинг самарадорликка эришиши учун ҳар биримиз масъулдирмиз.