“Шўртан ГКМ” МЧЖ: Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматининг Электр марказлаштириш қурилмасида таъмирлаш ишлари олиб борилди
Шўртан газ кимё мажмуаси фаолиятида ишлаб чиқарилаётган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ҳар хил турдаги (фитинг платформа, вагон цистерна, ёпиқ турдаги) вагонларга юклаш муҳим жараёнлардан биридир. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўз вақтида мижозларга сифатли ҳолатда етказиб бериш, шунингдек мажмуага темир йўл орқали юборилган товарларни келтирилишида Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматининг ўрни беқиёсдир.
Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизмати таркибий тузилишига кўра:
- Ташишни ташкил этиш хўжалиги;
- Локомотив хўжалиги;
- Сигналлаштириш, марказлаштириш ва блокировка хўжалиги;
- Вагон хўжалиги;
- Йўл хўжаликларига бўлинади.
Шунингдек, темир йўл транспортида сигналлаштириш, марказлаштириш ҳамда блокировка хўжалигининг автоматика ва телемеханика қурилмалари ҳаракат таркиби хавфсизлигини ҳамда узлуксизлигини таъминловчи асосий қурилмалардан ва тизимлардан бири ҳисобланади.
Локомотив ва вагонларнинг бошқаруви, уларнинг қайси темир йўл участкасини ёки секциясини банд қилиб турганлигига мос ҳолатда светофор ва стрелкаларнинг масофавий бошқаруви, вагонлар жамланмасининг қандай ҳолатда турганлигини назорат қилувчи, қурилмаларнинг соз ёки носоз эканлигини аниқловчи ва бир қанча бошқа функцияларни қамраб олган тизим – электр марказлаштириш (ЭМ) тизимидир.
Жорий йилнинг 8 август куни Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизмати ва “Қарши минтақавий темир йўл узели” УКга қарашли Қарши алоқа ва ишорат муассасаси мутахассислари ҳамкорликда хизматга қарашли электр марказлаштириш биносида йиллик режа график асосида реле қурилмаларини хизмат муддатини узайтириш мақсадида 54 дона реле қурилмаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Электр марказлаштириш тизимларида энг кўп учрайдиган қурилмалар реле бўлиб, улар ёрдамида поездлар ҳаракатини автоматик бошқариш, тартибга солиш ва бошқариш жараёнлари амалга оширилади ҳамда поездлар ҳаракати хавфсизлиги таъминланади. Ҳар қандай релени, айниқса темир йўл автоматикаси релесини энг муҳим кўрсаткичи бу унинг ишончлилиги ҳисобланади. Амалга оширилган таъмирлаш ишлари эса ушбу ишончлиликни таъминлашга хизмат қилади.